Пригодится каждому кадровику в декабре:
Стажёрни ишга қабул қилиш тартиби
«Хусусий компания ходимни компания учун жуда муҳим бўлган лавозимга ишга олишни режалаштирмоқда, аммо аввалига уни тажрибали ходимга бириктириб, стажёр сифатида расмийлаштирмоқчи. Бу ишни тўғри амалга ошириш учун нима қилиш керак? Ушбу лавозимни штат жадвалига киритиш керакми? Стажёрнинг ишига ҳақ қандай тўланади?».
Саволларга «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ҲИКМАТОВА жавоб берди:
Штат жадвали
- Амалдаги Меҳнат кодексида "стажёрлар" ҳақида эслатма йўқ, тегишинча уларни расмийлаштиришнинг алоҳида тартиби ҳам йўқ.
Қоида тариқасида, стажёрлар ташкилотга ўзлари учун янги бўлган касбда билим ва амалий кўникмаларни олиш учун келишади.
Ходимларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификаторида (ХАЛИКК-2020) «Маъмурий-бошқарув фаолияти билан шуғулланадиган ёрдамчи ходимлар» гуруҳида «стажёр» позицияси мавжуд.
Маълумот учун. ХАЛИКК-2020 да «стажёр» номи эслатиб ўтилган қуйидаги лавозимлар мавжуд:
- кичик илмий ходим стажёри;
- суд эксперти - стажёр;
- давлат суд эксперти - стажёр;
- давлат тиббиёт суд эксперти- стажёр;
- стажёр ўқитувчи;
- стажёр тарбиячи;
- стажёр ҳакам;
- стажёр ҳуқуқшунос;
- стажёр нотариус;
- прокуратура органи стажёри;
- кўчмас мулкни рўйхатга олувчи стажёр.
Классификаторнинг 3-бўлимида штат нормативлари ва штат жадваллари ХАЛИКК-2020 асосида ишлаб чиқилиши таъкидланган. Тегишинча, агар сиз стажёрни ишга олмоқчи бўлсангиз, бундай лавозимни ташкилотнинг штат жадвалига киритишингиз ва иш ҳақи миқдорини (лавозим оклади) кўрсатишингиз керак. Шунингдек, қуйидагиларни локал равишда аниқлаш мақсадга мувофиқдир (масалан, стажировка ҳақидаги Низомда):
а) амалиётнинг мақсад ва вазифалари;
б) уни ўташ вақти;
с) ким стажёрнинг мураббийи, раҳбари бўлиши мумкин;
д) бошқа муҳим масалалар.
Стажёрни ишга қабул қилишда Меҳнат кодексида белгиланган умумий қоидалар ва талаблар қўлланилади.
Меҳнат шартномасини тузиш
Агар «стажёр» лавозими штат жадвалида бўлса, унда ходимни ушбу лавозимга қабул қилиб, меҳнат шартномасини тузиш керак.
Локал тартибда белгиланган стажировка даврига мос келадиган унинг аниқ муддатини аниқланг. Меҳнат шартномаси касбий билим ва кўникмаларга эга бўлиш мақсадида стажировка учун тузилганини кўрсатинг. Бу муддатли меҳнат шартномаси учун асос бўлади. Шунингдек, меҳнат шартномасида стажёрнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, у ишлайдиган шартларни белгиланг. Шартноманинг битта нусхасини ходимга беринг.
Буйруқ чиқариш
Тузилган меҳнат шартномаси асосида ва унинг мазмунига мувофиқ равишда ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқаринг, ходимни у билан таништиринг. Буйруқда стажёр мураббийи ва раҳбарининг Ф.И.О. ни ёзиш мумкин.
Ходимни унинг электрон меҳнат дафтарчаси юритиладиган my.mehnat.uz ЯММТ тизимида рўйхатдан ўтказинг.
Меҳнат дафтарчасини юритиш
Агар стажёрда қоғоз иш дафтарчаси бўлса, уни қабул қилинг ва ишга қабул қилиш ҳақида ёзув киритинг. Уни корхонанинг кадрлар бўлимида сақланг.
Агар киши ишга биринчи марта жойлашаётган бўлса ёки меҳнат фаолиятини 2020 йилдан кейин (электрон меҳнат дафтарчалари жорий этилганда) бошлаган бўлса, қоғоз меҳнат дафтарчаси очилмайди, фақат ЯММТда электрон меҳнат дафтарчаси юритилади.
Ходимга Т-2 шакли бўйича шахсий варақа очинг (у Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномада бор) ва у ерга барча керакли ёзувларни киритинг.
Стажёрни имзо қўйдириб, меҳнат фаолияти билан боғлиқ барча маҳаллий ҳужжатлар билан таништиринг: Ички меҳнат тартиби қоидалари, Жамоа шартномаси, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги далолатномалар ва бошқалар. Техника хавфсизлиги бўйича инструктаж ўтказинг.
Лавозим йўриқномаси
Қонун иш берувчидан лавозим йўриқномасини тасдиқлашни талаб қилмайди. Ходимнинг вазифалари, қоида тариқасида, меҳнат шартномасида кўрсатилади. Аммо, шартномани «мураккаблаштирмаслик” учун уларни лавозим йўриқномасида батафсил белгилаш мақсадга мувофиқ. Шунда стажёрдан аниқ вазифаларни бажаришни ва уларни бажармаганлик учун жазолашни асосли тарзда талаб қилиш мумкин бўлади. Бундан ташқари лавозим йўриқномаси стажёрнинг маълумоти ва билимига қўйиладиган талабларни белгилайди. Бу иш берувчига битта номзодни қабул қилишга ва бошқасини асосли сабаб билан рад этишга имкон беради.
Ходимни имзо қўйдирган ҳолда лавозим йўриқномаси билан таништиринг. Ушбу ҳужжатни қандай тўғри тузиш ва тасдиқлаш кераклиги ҳақида бу ерда ўқинг.
Стажёр лавозим йўриқномасининг тахминий мазмуни:
1) стажировканинг мақсад ва вазифалари;
2) ўқитишнинг меъёрий асослари (касбий низомлар);
3) стажёрнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
4) «билиши керак» ва «қилиши керак» бўлимлари;
5) таълим талаблари;
6) ишга қабул қилишда ва иш даврида стажёрнинг билимларини текшириш;
7) унинг масъулияти.
Дастлабки синов
Қонунчиликда уни стажёр учун белгилаш тақиқланмаган.
Дастлабки синовнинг максимал муддати - 3 ой. Аммо, агар сиз стажёр билан 6 ойгача муддатли меҳнат шартномасини тузсангиз, дастлабки синов белгиланмайди .
Шунингдек, синов муддатини белгилаш мумкин эмас, агар стажёр:
- ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ёки олий ўқув юртининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчи бўлса;
- корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган бўлса;
- Ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл бўлса .
Меҳнатга ҳақ тўлаш
Стажёр – бу бепул ишчи кучи эмас, балки штат жадвали бўйича лавозимни эгаллаган ва бошқа ходимлар сингари иш қиладиган ходимдир. Шунинг учун агар стажёрни тўлиқ ставкага ишга қабул қилсангиз, унинг ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича қонунда белгиланган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас.
Штат жадвалида аниқ иш ҳақи миқдорини белгиланг.
Шунингдек, стажёрга қонун ҳужжатларида белгиланган қўшимча тўловлар ва устамалар (масалан, оғир ва ноқулай иқлим шароитида ишлаш, саёҳат ва кўчма иш учун, ортиқча иш, тунги иш ва бошқалар учун) берилади.
Рағбатлантирувчи тўловлар (премиялар, таътилга қўшимча тўловлар, моддий ёрдам ва б.) корхонанинг маҳаллий ҳужжатларида белгиланган шартлар ва тартибга мос равишда тўланади.
Моддий жавобгарлик
Стажёрни “галочка учун” асос бўлмай туриб моддий жавобгар шахс қилиб тайинлаш мумкин эмас.
Стажёр билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома қуйидаги ҳолатларда тузилади:
- унинг хизмат мажбуриятларига пул ёки товар қимматликларига хизмат кўрсатиш кирса;
- "стажёр" лавозими тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартномалар тузилиши мумкин бўлган ходимлар тоифалари рўйхатига киритилган бўлса. Ушбу рўйхат жамоа шартномасида ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади .
Интизомий жавобгарлик
Агар стажёр меҳнат интизомини бузса, иш берувчи унга интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли: жарима, ҳайфсан, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмининг 3-4-бандларига биноан меҳнат шартномасини бекор қилиш .
Стажёрни ишдан бўшатиш
Стажёр билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш факти, агар бунинг учун қонуний асослар бўлса, иш берувчига уни муддатидан олдин ишдан бўшатишига тўсқинлик қилмайди. Стажёр билан меҳнат шартномасини бекор қилишга Меҳнат кодексида назарда тутилган асослар бўйича, лекин айрим ҳолларда белгиланган чекловлар билан йўл қўйилади. Масалан, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшгача болалари бўлган аёллар ва бошқаларни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш мумкин эмас.
Стажёрнинг ўзи ҳам шартнома тугагунига қадар иш берувчини бу ҳақида 2 ҳафта олдин хабардор қилиб, исталган вақтда ўз хоҳишига кўра ишдан бўшашга ҳақли .
Стажировка тугаганидан кейин нима қилиш керак
Меҳнат шартномасининг муддати тугаши билан сиз:
1) агар томонлар стажировка ҳали мақсадига эришмаганлигини тушунишса, томонларнинг келишувига биноан стажировка муддатини ва шунга мувофиқ меҳнат шартномаси муддатини узайтиришингиз мумкин. Аммо, ёдда тутинг, бунинг учун иш берувчининг ҳам, ходимнинг ҳам розилиги талаб қилинади. Иш берувчи бир тарафлама тартибда шартнома муддатини узайтириш ҳуқуқига эга эмас;
2) ходимни бошқа вакант лавозимга ўтказиш. Агар амалиёт мақсадига эришилса ва ходим мустақил ишлаш учун зарур билим ва кўникмаларни олган бўлса, меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг. Унда ходимни бошқа лавозимга ўтказиш билан боғлиқ барча ўзгаришларни кўрсатинг:
- янги лавозим;
- иш ҳақи;
- янги хизмат мажбуриятлари ва б.
Агар тузатишлар жуда кўп бўлса, меҳнат шартномасини янги таҳрирда баён қилишни тавсия қиламиз. Янгиланган матнни чоп этинг ва уни қўшимча келишув билан шартноманинг янги таҳрири сифатида тасдиқланг;
3) меҳнат шартномасини бекор қилиш. Агар меҳнат шартномасида стажировка охирида стажёр билан меҳнат муносабатларини янги лавозимда давом эттириш мажбурияти бўлмаса, иш берувчи уни ишда қолдириш ёки бўшатиш ҳақида ўзи қарор қабул қилишга ҳақли. Иккинчи ҳолда, иш берувчи Меҳнат кодексининг 105-моддасига биноан меҳнат шартномасини бекор қилади.
Меҳнат шартномаси муддатининг тугаши муносабати билан ишдан бўшатишда ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди, ходимни бўлажак ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириш ва вакиллик органи розилигини олиш талаб қилинмайди.
Сўнг сўз ўрнида: стажёрнинг ишини амалиёт ўтовчи ОТМ бакалаври ёки магистри билан адаштирманг!
Бу ҳолда амалиёт пуллик иш эмас, балки ОТМ таълим дастурининг бир қисмидир. ОТМ амалиёт ўташ учун юборган талаба билан меҳнат шартномаси тузилмайди. Шартномани талабанинг амалиётини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида ОТМ ва қабул қилувчи корхона тузади.
Амалиёт даврида талабалар ОТМда стипендия олиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар .