Бўш лавозим бўйича мажбуриятларни ходимнинг зиммасига юклаш

preview

«Корхонада узлуксиз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, 2 та цех мавжуд - уларнинг ҳар бирида бошлиқ ва уста тайинланиши лозим. Цехларнинг биридаги уста ишдан бўшаб кетди. Иккинчи цехдаги устанинг зиммасига қўшимча ҳақ тўлаган ҳолда ўз хизмат вазифаларини бажариш билан бир қаторда бўш лавозим бўйича мажбуриятларни бажаришни ҳам юклаш мумкинми?».

 

– Ҳа, мумкин.

Ходим ўз вазифаларини бажариш билан бир қаторда бўш лавозим бўйича ёки вақтинча ишда бўлмаган (таътилда бўлган, бетоб, хизмат сафарига юборилган) ходимнинг вазифаларини ҳам бажарадиган бўлса, бу бир неча лавозимда ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланади  .

Ўриндошлик асосида ишлашда ходимлар сони ошмайди.

 

Қандай расмийлаштириш керак

Ўриндошлик асосида ишлаш фақат ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади. Бундай тартибда ишлаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Мазкур ҳолатда бундай ишлаш ходимнинг розилиги билан юкланганлигини аниқлаштириш керак. Ходимнинг имзоси нафақат буйруқ билан таништириш, балки розилик билдириш қисмида ҳам бўлиши назарда тутилади. Масалан: «буйруқ билан танишиб чиқдим ва бунга розиман ______________(Ф.И.О. ва сана)».

Шунингдек сиз бир неча касб (лавозим) бўйича бажариладиган ишларни бир неча ходим ўртасида тақсимлашингиз мумкин . Расмийлаштириш ишларини ҳам шундай амалга оширишингиз мумкин.

Айрим ҳолатларда қўшимча мажбуриятлар иш берувчининг эмас, балки ходимнинг илтимосига кўра юклатилади. Бунда:

  • бундай илтимосни ходимнинг ариза бериши кўринишида расмийлаштиринг;
  • буйруқда «ходимнинг розилиги билан» эмас, балки «илтимосига кўра» деб кўрсатинг. Буйруқда асос сифатида ходимнинг аризасини ва берилган санасини кўрсатинг.

Ишга қабул қилиш чоғида доимий асосда бир неча касбни (лавозимни) биргаликда олиб бориш мажбуриятини юклаб, буни меҳнат шартномаси матнига келишилган ҳолда киритинг. Бунда бир неча касб (лавозим) бўйича бажариладиган мажбуриятлар лавозим йўриқномасида кўрсатилган бўлса, уларнинг аниқ рўйхатини кўрсатишингиз шарт эмас.

Эътибор беринг
Ўриндошликда ишланганда ходим билан иккинчи меҳнат шартномаси тузилмайди.

Ўриндошлик асосида ишлашда иш вақтини ҳисобга олиш

Ходим ўзининг асосий иши билан бир қаторда бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни ҳам бажаради. Унга битта табель рақами белгиланади.

Табелни асосий иш жойи бўйича меҳнат шартномасида белгиланган вақтга қараб – ҳақиқатда ишланган вақт бўйича юритинг.

Валерия ЛЯНДРЕС,

«Норма» компанияси эксперти.

Бошқа ишга ўтиш, ўриндошлик Бошқа ишга ўтиш, ўриндошлик Бошқа ишга ўтиш, ўриндошлик /publish/doc/text181481_bush_lavozim_buyicha_majburiyatlarni_hodimning_zimmasiga_yuklash_mumkinmi