Қариндошлар битта бухгалтерия бўлимида ишлашлари мумкинми

preview

«АЖда 2 ака-ука ишлайди: улардан бири бош бухгалтер, иккинчиси ҳисоб-китоб бухгалтери. АЖ бухгалтерия бўлимида қариндошларнинг биргаликда ишлашига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги прокуратуранинг талаби қонунийми   ? Ака – бош бухгалтерни ўз лавозимида қолдириш мумкинми?».

Kadrovik.uz тушунтиради:


- АЖ қариндош ходимни бош бухгалтер сифатида ишлашга қолдиришга ҳақли. 

Ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг, башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади  . 

Бунда қонунчилик  мулкчиликнинг бошқа (давлатдан ташқари) шаклидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда қариндошларнинг биргаликда ишлашини тақиқланмайди. 

Давлат корхонаси — давлат мулкидаги, ўзига тезкорлик билан бошқариш учун берилган мулк негизида ташкил этилган давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат ташкилотидир .  Давлат корхонасининг муассиси —Вазирлар Маҳкамаси ёки унинг томонидан ваколат берилган давлат органлари. 

АЖ давлат корхонаси бўлмаганлиги сабабли, у Меҳнат кодексининг 79-моддаси таъсирига тушмайди. Тегишинча, АЖдаги қариндошларнинг биргаликдаги хизмати тақиқланмаган. Шунингдек, давлат корхоналари ходимларининг белгиланган рўйхати ушбу модда таъсирига тушмайди .

Нурали Нурмуҳамедов,

юрист, "Норма" эксперти