Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ходим бир неча йилдан буён меҳнат таътилига чиқмаган
Компанияда муҳим ўрин тутувчи ходимлардан бири ишлаб чиқариш сабабларига кўра меҳнат таътилларидан фойдаланмайди: унинг ўрнини босадиган одам йўқ. Бу иш берувчи учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
– Иш берувчи ҳар бир ходимга ҳар йили – у берилаётган иш йили тугагунга қадар меҳнат таътилини бериши шарт . Ишлаб чиқариш сабабларига кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин .
Яъни, қонунга кўра таътилни тўлиқ ҳолда эмас, балки 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисмини кейинги иш йилига кўчириш мумкин.
Масалан, ходимнинг йиллик асосий таътил муддати 15 иш кунидан иборат бўлса, ходимнинг розилиги билан фақат 3 иш кунини кейинги иш йилига кўчириш мумкин. Иш берувчи таътилнинг 12 иш кунини ходимга жорий иш йилида бериши шарт (15 – 12 = 3).
Иш берувчи учун оқибатлар
Ходимларни ўз вақтида қонуний таътилга чиқариш – иш берувчининг мажбурияти. Уни бажармаганлик учун мансабдор шахс МЖТКнинг 49-м. бўйича 5–10 БҲМ миқдоридаги жарима кўринишида маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Қандай тузатилади
Қонунчиликда олдин фойдаланилмаган таътиллардан фойдаланиш муддатлари борасида чекловлар белгиланмаган.
Йиғилиб қолган таътиллар «куйиб кетмайди», ходим улардан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади. У календарь йил давомида турли иш йиллари учун бир нечта таътилдан бир йўла фойдаланиши мумкин.
Бу ерда МКнинг 140-м.[U4] билан белгиланган таътилларнинг умумий муддатини 48 иш кунидан оширмаслик ҳақидаги чеклов қўлланмайди. Ушбу қоида фақат йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътилларни йиллик асосий таътилга қўшиб жамлаш чоғида амал қилади.
Ходимнинг хоҳишига кўра ҳар бир фойдаланилмаган таътилнинг бир қисми учун МК 151-м. қоидаларига кўра пуллик компенсация тўлаш мумкин. Бироқ фойдаланилмаган таътил муддати 15 иш кунидан ошган тақдирдагина иш берувчи пуллик компенсация тўлашга ҳақли бўлади. Компенсация таътилнинг 15 иш кунидан ортиқ қисми учунгина тўланади. Ходим ҳар бир фойдаланилмаган таътилнинг ушбу 15 кунидан «белгиланган мақсадга кўра» – айнан дам олиш кунлари сифатида фойдаланиши керак.
Мисол учун, ходимнинг йиллик асосий таътил муддати – 24 иш куни. Ходим сўнгги 2 иш йили учун таътил олмаган. Яъни, умумий ҳисобда 48 иш куни. У ушбу кунларни тўлиқ таътил қилиб олмоқчи эмас, балки бир қисмини пул компенсациясига алмаштириш ниятида. Бу ҳолда МК 151 моддасига кўра ходимга асли ҳолида 30 иш кунини тақдим этиш керак (ҳар бир таътилдан 15 кундан), қолган 18 иш кунини пул билан компенсация қилиш мумкин (48-30=18).
МКнинг 137–138-м.м. назарда тутилган қўшимча таътилларни фақат асли ҳолида бериш лозим, уларни пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди .