Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ходим қачон вақтинча бошқа ишга ўтказишни талаб қилишга ҳақли
«Ишлаб чиқариш цехининг ҳомиладор ходимаси уни «декрет»гача енгилроқ ишга ўтказишни талаб қилмоқда. Аммо ташкилотда мос келадиган бўш иш ўринлари йўқ».
«Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА иш берувчига бундай вазиятда, шунингдек ходим бошқа ишга вақтинча ўтказишни талаб қиладиган бошқа ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклигини тушунтирди.
Меҳнат кодексининг 141-моддасида белгиланган умумий қоидага кўра ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувига кўра бошқа ишга бир йил муддатгача вақтинча ўтказилиши мумкин. Аммо бу қоидадан бир қатор истиснолар мавжуд, улардан бири иш берувчи учун мажбурий бўлган ўтказишлардир.
Агар ходимда вақтинча ўтказиш учун маълум узрли сабаблар бўлса, иш берувчи ходимнинг илтимосини қондириши шарт. Қуйидагилар шундай узрли сабаблар саналади:
– ходим соғлиғининг ҳолатига кўра, шунингдек ҳомиладор аёл вақтинча енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларини истисно этадиган ишга ўтказишга муҳтож бўлса;
– икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган ота-онанинг бири (васий) томонидан аввалги ишини бажариш мумкин эмаслиги ;
- бошқа ҳолатлар, агар улар ички тартибда мустаҳкамлаб қўйилган бўлса. Ходимнинг ташаббусига кўра вақтинча бошқа ишга ўтказиш учун узрли сабаблар рўйхати, шунингдек бундай ўтказиш чоғида меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби жамоа шартномасида белгиланиши мумкин, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади .
Ходимни соғлиғининг ҳолатига кўра вақтинча бошқа ишга ўтказиш
Иш берувчи, агар бу тиббий хулосада назарда тутилган бўлса, ходимни соғлиғининг ҳолатига кўра вақтинча енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларини истисно этадиган ишга ўтказиши шарт .
Бундай вақтинчалик ўтказишда меҳнатга ҳақ тўлаш бажарилаётган ишга кўра амалга оширилади, агар у камроқ бўлса, ўтказилган кундан эътиборан икки ҳафта мобайнида ходимнинг аввалги ўртача иш ҳақи сақланади .
Агар ўтказиш меҳнатда майиб бўлганлиги ёки иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан юзага келган бўлса, иш берувчи янги иш бўйича иш ҳақига қўшимча равишда аввалги иш ҳақи билан янги ишда оладиган иш ҳақи ўртасидаги фарқни тўлайди. Бундай фарқ меҳнат қобилияти тиклангунига қадар ёки ногиронлик белгилангунига қадар тўланади .
Сил касаллигига ёки бошқа касб касаллигига чалинганлиги сабабли камроқ ҳақ тўланадиган бошқа ишга вақтинча ўтказилган ходимга шу ишга ўтган вақт учун, лекин икки ойдан ортиқ бўлмаган муддат давомида янги ишда бериладиган иш ҳақига ходимнинг аввалги ишидаги ҳақиқатда олган иш ҳақидан ошиб кетмайдиган миқдорда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади. Меҳнатга қобилиятсизлик варақасида кўрсатилган муддатда бошқа иш топиб бериш керак. Агар иш берувчи ушбу муддатда бошқа иш топиб беролмаган бўлса, ходимга бунинг оқибатида бекор ўтган кунлар учун мазкур нафақа умумий асосларда тўланади .
Агар ташкилотда тиббий хулосага мувофиқ ходимга таклиф қилиниши мумкин бўлган иш бўлмаса, иш берувчи ходимни ишдан четлаштириши шарт . Бундай четлаштиришда ходимнинг иш ҳақи сақланмайди, бу бизнинг фикримизча, янги МК бўйича мутлақо адолатсиз қарор. Бундай ҳолда ходим меҳнат мажбуриятларини ўз айбига кўра эмас, балки объектив характердаги мавжуд шароитлар туфайли бажара олмайди. Шунинг учун МК 152-моддасининг ушбу қисмида ходим фойдасига тузатишлар киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз «Ишдан четлаштириш даврида ходимга иш ҳақи ҳисобланади».
Ҳомиладор ходимани вақтинча бошқа ишга ўтказиш
Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилади ёки улар енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Бунда ходиманинг аввалги иш жойи бўйича иш ҳақи сақланади. Ишлаб чиқариш нормаларини камайтириш ва вақтинча бошқа ишга ўтказиш муддатлари тиббий хулосага мувофиқ белгиланади .
Шундай қилиб, агар тегишли тиббий хулоса бўлса, иш берувчи ҳомиладор ходиманинг енгилроқ ишга ўтказиш ҳақидаги илтимосини рад этишга ҳақли эмас. Ўтказиш масаласи ҳал этилгунига қадар ҳомиладор ходима бунинг оқибатида қолдирилган барча иш кунлари учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилади .
Мана шунда юқорида келтирилган вазиятдан фарқ бор, ходим соғлиғи ҳолатига кўра вақтинча ўтказиш учун мос иш йўқлиги сабабли иш ҳақисиз ишдан четлаштирилганда.
– Ходима тиббий хулосага мувофиқ қарши кўрсатма бўлган ишдан буйруқ билан озод қилинади. Бошқа муносиб иш тақдим қилинмагунча, унга аввалги иши бўйича ўртача иш ҳақи тўланиши зарур.
Икки ёшга тўлмаган болани парваришлаётган ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш
Агар икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган ота-онанинг бири (васий) аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, ўз аризасига кўра ва тиббий хулоса мавжуд бўлганда бошқа ишга ўтказилади. Бунда тиббий хулоса нафақат ходимнинг ўзи, балки унинг фарзандининг соғлиғи билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай ўтказишда меҳнатга ҳақ тўлаш бажариладиган ишга кўра амалга оширилади, бироқ аввалги иши бўйича ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бола икки ёшга тўлгунига қадар тўланади .
Агар Меҳнат кодекси боланинг отасига ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахсларга (онадан ташқари) меҳнат соҳасида қўшимча кафолатларни назарда тутса, улар боланинг онаси ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахс бу кафолатлардан фойдаланмаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатни (иш жойидан маълумотномани, ўлим тўғрисидаги гувоҳномани, она ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахс муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисидаги қонуний кучга кирган ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги қонуний кучга кирган суд қарорини ва ҳоказоларни) иш берувчига иш жойи бўйича тақдим этиши керак.
Агар боланинг онаси ишламаса ва бола парвариши ва тарбияси билан банд бўлса ёки ишласа ва бундай кафолатлардан фойдаланса, отага ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахсларга улар тақдим қилинмайди. Бу МК 395-модда бўйича вақтинча ўтказишларга ҳам тегишли.
Иш берувчида бошқа иш мавжуд бўлмаган тақдирда икки ёшга тўлмаган бола парваришини амалга ошираётган ходимга қонунчиликда белгиланган тартибда бола парвариши бўйича нафақа тўланади .
Аммо бу ерда яна бир муаммо юзага келади. Бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақани иш жойи бўйича фақат нобюджет ташкилотлар тўлайди. Ҳар ойлик нафақа миқдори МҲТЭКнинг 60 фоизини ташкил қилади . Давлат хизматчилари болалар нафақасини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали «кам таъминланган оила» тоифасига мос келган тақдирдагина олишлари мумкин . Аммо бу тоифага ҳамма ҳам кирмайди. Шу муносабат билан Меҳнат кодексининг 395-моддасининг бир қисмини қайта кўриб чиқиш, бюджет ва бюджетдан ташқари ташкилотлар ходимларини тенг ҳолатга келтириш мақсадга мувофиқдир.
Низо юзага келган тақдирда иш берувчи ходимни бошқа ишга ўтказиш имконсизлигини исботлаши керак.
Агар ички тартибда белгиланган сабаблар бўлса, ходимнинг илтимосига кўра вақтинча ўтказиш
Ходимнинг вақтинча ўтказиш тўғрисидаги илтимоси, агар у узрли сабабларга кўра келиб чиққан бўлса ва иш берувчида бундай иш бўлса, қондирилади. Ходимнинг ташаббусига кўра вақтинча ўтказишнинг узрли сабаблари рўйхати, шунингдек бундай ўтказишда меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби ташкилотнинг жамоа шартномасида белгиланиши мумкин. Агар жамоа шартномаси бўлмаса – касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади.
Бундай ҳолда иш берувчи ходимнинг вақтинча ўтказиш тўғрисидаги талабини, агар ташкилотда бундай иш бўлса, қондириши шарт.
Ходимнинг ташаббусига кўра вақтинча ўтказиш қандай расмийлаштирилиши керак
Ходимни бошқа ишга вақтинча ўтказиш муддати кўрсатилган ҳолда буйруқ билан расмийлаштирилади.
Буйруқ чиқариш учун асос – ходимнинг ёзма аризаси, соғлиғи ҳолатига кўра вақтинча ўтказиш учун эса ҳомиладор аёл, шунингдек икки ёшга тўлмаган болани парвариш қилаётган ота-оналардан бирининг аризаси(васий) ва яна тиббий хулоса ҳам керак бўлади.