Бош директорни ишдан бўшатиш тартиби

preview

«Шу кунларда бизнинг МЧЖ бошқа МЧЖга қўшилмоқда. Бош директор 2020  йил  30 апрелда ишдан бўшашга ариза ёзди. Бироқ таъсисчи унинг аризасини ўша куннинг ўзида имзолаганига қарамай, у ҳозирги кунга қадар қўшиб олишга доир ҳужжатларни расмийлаштириб, ўз вазифасини бажаришда давом этмоқда. Буйруқ ва мажлис баённомаси ҳозиргача қилинмаган. У қачонгача бош директор вазифасини бажариши мумкин? Бундай вазият қандай оқибатларга олиб келади?».

Саволга меҳнат ҳуқуқи бўйича «Нормa» мутахассиси Ленара Хикматова жавоб берди:


«Ишдан бўшатиш куни» деб қайси санани ҳисоблаш керак

– «Меҳнат кодексида меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра корхона раҳбари билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин бўлган норма мавжуд . Яъни,  унда директорни ишдан бўшатиш учун қонунда белгиланмаган қўшимча ҳолатлар (пул маблағларини мақсадсиз сарфлаш, моддий бойликлар хавфсизлиги устидан тегишли назоратни  таъминламаслик ва бошқалар) назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолатлар юзага келганда корхона эгаси ёки у томонидан ваколат берилган орган раҳбар билан тузилган меҳнат шартномасини унинг хоҳишидан қатъи назар, бекор қилишга ҳақли.

Корхона раҳбарини ўз хоҳишига биноан ишдан бўшатиш учун амалдаги қонунчиликда меҳнат шартномасини бекор қилишнинг махсус тартиби белгиланмаган. Шунинг учун бу вазиятда Меҳнат кодекси 99-моддасининг умумий нормалари қўлланилади. Уларга кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Бундай ҳуқуққа меҳнат шартномаси тури, лавозими, ўзи ишлаётган корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ҳар қандай ходим эга. Икки ҳафталик муддат –иш берувчига ушбу икки ҳафта давомида у бўшаётган жойга бошқа муносиб мутахассис топиши ва корхона ишида узилишлар бўлмаслиги учун ўзига хос кафолатдир. Огоҳлантириш муддати даврида ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши ва ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиши шарт. Яъни, директор огоҳлантириш муддати даврида ишини давом эттиради ва ўзининг ваколати доирасида барча ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга.

Агар меҳнат шартномасини бекор қилишнинг аниқ санаси ишдан бўшаш аризасида кўрсатилган ва иш берувчи бу илтимосни қаноатлантиришга рози бўлса, икки ҳафталик муддат тугамасдан туриб ҳам ходимни ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатиш мумкин бўлади . Бундан ташқари, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақидаги ариза у ўз ишини давом эттиришининг имкони йўқлиги (ўқув юртига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳоллар) билан боғлиқ бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши керак .

Ишдан бўшаш ҳақидаги аризани бериш санаси уни иш берувчига (корхона бошлиғига, унинг муовинига, қабулхона котибига, кадрлар бўлимига, девонхонага ва б.) топширган кун ҳисобланади. Иш берувчи аризани қабул қилган куннинг эртасига огоҳлантириш муддатининг ҳисоби  бошланади .

Шундай қилиб, агар директорнинг 30 апрель куни берган аризасида ишдан бўшатишнинг маълум муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси ариза қабул қилинганидан кейин 2 ҳафта ўтгач, яъни 14 май куни бекор қилиниши керак. Бу кун раҳбарнинг охирги иш куни бўлади, шу куни унга меҳнат дафтарчаси, у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани тўғрисида буйруқ берилиши ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши керак. Шунинг учун, агар ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ 14 май куни расмийлаштирилган бўлса, 15 майдан бошлаб директорнинг ваколатлари тугатилади ва у ташкилот фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни имзолай олмайди.

Агар директор аризада уни 30 апрель куни ишдан бўшатишни сўраган бўлса, ўзи эса  ишлашда давом этса ва ишдан бўшатишга буйруқ расмийлаштирилмаган бўлса, энди уни ушбу ариза бўйича ишдан бўшатиб бўлмайди. Директор ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида яна ариза ёзиши керак.

 

Эътибор беринг
Меҳнат кодексининг 99-модда 4-қисмига биноан, агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва меҳнат муносабатлари давом этаётган бўлса (ходим ишга чиқаётган, ўз вазифаларини бажараётган, иш берувчи эса бунга қарши бўлмаса), ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, бундай ҳолда меҳнат шартномасини шу аризага мувофиқ бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Директор ишларни  топширмаган бўлса, ким айбдор

Раҳбар бўшаётганда ишларни топшириши керак.  Ушбу тартиб-таомил қонун билан тартибга солинмайди, аммо амалда бу раҳбар юритувида бўлган ҳужжатларни далолатнома бўйича топширишни англатади. Булар қуйидагилар бўлиши мумкин: МЧЖнинг таъсис ва рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари, иштирокчиларнинг умумий йиғилишлари ва қарорлари баённомалари, бухгалтерия ва банк ҳужжатлари, шунингдек ташкилотнинг кўчмас мулк, транспорт ва бошқа мол-мулк, лицензиялар, жамият номига расмийлаштирилган рухсатномалар, контрагентлар билан шартномалар ва бошқа муҳим ҳужжатлар, ташкилотнинг муҳр ва штамплари, сейф калитлари ва бошқалар.

Ишларнинг бундай топширилиши директорнинг манфаатларига жавоб беради. Негаки, у ишдан бўшагандан кейин ҳам уни ташкилотга етказилган зарар учун жавобгарликка тортишлари мумкин. Агар директор ишларни далолатнома бўйича топширишдан бош тортса, ташкилот эгаси ишларни ва мол-мулкни инвентаризация қиладиган ва директорнинг имзо чекишдан бош тортганлигини тасдиқлайдиган комиссия тузиши мақсадга мувофиқдир.

Ишларни, мол-мулкни ва ҳужжатларни топшириш учун шароит яратиш мажбурияти иш берувчининг зиммасида. Агар у буни бажармаган бўлса, яъни у ишларни директорнинг ўзидан қабул қилмаса ёки кимга топширилиши кераклигини кўрсатмаган бўлса, ишдан бўшаётган куни директор шунчаки ишларни топширмасдан, «стол устига калитларни ташлаб» кетиши мумкин, чунки огоҳлантириш муддати тугагандан кейин у ишни тугатишга ҳақли .