Пригодится каждому кадровику в январе:
Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилда 12 ойлик давр қандай ҳисобланади
Ходим 2021 йил 1 декабрдан 2022 йил 28 февралга қадар, жами 3 ой иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилда бўлган. МКда қайд этилишича, таътил 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак. 12 ойлик давр қандай ҳисобланади? Таътилнинг бир ойи 2021 йилга тўғри келган тақдирда, ходим 2022 йилда яна 1 ой таътил олиши мумкинми?
– Йўқ, мумкин эмас.
Календарь йил ва 12 ойлик давр турли тушунчалар ҳисобланади.
Календарь йил 1 январдан 31 декабргача давом этади. 12 ойлик давр – у ёки бу ҳодисанинг бошланиш санасидан эътиборан кейинги 12 ой мобайнида ҳисобланадиган вақт.
Юқорида баён этилган вазиятда ходим 1.12.2021 йилдан 30.11.2022 йилгача бўлган давр учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган бутун таътилдан фойдаланган. Ходимнинг илтимосига кўра кейинги иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил фақат 2022 йил 1 декабрдан берилиши мумкин .
Иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил фақат ходимнинг илтимосига биноан берилиши мумкин, иш ҳажми мавжуд бўлмаганда иш берувчи бундай таътил борасида ташаббус кўрсата олмайди.
Иш ҳажми мавжуд бўлмаган ҳолатга мажбурий бекор туриб қолиш деб қаралади ва ушбу давр учун ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади .