Пригодится каждому кадровику в декабре:
СУД АМАЛИЁТИ: ходимга хатолик сабаб иш ҳақи кўпроқ тўланган
Иш берувчи ва ходим томонларнинг келишувига асосан меҳнат шартномасини бекор қилишди. Кейинроқ ҳисобдаги хатолик натижасида ходимга ортиқча иш ҳақи тўланганлиги аниқланди. У ортиқча суммани қайтаришдан бош тортди, иш берувчи фуқаролик ишлари бўйича судга ушбу суммани ундириш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди.
Даъвогарнинг позицияси
Ходимга адашиб кўпроқ тўланган. Ортиқча сумма ходимдан иш берувчи фойдасига ундирилиши лозим.
Жавобгарнинг позицияси
Жавобгар ўзининг позициясига далил келтирмади ҳамда суд санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабордор қилинганига қарамай суд йиғилишига келмади.
Суднинг ҳал қилув қарори
Суд даъво талаблари қаноатлантирилиши ва ходимдан иш берувчи фойдасига ортиқча тўланган сумма ундирилиши ҳақида қарор чиқарди.
Суд қарорини асослантириш
МК 153-м.га асосан меҳнат ҳақи миқдори иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
МК нинг 164-м. 2-қ. 3-б. да ходим розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган сумма қайтариб олиш учун ушлаб қолиниши кўрсатилган. Бундай ҳолларда иш берувчи ҳақ тўлаш нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан ушлаб қолиш тўғрисида фармойиш беришга ҳақли.
Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим ушлаб қолиш асоссиз ёки миқдори нотўғри деб ҳисобласа, қарз суд тартибида ундирилади.
Иш даври давомида иш берувчи ходимга иш ҳақини ортиқча миқдорда тўлаганлиги учун ортиқча сумма ходимдан иш берувчи фойдасига ундирилиши лозим.
Эксперт шарҳи
Меҳнат ҳақи миқдори меҳнат шартномасида иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга асосан белгиланади .
Ортиқча тўланган сумма ходим учун асоссиз бойиш ҳисобланади. ФКнинг 1023-м. га асосан қонунчиликда ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт, ФКнинг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
ФКнинг 1030 моддасида асоссиз орттирилган бойлик сифатида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарар товони, алиментлар ва фуқарога турмуш кечириш воситаси сифатида берилган бошқа пул маблағлари, унинг томонидан виждонсизлик қилинмаганда ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмаганда қайтариб берилмайди.
Эксперт тавсиялари
Агар ҳисобда хатолик аниқланган ва ортиқча суммалар тўланган бўлса, иш берувчи бир ой муддатда бухгалтерияга ортиқча тўланган суммани ушлаб қолиш тўғрисида фармойиш бериши (ёки буйруқ чиқариши) лозим.
Агар иш берувчи бир ойлик муддатни ўтказиб юборса ёки ходим ушлаб қолишни асоссиз ёки миқдори нотўғри деб ҳисобласа ёхуд меҳнат шартномасини бекор қилаётганда якуний ҳисоб-китоб суммаси ушлаб қолиш суммасини қопламаса ва ходим маблағларни қайтаришдан бош тортса, қарз суд тартибида ундирилади.
Иш берувчи ортиқча тўланган суммани ходимнинг кейинги ойлар учун меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга ҳақли. Ушлаб қолинадиган иш ҳақининг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ортиб кетмаслиги керак .