Синов муддати даврида камроқ иш ҳақи тўлаш мумкинми

preview

«Компания дастлабки синов билан ёш мутахассисни ишга олишни режалаштирмоқда. Унга бу давр учун иш ҳақини штат жадвалида кўрсатилганидан камроқ белгилаш ва мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамаларни тўламаслик мумкинми? Ходимни синов муддатида албатта my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказиш ҳамда унинг қоғоз меҳнат дафтарчасига ёзув киритиш керакми?»

Саволларга kadrovik.uz илтимосига кўра янги МКни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил ГАСАНОВ ҳамда «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб беришди:

 

Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Ҳақиқатан ҳам ходимнинг меҳнат шартномасига ишга киришда дастлабки синов ҳақидаги шартни киритиш мумкин – 3 ой муддатгача (ташкилот раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ва алоҳида бўлинма раҳбарлари учун – 6 ойгача).

Бундай шарт иш берувчига янги келган ходимнинг топширилаётган ишни қандай уддалашини текширишга, ходимнинг ўзига эса ушбу ташкилотда ишлашни давом эттириш мақсадга мувофиқ келиш-келмаслиги тўғрисида қарор қабул қилишга имкон беради . Дастлабки синовнинг «жозибадорлиги» шундаки, ходим ҳам, иш берувчи ҳам меҳнат шартномасини синов муддати тугашидан олдин соддалаштирилган тартибда – бошқа тарафни камида уч кун аввал   огоҳлантириш орқали бекор қилиш ҳуқуқига эга. Ходим буни сабабларини тушунтирмасдан қилиши мумкин, иш берувчи эса меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқда ходимни синовдан ўтмаган деб эътироф этиш учун асос бўлган сабабларни кўрсатиб, ўз қарорини асослашига тўғри келади.

Лекин энг аввало «янги ходим»га синов муддатини белгилашга ҳақлимисиз-йўқми, текширинг. Дастлабки синов тақиқланган ходимларнинг айрим тоифалари мавжуд. Булар:

  • ҳомиладор аёллар ҳамда уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий);
  • захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун юборилган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахслар ;
  • давлат грантлари асосида ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч ой ичида йўлланма бўйича олинган мутахассислигига доир ишга кираётган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари;
  • тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан бир йил ичида биринчи бор ишга кираётганда олинган мутахассислиги бўйича мустақил равишда ишга жойлашаётган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг битирувчилари;
  • ўзи билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилаётган ходимлар;
  • ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;
  • ишга қайтадан қабул қилинган тақдирда иш берувчи илгари қайси ходимлар билан меҳнат шартномасини алоҳида асослар бўйича бекор қилган бўлса, ўша шахслар ;
  • ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси бўйича ушбу иш берувчида ўқишни ўтаган ўқувчилар;
  • жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ва иш берувчининг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ходимлар.

 

Ходимни синов даврида «расмийлаштириш» керакми

Баъзи иш берувчилар синов муддати тугагунига қадар ходим билан меҳнат шартномасини тузмаслик мумкин деб ҳисоблашади. Ахир синов натижалари ходимнинг фойдасига бўлмаслиги мумкин ва  у билан барибир хайрлашишга тўғри келади. Бу тубдан нотўғри ёндашув бўлиб, меҳнат қонунчилигини бузиш саналади. Сиз ходимни ишга синов муддати билан ёки синов муддатисиз қабул қилишингиздан қатъи назар, у билан меҳнат шартномасини тузишингиз шарт . Аммо сиз буни қилмаган бўлсангиз ҳам, ходим ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёхуд унинг рухсати билан ҳақиқатда ишга қўйилган бўлса, бу меҳнат шартномасини тузиш деб ҳисобланади . Бундай ҳолда иш берувчи иш бошланган вақтдан бошлаб уч кун ичида меҳнат шартномасини ёзма равишда расмийлаштириши шарт. Тузилган меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқарилади.

Бундан ташқари, Меҳнат кодекси иш берувчини ташкилотда беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимлар учун меҳнат дафтарчаларини юритишга мажбур қилади.

Электрон меҳнат дафтарчаси меҳнат шартномаси my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказилганда автоматик режимда «Ягона миллий меҳнат тизими» («ЯММТ» ИДАК) идоралараро аппарат-дастурий комплексида шакллантирилади.  Агар ходимда қоғоз меҳнат дафтарчаси бўлса, иш берувчи уни ишга қабул қилишда олиши ҳамда Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ электрон меҳнат дафтарчаси билан параллель равишда юритиши шарт.

Шундай қилиб, ходимни синов муддати билан my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказиш ва у сизда беш кундан ортиқ ишлаган бўлса қоғоз меҳнат дафтарчага (мавжуд бўлган тақдирда) ишга қабул қилинганлиги тўғрисида ёзув киритиш зарур.

Агар иш берувчи ходимни синов муддатида белгиланганидек расмийлаштирмаса, меҳнат инспекцияси уни БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солиш билан маъмурий жавобгарликка тортиши мумкин . Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида қайта содир этилган худди шу ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

 

Синов муддати даврида ходимнинг лавозим маошини қисқартириш мумкинми

Меҳнат кодексининг 131-моддасига мувофиқ дастлабки синов даврида ходимга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг (жамоа шартномаси, жамоа келишуви, ички ҳужжатлар) амал қилиши тўлиқ татбиқ этилади. Шунинг учун синов муддатида ходимларга камситувчи меҳнат шартларини белгилаш мумкин эмас, хусусан:

  • иш ҳақини умуман тўламаслик ёки штат жадвалида ушбу лавозим учун белгиланганидан кам тўлаш;
  • МКда белгиланган иш вақтидан ошиб кетиш: нормал ёки қисқартирилган (масалан, ногиронлиги бўлган ходим учун);
  • иш учун керакли асбоблар, жиҳозлар, ҳимоя воситалари ва бошқаларни бермаслик.

Синов муддатида ишга янги қабул қилинган ходимнинг лавозим маоши штат жадвалига мувофиқ ўхшаш лавозимни эгаллаган ҳамда бир хил малакага, бир хил функционалликка ва иш ҳажмига эга бўлган синов муддатида бўлмаган ходимларнинг иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас. Иш берувчи ходимларга тенг қийматдаги меҳнат учун тенг ҳақ тўлашни таъминлаши шарт. Шунинг учун меҳнат ёки жамоа шартномаси, ички ҳужжатлардаги ҳар қандай шартлашувлар синов муддатида лавозим маошини камайтириш меҳнат қонунчилигининг бузилиши сифатида баҳоланади . Агар ҳатто ходимнинг ўзи иш ҳақини камайтиришга рози бўлса ва кўрсатиб ўтилган меҳнат шартномасини имзолаган бўлса, масалан, «дастлабки синов даврида ходимнинг иш ҳақи штатда белгиланган ҳақнинг 60% миқдорида белгиланади» – бу қонунбузарлик далилини бекор қилмайди. Шартноманинг бундай банди амалдаги қонунчиликка нисбатан ходимнинг аҳволини ёмонлаштиргани учун ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Ушбу қоидабузарлик аниқланганда иш берувчи нафақат етишмаётган суммани тўлаши, балки Меҳнат кодексининг 333-моддасига мувофиқ ҳар бир кечиктирилган кун учун фоизларни тўлаши шарт.

Синов даврида қонуний равишда камроқ тўлаш мумкин, агар янги келган ходимга тўлиқсиз иш вақти белгиланган бўлса, бунда меҳнатга ҳақ тўлаш ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ёки ҳақиқий ишлаб чиқаришга қараб амалга оширилади . Албатта, агар ходим ҳам, иш берувчи ҳам ушбу масала бўйича ўзаро келишувга эришган ва бундай шартни меҳнат шартномасига киритган бўлса.

 

Дастлабки синов даврида ходимга мукофотлар, қўшимча тўловлар ва устамаларни тўламаслик мумкинми

Ходимга синов муддатида бундай тўловларни амалга ошириш ёки оширмаслик масаласи уларнинг табиатига боғлиқ.  

 

Меҳнатга ҳақ  тўлаш тизими билан назарда тутилган мукофот.  Бу ходимни олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришишга ундаш учун иш ҳақи таркибига кирадиган ва ходимга асосий лавозим маошидан (тариф ставкаси) ортиқча тўланадиган пул мукофотидир . Яъни, ўз-ўзидан синов муддати тўғрисидаги шарт, агар ходим белгиланган кўрсаткичларни бажарса (масалан, кунлик, ҳафталик режани бажарса) ҳамда у ёки бу шартларга жавоб берса, бундай мукофотларни тўламаслик учун сабаб бўлмайди. Аммо, айтайлик, мукофот ушбу ташкилотдаги иш стажига боғлиқ бўлса, синов муддати белгиланган ёки белгиланмаганлигидан қатъи назар, ходим ҳали тегишли иш стажига эга эмаслиги сабабли, у мукофот олмайди. Бундай мукофотларни тўлашнинг ўзига хос механизми ва шартлари ташкилотнинг ички ҳужжати: жамоа шартномаси, мукофотлаш тўғрисидаги Низом ва бошқалар билан мустаҳкамлаб қўйилиши керак.

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилмаган рағбатлантирувчи мукофот. Бу бир марталик хусусиятга эга бўлган пул мукофотидир. У иш берувчининг қарори билан ходим томонидан олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришганлиги учун эмас, балки бошқа ҳолатлар билан боғлиқ ҳолда бир марталик рағбатлантириш сифатида тўланади:

  • муайян воқеаларнинг бошланиши: юбилейлар, байрам саналари ва бошқалар;
  • ходим томонидан муайян ҳаракатларни амалга ошириш орқали: иш берувчининг ўта муҳим топшириғини бажариш, инновацион таклифни киритиш ва бошқалар.

Яъни, бу иш берувчи молиявий имкониятлар бўлганда синов муддатисиз ишга қабул қилинган ходимлар учун ҳам, у белгиланган ходимларга ҳам ўз хоҳишига кўра тўлайдиган бир марталик мукофот (қоида тариқасида ички ҳужжатлар билан тартибга солинмаган).

 

Устама. Бу ходим томонидан меҳнат шартномасида келишилган ишни бажаргани учун амалга ошириладиган пул тўловидир. У рағбатлантирувчи хусусиятга эга бўлиши мумкин:

  • касбий маҳорат, узлуксиз иш стажи, маълум бир ташкилот ёки соҳадаги иш стажи ва бошқалар учун устамалар. Яъни, бу ҳолда синов муддатидаги ходим учун дастлабки синовсиз қабул қилинган ходим сингари устама тўланмаслиги мумкин, агар у бундай тўлов мезонларига жавоб бермаса. Айтайлик, унда ушбу ташкилотда тегишли иш стажи, узлуксиз иш стажи йўқ. Аммо, масалан, битта соҳада маълум бир иш стажи учун устама тўланади ва ходимда бундай стаж синов муддатида бўлади, устама тўланиши керак.
  • компенсацион хусусият: ишнинг кўчма ёки қатнаш тусидаги, ноқулай таббий-иқлим шароитларида ишлаш ёки зарарли ёхуд оғир меҳнат шароитида ишлаш, ишнинг интенсивлиги ва бошқалар учун устамалар. Яъни, агар дастлабки синов шарти билан қабул қилинган ходимда ишнинг алоҳида хусусияти ёки қонунчилик ёхуд ички ҳужжатларга мувофиқ устамалар тўланиши керак бўлган махсус меҳнат шартлари бўлса, улар иш берувчи томонидан тўланиши мажбурийдир. Мисол учун, кўчма ва қатнаш тусидаги иш учун  Кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар билан боғлиқ устамалар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ  устамалар назарда тутилган (06.09.2019 й. 743-сон ВМҚга 3-илова). Табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчиларга Низомга мувофиқ устамалар тўланиши керак 06.09.2019 й. 743-сон ВМҚга 1-илова.  

 

Иш ҳақига қўшимча тўлов. Бу қуйидагилар учун пулли тўловлар:

  • ходимга унинг бевосита вазифаларига кирмайдиган қўшимча вазифаларни бажарганлиги учун компенсация бериш: бир неча касб (лавозим)ларда ишлаш,  иш ҳажмини ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, йўқ ходимнинг вазифаларини бажариш ва бошқалар;
  • кафолатланган тусга эга ва нормал меҳнат шароитларидан (тунги вақтдаги иш, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидаги иш, ишдан ташқари иш) четга чиққан тақдирда ёки иш ҳақи ходимнинг айбисиз (соғлиғи ҳолатига кўра кам ҳақ тўланадиган бошқа ишга ўтказишда, бекор туриб қолиш туфайли, ишлаб чиқариш зарурати ва ҳоказолар туфайли қўшимча тўловлар) камайганда иш ҳақининг бир қисми сақланиши мақсадида.

Шундай қилиб, юқорида келтирилган омиллар ва ҳолатлар мавжуд бўлганда, синов муддатидаги ходимга умумий асосда иш ҳақига қўшимча тўланади.