Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ходимни меҳнат шартидаги қандай ўзгаришлар ҳақида огоҳлантириш керак
Иш берувчи ходимни нафақат алоҳида асослар бўйича меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида, балки унинг кейинги ишига таъсир қиладиган баъзи ўзгаришлар ҳақида ҳам олдиндан огоҳлантириши шарт. Бу ходим огоҳлантириш даврида – компаниядан кетиш ёки янгиликларга мослашиб ишлаб қолиш ҳақида қарор қабул қила олиши учун керак
Янги Меҳнат кодекси ушбу масалаларни иш берувчиларнинг барча тоифалари учун қандай тартибга солиши ҳақида МК лойиҳасини тайёрлаш бўйича эксперт гуруҳи раҳбари Михаил ГАСАНОВ ва «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА гапириб беришди:
– Иш берувчи ходимни олдиндан огоҳлантириши шарт бўлган ҳолатларга қуйидагилар киради:
1) агар технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмларининг қисқарганлиги муносабати билан аввалги меҳнат шартлари сақлаб қолиниши мумкин бўлмаса, ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартириш .
Меҳнат шартлари – бу ходим меҳнат қиладиган ижтимоий ва ишлаб чиқариш омиллари тўплами. Ижтимоий омиллар жумласига меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори, иш вақтининг, таътилнинг давомийлиги ва бошқалар киради. Ишлаб чиқариш омилларига – техника, санитария, гигиенага оид, ишлаб чиқариш-маиший ва бошқа меҳнат шартлари киради.
Шундай қилиб, агар иш берувчи ишлаб чиқариш сабабларига кўра, масалан, ходимларнинг иш ҳақини камайтиришни, йиллик таътил муддати давомийлигини қисқартиришни, иш вақти режимини қайта кўриб чиқишни ва ҳоказоларни режалаштирса, – у бу ҳақда ходимларни олдиндан хабардор қилиши керак.
Меҳнат шартларининг ўзгариши асосланган бўлиши керак. Яъни, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар, маҳсулотлар ёки хизматлар ҳажмларининг қисқарганлиги иш ҳақи миқдорининг камайиши ёки рағбатлантирувчи тўловларнинг бекор қилинишига сабаб бўлиши мумкин. Шунчаки иш берувчи хоҳлагани учунгина ходимнинг розилигисиз ҳеч қандай сабабсиз меҳнат шартларини ҳатто хусусий ташкилотларда ҳам ўзгартириш мумкин эмас.
Агар ходим иш берувчи бу масалада ноқонуний йўл тутган деб ҳисобласа, у давлат меҳнат инспекциясига ёки судга мурожаат қилишга ҳақли. Бунда меҳнат низосини кўриш чоғида иш берувчи аввалги меҳнат шартларини сақлаб қолиш имконияти йўқлигини исботлаши керак бўлади .
Иш берувчи ўринлари қисқараётган ходимларнинг сонига қараб маҳаллий меҳнат органига, шунингдек касаба уюшмаларининг ҳудудий ёки тармоқ бирлашмасига бундай ўзгаришларнинг сабаблари тўғрисида қуйидаги муддатларда ахборот тақдим этиши шарт:
- 50 ва ундан ортиқ ходимлар бўлса, 30 календарь кун ичида;
- 200 нафар ва ундан ортиқ ходимлар бўлса, 60 календарь кун ичида;
- 500 нафар ва ундан ортиқ ходим бўлса, 90 календарь кунида.
Ушбу вазиятда иш берувчи ходимларнинг вакиллик органи билан меҳнат шартларининг ўзгартирилиши хусусида дастлабки маслаҳатлашувлар ўтказиши керак;
2) иш берувчининг бошқа жойга кўчиши. Бошқа жой деганда ходимнинг яшаш жойидан унга яшаш жойига ҳар куни қайтиш имконини бермайдиган масофада жойлашган ҳудуд тушунилади .
Иш берувчи ходимни бўлажак ўзгаришлар ҳақида қанча муддат аввал огоҳлантириши шарт
Иш берувчи ходимни иш берувчининг келгусида бошқа жойга кўчиши тўғрисида камида икки ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши шарт.
Агар меҳнат шартлари ўзгарса, бу муддат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра қисқартирилиши мумкин. Бошқа жойга кўчишда МК бундай имкониятни бермайди.
Иш берувчи ўз хоҳишига кўра огоҳлантиришнинг икки ҳафтадан ортиқ бўлган муддатини мутаносиб пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақли .
Огоҳлантириш пайтидан эътиборан икки ҳафталик муддат фақат ходимнинг розилиги билан пулли компенсация билан алмаштирилиши мумкин.
15 декабрдан бошлаб (огоҳлантириш муддатидан 2 ҳафта кейин) иш берувчи қолган огоҳлантириш муддатини пулли компенсация билан алмаштириш ва муддатидан олдин янги меҳнат шартларини жорий этишга ҳақли.
15 декабргача огоҳлантириш муддатини пул билан фақат ходимнинг розилиги билан алмаштириш мумкин.
Агар ходим меҳнат шарти ўзгаришларига рози бўлса
Унда огоҳлантириш муддати тугаши билан у янги шартларда ишлашда давом этади. Иш берувчи меҳнат шартномаси ўзгаришини ходим ва иш берувчи ўртасида тузиладиган қўшимча келишув асосида буйруқ билан расмийлаштиради .
Ходимнинг иш берувчи билан биргаликда бошқа жойга кўчиб ўтишга розилиги ҳам меҳнат шартномасига қўшимча келишув билан расмийлаштирилади.
Ходимга бошқа жойга ишга кўчиб ўтиши муносабати билан компенсация тўловлари тақдим қилинади . Улар ҳақида, шунингдек иш берувчининг ушбу вазиятдаги ҳаракатлари ҳақида қуйидаги мақолада ўқишингиз мумкин:
Агар ходим янги меҳнат шартларида ёки бошқа жойда ишлашга рози бўлмаса
Бундай ҳолда огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинади. Лекин бунинг учун энг аввало ходимнинг кўчиб ўтишни ёки янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиш далилини тасдиқлаш керак.
Ходим рад этишни ёзма равишда тақдим қилиши керак. Агар у бунга рози бўлмаса, бунда хозир бўлган гувоҳларни кўрсатган ҳолда рад этишни далолатнома билан расмийлаштиринг.
Иш берувчи ходимнинг ёзма рад жавобини олганидан сўнг (ёки бу ҳақда далолатнома тузилади), у меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Буйруқда меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлиб қуйидагилар кўрсатилади – «ходим янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этгани муносабати билан, МК 137-м. 4-қ.» ёки «ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчиб ўтишни рад этгани муносабати билан МК 146-м. 5-қ.».
Ушбу асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш иш берувчининг ташаббуси эмас. Шунинг учун бундай ҳолларда ходим таътилда бўлган вақтда, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида ва янги Меҳнат кодексининг 163-моддасида кўрсатилган бошқа даврларда меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин.
Бундан ташқари, меҳнат шартномасини ушбу асослар бўйича бекор қилиш учун ходимларнинг вакиллик органи розилигини олиш шарт эмас .
Меҳнат шартномаси ходим бошқа жойга кўчиб ўтишни ёки янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан бекор қилинаётганда ходимга ишдан бўшатиш нафақасини тўланг. Тўлов миқдори ушбу иш берувчидаги иш стажига боғлиқ. Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг:
Шунингдек, ходимда иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақи ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланиб қолади.
Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, у маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотнома бўйича учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бунинг учун у собиқ иш берувчига маҳаллий меҳнат органидан тегишли маълумотномани тақдим этиши керак.
Микрофирма, якка тартибдаги тадбиркорлар ва иш берувчи бўлган жисмоний шахслар ходимларни ўзгаришлар ҳақида қайси муддатда огоҳлантиришлари керак
- Микрофирма ходимни меҳнат шароитларининг ўзгариши ва бошқа жойга кўчиш тўғрисида камида бир ой олдин ёзма равишда хабардор қилади ;
- якка тартибдаги тадбиркор меҳнат шартлари ўзгартирилиши тўғрисида ходимни камида ўн тўрт календарь кун олдин огоҳлантиради ;
- иш берувчи бўлган жисмоний шахс уй ишчисини меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисида камида ўн тўрт календарь кун олдин огоҳлантиради .