Сменали ишни қандай расмийлаштириш керак

preview

Кўп ташкилотларда ички меҳнат қоидалари ишлаб чиқилган, аммо уларда ҳамма ходимлар учун умумий иш вақти режимини назарда тутиш жуда қийин. Айниқса, агар ташкилотда сменали иш жорий қилинган бўлса. Шунинг учун Қоидалардан ташқари ходимларнинг иш вақтини иш жадваллари (сменаларга бўлиниб ишлаш) бўйича тақсимлаш мақсадга мувофиқдир.

Сменаларга бўлиниб ишлаш  жадвалини қандай тўғри тузиш кераклигини «Нормa» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:

 

Экспертларнинг ҳеч бир тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Икки ва ундан ортиқ сменадаги иш сменали иш деб ҳисобланади. Бундай режим ишлаб чиқариш жараёнининг (ишнинг) давомийлиги ҳар кунги ишнинг белгиланган давомийлигидан ошадиган ҳолларда, шунингдек асбоб-ускуналардан янада самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш (ишлар, хизматлар) ҳажмини ошириш керак бўлганда зарур бўлади .

Қонуний тасдиқланган сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалининг ягона шакли мавжуд эмас. Сиз ушбу ҳужжатни ўзингиз мустақил равишда ишлаб чиқишингиз ва уни ички меҳнат тартиби қоидаларига, жамоа шартномасига ёки алоҳида маҳаллий ҳужжатга илова сифатида расмийлаштиришингиз мумкин.

Сменаларга бўлиниб ишлаш  жадвалида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

  • ишчилар гуруҳлари (бригадалар) ёки сменали иш режими ўрнатилган алоҳида ишчилар. Ҳар бир ходимнинг Ф.И.Ш. ва лавозими (касби, мутахассислиги) кўрсатилади;
  • сменаларнинг давомийлиги: сменанинг бошланиш ва тугаш вақти;
  • дам олиш ва овқатланиш учун танаффус вақти ;
  • сменаларга бўлиниб ишлаш тартиби;
  • ҳар бир сменада ходимлар ёки бригадалар сони.

Сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалида ходимларнинг жадвал билан танишганлиги ҳақидаги имзолари учун устунни назарда тутинг.

 

Сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалининг тахминий намунасини юклаб олиш.

 

Сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалини бир ёки икки кунлик дам олиш кунлари ёки ҳисобот даври (ой, чорак ва бошқалар) учун стандарт иш ҳафтасини ҳисобга олган ҳолда тузишингиз мумкин, унда иш вақтининг жамланган ҳисоби қўлланилади.

Қуйидагиларни ҳисобга олинг:

  • ҳисобга олиш даври учун иш вақтининг давомийлиги иш соатларининг нормал сонидан ортиқ бўлиши мумкин эмас ;
  • ҳисобга олиш даври ўн икки ойдан, кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги эса ўн икки соатдан ошмаслиги керак ;
  • ишнинг тугаши ва унинг кейинги куни (сменада) бошланиши ўртасидаги ҳар кунги (сменалар оралиғидаги) дам олиш давомийлиги, шу жумладан дам олиш ва овқатланиш учун танаффус ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас .
Эътибор беринг

Ходимни ҳатто унинг розилиги билан ҳам сменалар орасидаги камида ўн икки соатлик танаффусларсиз кетма-кет икки смена давомида ишга жалб қилишга йўл қўйилмайди . Ишланмайдиган байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.

Байрамдан олдинги куни сменани қисқартиришнинг имкони бўлмаган узлуксиз ишлайдиган ташкилотларда ва айрим турдаги ишларда ортиқча ишлаганлик қўшимча дам олиш вақти бериш ёки ходимнинг розилиги билан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган нормалар бўйича ҳақ тўлаш орқали компенсация қилинади .

 

Жадвални тузишда қуйидагиларни ҳам ҳисобга олинг:

  • ходимлар сменалар бўйича бир маромда навбат алмашади ;
  • иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланиши керак бўлган ходимлар тоифаси мавжуд ;
  • ҳар кунги смена давомийлигининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, тунги вақтдаги ишнинг давомийлиги иш ҳафтасининг давомийлиги тегишли равишда қисқартирилган, кейинчалик ишлаб берилмаган ҳолда бир соатга қисқартирилади .

Бунда, агар жамоа шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланган ходимлар учун, шунингдек тунги вақтда ишлашга махсус қабул қилинган ходимлар учун тунги вақтдаги сменанинг давомийлиги қисқартирилмайди. Масалан, қоровуллар ёки тунги навбатчилар .

Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни қўллаш тартиби, зарур бўлган тақдирда эса ҳисобга олиш даври мобайнида ходимларга тўланадиган иш ҳақи миқдорини тенглаштиришга қаратилган чора-тадбирлар жамоа шартномасида белгиланади. Агар ташкилотда жамоа шартномаси тузилмаган бўлса, бу масалаларнинг барчаси иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра ҳал қилинади .

Жадвални «Excel»да тузиш қулайроқ. Шунингдек, ташкилотнинг ишини юритиш учун кўплаб бухгалтерия ва бошқа махсус дастурлар уни шакллантиришга имкон беради.

Иш берувчи ўзбошимчалик билан сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалини ўзгартира олмайди, чунки ушбу ҳужжат ходимнинг иш вақти режимини белгилайди. Жадвалга ўзгартиришларни фақат ходимнинг розилиги билан киритиш мумкин. Агар иш берувчи сменаларга бўлиниб, ишлаш жадвалини бир томонлама тартибда ўзгартирмоқчи бўлса, МКнинг 137-моддасида назарда тутилган тартиб-таомилга риоя қилиш керак. Ходим ҳам иш берувчининг рухсатисиз жадвалда назарда тутилган сменалар кетма-кетлигини ўзгартиришга ёки жадвалга мувофиқ ўз сменаси ўрнига бошқа сменага ишга чиқишга ҳақли эмас».

 

 

 

Ўзбекистон Республикасида иш вақтини тартибга солиш - иш вақти ва дам олиш вақти, иш вақти ҳақида ҳамма нарса ўзбекистон республикасида иш вақти, иш вақтини тартибга солиш, иш вақтини ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексига мувофиқ иш вақти. Ушбу саҳифада Ўзбекистонда иш вақтини тартибга солиш ҳақидаги мақолалар мавжуд. Кадрлар бўлими томонидан иш вақтини ҳисобга олиш ва бошқа жиҳатлар ҳақида ўқинг kadrovik.uz /uz/publish/doc/text192204_smenali_ishni_qanday_rasmiylashtirish_kerak