Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Касаба уюшма қўмитаси йиғилиши қачон ваколатли деб ҳисобланади
«Иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш қонуний ҳисобланиши учун касаба уюшмаси қўмитасининг қанча вакили бу масалани келишишда иштирок этиши керак? Бу қандай расмийлаштирилади – баённома, хулоса ёки бошқа ҳужжат биланми? Ишдан бўшатиш қонуний деб ҳисобланиши учун қанча овоз олиш керак? Касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишларида кворум ва овоз беришни тартибга солувчи қандайдир меъёрий ҳужжатлар борми?».
2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги Меҳнат кодекси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда саволларга «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– Энг аввало, агар жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, меҳнат шартномасини бундай розиликсиз бекор қилишга йўл қўйилмаслигини эслатиб ўтамиз .
Янги Меҳнат кодекси вакиллик органларига сайланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва меҳнат кафолатларини мустаҳкамлаб, ходимлар ва иш берувчиларнинг вакиллигини алоҳида бобга ажратади.
Касаба уюшмалари фаолиятини яратиш ва ташкил этиш тартиби «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади ЎРҚ-588-сон.
Бунда қонун ва Меҳнат кодекси касаба уюшмасининг сайланган органлари йиғилишларининг ташкилий жиҳатларини тартибга солишни касаба уюшмаси ташкилотларининг ўзига қолдиради.
Маълумот учун: бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти (бир ёки бир нечта иш берувчида ишлайдиган ходимларни бирлаштирувчи) ўзининг сайлаб қўйиладиган органини сайлайди. Бу касаба уюшмаси қўмитаси, касаба уюшмасининг ташкилотчиси ёки касаба уюшмаси гуруҳининг ташкилотчиси бўлиши мумкин . Бошланғич ташкилот тегишли ҳудудий ёки тармоқ касаба уюшмаси устави асосида фаолият кўрсатади.
Касаба уюшмаси қўмитаси аъзолари йиғилишларини ҳуқуқий ўтказиш механизми ва овоз бериш шартлари Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг (ЎКУФ) ички ҳужжатларида баён этилган:
1) ЎКУФ низомида;
2) турли: аграосаноат, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика саноати, давлат муассасалари ва жамоат хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда ходимларни бирлаштирадиган касаба уюшмалари республика кенгашлари низомларида.
Одатда, юқорида санаб ўтилган низомларда касаба уюшмаси ташкилотининг сайлаб қўйиладиган органларининг йиғилишлари, агар уларнинг ишларида ушбу сайлаб қўйиладиган орган аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашса, қонуний ҳисобланади. Ушбу йиғилишларда қабул қилинган қарорлар, кворум мавжуд бўлган тақдирда, агар унда иштирок этган сайлаб қўйиладиган орган аъзоларининг ярмидан кўпи улар учун овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.
Масалан, агар ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси 6 та аъзодан иборат бўлса:
- касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилишида ушбу сайлаб қўйиладиган органнинг камида 4 та аъзоси иштирок этса, қонуний ҳисобланади;
- иш берувчининг ташаббуси бўйича ходимни ишдан бўшатишга розилик бериш тўғрисидаги қарор, агар йиғилишда иштирок этган касаба уюшмаси қўмитасининг камида 3 та аъзосидан 4 нафари овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Агар ишдан бўшатиш учун овозлар камроқ бўлса, иш берувчи ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишининг қарори қандай расмийлаштирилади
Иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси кўриб чиқиши учун унинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик олиш тўғрисида тақдимнома йўллайди.
Касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишида баённома юритилади. Тақдимномани кўриб чиқиш натижасига кўра касаба уюшмаси қўмитаси қарор қабул қилади ва бу ҳақида тақдимнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ёзма равишда хабар қилади. Агар касаба уюшмаси қўмитаси бу ишни кўрсатилган муддатда амалга оширилмаса, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини унинг розилигисиз бекор қилиши мумкин .
Касаба уюшмаси қўмитаси билан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишни келишиш тартиб-таомили тўғрисида қуйидаги мақолаларда ўқинг:
- Қандай қилиб ишдан бўшатишда касаба уюшмаси билан тўғри келишиш керак;
- Ишдан бўшатиш масаласи кўрилаётган касаба уюшмаси йиғилишида ходимнинг иштироки.
Агар ташкилотда ходимларнинг манфаатларини касаба уюшмаси эмас, балки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ифода этиши мумкинми?
Бундай бўлиши ҳам мумкин. Меҳнат жамоаси бошқа вакиллик органини, масалан – меҳнат жамоаси кенгашини (МЖК) ташкил қилиш қарорини қабул қилиши мумкин . У ҳолда ушбу органни тузиш ва унинг фаолияти, таркиби ва иш регламентига таллуқли барча масалалар ушбу вакиллик органи тўғрисидаги ички қоидаларда мустаҳкамлаб қўйилиши керак. Сизга қуйидаги мақола ёрдам беради: