Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ходимадан ҳомиладорлик тўғрисидаги маълумотномани талаб қилиш қонунийми
«Раҳбарият ҳали бўшамаган жойга янги ходимни қабул қилиш учун декретгача 3,5 ой олдин ҳомиладорлик тўғрисидаги маълумотномани талаб қилмоқда.
Бу талаб қонунийми?»
Kadrovik.uz илтимосига кўра иш берувчи ва ҳомиладор ходиманинг ҳуқуқларини «Нормa» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС тушунтирди.
– Ҳомиладорлик тўғрисидаги маълумотномалар одатда корхона (ташкилот) раҳбариятига ҳомиладор ходиманинг ҳуқуқларини бузиш мақсадида эмас, балки уларни ҳимоя қилиш учун тақдим қилинади. Меҳнат кодекси билан ҳомиладор аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари назарда тутилган . Масалан:
- Янги Меҳнат кодексига кўра ҳомиладор аёл билан муддатли меҳнат шартномасини ҳомиладорлик тугагунига қадар ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугагунига қадар бекор қилиш тақиқланган ;
- ҳомиладор аёл билан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномаларини бекор қилиш тақиқланган ;
- ҳомиладор ходимага туғруққача парваришлаш учун ҳақ тўланадиган кунлар тақдим қилинади ;
- ҳомиладор аёл тунги соатларда ишлаш, иш вақтидан ташқари ишлаш ҳамда дам олиш ва байрам кунларида ишлашдан бош тортишга ҳақли ;
- тунги иш ҳомиладор аёлнинг ҳамда боланинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғдиришини тасдиқловчи тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирда, бундай ишга йўл қўйилмайди ;
- тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилади ёки улар енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади .
Шунинг учун ҳомиладор ходимага имтиёзлар бериш учун иш берувчи ҳомиладорлик тўғрисидаги гувоҳномани талаб қилишга ҳақли.
Меҳнат шартномаси ҳомиладорликнинг охирига қадар узайтирилган аёл, иш берувчининг сўровига биноан, лекин уч ойда кўпи билан бир марта ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этиши шарт. Агар бунда аёл ҳомиладорлик тугаганидан кейин ҳақиқатда ишлашни давом эттирса, иш берувчи ҳомиладорликнинг тугаганлиги фактини билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан бир ҳафта ичида меҳнат шартномасини унинг муддати тугаганлиги сабабли бекор қилишга ҳақли .
Ҳомиладор ходима ҳомиладорлик тўғрисидаги маълумотномани тақдим қилишдан бош тортган тақдирда, иш берувчи унга қонуний асосларда у олишга ҳақли бўлган имтиёзларни тақдим қила олмайди. Бунинг учун ҳомиладорлик ҳақида оғзаки хабар бериш етарли бўлмайди.
Бироқ иш берувчи ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланишидан олдин ҳомиладор ходиманинг ўрнига янги ходимни олишга ҳақли эмас. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили аёлга ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасидан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида туғишдан тахминан 2,5 ой олдин берилади . Аммо иш берувчи штатдаги ходиманинг яқинлашиб келаётган ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда бола парвариши таътилига янги ходимни қабул қилиш ва ўқитишни режалаштириш ҳуқуқига эга.