So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Maqolalar / Вояга етмаганларни ишга қабул қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Вояга етмаганларни ишга қабул қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Вояга етмаганларни ишга қабул қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Вояга етмаганлар ҳам ходим сифатида меҳнат қилишлари мумкин. Вояга етмаганлар сифатида Фуқаролик кодексининг 22-моддасига асосан фуқаро 18 ёшга тўлмаганлар, яъни муомала лаёқатига эга бўлиш ёшига етмаганлар назарда тутилади.

Меҳнат кодексининг 77-моддасига кўра эса, ишга қабул қилиш ёши 16 ёш, айрим шартларни ҳисобга олганда 15 ёш ҳисобланади. Шу боис вояга етмаган ходимлар сифатида 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимлар назарда тутилади.

Вояга етмаганларнинг жисмоний ривожланиш даражаси каталларники билан тенг бўлмаганлиги боис уларга меҳнат қонунчилигида бир қанча имтиёзли шароитлар ва қўшимча кафолатлар назарда тутилган. Меҳнат кодексининг XIV боби “Айрим тоифадаги ходимларга бериладиган қўшимча кафолат ва имтиёзлар” деб номланиб, унинг 2-параграфи “Ёшлар учун қўшимча кафолатлар” деб номланган бўлиб, шу параграфда вояга етмаганларнинг қўшимча имтиёз ва кафолатлари белгиланган. Шундай қилиб, вояга етмаганларни ишга қабул қилишда қуйидагиларга аҳамият бериш лозим:

  1. Ишга қабул қилиш ёши. Меҳнат кодексининг 77-моддасида ишга қабул қилиш ёши сифатида 16 ёш белгиланган. Демак, иш сўраб мурожаат қилган фуқаро 16 ёшга тўлмаган бўлса ишга қабул қилишни ёки Меҳнат кодексининг 77-моддаси 2-қисмидаги алоҳида ҳолатлардагина 15 ёшдан ишга қабул қилиш мумкинлигини инобатга олиш керак. Бунда кўра, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади. Агар фуқаро 15 ёшда иш сўраб мурожаат қилса ва юқоридаги талабларга жавоб берувчи тегишли шахсларнинг ёзма розилиги бўлсагина, уларни ишга қабул қилиш мумкин. 16 ёшга тўлган шахсларни эса, умумий асосларда розилик хатисиз ишга қабул қилиш мумкин. 15 ёшдан кичик шахсларни ёки 15 ёшга тўлган бўлса-да, тегишли шахсларнинг ёзма розилиги бўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш тақиқланади.
  2. Ишга қабул қилиш мажбурияти. Меҳнат кодексининг 239-моддасига кўра, белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи ва бошқа органлар томонидан юборилган, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни иш берувчи ишга қабул қилиши шарт. Банд қилиб қўйиладиган минимал иш жойлари ҳисобидан юборилган вояга етмаганларни ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни ғайриқонуний рад этиш ҳисобланиб, бунинг устидан судга шикоят қилинганда иш берувчи ишни ютқизиши тайин. Шунинг учун Бандликка кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси билан корхонада банд қилиб қўйилган иш ўринларига юборилган вояга етмаганларни иш берувчи ишга қабул қилиши шарт. Бундай иш жойлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида”ги низом асосида банд қилиб қўйилиб, ушбу низомни *doc форматда юклаб олинг.
  3. Дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш. Меҳнат кодексининг 239-моддасининг 3-қисмига кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаган барча шахслар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилинадилар ва кейинчалик улар ўн саккиз ёшга тўлгунларига қадар ҳар йили мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши керак. Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2012 йил 10 июлдаги 200-сон буйруғига илова билан тасдиқланган “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилиб, ушбу Низомни *doc форматда юклаб олинг.
  4. Қабул қилинадиган ишнинг тури. Меҳнат кодексининг 241-моддасига кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади. Бундай ишларнинг аниқ рўйхати Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 26 июндаги 33Қ/Б; 13-сонли қарорига Илова билан тасдиқланган бўлиб, ушбу рўйхатни мақола сўнгидан кўчириб олишингиз мумкин. Мазкур рўйхатдаги ишларга вояга етмаганларни ишга қабул қилиш мумкин эмас. Ушбу рўйхатни *doc форматда юклаб олинг.
  5. Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 241-моддасининг 2-қисмига кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 21 апрелдаги 17/ҚҚ, 8-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини белгилаш тўғрисида” Низом ва унинг иловасида вояга етмаганларнинг юк кўтариш нормативлари қуйидагича белгиланган:

Иш вақтининг учдан бир қисми юкларни кўтариш ва ташиш билан боғлиқ ишлардан иборат бўлганда, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг юк кўтариш ва ташиш нормаларининг чегараси

 

Кўтариш ва ташиш турлари Юк нормасининг чегараси Кўтариш ва ташиш шартлари
ўғил болалар учун қизлар учун
Қўлда 13 кг гача 7 кг гача қиялик баландлиги 0,01 дан юқори бўлмаганда рухсат этилади
Бир ғилдиракли аравачада 39 кг гача қизларга рухсат этилмайди қиялик баландлиги 0,02 дан юқори бўлмаган фақат тахтали йўлакда ҳаракатланишга рухсат этилади
Икки ғилдиракли аравачада 47 кг гача қизларга рухсат этилмайди қиялик баландлиги 0,02 дан юқори бўлмаган текис йўлда ҳаракатланишга рухсат этилади
қиялик баландлиги 0,01 дан юқори бўлмаган нотекис йўлда ва кўприкларда ҳаракатланишга рухсат этилади
Уч ва тўрт ғилдиракли аравачада 67 кг гача 52 кг гача қиялик баландлиги 0,02 дан юқори бўлмаган текис йўлда ҳаракатланишга рухсат этилади
Вагонеткаларда 405 кг гача 224 кг гача қиялик баландлиги 0,01 дан юқори бўлмаган темир йўлларда ҳаракатланишга рухсат этилади

 

Изоҳ:

  1. Барча юк нормалари юкнинг оғирлиги билан биргаликда уларни кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган мосламаларни ҳам ўз ичига олади.
  2. Рухсат этилган қияликнинг баландлиги деганда қияликнинг энг юқори баландлигини йўлнинг узунлигига нисбати тушунилади.

Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг иш вақти фақат юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишлардан иборат бўлганда, улар учун юк кўтариш ва ташиш нормасининг чегараси 4,1 кг дан оғир бўлмаслиги, шунингдек улар аравача ва вагонетка ёрдамида юк ташишларига жалб этилмаслиги лозим.

Ўн олти ёшгача бўлган вояга етмаганлар иш вақтининг учдан бир қисми юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ ишлардан иборат бўлганда, қўлда юк кўтариш ва ташиш нормаларининг чегараси: ўғил болалар учун — 6,5 кг, қиз болалар учун — 3,5 кг дан оғир бўлмаслиги лозим.

Ўн олти ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг иш вақти фақат юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ ишлардан иборат бўлганда, улар учун юк кўтариш ва ташиш нормасининг чегараси 2 кг дан оғир бўлмаслиги лозим.

Ўн олти ёшгача бўлган вояга етмаганларга аравача ва вагонетка ёрдамида юк ташишларига рухсат этилмайди.

Ушбу Низом ва унинг иловасини *doc форматда юклаб олинг

Шунингдек, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 15 январдаги 88/1, 1-сон қарорига илова билан “Вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича талаблар тўғрисида”ги Низом тасдиқланган бўлиб, ушбу низом ҳам вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслик бўйича иш берувчиларга бир қанча талаблар қўяди. Жумладан, Вояга етмаганлар меҳнатидан қуйидаги ишларда:

  • ер ости, сув ости, хавфли баландликда ёки ёпиқ муҳитда бажариш;
  • хавфли механизмлар, асбоб ва ускуналар билан боғлиқ бўлган;
  • хавфли буюмлар ёки жараёнлар, ҳарорат, шовқин ёки тўлқинланиш даражасининг юқори таъсирида вояга етмаганларнинг соғлиғига зарар етказишга олиб келадиган зарарли шароитлардаги;
  • оғир меҳнат шароитларида бажариладиган (иш вақтининг давомийлиги узоқ бўлган, тунги ишлар ва бошқалар билан боғлиқ бўлган);
  • ўзининг хусусияти билан бундай тоифадаги ходимларнинг ахлоқ-одобига зарар етказадиган;
  • белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтариши ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ушбу Низомни *doc форматда юклаб олинг.

Агар иш берувчилар юқоридаги талабларга риоя қилмасдан вояга етмаганлар меҳнати таъқиқланган ишларга уларни ишга қабул қилса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 491-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилади.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 245-моддаси талабига кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади.

  1. Иш вақти муддатини белгилаш. Иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги Меҳнат кодексининг 115-моддасида белгиланган. Аммо бу норма вояга етмаганлар учун амал қилмайди. вояга етмаганларга қисқартирилган иш вақти белгиланиши, яъни уларнинг иш соатлари қисқартирилиб, иш ҳақи тўлиқ миқдорда тўланиши керак. Вояга етмаганлар 2 турга бўлиниб, улар учун иш вақтининг нормал муддати ўзаро фарқланади. 1) 15 ёшдан 16-ёшгача бўлган вояга етмаганлар бўлиб, Меҳнат кодексининг 242-моддасига кўра уларга 24 соатдан ошмайдиган иш вақти, 2) 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган ходимларга эса, 36 соатдан ошмайдиган иш вақтининг қисқартирилган режими белгиланиши шарт. Юқорида таъкидланганидек, иш вақтининг қисқартирилиши уларнинг иш ҳақининг камайишига олиб келмайди. Агар вояга етмаган ходим ўқиш билан бирга ишни олиб борса, масалан, коллеж ёки мактабда ёхуд Олий таълим муассасасида ўқиб, бўш вақтида ишласа, бундай вояга етмаган ходимларга иш вақти юқоридаги норманинг ярмидан ортиқ белгиланиши мумкин эмас, яъни 0,5 ставка учун белгиланади. 15-16 ёшгача 12 соатдан ошмайдиган, 16-18 ёшгача 18 соатдан ошмайдиган. Бунда иш ҳақи ҳам мутаносиб равишда ярим ставкага ёки тегишли ставкага мутаносиб қилиб тўланади.
  2. Йиллик меҳнат таътили бериш. Вояга етмаганларга Меҳнат кодексининг 244-моддасига кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга камида ўттиз календарь кундан иборат йиллик таътил берилади ва улар бу таътилдан ёз вақтида ёки йилнинг ўзлари учун қулай бўлган бошқа вақтида фойдаланишлари мумкин, яъни вояга етмаганларга таътилни вақтини эркин танлш ҳуқуқи ва узайтирилган таътил олиш ҳуқуқи берилган. Умумий асосда йиллик меҳнат таътили Меҳнат кодексининг 134-моддасига кўра, камида 15 кундан кам бўлмаган миқдорда берилади.
  3. Меҳнат шартномасини бекор қилишдаги кафолат. Вояга етмаганлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда қўшимча кафолат сифатида умумий тартибдан ташқари, маҳаллий меҳнат органи, яъни туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларининг олдиндан розилигини олиш шартлиги Меҳнат кодексининг 246-моддасида белгиланган.

Юқоридагиларга риоя қилган ҳолда вояга етмаганлар билан меҳнат муносабатлари ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

2
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

Меҳнат муносабатларида айрим тоифадаги ходимларга бериладиган имтиёзлар ва кафолатлар

КИРИШ Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахс қилиш, эркин касб танлаш, адаолатли меҳнат шароитларида …