Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ходимнинг ишончга лойиқлигини қандай текшириш мумкин
Махфий маълумотларни ошкор қилиш, параллель равишда рақобатчиларга ишлаш, компаниянинг моддий ресурсларидан шахсий мақсадларда фойдаланиш, бошқарув қарорларидан бўйин товлаш, техника хавфсизлиги қоидаларини бузиш – бу ишончсиз ходимлари бўлган жамоада иш берувчи дуч келадиган хавфларнинг тўлиқ рўйхати эмас.
Ишга қабул қилиш босқичида номзоднинг ишончли эканлигини қандай текшириш мумкинлигини kadrovik.uz илтимосига кўра HR-маслаҳатчи Иринa Шакирова тушунтирди.
– Ишончга лойиқ ходимни ишончли деб атаймиз. Бу қонунга бўйсунадиган, интизомли, виждонли, масъулиятли шахс. У иш берувчига, ҳамкасбларига, мижозларига нисбатан инсофсиз хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди. Ностандарт вазиятларда компания томонидан қабул қилинган норма ва қоидаларга амал қилади.
Ишончлилик ҳақида гапирганда, танлов босқичида номзод ҳақидаги қандай маълумотни ўтказиб юбориш энг хавфли саналади:
- спиртли ичимликларга ёки гиёҳвандликка қарамлик;
- психиатрик ташхиснинг мавжудлиги;
- судланганлик ва ҳуқуқбузарликларнинг мавжудлиги;
- таълим, малака, иш жойини ўзгартириш сабаблари ҳақидаги ёлғон.
Ушбу маълумотни ҳужжатлар, маълумотномалар сўраш, махсус маълумотлар базаларини текшириш, аввалги иш жойларидан берилган тавсияномаларини текшириш орқали аниқлаштириш керак.
Номзод билан суҳбат давомида ҳам бўлажак ходимнинг ишончлилик даражаси тўғрисида хулоса чиқариш мумкин. Ишончлиликни баҳолаш учун одатда ностандарт вазиятларда қоидаларга риоя қилиш тўғрисида саволлар берилади ва ахлоқий дилеммa мавжуд бўлган ҳолатлар ҳам таклиф этилади.
Ишончлиликни текшириш учун саволларга мисоллар
№ |
Саволлар |
Номзод ҳақида нималарни билиш мумкин |
1 |
Сиз тасодифан ҳамкасбингиз (раҳбар ёки бўйсунувчи эмас) мунтазам равишда компанияга нисбатан инсофсиз ҳаракатлар қилишини билиб қолдингиз. Сизнинг ҳаракатингиз? |
Умуман олганда одам инсофсиз ҳаракатларга қандай муносабатда бўлади. У инсофсиз хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун нималар қилишга тайёр |
2 |
Нега бир хил даромад даражасида битта компанияда ўғрилик қилишади, бошқаларида эса – йўқ |
Номзод сабабларни нимада кўради – шахсий сифатлар, бошқарув тизимининг йўқлиги, бошқа нарса. У бундай далилларни оқлайдими ёки йўқми |
3 |
Офис-менежер канцелярия маҳсулотлари етказиб берувчисини танлаб, «А» ва «Б» фирмаларини топди. Улар бир хил нархда ўхшаш ассортиментни таклиф қилишди. «А» фирмаси буюртма учун яна кичик мукофот таклиф қилди. Офис менежер «А» компаниясини танлади. Унинг ҳаракатлари тўғрилигини баҳоланг. У нега бундай йўл тутди? |
Номзод офис-менежернинг ҳаракатлари сабабларини қандай тушунтиради. Ушбу мулоҳазаларда у ўзининг мотивлари ва қадриятлари ҳақида гапиради |
4 |
Ҳамкасблар ва раҳбарият сизнинг ҳузурингизда («орқадан») доимий равишда муҳокама қилинади, махфий маълумотлар ошкор қилинади. Сизнинг ҳаракатингиз? Сизнингча, нега жамоада ғийбат ва фисқ-фасод гуллаб-яшнамоқда? |
Номзод қийин вазиятларда қандай стратегияларни танлайди. У самарасиз хатти-ҳаракатларнинг сабабларини қандай кўради |
5 |
Сиз доимий мижоз учун маҳсулотларни брон қилдингиз ва уларни келишилган нархда жўнатишга ваъда бердингиз. Яна бир мижоз сизга 10% кўпроқ тўлашга тайёр. Сизнинг ҳаракатингиз? |
Номзод нимага таянади – қўшимча фойда (умуман олганда, компанияда ҳар доим мамнуният билан қабул қилинади) олишгами ёки берган ваъдасини бажариш ҳақидаги фикрларга |
6 |
Сиз одамларга қандай таъсир қилишни яхши биласиз. Қаршингизда зарарсиз бўлса-да, мутлақо кераксиз маҳсулотни сотиб олишга сиз осонгина ишонтира оладиган мижоз бор. Сизнинг ҳаракатингиз? |
Номзод учун мижозлар билан муносабатда нима муҳим |
7 |
Ёлғон қандай вазиятларда оқланган бўлади? |
Номзод ўзининг қарашлари ҳақида гапириб беради |
8 |
Ходимни нима учун дарҳол бўшатган маъқул? |
Номзод ўзи учун жиддий бўлган қонунбузарликлар ҳақида гапириб беради |
Ишончлилик тестлари
Бугунги кунда сўровномалар ва ишончлилик тестлари машҳур. Баъзи компаниялар уларни натижаларни қайта ишлаш хизмати билан бирга сотадилар.
Тестлар ўрнатилган ёлғон шкалаларига эга, у нотўғри жавобларда номзодни «ушлаш» имконини беради. Тестлар ишончсиз хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ бўлган шахсий сифатларни аниқлашга қаратилган. Бундай шахсий сифатлар – очкўзлик, ҳасад, қасоскорлик, таваккал қилиш, эҳтиёткорлик, импульсивлик ва бошқалар. Тестлар, шунингдек одам қандай шароитларда ишончсиз бўлиб қолиши мумкинлигини аниқлайди, масалан, раҳбарият томонидан босим бўлса, у адолатсиз муносабатни ҳис қилса ёки компанияда «токсик» ташкилий муҳит мавжуд бўлса.
Мутахассислар тестнинг қанчалик ишончли (валидлиги) эканлигини турлича баҳолашади – ўртача 70-80% га.
Ёлғон детектори
Ёлғон детекторида ишончлиликни текшириш ҳақида тез-тез эшитишингиз ёки ўқишингиз мумкин. HR- мутахассислар бу усулни ноаниқ баҳолайдилар. Кўпгина мутахассислар уни ахлоқсиз, одамнинг «айбсизлик презумпцияси»ни бузади деб ҳисоблашади.
Ёлғон детекторида текшириш учун натижани расшифровка қиладиган полиграфолог керак. Бундан ташқари, номзоднинг бундай текширишга розилиги талаб қилинади, чунки бу шахсий маълумотлар.
Бу усул, эҳтимол, ишончсизликнинг нархи жуда юқори бўлган жойда – кучишлатар тузилмалар, бошқарув органларида оқланади.
Компаниянинг ўзида нима содир бўлади?
Ходимларнинг ишончлилиги ҳақида гапирганда компаниянинг ишончлилиги ҳақида ҳам гапириш керак:
- компания нимани ишлаб чиқаради ва сотади, унинг маҳсулотлари ва хизматлари қанчалик сифатли ва фойдали?
- номзодга меҳнат қонунчилигига мувофиқ расмий иш билан таъминлашни, иш ҳақи, имтиёзлар ва бонусларни ўз вақтида тўлашни таклиф қиласизми?
- хавфсиз меҳнат шароитлари яратилганми, иш жойи жиҳозланганми, зарур ресурслар мавжудми?
- иш жойида рухсат этилган ва тақиқланган нарсалар тўғрисида ички ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилганми? улар ходимларга етказилганми, уларга тушунарлими?
- виждонли ва интизомли ходимларни уларнинг фаолият натижаларига кўра рағбатлантириш ва уларни бузганлик учун жарималар тизими мавжудми?
Агар сиз барча саволларга ижобий жавоб берган бўлсангиз, хулоса шуки, сизнинг компаниянгиз жамоада ишончлиликни сақлаб турибди. Қоидаларнинг йўқлиги, бизнесни виждонсиз юритиш саботаж, қўл учида ишлаш ва ходимларнинг турли хил суиистеъмолларига олиб келади.
«Norma» профессионал ривожланиш маркази сизни «Ходимларни излаш ва саралаш» курсига таклиф қилади.
Курс кимларга мўлжалланган:
- эндигина иш бошлаётган HR- мутахассислар;
- ходимларни қидириш, танлаш, мослаштириш функцияларини ўзлаштирмоқчи бўлган HR- мутахассислар;
- ходимларни танлаш ва мослаштириш билан шуғулланадиган ўрта бўғин менежерлари;
- ходимларни бошқариш тизимини малакали равишда қурмоқчи, ходимларининг ваколатларини ривожлантирмоқчи бўлган раҳбарларга.