Смена ишчиси ишга чиқмаса

preview

Ташкилотда  12 соатлик сменали иш назарда тутилган.  Ишчи ўз сменасини ишлади,  унинг ўрнига чиқадиган смена ишчиси эса соғлиғи сабабли ишга келмади. Бу вазиятда қандай йўл тутиш  керак: ишчини иккинчи сменада ишлашга мажбур қилиш ёки унинг ўрнига бошқасини қўйиш керакми?

 

- Мазкур вазиятда иш берувчи ишга бошқа ходимни жалб қилиши керак. Меҳнат кодексининг 120-моддаси 2-қисмига кўра ходимни сурункасига икки смена давомида ишга жалб этиш тақиқланади.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 128-моддасида иш тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлмаслиги назарда тутилган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 124-моддасига кўра иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлган ходимларни иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилишга йўл қўйилмайди.

Иш тўхтаб қолмаслиги учун бошқа ходимни вақтинча унга ўтказиш мумкин. Умумий қоидага кўра вақтинча бошқа ишга ўтказишга ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича йўл қўйилади.  Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади.

Эътибор беринг
Ишлаб чиқариш зарурияти деб ҳисобланадиган ҳолатларни жамоа шартномасида кўрсатинг,  агар у тузилмаган бўлса, ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгилаб қўйинг .

Бундан ташқари иш берувчи сменалараро таътилда бўлган ҳар қандай ходимни ишга чақириши мумкин. Бунда юқорида кўрсатилган чекловларни ҳисобга олиш зарур: агар ходим учун бу кетма кет иккинчи смена бўлса ва у 12 соат дам олишга улгурмаган бўлса, уни жалб қилмаслик керак.

Эътибор беринг
Иш берувчи фармойиши билан айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этиши учун жамоа шартномасида бунинг учун алоҳида ҳолатлар рўйхати белгиланган бўлиши керак. Агар жамоа шартномаси тузилмаган бўлса, рўйхат ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади .

Кўриб чиқилаётган мисолда ходимларни вақтинча ўтказиш ва уларни дам олиш кунлари ишга жалб қилиш ҳолатлари рўйхатида "бошқа ходимнинг вақтинча йўқлиги (таътилда бўлиш, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ва бошқалар) даврида  ишни бажариш зарурати" белгиланиши керак.