Меҳнат шартномасига қўшимча битимни қандай расмийлаштириш мумкин

10.03.2024
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– қўшимча битим қандай ҳолларда тузилади;

– қўшимча битимни қандай тўғри тузиш ва расмийлаштириш керак;

– қўшимча битимни рўйхатга олиш лозимми;

– масофадан туриб ишлашда қўшимча битим қандай расмийлаштирилади.

Қўшимча битим қандай ҳолларда тузилади 

Қўшимча битим қуйидаги ҳолатларда тузилади:

  • меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартлари ўзгарганида;
  • бошқа доимий ишга ўтишда;
  • меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган иш жойи ўзгарганда;
  • иш берувчининг бошқа жойга кўчиши муносабати билан жой ўзгарганда МК 149-м. 2-қ.;
  • меҳнат шартномасига етишмаётган реквизитлар билан тўлдирилганида МК 107-м. 4-қ.
Эътибор беринг
«Битим» сўзи томонларнинг бир ёки бошқа масалаларда ўзаро ва ихтиёрий тарзда келишувини назарда тутади. Шу сабабли бундай ҳужжатни бир томонлама тайёрлаш мумкин эмас – у барибир ҳақиқий ҳисобланмайди. Агар ходим қўшимча битимни имзолаган бўлса, у янги меҳнат шартларига рози эканлигини билдиради. Демак, ходим томонидан ҳам, назорат органлари томонидан ҳам иш берувчига эътирозлар бўлмайди.

Меҳнат шартномаси реквизитлари ўзгарганида қўшимча битим расмийлаштириш зарурми? 

Меҳнат шартномасида бу ҳақда аниқ айтилмаган. Аммо унда қуйидаги шартлар бор: агарда меҳнат шартномасини тузишда МК 107-моддасида назарда тутилган реквизитлардан бирор-бири шартномага киритилмаган бўлса, бу кейинчалик қўшимча келишув тузиш орқали расмийлаштирилади МК 107-м. 4-қ.. Шу сабабли, реквизитлар ўзгарган ҳолатда шундай йўл тутиш мақсадга мувофиқ деб топилган.

Қўшимча битимни қандай тўғри тузиш ва расмийлаштириш керак 

Қўшимча битим билан меҳнат шартномасида мавжуд қоидаларни ўзгартириш, чиқариб ташлаш, шунингдек янгиларини киритиш мумкин. 

  • ходимнинг бошқа ишга ўтиш, касблар ва лавозимларни бирлаштириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ёки иш ҳажмини ошириш кўринишидаги меҳнат функциясига (агар бу доимий асосда назарда тутилса);
  • меҳнатга ҳақ тўлашга;
  • шартнома муддати шартларига ва ҳ.к.

Қонун ҳужжатларида қўшимча битимнинг унификациялашган шакли кўзда тутилмаган. Бироқ, худди меҳнат шартномаси сингари, у муайян маълумотларни ўз ичига олиши лозим. Ҳужжатнинг тузилиши, қоидага кўра, қуйидагича кўринишга эга:

  • «бошида»да қуйидагилар кўрсатилади:

– ҳужжат номи ва унинг рақами;
– қўшимча битим ажралмас қисми бўлган меҳнат шартномасининг рақами ва санаси;
– қўшимча битим тузилган жой ва сана;

  • сўнгра меҳнат шартномасини тузган томонлар кўрсатилган преамбула келади:

– иш берувчи ташкилот номи;
– раҳбарнинг ёки ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бошқа ваколатли шахснинг Ф.И.Ш., унинг фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган ҳолда;
– ходимнинг Ф.И.Ш;

  • сўнгра ушбу қўшимча битим билан киритилаётган ўзгартиришлар келтирилган таркибий қисм келади.

Агар меҳнат шартномасининг бандлари ўзгартирилаётган бўлса, қўшимча битимда: «Меҳнат шартномасининг фалон банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин/ўқилсин...», деган мазмунда матн киритилиши лозим. 

Агар меҳнат шартномасига янги шартлар киритилаётган бўлса, қуйидагича ифодалансин: «Меҳнат шартномасига фалон бандлар қўшилсин...», деб, сўнгра унинг тўлиқ таҳрири келтирилсин. 

Агар меҳнат шартномасидан қандайдир бандлар чиқариб ташланаётган бўлса: «Меҳнат шартномасининг фалон банди бутунлай чиқариб ташлансин» - деб кўрсатилсин. 

Агар меҳнат шартномасига сезиларли ўзгартиришлар киритилган бўлса, қўшимча битим билан унинг янги таҳририни тасдиқлаш маъқулдир. Бунда меҳнат шартномаси тузилган сана ва унинг рақами ўзгаришсиз қолади ва бу меҳнат шартномасини қайтадан тузиш ҳисобланмайди. 

Сўнгра меҳнат шартномасининг қўшимча битим билан ўзгартириш киритилмай қолган шартлари ўзгаришсиз қолиши ва қўшимча битим қайси санадан бошлаб (одатда – имзоланган кундан бошлаб) қонуний кучга кириши кўрсатилсин. Зарурат туғилганида у ёки бу ўзгартиришлар маълум санадан бошлаб кучга киришини кўрсатиш мумкин;

  • ҳужжат охирида МК 107-моддасида кўрсатилган томонларнинг реквизитлари келтирилади.

Қўшимча битимни тўлдиришга оид мисолни бу ерда қаранг.

Қўшимча битим ёзма шаклда тузилади. Бу ҳужжат матнини қўлда ёзиш ёки тайёр бланкага тўлдириш ёхуд компьютерда тузиш мумкинлигини англатади. Энг асосийси – томонлар уни «жонли» имзо билан шахсан имзолашлари лозим. 

Ҳужжат камида иккита нусхада тузилади. Ҳар бир нусхаси ходимнинг ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахснинг имзоси билан муҳрланади. Иш берувчида муҳр мавжуд бўлса, мансабдор шахснинг имзоси барча нусхаларда муҳр билан тасдиқланади. Қўшимча битимнинг бир нусхаси ходимга топширилади, бошқа нусхаси (нусхалари) эса меҳнат шартномаси билан биргаликда иш берувчида сақланади. 

Ходим томонидан қўшимча битим нусхасининг олиниши ходим томонидан иш берувчида сақланадиган нусхасини қўшимча имзолаш билан тасдиқланади. 

Тўғри тузилган қўшимча битим меҳнат шартномасининг ажралмас қисмига айланади ва фақатгина у билан биргаликда қўлланилади. Битта меҳнат шартномасига бир нечта қўшимча битим илова қилиниши мумкин, қонун ҳужжатларида уларнинг сони чекланмаган. 

Қўшимча битим иш берувчининг тегишли буйруқ чиқаришига асос бўлиб, у ходимга имзо асосида эълон қилинади. 

Қўшимча битимни рўйхатга олиш лозимми 

Меҳнат шартномасида бу бевосита кўзда тутилмаган. Бироқ, тузилган қўшимча битимларни рўйхатга олган маъқул, айниқса ташкилот меҳнат шартномаларини рўйхатга олаётган бўлса. Бу келгусида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг, масалан, ҳужжат йўқолишининг олдини олади. Бундан ташқари, қўшимча битимни my.mehnat.uz сайтида рўйхатга олишда тизим унинг рақами ва тузилган санасини киритишни талаб этади. 

Масофадан туриб ишлашда қўшимча битим қандай расмийлаштирилади 

Масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномасига қўшимча битим умумий тартибда ёки электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали тузилиши мумкин. Иккинчи ҳолатда ҳар икки тараф электрон шаклда бошқа тарафга қўшимча битимнинг имзоланган нусхасини олганлиги ҳақида хабар беради. Бунда ходим иш берувчидан қўшимча битимнинг қоғоздаги шаклини ҳам юборишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бундай нусха тегишли тарзда расмийлаштирилиши, яъни унда ишга олиш ҳуқуқига эга мансабдор шахснинг имзоси бўлиши ва иш берувчининг муҳри билан тасдиқланиши (агар мавжуд бўлса) шарт. Ҳужжат почта орқали буюртма хат билан, ходимнинг талабномаси олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмай юборилади. Хатни олган ходимнинг Ф.И.Ш. ва имзоси мавжуд почта бланкасини сақлаб қўйиш лозим.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг