Бир йилда иш жойида 700 дан ортиқ жароҳатлар. Бахтсиз ҳодисаларни қандай расмийлаштириш ва ташкилотда бахтсиз ҳодисалар хавфини қандай камайтириш мумкин

preview

2025 йилда Ўзбекистонда 731 та бахтсиз ҳодиса юз берди ва улар натижасида 212 киши ҳаётдан кўз юмди. Яна 535 нафар ишчи оғир, 26 нафари енгил тан жароҳати олди. Энг кўп бахтсиз ҳодисалар қурилиш соҳасида қайд этилди, иккинчи ўринда енгил саноат, ундан кейин транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳалари. Бу ҳақида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари маълум қилди. Компанияда бахтсиз ҳодисалар хавфини қандай камайтириш, уларни қандай рўйхатдан ўтказиш ва агар ҳодиса ходимнинг ўлимига олиб келган бўлса, нима қилиш кераклиги ҳақида нашрда кўриб чиқамиз.

 

Қанча қоидабузарлик аниқланди ва иш берувчилар қанча миқдорда жаримага тортилди

2025 йилда Давлат меҳнат инспекцияси (ДМИ) томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш (ММҚ) талабларига риоя этилишини назорат қилиш доирасида 7 327 та корхона текширилди ва 11 мингга яқин турли хил қоидабузарликлар аниқланди. Бахтсиз ҳодисаларни текшириш натижаларига кўра, корхоналарда 2 372 та қонун бузилиши ҳолатлари қайд этилди. Мансабдор шахсларга қарийб 1 миллиард сўм миқдорида жарима солинди. 196 та ҳолат бўйича эса жиноят иши қўзғатилди.

Маълумот учун

2025 йил бошидан жабрланган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари фойдасига компенсация тўловлари сифатида 6,1 миллиард сўм ундирилди.

 

Қандай қоидабузарликлар корхоналардаги бахтсиз ҳодисаларга олиб келади

Ишлаб чиқариш жароҳатлари ва ходимлар ўлими сонининг бундай кўплиги иш берувчиларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаётганлигидан далолат беради. Қандай хатолар бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.

Корхоналарда бахтсиз ҳодисалар нималар билан боғлиқ бўлиши мумкин:

  1. Ходимларга хавфсиз ишлаш усуллари ўргатилмайди ва хавфсизлик қоидалари ўргатилмаган ходимлар ишга қўйилади.
  2. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича инструктажлар  ўтказилмайди.
  3. Шахсий ҳимоя воситалари тақдим этилмайди ёки тўлиқ бўлмаган миқдорда тақдим этилади.
  4.  Технологик жараёнларга риоя қилинмайди.
  5. Ускуналар ўз вақтида кўрикдан ўтказилмайди, уларга хизмат кўрсатилмайди ва таъмирланмайди.
  6. Ходимларнинг носоз ускуналар билан ишлашига йўл қўйилади.
  7. Корхонада Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати расмиятчилик юзасидан фаолият кўрсатади ёки умуман ташкил этилмайди.

Эътибор беринг

Вазирлар Маҳкамасининг 24.12.2025 йилдаги 819-сон қарори билан меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид тўртта асосий низом тасдиқланди, улар кадрлар хизматларининг жавобгарлик доирасини сезиларли даражада кенгайтиради. Бундан ташқари, кадрлар бўйича мутахассисларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятлари қонун даражасида мустаҳкамланди. Шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил лавозими жорий этилди ва электрон ҳужжат айланишига рухсат берилди.

Тавсиянома

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини қандай тузиш ҳақида Kadrovik PRO экспертларининг тавсияномасида ўқинг.

 

Корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш қандай ташкил этилади 

Иш жойида хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш – бу иш берувчининг мажбуриятидир. Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш – бу шунчаки расмиятчилик эмас, балки қонунчилик талаби ва ходимларнинг ишлаб чиқаришдаги жароҳатлари ва ўлимлари сонини камайтириш; ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш имконини берувчи воситадир.

Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш учун бешта мажбурий қадам 

1. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини яратиш. Ходимлар сони ва касбий хавф тоифасига қараб иш берувчи:

2. Таълим ва инструктажларни ташкил этиш. Барча ходимлар, айниқса хавфли ва зарарли ишларда банд бўлганлар:

  • кириш инструктажи;
  • иш жойида дастлабки инструктаж;
  • хавфсиз ишлаш усулларини ўргатиш;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларни текшириш;
  • амалиёт ўташдан (зарур бўлганда) ўтишлари лозим.

Эътибор беринг

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича таълим олмаган ва инструктаждан ўтмаган ходимларни ишга қўйиш мумкин эмас.

3. Ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш. Зарарли ва хавфли меҳнат шароитларига эга бўлган ходимларни махсус кийим-бош ва махсус пойабзал, шахсий ҳимоя воситалари, ювиб тозалаш ва зарарсизлантириш воситалари билан таъминлаш зарур.

4. Тиббий кўрикларни ўтказиш. Ходимларни дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказишни ташкил этиш – иш берувчининг мажбуриятидир. Тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш мумкин эмас.

5. Уч босқичли назоратни ташкил этиш. Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини мунтазам назорат қилишни қуйидагилар даражасида мунтазам равишда ўтказиш зарур:

  • участка/бригадада (ҳар куни);
  • бўлинмаларда (15 кунда бир марта);
  • умуман ташкилотда (ҳар ойда).

 

Корхонадаги бахтсиз ҳодиса қандай расмийлаштирилади 

Агар бахтсиз ҳодиса юз берган бўлса, иш берувчи текшириш ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартибига қатъий риоя қилиши шарт. Жабрланувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иш берувчи учун хавфларни камайтириш кадрлар хизматининг ўз вақтида ҳаракат қилишига боғлиқ.

Ҳодисадан кейин:

  1. Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш.
  2. Тез тиббий ёрдамни чақириш (зарур бўлганда).
  3. Давлат меҳнат инспекциясига хабар бериш.
  4. Воқеа содир бўлган жойдаги вазиятни сақлаб қолиш (агар бу бошқа ходимларнинг ҳаётига хавф туғдирмаса).
  5. Бахтсиз ҳодисани текширишни ўтказиш.

Тавсиянома

Корхонада тиббий пунктни қандай ташкил этиш ҳақида Kadrovik PRO экспертларининг тавсияномасида ўқинг.

 

Бахтсиз ҳодиса қандай рўйхатдан ўтказилади 

Барча бахтсиз ҳодисалар Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни рўйхатга олиш журналида рўйхатдан ўтказилиши шарт. Бахтсиз ҳодисалар тўғрисидаги далолатномалар ва тергов материаллари ташкилотда 45 йил сақланади. Бундан ташқари, иш жойидаги бахтсиз ҳодисани ЯММТда рўйхатдан ўтказиш керак.

 

Бахтсиз ҳодиса ходимнинг ўлимига олиб келган бўлса, нима қилиш керак 

Ходим бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган тақдирда, меҳнат шартномасини бекор қилишни тўғри расмийлаштириш керак. Бундай ҳолда шартнома МК 168-моддаси 1 қисмининг 8 бандига асосан бекор қилинади. Бироқ меҳнат шартномасининг бекор қилиниши бахтсиз ҳодисани текширишни ўтказиш, расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини бекор қилмайди.

Экспертлардан батафсил тушунтиришлар

Kadrovik PRO маълумотнома-эксперт тизимида меҳнат шартномасини ходимнинг вафоти муносабати билан бекор қилишни расмийлаштириш бўйича батафсил йўриқномани топасиз. Тавсияномада экспертлар тартиб-таомилни расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар пакетини келтиришган. Шунингдек, қандай компенсациялар  ва кимларга тўланишини тушунтириб беришган.

 

Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаганлик учун иш берувчига қандай жавобгарлик хавф солади

Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун қуйидагилар назарда тутилган:

1. Маъмурий жавобгарлик – қонунбузарликка қараб, БҲМ 5 бараваридан 30 бараваригача.

2. Жиноий жавобгарлик – меҳнатни муҳофаза қилиш талабларининг бузилиши ходимга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига ёхуд ходимнинг ўлимига сабаб бўлганда, вужудга келади. Бундай ҳолларда айбдор мансабдор шахслар Жиноят кодексининг 257-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади.

3. Моддий жавобгарлик. Иш берувчи ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига:

  • майиб бўлиш;
  • касб касаллиги;
  • меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиққа бошқача тарзда шикаст етиши туфайли етказилган зарар ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаши шарт.

4. Қўшимча таъсир чоралари – фаолиятни тўхтатиб туриш.

Маълумот учун

2025 йилдаги статистика маълумотлари меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик оқибатларининг жиддийлигини кўрсатмоқда:

  • 1 млрд сўм маъмурий жарималар;
  • мансабдор шахсларга нисбатан 196 та жиноят иши қўзғатилган;
  • жабрланганларга 6,1 миллиард сўм компенсациялар.

 

Корхонада бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириш учун нималар қилиш кераклиги бўйича чек-варақ 

Қачон қилиш керак

Нима қилиш керак

 

Шошилинч равишда (агар ҳали қилинмаган бўлса)

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мавжудлиги ва унинг ишлашини текшириш

Барча ходимлар кириш ва бошланғич инструктажларни ўтганлигига ишонч ҳосил қилиш

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар мавжудлигини текшириш

Барча ходимлар шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланаётганлигига ишонч ҳосил қилиш

Зарарли ва хавфли меҳнат шароитларидаги ходимлар учун тиббий кўрикларнинг ўз вақтида ташкил этилишини текшириш

Яқин орада

Корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини ички аудитдан ўтказиш

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича локал ҳужжатларни ишлаб чиқиш/янгилаш

Ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитиш ва билимларини текширишни ташкил этиш

Уч босқичли назорат бўйича комиссияни ташкил этиш

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил сайловини ташкил этиш (24.12.2025 йилдаги янги ВМҚ-819-сон қарорни ҳисобга олган ҳолда)

Ҳар доим

Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини назорат қилиш

Инструктажларни ўз вақтида ўтказиш

Барча инструктажлар ва ўқитишларни рўйхатга олиш журналларида қайд этиш

Меҳнат шароитлари ўзгарганда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни янгилаш

 

Янгиликлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text212894_bir_yilda_ish_joyida_700dan_ortiq_jarohatlar_bahtsiz_hodisalarni_qanday_rasmiylashtirish_vatashkilotda_bahtsiz_hodisalar_havfini_qanday_kamaytirish_mumkin