«Моддий жавобгар касблар ва лавозимлар»нинг меъёрий рўйхати мавжудми

preview

 Кўп ҳолларда иш берувчилар ходимларнинг айнан қайси тоифалари билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиш кераклигини билмайди. Бундай касблар ва лавозимларнинг ягона рўйхати борми?

Саволга «Нормa» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

– Қонунчиликда бундай рўйхат йўқ. Аввал лавозимлар ва ишларнинг намунавий рўйхати мавжуд эди (02.04.1996 й. Меҳнат вазирлигининг 2/4-сонли қарори билан тасдиқланган). Унда тўлиқ моддий жавобгар ходимларнинг рўйхати келтирилган. Рўйхатда келтирилган  ходимлар  билан ишлаб чиқариш жараёнида сақлаш, қайта ишлаш, сотиш (чиқариш), ташиш ёки қўллаш учун ўзларига берилган моддий бойликларнинг хавфсизлигини таъминламаганлиги учун тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида ёзма шартномалар тузиш назарда тутилган.

Лекин у мажбурий эмас, тавсиявий характерга эга эди. Ходимларнинг қайси тоифалари моддий жавобгар бўлиши мумкинлиги ҳақида умумий тасаввурга эга бўлиш учун у билан танишиб чиқишингиз мумкин. 

Бугунги кунда қонунчилик бу масалани ҳал қилишни иш берувчиларнинг ўзига қўйиб берган.   

Меҳнат кодексининг 203-модда 3-қисмига мувофиқ, тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиладиган ходимларнинг тоифалари рўйхати жамоа шартномасида белгилаб қўйилади. Агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.  

Ходимларнинг моддий жавобгар тоифалари рўйхати – шахссиздир: унга ходимларнинг Ф.И.О.ни кўрсатган ҳолда ўзини эмас, балки касблар, лавозимлар ёки ишларни киритинг. 

Бевосита пул ёки товар бойликлари билан муомала қилувчи ходимлар томонидан ишлар биргаликда бажариладиган, жамоа (бригада) моддий жавобгарлиги жорий этилиши мумкин бўлган бўлинмаларнинг рўйхати ҳам худди шундай тартибда белгиланади.  

Эътибор беринг

Тўлиқ молиявий жавобгарлик ҳақида шартномаларни хизмат вазифасига пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилиш кирадиган ходимлар билан тузинг. Бунда тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақидаги шартнома фақат қуйидаги ходимлар билан тузилиши мумкин :

1) меҳнат шартномаси асосида ишлаётган; 

2) 18 ёшга тўлган ходим.

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги  шартномалар бўйича ишлайдиган шахслар билан моддий жавобгарлик ҳақидаги шартномалар тузилмайди. Улар билан ўзаро муносабатларнинг барча жиҳатлари Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Бундай ходим етказилган зарарни ҳам ушбу кодексга мувофиқ қоплайди. 

Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар фақат қасддан етказилган зарар учун, алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ёки жиноят содир этиш натижасида етказилган зарар учун тўлиқ моддий жавобгар бўладилар .

Ёдингизда тутинг: агар сиз бевосита пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилмайдиган ёки 18 ёшга тўлмаган ёхуд штатда бўлмаган шахс билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузсангиз, бундай шартнома ҳақиқий эмас деб топилади. 

 

Хулоса қиламиз:

  • тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақидаги шартномалар тузилиши мумкин бўлган ходимларнинг тоифалари рўйхати жамоа шартномасида ёки иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёхуд ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади;  
  • агар ушбу локал рўйхатда ходимнинг лавозими ёки касби кўрсатилган бўлса, у билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиш мумкин. Бунда жамоа шартномаси қонунда белгиланган тартибда қабул қилиниши керак . 

 

Ходимнинг жавобгарлиги Ходимнинг жавобгарлиги Ходимнинг жавобгарлиги /uz/publish/doc/text184833_moddiy_javobgar_kasblar_va_lavozimlarning_meeriy_ruyhati_mavjudmi