Ишга қабул қилишни ёзма рад этиш қандай тузилади
Номзодга қачон рад жавобини бериш мумкин
Иш берувчи, агар бунинг учун объектив асослар мавжуд бўлса, номзодни ишга қабул қилишни рад этишга ҳақли. Бироқ тўғри келмайдиган талабгорларга эҳтиёткорлик билан жавоб бериш керак. Ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш судда кўриш жараёнига айланиб кетиши мумкин. Бу эса маъмурий ёки ҳатто жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда компаниянинг обрўсига путур етказади
.
Номзодга иккита асосга кўра рад жавобини бериш мумкин: шахснинг ишбилармонлик фазилатлари лавозим талабларига жавоб бермайди ёки қонун талабгорга ушбу лавозимда ишлашни тақиқлайди.
Талабгорга рад жавобини қандай бериш керак
Ишга қабул қилишни ёзма равишда рад этиш – мажбурий тартиб-таомил эмас. Кўпинча қарор суҳбат пайтида ёки ундан кейин оғзаки, телефон ёки электрон почта орқали маълум қилинади. Бироқ баъзида номзод рад этиш сабабларини расман тушунтиришни талаб қилади. Бундай ҳолда иш берувчи 3 кун ичида ёзма жавобни тақдим этиши шарт (МК 119-моддаси 3 қисми).
Ёзма рад жавобига қўйиладиган асосий талаб – у қонуний бўлиши керак. Хатда номзоднинг ишбилармонлик фазилатлари билан бевосита боғлиқ бўлган аниқ сабаб кўрсатилиши керак.
Рад этиш қандай тузилади
Рад этиш хатини ташкилот бланкида расмийлаштиринг. Уни бош директор ёки ишга қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошқа мансабдор шахс имзолайди.
Хатни тузишда ишчан, лекин шу билан бирга хушмуомала оҳангдан фойдаланинг. Бўш иш ўрнига қизиқиш билдирганлик ёки танловда иштирок этганлик учун миннатдорчилик билдиришдан бошланг. Рад этишни қўполликсиз баён этинг, «Сиз бизга тўғри келмайсиз», «Биз яхшироқ бўлган бошқа номзодни танладик» каби иборалардан фойдаланманг.
Агар хоҳласангиз, конструктив фикр-мулоҳазаларни қўшинг – масалан, қандай кўникмаларни ривожлантириш кераклигини. Хатни муваффақият тилаш ва такрор ўзаро ҳамкорлик қилиш имконияти билан якунланг.
Резюме олиш босқичида рад этиш
Резюме олиш босқичида рад этиш энг кам зиддиятли ҳисобланади ва кўпинча ҳатто расмийлаштирилмайди – аксарият резюмелар жавобсиз қолади. Бироқ агар компания пухта ўйланган HR сиёсатига амал қилса, у номзодга илтифотли шаклда резюмени олганлиги ва кўриб чиққанлигини тасдиқловчи электрон хат юбориши мумкин. Бундай мактубда резюме ҳисобга олингани ва мос келадиган позиция пайдо бўлганда ҳамкорлик қилиш мумкинлигини англатган ҳолда нейтрал, аммо хайрихоҳлик оҳангини сақлаб қолиш муҳим. Бундай ёндашув иш берувчининг ижобий имижини шакллантиради.
Рад этишнинг тахминий намунасини ҳавола бўйича>> юклаб олинг
Суҳбат босқичида рад этиш
Биринчи суҳбат босқичида рад этиш – бу одатий вазият ва учрашувдан сўнг номзодни эътиборсиз қолдириш одобсизлик ҳисобланади. Талабгор тўғри келмаган бўлса ҳам, у аниқ жавоб олиши керак – кўпинча бу қисқа хушмуомала хабар. Хатда ажратилган вақт учун миннатдорчилик билдириш, хайрихоҳлик оҳангини сақлаб қолиш ва келажакда ҳамкорлик қилиш имкониятини таъкидлаш муҳимдир.
Рад этишнинг тахминий намунасини ҳавола бўйича>> юклаб олинг
Танлов ўтказиш босқичида рад этиш
Танлов асосида саралаб олиш босқичида рад этиш жуда ҳам нозик ёндашувни талаб қилади. Номзодлар баҳолашнинг бир нечта босқичларидан ўтишган, эҳтимол, тестлар ва суҳбатлардан ҳам муваффақиятли ўтишган, шунинг учун рад этиш улар учун оғриқли бўлиши мумкин. Номзодларга шахсий хат юбориш, танловдаги иштироки учун миннатдорчилик билдириш ва уларнинг саъй-ҳаракатларини эътироф этиш муҳимдир. Матнда юқори рақобатни таъкидлаш ва танлов бошқа даъвогар фойдасига амалга оширилганлигини тушунтириш мумкин. Бунда хатда ишга қабул қилишни рад этишнинг қонуний асослари кўрсатилиши керак.
Рад этишнинг тахминий намунасини ҳавола бўйича>> юклаб олинг
Меҳнат шартномасини имзолаш босқичида рад этиш
Меҳнат шартномасини имзолаш босқичида рад этиш ҳар икки тараф учун ҳам ёқимсиз ҳолат. Номзод танловнинг барча босқичларидан ўтган ва иш бошлаш учун психологик жиҳатдан тайёр, шунинг учун рад этиш жуда нозик ёндашувни талаб қилади. Бунинг сабаби, масалан, номувофиқликни якуний текшириш чоғида аниқланган мутахассислик бўйича иш тажрибасининг йўқлиги ёки тарафлар меҳнат шартномаси шартлари бўйича келишувга эришмаган ҳоллар бўлиши мумкин. Хабарномани кечиктирмаслик муҳим. Иш берувчи 3 кун ичида ёзма жавоб тақдим этиши шарт
.
Рад этишнинг тахминий намунасини ҳавола бўйича>> юклаб олинг
- Ишга қабул қилишни қачон рад этиш мумкин ва қачон рад этиш мумкин эмас
- Ишга қабул қилиш қандай расмийлаштирилади ва меҳнат шартномаси қандай тузилади
- Иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига кимларни қабул қилиш керак
- Ишга таклифнома қандай расмийлаштирилади (job offer)
- Қандай ҳужжатларни ишга кириш чоғида ва қандай ҳужжатларни кейин талаб қилиш керак
Телеграм канали