Ходимга байрам куни ишлагани учун қўшимча ҳақ тўлаш

preview

«Давлат ташкилотининг штат жадвалига қоровул ва вахтёр лавозимлари киритилган. Улар алмашиб ишлашади. Сменалар тунги вақтга, байрам ва дам олиш кунларига тўғри келади. Штат  жадвалида тунги вақтда, дам олиш ва байрам кунларида ишлаганлик учун қўшимча тўловлар назарда тутилмаган. Қонунчиликка мувофиқ бундай тўловни бюджет ташкилотларининг қоровул ва вахтёрларига бериш мумкинми?». 

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

– Шунчаки мумкин эмас, балки зарур.

Меҳнат кодекси ташкилотнинг мулкчилик шаклидан ва ходимлар эгаллаган лавозимларидан, уларнинг меҳнат вазифалари ва иш вақтидан қатъи назар,  иш берувчининг иш учун ҳақ тўлаш мажбуриятини назарда тутади:

  • дам олиш кунлари ва байрам кунларида камида икки ҳисса ;
  • тунги вақтда (22:00 дан 06:00 гача) камида бир ярим баравар миқдорда .

Иш берувчи Меҳнат кодексининг 157-158-моддаларида белгиланганидан кам бўлмаган  ҳақнинг аниқ миқдорини жамоа шартномасида ёки касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгилайди.

Эслатиб ўтамиз
Дам олиш ва байрам кунларидаги иш ходимнинг илтимосига биноан отгул билан компенсация қилиниши мумкин. Бу ҳолатда камида бир ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланади.

 

Шундай қилиб, бу корхонанинг маҳаллий ҳужжатларида назарда тутилган ёки назарда тутилмаганлигидан қатъи назар, иш берувчи тунги, дам олиш ва байрам кунларидаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаши шарт.

Маҳаллий ҳужжатларда МКда белгиланганидан кам бўлмаган  қўшимча тўловлар миқдори аниқлаштирилади.

Баъзи ташкилотларда, мисол учун, ходимларнинг кечки вақтдаги иши учун ҳам  оширилган ҳақ белгиланади.

 

Иш сменали бўлса

Смена режимидаги ишда ходимларга дам олиш куни силжувчи жадвал бўйича тақдим қилинади.  Агар ходим жадвал бўйича (календарь бўйича эмас) тушадиган дам олиш кунида ишга жалб қилинса, ушбу ҳолатда бундай ишга МКнинг 157-моддаси бўйича ҳақ тўланади.

Масалан, агар сиз касаллиги туфайли ишга келмаган ходимни алмаштириш учун дам олиш кунида бошқа ходимни ишга жалб қилсангиз, у ҳолда унга  иши учун 2 ҳисса ҳақ тўлашингиз керак. 

Эътибор беринг
Агар ташкилот тунги, дам олиш ва байрам кунларидаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўламаса, бу меҳнат қонунчилигининг бузилиши саналади. Иш берувчининг (ташкилот раҳбарининг) айбдор мансабдор шахси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 49-моддаси (БҲМнинг 5-10 баравари миқдорида жарима) бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

 

 

Валерия ЛЯНДРЕС

«Норма» эксперти