Меҳнат шартномасини қандай ўзгартириш мумкин

preview

Меҳнат шартномасида кўзда тутилган  шартларни ўзгартириш учун умумий қоидага кўра ходим ва иш берувчининг ўзаро розилиги талаб қилинади. Аммо меҳнат шартномаси томонларидан бирининг илтимоси бўйича бундай ўзгартиришга рухсат берилганда истиснолар мавжуд.

Меҳнат шартномасида шартлашилган аввалги меҳнат функциясини давом эттиришда шартларини қандай ўзгартириш мумкинлигини янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил ГАСАНОВ ва «Нормэксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА тушунтиришди.

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

Меҳнат кодекси иш берувчининг меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлган ва аксинча – ходим иш берувчи қондириши шарт бўлган меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисида талаб қўйишга ҳақли бўлган ҳолатларни белгилайди. Вариантларнинг ҳар бирида ҳаракатлар ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби – турлича. 

 

Томонларнинг келишувига кўра меҳнат шартномасини  ўзгартириш

Томонларнинг келишувига кўра  меҳнат шартномаси шартларини исталган вақтда ўзгартириш мумкин.

Бунинг учун қуйидагилар керак бўлади:

1. Унга ўзгартириш киритиш тўғрисида меҳнат шартномасига қўшимча келишув (кейинги ўринларда – қўшимча келишув) ;

2. Иш берувчининг қўшимча келишув асосида расмийлаштирилган меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисидаги буйруғи .

 

Ходимнинг талабига кўра меҳнат шартномасини ўзгартириш

Ходим иш берувчидан қуйидагилар билан назарда тутилган ҳолларда меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли:

  • меҳнат қонунчилиги;
  • жамоа шартномаси, ташкилотнинг ички ҳужжатлари;
  • меҳнат шартномаси .
Мисоллар

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда меҳнат шартномасининг  ўзгариши

Ходимнинг меҳнат шартномасида 8 соатлик иш куни билан 40 соатлик иш ҳафтаси кўрсатилган. Навбатдаги тиббий кўрикдан сўнг унга ушбу ишни бажаришга қарши кўрсатма билан  II гуруҳ ногиронлиги белгиланди.

Бундай шахслар МКнинг 427-моддасига мувофиқ ҳафтасига 36 соатдан ортиқ ишлай олмайдилар.  Уларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш тегишли касб  ва лавозимлардаги ходимларга тўлиқ иш вақти давомийлигидаги миқдорда амалга оширилади.

Шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳар йилги камида 30 календарь кундан иборат узайтирилган таътил олиш ҳуқуқига эга.

Шу муносабат билан ходим иш берувчидан меҳнатга ҳақ тўлашни камайтирмаган ҳолда қисқартирилган иш вақти, шунингдек узайтирилган таътил белгилашни талаб қилишга ҳақли . Иш берувчи эса ушбу ўзгаришларни меҳнат шартномасига киритиши шарт, чунки унда ходимнинг иш вақти режими кўрсатилган бўлади.

Эътибор беринг, ушбу мисолда меҳнат шартномасида шартлашилган меҳнат шартлари доимий равишда ўзгариб туради. Тегишинча, ўзгаришлар меҳнат шартномасида акс эттирилиши керак. Агар ҳатто меҳнат шартномасида шартлашилган бандларнинг ўзгариши вақтинчалик тусга эга бўлса, меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритиш шарт эмас. Иш берувчи тегишли буйруқ чиқариши ва ходимни у билан имзо остида таништириши кифоя. Масалан, МКнинг 398-моддаси ишланган вақтга мутаносиб равишда меҳнатга ҳақ тўлаш билан қуйидагиларга тўлиқсиз иш вақтида ишлаш ҳуқуқини беради:

  • ҳомиладор аёлга;
  • ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бирига (ота-она ўрнини босувчи шахсга);
  • тиббий хулосага мувофиқ оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахсга. 

Ҳомиладор ходима билан боғлиқ вазиятда меҳнат шартномасига иш вақти бўйича ўзгартиришлар киритиш мантиқий эмас, чунки ўзгаришлар фақат маълум бир муддат учун амал қилади.

Мисоллар

Жамоа шартномасида назарда тутилган ҳолларда меҳнат шартининг ўзгариши  

1. Ходим штат ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантирилди. Ташкилотнинг жамоа шартномасида ходимларнинг шу асосда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантиришнинг амал қилиш муддати давомида тўлиқсиз иш кунида ишлаш ҳуқуқи назарда тутилган. Тегишинча, ушбу вазиятда ходим иш берувчидан унга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтасини белгилашни талаб қилишга ҳақли. Иш берувчи эса ходимнинг бундай талабини қондиришга мажбурдир.

2. Ташкилотнинг жамоа шартномасида ишловчи эркакка унинг хоҳишига кўра хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш  таътиллари даврида тўлиқсиз  иш вақти белгиланиши назарда тутилган. Тегишинча, бундай талаб билан мурожаат қилган ходим тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этганда иш берувчи унга хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари даврида тўлиқсиз иш ҳафтаси ёки тўлиқсиз иш кунини белгилаши шарт.

Ушбу мисолларда меҳнат шартларининг ўзгариши вақтинчалик тусга эга, шунинг учун уларни ходимларнинг меҳнат шартномаларида акс эттириш шарт эмас.

 

Доимий асосда ходимнинг талабига кўра меҳнат шартномаси ўзгаришини қандай расмийлаштириш керак

1. Ходимдан меҳнат шартининг ўзгариши тўғрисида сабабларни кўрсатган ҳолда ариза олинг.

2. Ходимдан ногиронлик белгиланганлиги тўғрисидаги тиббий ҳужжат, бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётгани тўғрисидаги маълумотнома ва бошқа ҳолатлардан келиб чиқиб меҳнат шартларини ўзгартириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилинг.

3. Ходимнинг аризасини у берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқинг .

4. Ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш рад этилган тақдирда, унга рад этишнинг сабаби тўғрисида ёзма шаклда хабар қилинг .

Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда – у билан ўзгартиришлар киритиш тўғрисида меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг .

5. Меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисидаги иш берувчининг буйруғини қўшимча келишув асосида расмийлаштиринг .

 

Ходимнинг розилигисиз иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартларини ўзгартириш

Агар аввалги меҳнат шартлари сақлаб қолиниши мумкин бўлмаса,  иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга ҳақли. Бу технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмларининг қисқарганлиги билан шартлашилган бўлиши керак.

Яъни, иш берувчи ходимларнинг меҳнат шартларини ўзи хоҳлаган пайтда эмас, балки фақат алоҳида ҳолатларда ўзгартириш ҳуқуқига эга. Агар келгусида меҳнат низоси юзага келса, иш берувчи аввалги меҳнат шартларини сақлаб қолиш имконияти йўқлигини исботлаб бериши керак бўлади .

Иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномаси ўзгаришини қандай расмийлаштириш керак

1. Меҳнат шартларининг келгусидаги ўзгариши ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма шаклда, имзо қўйдириб огоҳлантиринг . Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Иш берувчи меҳнат шартларининг келгусидаги ўзгариши тўғрисида ходимни огоҳлантиришнинг икки ҳафтадан ортиқ бўлган муддатини мутаносиб пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақли. Бунда ходимни огоҳлантириш пайтидан эътиборан икки ҳафталик огоҳлантириш муддати фақат ходимнинг розилиги билан пулли компенсация билан алмаштирилиши мумкин.

Мисол

1 ноябрь куни ходим иш вақти режими 2 ойдан кейин ўзгариши ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилди.

15 ноябрдан бошлаб (огоҳлантиришдан 2 ҳафта ўтгач) иш берувчи қолган огоҳлантириш муддатини пулли компенсация билан алмаштириш ва янги меҳнат шартларини жорий этиш ҳуқуқига эга.

15 ноябргача огоҳлантириш муддатини фақат ходимнинг розилиги билан пул билан алмаштириш мумкин.

 

2. Касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан дастлабки маслаҳатлашувлар ўтказиш, шунингдек маҳаллий меҳнат органига ва касаба уюшмалари уюшмасига, агар улар қуйидагиларга ҳам тааллуқли бўлса, ўзгаришларнинг сабаблари тўғрисида маълумот беринг:

30 календарь кун ичида 50 ёки ундан ортиқ ходим;

60 календарь кун ичида 200 ёки ундан ортиқ ходим;

90 календарь кун ичида 500 ёки ундан ортиқ ходим .

3. Агар ходим меҳнат шартларини ўзгартиришга рози бўлса:

– огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг у билан ўзгартиришлар киритиш тўғрисида меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг ;
– қўшимча келишув асосида меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисида буйруқ чиқаринг .

Агар ходим янги шартларда ишлашдан бош тортса:

– огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ундан ишлашни давом эттиришдан бош тортиши ҳақида ёзма рад жавобини олинг;
– янги меҳнат шартида ишлашни давом эттиришдан бош тортганлиги муносабати билан ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг ;
– ходим билан тўлиқ ҳисоб-китобни амалга оширинг, шу жумладан МКнинг 173-моддаси бўйича ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш ва МКнинг 100-моддаси бўйича кафолатларни тақдим қилиш билан.

 

 

 

 

Ўзбекистонда бошқа ишга ўтиш - бошқа ишга ўтказиш шартлари, бошқа ишга ўтказиш бўйича кўрсатмалар бошқа ишга ўтиш, бошқа ишга ўтиш қандай содир бўлади, бошқа ишга ўтиш жараёни, ўзбекистонда бошқа ишга ўтиш Ўзбекистонда бошқа ишга ўтиш. Ўзбекистонда бошқа ишга ўтиш қандай амалга оширилади? Бу эрда сиз бошқа ишга ўтиш тартиби ҳақида мақолалар топасиз. Ҳаммаси бошқа ишга ўтиш ҳақида. Бошқа ишга ўтказиш қоидалари ва тартиби /uz/publish/doc/text194317_mehnat_shartnomasini_qanday_uzgartirish_mumkin