Бола парваришлаш таътили ва нафақаси: ўтказиб юборилган муддатлар ва чиқарилмаган буйруқлар ҳақида

preview

«МЧЖда ходимани декрет таътилига юбориб, бу таътилни буйруқ билан расмийлаштиришмаган. Кейин унинг тугаш санасини ва ходима ишга чиқиш ёки бола парваришлаш таътили ва бола парваришлаш нафақаси расмийлаштиришга ҳақли бўлган санани ўтказиб юборишган. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан 1,5 ой ўтгач, ходима ишга қайтди. 

Ишга чиқишдан аввал ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан кейин ушбу 1,5 ойни ходимага қандай расмийлаштириш керак? У ишлаб туриб  бола парваришлаш нафақасини олишга ҳақлими ва қайси вақтдан?  Барча декрет таътилларини буйруқ билан расмийлаштириш керакми ва нима учун?»

Вазиятни kadrovik.uz илтимосига кўра эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС изоҳлади:

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

Нима «декрет» таътили деб аталади

– Аввало шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон қонунчилигида «декрет таътили» атамаси мавжуд эмас. Қонунчилигимиздаги ушбу тушунча остида ходимларга бериладиган ижтимоий таътилнинг тўрт туридан иккитаси назарда тутилган . Бу таътиллар:

  • ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ;
  • болаларни парваришлаш таътиллари .

Ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ташкилотда (корхонада) тақдим этилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва Ижтимоий суғурта бўйича  комиссиянинг протоколи асосида – ходимларнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлигининг барча ҳолатлари каби расмийлаштирилади.

Бола парваришлаш таътиллари икки турли бўлади:

  • аёлнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилиб, бу давр учун қонунчиликда белгиланган тартибда асосий иш жойидан нафақа тўланади;
  • Аёлга унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътил ҳам берилади.

Иш берувчи аёл ушбу таътилларда бўлган вақт учун муддатли меҳнат шартномаси бўйича бошқа ходимларни ишга олиш ҳуқуқига эга.

 

Нега буйруқни расмийлаштириш муҳим 

Хатоларга йўл қўймаслик учун, масалан, саволдаги вазиятда бўлгани каби ва бошқа бир қатор объектив сабабларга кўра, ушбу таътилларни расмийлаштира туриб ташкилот бўйича буйруқ чиқариш керак:

  • ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, бола 2 ёки 3 ёшга тўлгунга қадар болаларни парваришлаш таътиллари пенсия олиш ҳуқуқини берувчи меҳнат стажига киритилади. Ушбу муддатлар буйруқ нусхалари билан тасдиқланиши зарур;
  • ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврлари меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган стажга киритилади. Буйруқ келгусида ушбу муддатни тўғри ҳисоблашга ёрдам беради, чунки у кадрлар хизматида сақланади, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси эса бухгалтерия бўлимига топширилади ва сақлаш муддати қисқа;
  • ҳомиладорлик ва туғиш, бола парваришлаш таътиллари даврида иш берувчи бошқа ходимни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга. Кўрсатилган таътилларни тақдим этиш тўғрисидаги буйруқлар қабул қилиш учун асос бўлади.

Ходимга ҳомиладорлик ва туғиш таътилини бериш тўғрисидаги буйруқ 126 календарь кунлик меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида берилади, ушбу таътилни узайтиришга туғруқ оғир кечгани сабабли меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тақдим этилган тақдирда эса – таътилни узайтириш тўғрисида буйруқ чиқарилади.

Бола парваришлаш таътилларини бериш тўғрисидаги  буйруқларнинг мавжудлиги Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 62-бандида (13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-илова) ҳам назарда тутилган. Буйруқларнинг нусхалари мажбурий тартибда архив маълумотномаларига илова қилинади.

Ходимага таътиллар бериш тўғрисидаги буйруқлар иш вақтини ҳисобга олиш табелини  тўғри расмийлаштириш, нафақа тўлаш, янги ходимни ишга қабул қилиш ва у билан меҳнат шартномасини ўз вақтида бекор қилиш, ушбу таътилларда бўлган вақтни архив маълумотномаларини бериш учун асос бўлади.

Қоида тариқасида, ташкилотда зарур тартиб-таомилларни расмийлаштириш ва амалга ошириш (ижро қилиш) бўйича жавобгарлик турли ходимларга юкланади ва буйруқдан кўчирма уларни бажариш учун асос бўлади.

Кадрлар бўйича мутахассис учун таътиллардан фойдаланиш, буйруқлар бўлганда уларнинг бошланиш ва тугаш саналарини  назорат қилиш осонроқ бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ходимнинг ижтимоий таътилларда бўлган барча даврларини Т-2  шаклидаги карточкада улар қайси буйруқлар асосида тақдим қилинганини кўрсатган ҳолда акс эттириш керак. Бу нафақат улар тақдим этилган ташкилот учун, балки архив органлари учун ҳам жуда муҳимдир. Буйруқлар рақамлари ва улар чоп этилган саналарга ҳавола келгусида ҳужжатларни қидиришни осонлаштиради. Аммо агар ҳомиладорлик ва туғиш таътили фақат вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида расмийлаштирилган бўлса, бу келгусида ушбу таътилларнинг муддатларини аниқлашга имкон бермайди, чунки вақтинча  меҳнатга лаёқатсизлик варақалари архив органларига топширилмайди.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ҳамда бола парвариши таътилларини тақдим қилиш даврлари my.mehnat.uz – Ягона миллий меҳнат тизимида (ЯММТ) рўйхатдан ўтказилиши керак .

 

Ходимада болани парваришлаш нафақасига ҳуқуқ қачон пайдо бўлади

Ходимада нафақага бўлган ҳуқуқ ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган куннинг эртасига – унинг ёзма аризаси ва иш берувчининг   нафақа тўлаш билан таътил бериш тўғрисидаги буйруғи мавжуд бўлганда пайдо бўлади. Нафақа тўлаш билан бола парваришлаш таътилига ўз вақтида ариза расмийлаштирилмагани ортидан ходимангиз 1,5 ой учун нафақани йўқотди.

 

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг тугаши ва ишга чиқиш ўртасидаги 1,5 ойни қандай расмийлаштириш керак

Бола парваришлаш таътили ўз вақтида расмийлаштирилмаган ва 1,5 ой давомида ходима нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмай, сабабсиз (ёки аниқланмаган сабабларга кўра) ишга чиқмаган.

Ташкилотда таътилни расмийлаштириш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш учун масъул шахслар афсуски ўзларининг айби билан ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг тугаш санасини ўтказиб юборишди ва ходимадан бола парваришлаш таътилидан фойдаланиш ва нафақа олиш режаларини ўз вақтида аниқлашмади. Иш берувчи томонидан ходимага бола 2 ёшга тўлгунча нафақа тўлаш ва ижтимоий таътилларни тақдим қилиш тартиби  олдиндан тушунтирилмаган.

Бола парваришлаш таътилини ўз вақтида расмийлаштирмасликка олиб келган вазиятни диққат билан ўрганиб чиқишингизни тавсия қиламиз. Иш берувчининг айби бўлган тақдирда ходимага зарар бермаслик учун қуйидагича ҳаракат қилинг.

1. Ходима вазиятни ёзма равишда батафсил баён қилиши, йўқотилган вақтни ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейинги кундан бошлаб нафақа тўлаш билан бола парваришлаш таътили деб ҳисоблашни сўраши керак.

2. Иш берувчи ҳомиладорлик ва туғиш таътилини бола парваришлаш таътили тугаган кундан кейинги кундан бошлаб ходиманинг 1,5 ойлик йўқлигини буйруқ билан (ички тартибда) тан олиши керак.

Т-2 шаклидаги карточкага ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг тугаши ҳақидаги маълумотларни киритинг, сўнгра – my.mehnat.uz сайтида бола парваришлаш таътилини рўйхатдан ўтказинг.

2. Бола парваришлаш нафақасини ўтган вақт учун тайинлаш ва тўлаш мумкин – унга бўлган ҳуқуқ бошланган кундан эътиборан (ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаши билан)

Ходима томонидан бола парваришлаш таътили ўз вақтида расмийлаштирилганда, қоида тариқасида, таътил бошланган кундан бошлаб бола 2 ёшга тўлгунча нафақа тўлаш билан бирга бола парваришлаш таътилига битта ариза расмийлаштирилади. Шунда  тўловда хатолар ҳам, кечикишлар ҳам юзага келмасди.

3. Кейин, ходимага ҳақиқатдан ишга чиқиш санасидан ишга чиқишни расмийлаштиринг ва уни ишга киришган деб ҳисобланг. Иш вақтини ҳисобга олиш табелини юрита бошланг. Маълумотларни Т-2 шаклидаги карточкага киритинг, ЯММТда эса уни таътилдан «қайтаринг» (ЯММТ дастурида бу айнан шундай номланади: «ходимни таътилдан қайтариш»).

Келгусида бола парваришлаш нафақасини тўлаш масаласини ҳал қилинг. Агар аёл тўлиқсиз иш куни шарти билан ишга киришса ёки уйдан ишласа – унда нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Агар у тўлиқ юклама билан ва корхона (ташкилот) ҳудудида ишга киришган бўлса, нафақа олиш ҳуқуқини йўқотади .

Йўл қўйилган хатолар мисолида (саволга асосан) яна бир бор буйруқларни чиқариш билан барча кадрлар тартиб-таомилларини ўз вақтида ва пухталик билан расмийлаштириш қанчалик муҳимлигига амин бўлишингиз мумкин, уларнинг бажарилиши масъул шахсларга юкланади, шу жумладан таътил саналари, нафақаларни ҳисоблаш муддатлари бўйича.

Маълумот учун

Бола 2 ёки 3 ёшга тўлгунга қадар бола паваришлаш таътилини олишга турли мулкчилик шаклидаги ташкилот ходимаси ёки унинг ўрнини босувчи шахслар,  шу жумладан ўриндошлик асосида ишловчилар ҳақли .

Бола 2 ёшга тўлганча бола парваришлаш нафақасини олиш ҳуқуқи эса – фақат бюджетдан ташқари соҳада ишлайдиганларга берилади . Ўриндошлик асосида ишловчилар нафақа олишга ҳақли эмас .  Бюджет ташкилотларида ишлайдиганлар, агар оила кам таъминланган деб топилса, болалар нафақасини олиш ҳуқуқига эга. Ушбу нафақани бюджетдан ташқари ташкилотларда ишлайдиганлар ҳам олишлари мумкин – иш жойи бўйича бола парваришлаш нафақасини олиш даври тугагандан сўнг .