Декретдаги ходима таътилдан қайтиш ниятини билдирса

preview

«Бола икки ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътилда бўлган ходима таътилдан чиқиб, ишга киришмоқчи эканлигини маълум қилди. Таътил тугашига ҳали бир йил бор, унинг ўрнида вақтинча бошқа ходим ишлаяпти, раҳбарият унинг ишидан қониқяпти. «Декретдаги ходима» таътилдан муддатидан олдин чиқишга ҳақлими?  У бу ҳақда иш берувчини олдиндан хабардор қилиб, ёзма ариза топшириши керакми? Биз унга бола парвариши бўйича нафақани тўлашда давом этишимиз лозимми?».

 

– Болани парваришлаш таътилида бўлган ходима исталган вақтда ишга қайтиши мумкин. Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади  .

Иш берувчи ходимага болани парваришлаш таътилини тўхтатишни тақиқлашга ҳақли эмас, чунки ундан фойдаланиш аёлнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир.

Меҳнат кодекси ходимадан иш берувчини болани парваришлаш таътилидан ишга қайтиш истаги ҳақида огоҳлантиришни талаб қилмайди. Аммо низоли вазиятлардан қочиш учун бу ишни амалга оширган афзал. Иш берувчи иш жойини тайёрлаши керак. Ахир ходимнинг қайтиши "декретдаги ходим" ўрнига олинган ходимнинг ишдан бўшатилишига сабаб бўлиши мумкин. У билан тузилган меҳнат шартномаси "декретдаги ходим" ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади .

Меҳнат кодексида ходим иш берувчига ўзининг ишга қайтиши ҳақида  ёзма ариза билан мурожаат қилиши кераклиги айтилмаган, аммо амалда бу айнан шундай содир бўлади. Шунинг учун бола парваришлаш таътилидан ишга чиқишни расмийлаштириш, қоида тариқасида, ходиманинг ариза ёзиши билан бошланади.

Ариза эркин шаклда ёзилади. Масалан:

  • «Мен бола парваришлаш таътилини муддатидан олдин тўхтатаман ва "__" ______ 20__йилдан лавозим мажбуриятларимни бажаришга киришаман».
  • « "__" ______ 20__йилдан мени ўз мажбуриятларига киришган деб ҳисоблашингизни сўрайман».
  • "Бола парвариши бўйича таътилдан муддатидан аввал чиққаним муносабати билан  менга  "__" ______ 20__йилдан ишга киришишимга рухсат беришингизни сўрайман».

Иш берувчи ушбу ариза асосида буйруқ расмийлаштиради. Унинг тахминий мазмуни қуйидагича бўлиши мумкин:

  •  « 07.02.2020 йил 17-сонли меҳнат шартномасида назарда тутилган  бухгалтер Каримова Маҳбуба Эркиновнага унинг 24.06.2022 йилдан бола парвариши таътилидан муддатидан аввал чиққанлиги муносабати билан иш бошлашига рухсат берилсин».

 

Нафақа тўланадими

Ходима  тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтасида ишлашга ҳақли .

Унинг хоҳишига кўра болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаш мумкин. Бунда унинг нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади .

Тегишинча, агар аёл тўлиқ иш кунида ишлашга чиқса, бола парвариши таътили бекор қилинади. Бола парваришлаш нафақаси ҳам. Агар у тўлиқ иш кунида ишласа, таътил тугатилмаган деб ҳисобланади ва нафақа тўлаш давом этади.

Аммо бу фақат хусусий (нобюджет) ташкилотларда ишловчи оналарга тааллуқли, чунки улар бола парвариши бўйича нафақаларни ўз маблағларидан тўлашади  .

Эътибор беринг

Иш берувчи бюджет ташкилотларга эслатма!

Уч ёшга тўлмаган болалари бор ва бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Бунда меҳнатга ҳақ тўлиқ иш кунидаги каби тўланади .

Ходим яна бола парвариши таътилига кетишга ҳақлими

–  Ҳа. Ходимни бола парвариши таътилидан муддатидан аввал чиқиши уни бола 3 ёшга тўлгунга қадар яна таътил олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Агар у яна бола парвариши таътилига чиқишни хоҳласа, иш берувчи уни тақдим этиши шарт.

Ленара ХИКМАТОВА

ҳуқуқшунос, «Норма» эксперти

Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари /uz/publish/doc/text182372_dekretdagi_hodima_tatildan_qaytish_niyatini_bildirsa