Компания бошқа жойга «кўчса», нима қилиш керак

preview
Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

«Компания ўз ходимлари билан бирга Тошкентдан Чирчиққа кўчиб ўтишни режалаштирмоқда. Иш берувчи ходимларни кўчиб ўтишдан бир ҳафта олдин бу ҳақда огоҳлантирди. Кўпгина ходимлар янги жойнинг узоқлиги, қолаверса хизмат транспорти тақдим қилинмаслиги сабабли янги жойда ишлашдан бош тортишди. Маъмурият бош тортганларга «ўз хоҳишига кўра» ариза ёзишни таклиф қилмоқда. Бу қонунийми? Ишни рад этганларга ва иш берувчи билан бирга кўчиб ўтишга рози бўлганларга қандай компенсация тўловлари назарда тутилган? Иш берувчи қонун бўйича қанча муддат давомида ходимларни иш жойини ўзгартириш тўғрисида огоҳлантириши керак эди?».

Саволларга «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

– Агар иш берувчи бошқа ҳудудга кўчиб ўтишни режалаштирса, у ходимлар олдида муайян мажбуриятларга эга бўлади.

Иш берувчи ходимни келгусида бошқа жойга кўчиши тўғрисида камида икки ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши шарт . Бунда иш берувчи икки ҳафтадан ошадиган огоҳлантириш муддатини мутаносиб пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақли. 

Масалан, агар огоҳлантириш 1 ноябрда берилган бўлса, 15 ноябрдан кейин қолган муддатни пулли компенсация билан алмаштиришга рухсат берилади. Ходимнинг бунга розилиги талаб қилинмайди.

Огоҳлантиришни олгандан сўнг ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчиб ўтишга рози бўлиш ёки бўлмаслик тўғрисида қарор қабул қилиши керак.

 

Агар ходим кўчиб ўтишга рози бўлса

Иш берувчи меҳнат шартномасига қўшимча келишув расмийлаштиради ва ходимга қуйидагилар учун компенсация тўлайди :

  • ходим ва оила аъзолари (эр, хотин, улар билан бирга яшайдиган, уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзолари) йўлкирасининг йўл чипталарини олиш учун қилинган ҳақиқий харажатлари миқдоридаги қиймати;
  • темир йўл ёки автомобиль транспортида ходимнинг ўзига беш юз килограммгача ва у билан бирга кўчиб ўтаётган оила аъзоларига жами беш юз килограммгача бўлган мол-мулкни ташиш харажатлари;
  • йўлда бўлишнинг ҳар бир кунига хизмат сафарлари учун назарда тутилган миқдорда суткалик тўловлар;
  • агар кўчиб ўтаётган ходимнинг ушбу жойда шахсий уй-жойи мавжуд бўлмаса ҳамда иш берувчи ушбу ходимга ва унинг оила аъзоларига тегишли уй-жой тақдим этмаса, уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар;
  • янги иш жойи бўйича бир ойлик тариф ставкаси (маош) миқдорида бир марталик нафақа (кўтарма пул), шунингдек ходим билан бирга кўчиб ўтаётган ҳар бир оила аъзосига кўчиб ўтаётган ходим тариф ставкасининг (маошнинг) учдан бир қисми, башарти ушбу оила аъзолари ходимга алоҳида уй-жой берилган кундан эътиборан ўн икки ой ичида кўчиб ўтса.

 

Агар ходим кўчиб ўтишдан бош тортса

Иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчиб ўтишни рад этган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинади .

Эътибор беринг
Ходим рад этишни ёзма шаклда баён қилиши керак. Агар у бунга рози бўлмаса, унинг рад этиши бунда ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади.

Кўчиб ўтишни рад этган ходимга:

  • ишдан бўшатиш нафақаси тўланади .

Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у:

– уч йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш

ҳақининг эллик фоизидан;

– 3-5 йилгача иш стажида – 75%;

– 5-10 йилгача иш стажида – 100%;

– 10-15 йилгача иш стажида – 150%;

– иш стажи 15 йилдан кўп бўлганда – 200%дан кам бўлмаслиги керак.

Ташкилотлар ички тартибда ишдан бўшатиш нафақасини тўлашда белгиланганига нисбатан унинг оширилган миқдори кўринишида қўшимча кафолатларни назарда тутиши мумкин;

  • Бошқа ишга жойлашиш даврида ўртача ойлик иш ҳақи ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланади .

Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, у учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг учун у маҳаллий меҳнат органидан маълумотнома тақдим этиши керак.

Эътибор беринг
Агар ходим «ўз хоҳишига кўра» меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза ёзишга рози бўлса, у иш берувчидан бундай компенсация олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

 

Муҳим савол: «бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш» деб нима тан олинади?

Масалан, битта вилоят ҳудудида бир жойдан иккинчисига кўчиш кўчиб ўтиш ҳисобланадими? Ёки МК «бошқа жой» остида бошқа вилоятга кўчиб ўтишни назарда тутадими?

Шу ўринда биз мунозарали нуқтага етиб келдик. Меҳнат кодексига кўра, бошқа жой деганда ходимнинг яшаш жойидан унга яшаш жойига қайтиш имконини бермайдиган масофада жойлашган ҳудуд тушунилади . Бизнинг фикримизча, жумла ноаниқ, у берилган саволга аниқ жавоб беришга имкон бермайди.

Ходимнинг яшаш жойига қайтиш имкони йўқлигини аниқлаш учун қандай мезонлардан фойдаланиш керак: ҳудудлар орасидаги масофами, йўлга сарфланган вақтми ёки бошқа нарса?

«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунда қайси иш «мақбул» деб ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилган. Кўрсатилган мезонлар орасида таклиф этилган иш доимий яшаш жойидан анча узоқ бўлса ва транспортда қатнаш жиҳатдан қулай бўлмаслиги кўрсатилган. Бунда иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатдан қулайлиги (йўл қўйилиши мумкин бўлган узоқлиги) мазкур жойдаги жамоат транспорти тармоғининг ривожланганлиги ҳисобга олинган ҳолда ҳудудий меҳнат органлари томонидан белгиланади. Кўриб турганимиздек, бу норма тўлиқ аниқлик бермайди.

Шу муносабат билан қонун чиқарувчи «бошқа жой» тушунчасини иложи борича янада аниқлаштириши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, бу ноаниқлик иш берувчиларга қонунда белгиланган тартиб-таомилни бажармаслик ва ходимларни компенсация тўловларидан маҳрум қилиш имконини беради.

 

Ўзбекистонда меҳнат шароитларини ўзгартириш – меҳнат шароитларини ўзгартириш тартиби, батафсил маълумот ўзбекистонда меҳнат шароитларининг ўзгариши, меҳнат шароитларининг ўзгариши, меҳнат шароитларининг ўзгариши, меҳнат шароитларининг ўзгариши, меҳнат шароитларининг ўзгариши Ўзбекистонда меҳнат шароитларини ўзгартириш. Веб-сайтда kadrovik.uz Ўзбекистонда меҳнат шароитларининг ўзгариши ҳақида ҳикоя қилинади. Бу ерда сиз иш шароитидаги ўзгаришлар, иш шароитидаги ўзгаришларнинг сабаблари ва мавзу бўйича бошқа маълумотлар бўйича тавсияларни топишингиз мумкин /uz/publish/doc/text185780_kompaniya_boshqa_joyga_kuchsa_nima_qilish_kerak