Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ишламаганлар пенсия учун стажни қандай “тўплашади”
Келажакда пенсиясиз қолиб кетиш кўпчиликни қўрқитади. Турли хил ҳаётий сабабларга кўра кимдир уни тайинлаш учун умуман меҳнат стажига эга бўлмаслиги мумкин. Масалан, бир киши бутун умри давомида ўз томорқасида ишлаган ва кимгадир ғамхўрлик қилган (ота-оналар, болалар ...) бўлиши мумкин. Агар ишламайдиган оила аъзоси учун эри ёки хотини ижтимоий солиқ тўлаши мумкин бўлса, унда бундай вазиятда никоҳда бўлмаган инсон қандай йўл тутиши керак?
Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва «Халқ банки» АТБ мутахассислари жавоб беришди:
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ижроия аппарати методология бўлими бошлиғи Фаррух ПАРДАЕВ:
– Ишламайдиган эри (хотини) учун ижтимоий солиқ тўланган давр меҳнат стажи ҳисобида инобатга олинади . Бу ҳақда батафсил бу ерда ёзганмиз.
Агар бу вариант сизники бўлмаса, вазиятдан чиқишнинг иккита йўли бор:
1) жамғариб бориладиган пенсия тизимининг омонатчиси бўлиш;
2) ўз-ўзини банд қилиш.
ШЖБПҲнинг ихтиёрий иштирокчилари ПЖга ижтимоий бадалларни ўзлари тўлайди, уларнинг миқдори ва тўлов шартларини ўзлари белгилайдилар. Бу қуйидагилар бўлиши мумкин:
- якка тартибдаги тадбиркорлар ;
- деҳқон хўжалигида, томорқа ерида банд бўлган жисмоний шахслар, деҳқон хўжалиги аъзолари ;
- меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган фуқаролар ;
- солиқни ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш мажбурияти зиммасига юклатилмаган иш берувчидан даромадлар олувчи жисмоний шахслар ;
- ишламайдиган турмуш ўртоқлари учун ШЖБПҲга бадал тўлаётган ишлайдиган фуқаролар .
– Ўзини ўзи банд қилган шахслар зарур стажни қандай олишлари мумкин ? Пенсия олиш учун улар ижтимоий солиқни қаерга ва қандай тўлашлари керак?
– Аввало, сиз солиқ органларида махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтишингиз ва рўйхатдан ўтиш фактини тасдиқловчи QR-кодни олишингиз керак. Вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини олиш шарт эмас .
Меҳнат стажи ҳисобланиши учун ўзини ўзи банд қилган шахслар йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида солиқ тўлайдилар . Тўловни soliq иловаси орқали ёки ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар солиқ инспекциясида тўлаш мумкин. Ушбу сумма тўлиғича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади .
– Ўзини ўзи банд қилган шахсларга қандай фаолият турларига рухсат берилган?
– Ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолияти махсус рўйхатда келтирилган.
2023 йил 1 январдан бошлаб расмий иш билан банд бўлган аҳоли тоифасига шахсий ер участкаларида ишлайдиганлар ҳам киради. Улар томонидан йилига бир марта 1 БҲМ миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш ушбу даврни меҳнат стажига киритиш ҳуқуқини беради .
– Агар меҳнат стажи бўлмаса?
– Меҳнат стажига эга бўлмаганларга ёшга доир нафақа тайинланади :
- эркакларга — 65 ёшда;
- аёлларга — 60 ёшда
- болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга — 55 ёшда.
«Халқ банки» АТБ жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимини қўллаб-қувватлаш департаменти директори вазифасини бажарувчи Алишер Хушматов:
– Ишламайдиган одам ШЖБПТ иштирокчиси бўлиш ҳуқуқига эгами? Бунинг учун у қаерга мурожаат қилиши керак?
– «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширувчи иш берувчи ва фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши, агар қонунчиликда бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, мажбурийдир.
Якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликларининг аъзолари, шунингдек бошқа фуқаролар ( шу жумладан – ишсизлар) жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этадилар. Бунинг учун улар яшаш жойидаги «Халқ банки» филиалига мурожаат қилиши, ёнида паспорт ёки ID-карта бўлиши керак .
– ШЖБПҲга бадалларни тўлаш механизми қандай? Қаерга ва қандай қилиб тўлаш керак?
– Бадаллар миқдори ва муддатларини омонатчиларнинг ўзлари мустақил тарзда белгилашади. Бадаллар ШЖБПҲга тўғридан-тўғри «Халқ банки» филиалида ёки банкнинг мобил иловаси орқали масофадан туриб ўтказилади.
– Омонатлар (ЖБПҲга жамғармаларни) фақат уларга ҳуқуқ юзага келгандан (пенсия ёши) кейин олиниши мумкинми?
– «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этувчи фуқаролар пенсия тўловлари олувчи сифатида жамғариб бориладиган пенсия тўловларини қонунчиликка мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келган тақдирда олиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, Қонуннинг 17-моддасига биноан:
- агар фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига доимий яшаш жойига чиқиб кетаётган бўлса, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар бир йўла тўла ҳажмда;
- фуқаро вафот этган тақдирда, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади.
– Қанча жамғариш керак?
– Фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этадилар ва улар ШЖБПҲга бадаллар миқдори ва муддатларини ўзлари мустақил равишда белгилайдилар .
– ШЖБПҲга жамғарилган пул қандай тўланади?
– Тўловларни олувчилар ўзлари мустақил равишда белгилайдиган муддат мобайнида ҳар ойлик жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олишни ёки жамғариб бориладиган пенсия тўловларини бир йўла олишни танлаш ҳуқуқига эга .
– ЖБПҲ иштирокчиси вафотидан кейин бадал билан нима бўлади?
– Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади . Бунинг учун меросхўр «Халқ банки»га меросга эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани тақдим қилиши керак .
Алла РОМАШКО тайёрлади