Пригодится каждому кадровику в ноябре:
Вафот этган ходимнинг иш ҳақи кимларга берилиши керак
«Ташкилот ходимларидан бири вафот этди. Вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақи миқдори фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация билан бирга катта суммани ташкил қилди. Бухгалтерия бўлими уни ходимнинг бевасига берди. Аммо эртаси куни марҳумнинг отаси пулни олгани келиб, судга мурожаат қилиш билан таҳдид қилиб кетди».
Дарҳақиқат, ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақини айнан кимга тўлаб бериш кераклигини тўғри белгилаш муҳимдир. Акс ҳолда судлашишгача борадиган низо юзага келиши мумкин.
Вазиятни kadrovik.uz илтимосига кўра янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил ГАСАНОВ ва «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА изоҳлашди.
– Меҳнат кодексининг 255-моддасига мувофиқ ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақи унинг оила аъзоларига ёки ходим вафот этган кунда марҳумнинг қарамоғида бўлган шахсга берилади.
Оила кодексининг 5-моддасига мувофиқ оила аъзоларига қуйидагилар киради: эр-хотин, ота-она ва болалар (фарзандликка олувчилар ва фарзандликка олинганлар). Бунда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатдан ўтган шахслар эр ёки хотин деб ҳисобланади. Тегишинча, диний русумларга биноан тузилган никоҳда бўлган аёл марҳумнинг маошини талаб қила олмайди .
Шунингдек, никоҳ расман бекор қилинган собиқ хотини, агар у вафот этган кунга қадар ходим билан бирга яшаган тақдирда ҳам, «вафотидан кейинги» иш ҳақини олишга ҳақли эмас.
Қарамоғида бўлганлар – бу ходимнинг тўлиқ таъминотида бўлган ёки ундан олиб турилган моддий ёрдам унинг ҳаёт кечириши учун асосий ва доимий манба бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахслар. Қарамоғида бўлганлик факти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, иш (хизмат) жойи маъмурияти, ижтимоий таъминот бўлими томонидан берилган ҳужжатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқланипш мумкин .
Ким вафот этган шахснинг иш ҳақини олишга кўпроқ ҳақли
Меҳнат кодексида кимлар иш ҳақи олишнинг устувор ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида изоҳ йўқ (мисол учун, хотин ёки марҳумнинг ота-онасидан бири). Шунинг учун ходимга тегишли бўлган иш ҳақини иш берувчига биринчи бўлиб мурожаат қилган ва керакли ҳужжатларни тақдим қилган оила аъзоси ёки қарамоғидаги шахсга бериш мумкин деб ҳисоблаймиз.
Агар кўриб чиқилаётган вазиятда хотини биринчи бўлиб пул учун мурожаат қилган ва керакли ҳужжатларни тақдим этган бўлса, хавотирга ўрин йўқ. Сиз унга вафот этган эрининг иш ҳақини бериб, қонунни бузмадингиз.
Тўловларни олишга ҳақли эканлигини талаб қиладиган қолган қариндошларга эса вафот этган ходимнинг иш ҳақи унинг хотинига берилганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этишингиз мумкин.
Марҳумнинг иш ҳақини олиш учун қариндоши иш берувчига қуйидагиларни тақдим қилади:
- эркин шаклда ёзилган ёзма ариза: «Мен, Фармонова Нигора Азизовна, марҳум Фармонов Даврон Камиловичнинг хотини, вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақини ва унга тўланадиган бошқа тўловларни беришингизни сўрайман»;
- вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси (иш берувчига кўрсатилганидан кейин қариндошида қолади) ва вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси (иш берувчида қолади) ;
- паспорт ёки олувчининг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
- марҳум билан қариндошлик ёки унинг қарамоғида бўлганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқалар.).
Вафот этган ходимнинг иш ҳақи унинг оила аъзосига нақд пулда ёки пластик картага ўтказиш йўли билан берилиши мумкин. Иш ҳақи берилганлиги тўғрисидаги аризада қариндош бу борада аниқлик киритиши ва пул маблағларини айнан қайси картага юбориш кераклигини, ўтказиш учун зарур бўлган барча тафислотларни кўрсатиши керак. Ариза берувчининг пулни олганлиги далилини қайд этган маъқул. Бу пулни олувчининг аризаси ёки тилхати бўлиши мумкин.
Иш ҳақини бир нечта қариндошлар ўртасида тақсимлаш мумкинми
Агар иш ҳақини олиш учун бир вақтнинг ўзида бир неча нафар оила аъзоси ва қарамоғида бўлганлар келган бўлса ёки қолганлар томонидан бўладиган эътирозлардан чўчиб ҳамма пулни битта қариндошга беришни хоҳламасангиз, қуйидаги вариант қўл келиши мумкин. Бошқаларнинг ёзма розилигини олган ҳолда пулни оила аъзоларидан бирига беринг. Агар қариндошлар ушбу масала бўйича бир фикрга келолмаса ва низо келиб чиқса, улар буни судда ҳал қилишларига тўғри келади.
Оила аъзолари ёки марҳумнинг қарамоғида бўлган шахслар бўлмаган тақдирда, тегишли сумма мерос таркибига киритилади ва умумий асосларда мерос қилиб олинади.
Фойдаланилмаган таътил учун компенсация тўлаш керакми
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади . Ходимнинг вафоти эса – бу МКнинг 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асослардан бири саналади. Демак, ходимнинг вафоти муносабати билан меҳнат муносабатларини тўхтатаётган иш берувчи ходим томонидан фойдаланилмаган таътиллар учун ҳам компенсация ҳисоблаши шарт.
Ходим ишлаб берилмаган иш йили учун таътилдан фойдаланган бўлса-чи? Марҳумнинг иш ҳақидан таътил тўлови ушлаб қолинадими?
Меҳнат кодекси бу саволга аниқ жавоб беради. Ходимнинг вафоти муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда (у вафот этган деб эълон қилинганда) ҳар йилги таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун ушлаб қолиш амалга оширилмайди .