Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Касаллик варақаси олти ой кечикиб топширилса, қандай йўл тутиш керак
«2023 йил ноябрь ойида бухгалтерияга ходимнинг 2023 йил 13 мартдан 17 мартгача бўлган давр учун касаллик варақасини олиб келишди.
Кеч топширилган касаллик варақаси бўйича нафақа тўлаш мумкинми?»
Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра «Нормa» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:
– Аввало вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси нима сабабдан бундай узоқ кечикиш билан тўловга тақдим қилинганини тўлиқ ва объектив аниқлаш керак.
Ушбу ҳолатнинг сабабини аниқлаш учун хизмат текшируви ўтказишни тавсия қиламиз . Ички хизмат натижаларини, агар айбдорлар аниқланса, мансабдор шахсларни интизомий тартибда жазолашни назарда тутадиган буйруқ билан расмийлаштиринг.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаш тўғрисида бундай кечикиб мурожаат қилиш сабабларидан келиб чиқиб, ходимга уни тўлаб бериш тўғрисида қабул қилишни тавсия қиламиз.
Нафақа олиш учун мурожаат ходимнинг айби билан кечикиб топширилган бўлса, меҳнат қобилияти тикланган кундан (саволдан келиб чиқиб – 2023 йил 18 мартдан) 6 ойдан кўпроқ вақт ўтганлиги муносабати билан нафақа тўланмайди .
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ташкилотнинг мансабдор шахслари айби билан (бухгалтерияга ходим томонидан тақдим қилинган ҳужжатни тўлов учун ўз вақтида бериш ёддан кўтарилди, ўз вақтида расмийлаштириш эсдан чиқди ва ҳ.к.) тўланмаган бўлса, агар у кўрсатилган даврда:
- иш ҳақи сақланмаган таътилда;
- болани парваришлаш бўйича таътилда;
- ишдан (лавозимдан) четлаштирилиб, иш ҳақи тўлаш тўхтатиб қўйилганда;
- ҳарбий ўқув ёки текширув йиғинида;
- ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида таҳсил олиш муносабати билан берилган қўшимча таътилда;
- ташкилотда иш вақтинча тўхтатилганда ишда бўлмаган бўлса, ходимга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси расмийлаштирилиши ва тўланиши керак .
Нафақа тўлашга далолатнома расмийлаштира туриб, нима учун касаллик варақаси кечикиш билан тўланаётгани сабабларини кўрсатишни тавсия қиламиз.
Нафақа тайинлашдан аввал қуйидаги саволларга жавоб бериш ҳам муҳимдир:
- Ташкилотда ходимнинг касаллик бўйича 2023 йил 13 мартдан 17 мартгача йўқлиги ҳақиқатда қандай кўрсатилган?
- Унга бу давр учун иш ҳақи ҳисобланган ва тўланганми? Иш берувчи битта давр учун икки марта – иш ҳақи ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўламаслиги учун қандай йўл тутиши керак?
Агар ходим ҳақиқатан ҳам ишламаган бўлса, лекин унга иш ҳақи ҳисобланган бўлса, энди уни унинг розилигисиз ушлаб қолиш мумкин эмас .
Касаллик варақаси бухгалтерияга берилганидан 6 ой ўтиб келиб тушишида ким айбдор эканлигини аниқлаш лозим. Агар ташкилотнинг мансабдор шахслари бўлса, демак ходим нафақа олишга ҳақли. Аммо унга бу давр учун иш ҳақи тўланган бўлса, ҳолат юзасидан ўтказилган текширув тўғрисидаги буйруққа тахминан шундай қўшимча қилиш керак: «Ходимга тўланган пул маблағлари вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси деб ҳисоблансин ва шу муносабат билан тўланган маблағларнинг қайта ҳисоби амалга оширилсин».