Тўлиқ моддий жавобгар ходимни ишдан бўшатиш

preview

Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузган ходим ишдан бўшамоқда. У товар-моддий бойликларни иш берувчига қандай ва қандай тартибда топшириши керак?

 

– Меҳнат кодексининг 99-модда 1-қисмига мувофиқ ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддатини ҳисоблаш иш берувчи ходимнинг ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасини олган кундан бошланади. Унинг муддати тугагандан сўнг, ходим ишни тўхтатишга ҳақли,  иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Махсус ёзма шартнома асосида унга ишониб топширилган пул ёки товар бойликлар билан бевосита муомала қиладиган ходим уларнинг сақланиши учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади.

Эътибор беринг
Пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилиш хизмат вазифасига кирмайдиган ходим билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида тузилган шартнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади .

Тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиш мумкин бўлган ходимларнинг тоифалари рўйхати жамоа шартномасида белгилаб қўйилади. Агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади .

Моддий жавобгар шахслар алмашганда ишларни қабул қилиш-топшириш кунида ходимга ишониб топширилган мол-мулк инвентарлашдан ўтказилиши керак .

Тегишинча, ишдан бўшаётган ходимнинг товар-моддий бойликларни  унинг ўрнига ишга қабул қилинаётган ходимга ўтказиш учун ходим ишдан бўшаш тўғрисида ариза берган пайтдан бошлаб қисқа муддатларда инвентарлаш ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Инвентаризация комиссияси томонидан далолатнома қабул қилинишини ва ишлар 2 ҳафта ичида – ишдан бўшатилган кунда ҳам ўтказилишини таъминланг.

Эътибор беринг
Инвентарлашни ва ишларни қабул қилиш-топширишни ташкил этиш ходимнинг эмас, балки иш берувчининг вазифасидир. Шунинг учун, агар охирги иш кунига қадар инвентарлаш амалга оширилмаган бўлса, меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ходим ишларни ва инвентарлашни ўтказиш тартиб-таомилларида иштирок этиш учун собиқ иш берувчининг олдига келишга мажбур эмас.

Моддий қимматликларни янги моддий жавобгар шахсга қабул қилиш- топшириш далолатномасига мувофиқ ўтказинг.

Агар камомад аниқланса, иш берувчи ходим меҳнат муносабатларини бекор қилган ёки қилмаганлигидан қатъи назар, зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил ичида ходим етказган моддий зарарни қоплашни сўраб судга мурожаат қилишга ҳақли 

Меҳнат кодексининг қоидаларидан келиб чиқадики, меҳнат шартномасини бекор қилиш ходимни иш берувчига етказилган зарар учун моддий жавобгарликдан озод қилмайди.

Ходимнинг жавобгарлиги Ходимнинг жавобгарлиги Ходимнинг жавобгарлиги /uz/publish/doc/text184930_tuliq_moddiy_javobgar_hodimni_ishdan_bushatish