Ходимнинг ҳарбий-ҳисоб ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолари бўлса

03.10.2022

«Иккита ходимни ишга жойлаштираётганда улардан бирида на ҳарбий билет, на ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақида гувоҳнома мавжуд эмаслиги аниқланди. Ваҳоланки, бу йигит 27 ёшда. Иккинчисида ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақида гувоҳнома мавжуд, аммо кечиктириш ҳақида ҳеч қандай белги йўқ. Ҳарбий ҳисобда турганлиги ҳақида ҳужжатлари бўлмаган ёки ушбу ҳужжатлари шубҳа остида бўлган шахсларни ишга қабул қила  оламизми?».

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

– Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган фуқаро Меҳнат кодексининг 80-моддасида кўрсатилган ҳужжатларни, шу жумладан ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани тақдим этиши шарт. Ушбу талаб қуйидагилар билан асосланган:

  • «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонун;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий рўйхатга олиш тўғрисидаги низом;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий рўйхатга олишни ташкил этиш ва юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома.

Идоравий мансублилиги ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар Мудофаа вазирлиги, Ички Ишлар вазирлиги, ҳокимиятлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бир қаторда ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирувчиларнинг ҳарбий рўйхатини юритиши шарт .

Иш берувчи фуқароларни ишга қабул қилаётганда қуйидаги ҳарбий-ҳисоб ҳужжатлари мавжудлигини текшириб, уларнинг ҳарбий ҳисобда туриш-турмаслигини аниқлаши шарт:

  • ҳарбий хизматга мажбурлар учун – ҳарбий гувоҳнома, захирадаги офицер гувоҳномаси;
  • чақирилувчилар учун – чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
  • муқобил хизмат хизматчилари учун – муқобил хизмат хизматчисининг гувоҳномаси;
  • сафарбарлик чақируви резерви хизматчилари учун – ҳарбий гувоҳнома ёки мудофаа ишлари бўлими томонидан берилган сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўтаётганлик тўғрисидаги маълумотнома.

Аммо ходимда ҳарбий-ҳисоб ҳужжатлари мавжуд бўлиши кераклигидан ташқари, улар яна ишга қабул қилинаётган кунда амал қилаётган ҳам бўлиши керак.

Бу қуйидагиларни англатади: 

А) ҳарбий билет ва чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада мудофаа ишлари бўйича туман бўлими – рўйхатдан ўтган доимий яшаш жойида рўйхатга қўйилганлиги тўғрисида белгилар қўйилиши кераклигини; 

Б) ҳарбий билетда тиббий кўрикдан ўтган саналар (агар мавжуд бўлса) кечиктирилмаган бўлиши кераклигини; 

В) армияда хизмат қилмаган 18 ёшдан ошган фуқаронинг рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномасида армия хизматидан кечиктирилганлиги тўғрисида тегишли белгилар қўйилиши керак. 

 

Агар иш берувчи айнан шу мутахассисни ишга қабул қилишдан манфаатдор бўлса, қандай хатти-ҳаракатларни амалга ошириши мумкин

Агар текшириш вақтида ишга қабул қилинаётган шахсда ҳарбий билет йўқлиги аниқланса,  рўйхатдан ўтиш гувоҳномасида эса кечиктириш ҳақида белгилар бўлмаса, номзодга доимий яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўлимида қуйидагиларни бажаришни таклиф этинг:  

  • тегишли белгиларни қўйдиришни;
  • ҳарбий хизматга чақириш ва ҳарбий гувоҳнома олиш масаласини ҳал қилишни.

Агар номзод аллақачон 27 ёшга тўлган бўлса (чақирувнинг максимал ёши) ва унда ҳарбий билет бўлмаса, уни мудофаа ишлари бўлимига  юборинг ёки ташкилот номидан – шахснинг ҳарбий хизматга алоқадорлигини текшириш ва тасдиқлаш ҳамда унга тегишли  ҳужжатларни бериш тўғрисидаги илтимос билан сўровнома юборинг. 

 

Ишга қабул қилишни рад этиш мумкинми

Фуқаролар яшаш жойларида ҳарбий хизматга рўйхатга олинганидан кейин ишга (ўқишга) қабул қилинади. Уларда ҳарбий-ҳисоб ҳужжатлари бўлиши керак. Иш берувчи ҳарбий хизматга мажбур ёки чақирилувчини ишга қабул қилишда уни ҳарбий рўйхатга олиш учун жавобгардир, унинг чақирилиш вақтини, кечиктиришни расмийлаштиришни, тиббий комиссиялардан ўтишини назорат қилади. 

Агар ишга қабул қилинаётган фуқаро ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларини тақдим этишдан бош тортса ёки   уларда рўйхатга олинганлик ёхуд қабул куни чақирувдан кечиктириш ҳақида белгилар мавжуд бўлмаса, иш берувчи ишга қабул қилишни  рад этишга ҳақли . 

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни ҳарбий рўйхатга олиш тизими мамлакатда амал қилувчи паспорт тизими билан боғлиқ ҳолда юритилади.  

Рўйхатга олиш тизимининг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек идоравий мансублилиги ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар, ташкилотлар, муассасалар томонидан таъминланади .

 

 

 

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал