Мукофотлаш тўғрисидаги низом қандай тузилади

preview

Меҳнат кодексининг 153-моддасига мувофиқ, иш берувчи ходимларнинг вакиллик органи фикрини ҳисобга олган ҳолда, қўшимча тўловлар ва устамаларни тартибга солувчи мукофотлашнинг турли  тизимларини белгилашга ҳақли. Мукофотларни тўлаш шартлари ва ички тартиби корхонанинг локал ҳужжатида акс эттирилиши керак. Масалан, мукофотлаш тўғрисидаги низомда.

 

Қонун иш берувчига меҳнат жамоасининг фикрини ҳисобга олиш зарурати билангина чекланган ўзининг мукофотлаш тизимини яратиш учун деярли тўлиқ ҳаракат эркинлигини тақдим қилди. Агар ташкилотда касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа вакиллик органи бўлса, мукофотлаш тўғрисидаги низом лойиҳаси у билан келишилган бўлиши керак. Агар бундай oрган бўлмаса, иш берувчи мукофотларни мустақил равишда жорий қилиши мумкин. Бироқ, низомни тасдиқлайдиган буйруқда, ходимлар ўз хоҳишига кўра маълум вақт ичида фикри ҳисобга олинадиган ўз вакиллик органини тузишлари мумкинлиги кўрсатилиши мумкин.

Бундай ҳолда, бундай органни яратиш учун қисқа муддат (масалан, 2 ҳафта) ва асосли фикрни тайёрлаш учун муддатни белгилаш тавсия этилади (2 ҳафта ҳам етарли бўлади). Бунда буйруқда, агар ходимлар белгиланган муддатда ушбу ҳуқуқдан фойдаланмаса, мукофотлаш тўғрисидаги низом ташкилот меҳнат жамоасининг фикрини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланган деб ҳисобланишини кўрсатинг.

 

Мукофотлаш тизимининг тузилиши

1-бўлим. Умумий қоидалар

Ушбу бўлим қуйидагиларни белгилайди:

  • мукофотларни олишга ким ҳақли эканлигини (қоида тариқасида, бу – ташкилот билан меҳнат шартномасини тузган ходимлар);
  • мукофотлашнинг умумий мезонлари ва мукофотларни тақсимлаш қоидалари;
  • мукофотларни шакллантириш манбаи (иш ҳақи фондидан, ташкилотнинг ўз мукофотлаш фондидан) ва бошқалар.

 

2-бўлим. Мукофотлаш кўрсаткичлари

Бу ерда иш берувчи ходимларга аниқ нима учун мукофот тўлашини тасвирланг. Бунда мукофотларни тўлаш учун асослар ходимларнинг лавозимларига ва муайян таркибий бўлинмалар олдида турган вазифаларга қараб фарқланади.

Масалан, савдо бўйича менежерларни савдо режасини ортиғи билан бажаргани учун, конструкторлар ва технологларни – янги технологиялар, материаллар, ишлаб чиқариш усулларини жорий қилгани учун, бухгалтерларни – сифатли ва ўз вақтида ҳисобот бергани ва ҳ.к.лар учун мукофотлаш мумкин. Мукофотлаш учун кўрсаткичларни аниқлашда чалкашликлар пайдо бўлмаслиги учун улар ҳисобга осон олиниши ва жуда кўп бўлмаслиги кераклигини эътиборга олинг.

 

3-бўлим. Мукофотлаш тартиби

Бу ерда мукофотларни ҳисоблашнинг ички тартибини акс эттиринг. Одатда, ходимларни мукофотлаш учун тақдим қилиш қуйидагича содир бўлади:

1)  ходимларни мукофотлаш режалаштирилган давр охирида уларнинг бевосита раҳбарлари (бўлим, цех, смена бошлиқлари ва бошқалар) уларнинг иши тўғрисидаги маълумотлар асосида мукофотнинг аниқ миқдорини белгилайди ва  ташкилот раҳбари номига ёзилган хизмат хатида ўз хоҳиш-истакларини билдиради;

2) хизмат хатлари асосида раҳбар мукофотлаш ҳақида ташкилот бўйича умумий буйруқ чиқаради. Ушбу буйруқ нусхаси бухгалтерия бўлимига юборилади.

 

4-бўлим. Қоидабузарликлар рўйхати

Мукофотлаш тўғрисидаги низомга ходим мукофотдан маҳрум қилинадиган ёки уни камайтирилган миқдорда оладиган қоидабузарликлар рўйхатини киритиш мақсадга мувофиқ саналади.

Масалан, ходимнинг айби билан иш режаси бажарилмаганлиги ёки паст сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилганлиги учун мукофот миқдори камаяди ёки тўланмайди.

Ҳар бир ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қоидабузарликларнинг аниқ рўйхатини мустақил равишда ишлаб чиқади.

 

Низомнинг тайёр лойиҳасини тасдиқлаш учун қуйидагиларга юборинг:

1) ташкилотнинг юридик бўлими ёки юридик маслаҳатчига – қонунчиликка мувофиқлигини текшириш учун;

2) кадрлар бўлими бошлиғига;

3) бош бухгалтерга.

Лойиҳа ушбу масъул шахслар билан келишилганидан сўнг ташкилот директори «Тасдиқлайман» деган жойга ўз имзоси ва санани қўяди.