Тушлик пайтида ишлаш
Қайси ҳолатларда тушлик танаффусидаги иш иш вақтидан ташқари иш ҳисобланиши ва унга қандай ҳақ тўланиши кераклигини «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА тушунтиради:
- Тушлик танаффуси вақтидаги иш иш вақтидан ташқари иш бўлиши ёки бўлмаслиги ҳам мумкин. Фарқни тушуниш учун аввал "иш вақтидан ташқари иш" ва "танаффус" тушунчаларига аниқлик киритсак.
Иш вақтидан ташқари иш
Ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади . Бунда ходим фақат иш кунидан ёки сменадан кейингина ишлаши мумкинлигини тушуниш нотўғри. "Иш вақтидан ташқари иш" жумласи бундай иш иш куни бошланишидан олдин (масалан, ходим барвақт келса ва ишга 09:00 ўрнига 07:00да киришса) ёки тушлик танаффуси пайтида бажарилиши мумкинлигини англатади.
Иш вақтидан ташқари иш:
- ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин;
- ходимнинг ёзма розилиги асосида буйруқ билан расмийлаштирилади;
- иш вақтини ҳисобга олиш табелида акс этади.
Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус
Иш вақтига киритилмайдиган бундай танаффус ходимга иш куни (смена) давомида тақдим этилади. МК унинг давомийлиги ва тақдим қилиш вақтини белгиламайди, буни иш берувчиларнинг ихтиёрига қолдиради. Шунинг учун ушбу шартлар ички меҳнат тартиби қоидаларида, смена графикларида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгилаб қўйилади .
Тушлик танаффуси вақтида ходим иш вазифаларини бажаришдан озод бўлади ва ундан ўз хоҳишига кўра фойдаланиши мумкин.
Тушлик пайтидаги иш қачон иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади
Агар ходим тушлик танаффусида дам олмаса, иш вазифаларини раҳбарнинг фармойиши билан бажарса, бу иш вақтидан ташқари иш саналади....
