Пригодится каждому кадровику в декабре:
Корхона тугатилаётганда тегишли ҳужжатларни архивга топшириш
Ташкилот яқин 6 ой ичида тугатилади. Қандай ҳужжатлар ва қайси архивга топширилиши лозим?
– Ташкилот тугатилаётганда шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар ҳамда сақлаш муддати тугамаган архив ҳужжатларини ушбу ташкилотда тузиладиган тугатиш комиссияси (тугатувчи) ва архив ўртасида тузилган шартномага асосан тартибга келтирилган ҳолатда архивга топширилиши лозим.
Ташкилот Ўзбекистон вилоятлари ва шаҳарларида жойлашган архивлар билан мустақил равишда шартнома тузади, ташкилот жойлашган жойдаги архивни танлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Архивлар ва идоравий архивлар таъсис ҳужжатларида белгиланган фаолият турлари доирасида хизматлар кўрсатадилар.
Ҳужжатларнинг қадрини аниқлаш ва уларни архивга топшириш учун тайёрлашда қуйидаги иккита асосий ҳужжатга амалга қилинг:
- Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисида низом;
- Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом.
Тугатиш комиссияси архивга топшириш учун ҳужжатларни мустақил равишда танлаб олиши мумкин. Бироқ ходимларингиз бундай иш тажрибасига эга бўлмасалар, архив муассасаларининг шундай ишларни бажарадиган мутахассисларини жалб қилинг.
Қуйидагилар архивда сақлаш учун топширилиши шарт:
- ходимларнинг шахсий ҳужжатлари;
- шахсий таркиб бўйича буйруқлар;
- ходимларга иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлашга, барча солиқларни ушлаб қолишга оид молиявий ҳужжатлар.
Ходимнинг шахсий ҳужжатларига қуйидагилар киради:
- МКнинг 80-моддасига мувофиқ ишга қабул қилиш вақтида талаб қилинадиган барча ҳужжатларнинг нусхалари, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингунига қадар алоҳида ҳисобга олиш ва сақлаш қоидалари бўйича асл нусхаси ташкилотда сақланадиган меҳнат дафтарчалари бундан мустасно .
- · меҳнат шартномасининг биринчи нусхаси ва меҳнат шартномасига тузилган барча қўшимча битимлар;
- Т-2 шаклидаги шахсий карточка .
Т-2 шаклидаги карточкада ходимга тааллуқли барча сўровнома (шахсий) маълумотлари акс эттирилади ва ушбу ташкилотдаги бутун меҳнат фаолияти кўрсатилади: бошқа ишга (лавозимларга) ўтказилиши, барча турдаги таътиллардан фойдаланиши, аттестациядан ўтказилиши, малака оширганлиги ва ҳ.к.
Меҳнат фаолияти жараёнида Т-2 шаклидаги карточкага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб борилади, бу ўзгартиришлар қандай ҳужжатларга асосан киритилганлигини ҳар доим аниқлаш мумкин бўлади. Бу эса кейинчалик архив ҳужжатларини топиш ҳамда ходимнинг меҳнат фаолиятидаги бу ёки бу даврларни тасдиқлаш ишларини осонлаштиради. Т-2 шаклидаги шахсий карточка ходимнинг шахсий ҳужжатлари асоси ҳисобланади.
Барча ходимларнинг, шу жумладан аввал ишдан бўшаб кетган ходимларнинг шахсий ҳужжатлари архивга топшириладиган пайтга қадар ташкилотда сақланади.
Валерия ЛЯНДРЕС,
«Норма» компанияси эксперти.