So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Maqolalar / Ишга кирмоқчимисиз?
ishga-kir

Ишга кирмоқчимисиз?

Ишга кирмоқчимисиз? Унда сиз учун Ўзбекистон Республикасининг ушбу соҳага оид Меҳнат қонунчилиги ва ишга жойлашиш билан боғлиқ ҳуқуқ нормаларининг мазмунини билишингиз керак.

Неча ёшдан ишга жойлашиш мумкин?

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 77-моддасига кўра, шахс 16 ёшга етгандагина уни ишга қабул қилишга рухсат этилади.

16 ёшга етмасдан ишлаш мумкинми?

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 77-моддаси 2-қисмига кўра, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Ишга кириш учун кимга мурожаат қилиш керак?

Меҳнат кодексининг 57-моддасининг 2-қисмига кўра, ҳар ким иш берувчига бевосита мурожаат қилиш ёки меҳнат органларининг бепул воситачилиги орқали иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгадир.

Демак, сиз бўш иш ўрни борлиги ҳақида ишончли маълумотга эга бўлсангиз, ўша корхонага шахсан ишга жойлашиш бўйича мурожаат қилишингиз мумкин. Иш берувчи ишга қабул қилишни рад этса, Меҳнат кодексининг 78-моддасининг 3-қисмига кўра, фуқаронинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб уч кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт, бу жавоб ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим.

Ишга қабул қилиш вақтида қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Меҳнат кодексининг 80-моддасига кўра, ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса, — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва турар жойидан маълумотномани;
  • меҳнат дафтарчасини, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;
  • ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этади.

Ишга кираётганда нималарга эътибор бериш лозим?

Сиз ишга кириб, ҳуқуқларингизни Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси билан ҳимоя қилинишини ҳамда меҳнат ҳуқуқий кафолатларга эга бўлишни истайсизми? Бунинг учун сиз, аввало, меҳнат шартномаси тузишингиз ва унинг асосида меҳнат қилишингиз зарур. Меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 74-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилади.

Иккинчидан, меҳнат шартномаси тузаётганда унинг муддатига эътибор бериш лозим. Меҳнат шартномаси одатда номуайян муддатга тузилади. Яъни унинг амал қилиш муддати тугаб қолмайдиган қилиб тузилиши керак. Айрим иш берувчилар ходимлар билан муддатли меҳнат шартномалари тузишни маъқул кўришади. Чунки, бундай шартноманинг амал қилиш муддати тугагач, иш берувчи уни бекор қилиб, ушбу ходим билан бошқа шартнома тузмасдан, уни ишсиз қолдириши мумкин. Бундай салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида Меҳнат кодексининг 76-моддасида иш берувчининг муддатли меҳнат шартномаси тузиш ҳуқуқини чеклаш назарда тутилган бўиб, унга кўра, муддатли меҳнат шартномалари фақатгина қуйидаги ҳолатларда тузилиши мумкин:

  • бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда;
  • корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан;
  • қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ушбу ҳолатлардан ташқари ҳамда қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри кўрсатилмаган ҳолларда иш берувчининг муддатли меҳнат шартномаси тузишга ҳаққи йўқ. Шу боис, бу борадаги ҳуқуқларингизни бузилишига йўл қўйманг.

Муддатли меҳнат шартномалари ҳақида Муддатли меҳнат шартномаси нима? номли мақоладан тўлиқ маълумот олишингиз мумкин.

Меҳнат шартномаси тузилаётганда унда иш вақтининг белгиланишига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Чунки, ушбу вақт мобайнида сиз ишда бўлишингиз шарт ҳисобланади. Агар сиз 0,5 ставка ишлаш бўйича шартнома тузаётган бўлсангиз, унда иш вақтини ўзингизга қулай қилиб белгилаб олишга ҳаракат қилинг. Масалан, ҳафтада 3 тўлиқ иш куни. Акс ҳолда, ҳафтасига 6 иш куни соати қисқартирилган иш вақти белгиланиб, ҳафтанинг барча кунларида сиз шу корхонада банд бўлишингизга олиб келади.

Албатта, ишга кираётганда энг муҳими, тарафлардан бири – бу иш ҳақининг белгиланиши. Иш ҳақи бюджет муассасаларидаги ходимларга лавозим маошлари асосида, ўқитувчиларга эса, уларнинг иш вақтининг ҳамда бажарадиган ишларининг хусусиятларига қараб штат жадвал асосида тарификацсия бўйича тўланади. Шу боис, бундай касбларга ишга кирганда меҳнат шартномасида иш ҳақининг аниқ суммаси кўрсатилмасдан, штат жадвали ва тарификация асосида тўланиши кўрсатилади. Аммо бюджетдан ташқари хусусий ташкилотларга ишга қабул қилинган улар билан ҳар қандай қонуний шартларда иш ҳақи миқдорини белгилаш ҳуқуқи тарафларга тегишли ва меҳнат шартномаси тузаётганда иш ҳақи миқдори кўрсатилиши керак.

Ушбу мавзуга доир саволларингиз бўлса, шарҳларга ёки юридик маслаҳатхона бўлимига ёзишингиз мумкин.

Интернет орқали иш қидириш

Бугунги кунда уйдан чиқмасдан туриб ҳам иш қидириш мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас. Иш берувчиларнинг ўзларида мавжуд иш ўри нлари  ҳақида маълкмотларни жойлаштириши ва иш қидираётганларнинг ўз меҳнатини Онлайн таклиф этиши учун бир қанча сайтлар яратилган. Хусусан, иш қидириш ва бўш иш ўринларини эълон қилиш учун қуйидаги сайтлар мавжуд:

ish.mehnat.uz — Меҳнат вазирлигининг расмий сайти.

www.myjob.uz

www.uzjobs.uz

www.rabota.uz — Тошкент шаҳридаги бўш  иш ўринлари  ва иш қидирувчилар учун.

www.olx.uz — мазкур сайтнинг фақат бир бўлими.

3
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

ishsizlik nafaqasi

Ишсизлик нафақасининг миқдори қанча?

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда янги таҳрирда қабул қилинган “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги …

2 комментария

  1. Jumaeb Baxtiyor

    Салом мени ишхона рахбари ишдан бушатмокчи шартнома муддати тулмаган 5 йилга шартнома тузга мени унга буй сунмаганлигим учун мни ыандай булмаси ишимни олиб куймокчи шу масалада ёрдам беринг

    0
    0
    • G'ayrat Bozorov

      Siz ariza yozmasangiz va mehnat intizomini buzmagan bo’lsangiz bo’shata olmaydi. Agar shunda ham bo’shatsa, g’ayriqonuniy bo’ladi

      0
      0