Ходим икки марта «қисқартирилган» бўлса, яна қайта компенсация тўланадими

preview

«Ходимни 2020 йилда «қисқартиришган» ва компенсация тўлашган. 2021 йилда уни худди шу лавозимга қайта қабул қилишди. Энди, 2022 йилнинг сентябрь ойида ходим пенсия ёшига етгани учун раҳбарнинг ташаббуси билан уни яна ишдан бўшатишмоқчи. Аммо – компенсация тўлашни рад этишмоқда, чунки раҳбарнинг фикрига кўра, компенсация «такрорий қисқартириш»да тўланмайди. Маъмурият ҳақми?».

Вазиятни эксперт ва «Нормa» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС тушунтирди:

 

– Амалдаги қонунчилик ходимлар учун иш берувчининг ташаббуси билан уларнинг меҳнат шартномалари бекор қилиниши муносабати билан Меҳнат кодексида назарда тутилган пуллик компенсация тўлашда ҳеч қандай чекловларни назарда тутмайди .

Агар иш берувчи ходимни «қисқартириш»дан кейин қайта ишга олишга қарор қилса, илгари тўланган компенсациялар уни иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда компенсация олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Кўриб чиқилаётган ҳолатда – Меҳнат кодексининг 100-модда 7-банди бўйича – ходим пенсия ёшига етганлиги муносабати билан ёшга доир давлат пенсиясини олишга ҳақли бўлса. 

Кўпгина ташкилотларда жамоа шартномаси ёки бошқа маҳаллий ҳужжатларда меҳнат шартномаларини бекор қилиш муносабати билан ходимларга қўшимча пуллик компенсация назарда тутилади. Шунингдек, уларни тўлаш қоидалари белгиланади. Ички маҳаллий ҳужжатларга кўра, иш берувчи ходимга ушбу қўшимча пуллик компенсацияларни тўлашдан бош тортиши мумкин (Меҳнат кодексида назарда тутилган мажбурий тўловлардан ташқари!). 

Меҳнат шартномасини саволда кўрсатилган сабабга кўра бекор қилиш Меҳнат кодекси талабларига аниқ мувофиқ бўлиши керак .

Эътибор беринг
Келтирилган вазиятда ходимни ўз хоҳишига кўра: «пенсияга чиқиш муносабати билан» каби асос билан ишдан бўшашни таклиф қилиш мумкин эмас. Ишдан бўшатишнинг бу тури энди Меҳнат кодексининг 100-модда 7-банди бўйича иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш сифатида малакаланмайди ва пуллик компенсациялар тўлаб берилмайди, барча фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация бундан мустасно . Агар ходим фарқни тушунмай туриб, иш берувчининг илтимосига биноан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзса, иш берувчининг бундай ҳаракатлари ишдан бўшашга мажбурлаш сифатида баҳоланиши мумкин.
Эътибор беринг
Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимдан ҳеч қандай ариза талаб қилиниши мумкин эмас.

Пенсионерлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш иш берувчининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир. 

 

Компенсация тўловлари бўйича «ёшга доир» қисқартириш ва ишдан бўшатиш нимаси билан фарқланади

Ходимлар сони ёки иш хусусиятининг ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга қуйидагилар тўлаб берилиши шарт:

  • ходимнинг барча иш кунлари, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун учун иш ҳақи;
  • фойдаланилмаган таътил учун компенсация (меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда фойдаланилмаган таътиллар мавжуд бўлса) ;
  • огоҳлантириш муддати эвазига пуллик компенсация – томонларнинг розилиги билан ;
  • ходимлар ишдан бўшатилганда корхонанинг маҳаллий ҳужжатлари ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган тўловлар;
  • камида ўртача ойлик даромад миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси ;
  • иш қидириш даврида иккинчи ой учун ўртача ойлик иш ҳақи ;
  • меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 30  кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, учинчи ой учун ўртача иш ҳақи ;
  • иш берувчининг ташаббуси билан муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда неустойка, агар бундай шарт меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса .

 

Иш берувчининг ташаббуси билан пенсия ёшидаги ёшга доир давлат пенсиясини олишга ҳақли бўлган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда  иш берувчи қуйидагиларни тўлаши шарт:

  • ҳақиқатда ишланган кунлар учун иш ҳақи,  меҳнат муносабатлари тугатилган кунни ҳисобга олган ҳолда;
  • фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация (фойдаланилмаган таътил мавжуд бўлганда) ;
  • меҳнат шартномаси бекор қилинганда корхонанинг маҳаллий ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча тўловлар;
  • огоҳлантириш муддати эвазига компенсация – томонлар рози бўлганда ;
  • ишдан бўшатиш нафақаси ;
  • Меҳнат кодексининг 104-моддасига мувофиқ муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда неустойка ( меҳнат шартномасида шундай шарт мавжуд бўлса).

Пенсионерларни ишдан бўшатаётганда   Меҳнат кодексининг 67-моддасида белгиланган иш қидириш даврининг иккинчи ва учинчи ойлари учун ўртача даромадни сақлаб қолиш назарда тутилмаган.