Жамоа шартномаси қандай тузилади ва ким учун амал қилади

preview

Жамоа шартномаси ташкилот касаба уюшмасига аъзо бўлмаган ходимларга нисбатан татбиқ қилинадими? Жамоа шартномаси филиалда тузиладими? Агар юридик шахснинг номи ўзгарган бўлса, уни қайта тузиш керакми?

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

 1. Агар ташкилотда ходимлар сони кам бўлса, у жамоа шартномасини тузишга мажбурми? Унинг йўқлиги учун жавобгарлик назарда тутилганми?

- Қонун иш берувчини ҳам, ходимларни ҳам жамоа шартномасини тузишга мажбур қилмайди. Ташкилотдаги ходимлар сони, унинг фаолият тури, ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.  Меҳнат кодексининг 31-моддаси, агар ходимлар ёки иш берувчи унга қизиқиш билдирса ва бошқа томонга йўлланган бундай ташаббус билан чиқса, жамоа шартномасини тузиш имкониятини назарда тутади.  

Жамоа шартномаси йўқлиги учун ҳеч ким ташкилот ва унинг раҳбариятини жавобгарликка торта олмайди. Аммо, агар ходимлар маъмуриятга шартнома тузиш учун ёзма таклиф йўллаган бўлса, иш берувчи музокараларда иштирок этиши шарт . Ушбу мажбуриятдан бўйин товлаганлик учун Давлат меҳнат инспекцияси ташкилот раҳбарига БҲМнинг 5-10 баравари миқдорида маъмурий жарима солиши мумкин  .

Уни тузиш тартиби ҳақида батафсил бу ерда ўқинг:

 

2. Ходимлардан қай бирига нисбатан жамоа шартномаси татбиқ қилинмайди?

- Бундай истиснолар йўқ. Жамоа шартномасининг қоидалари касаба уюшма аъзолигидан, иш режими ва бошқа шарт ва шароитлардан қатъи назар, барча ходимларга нисбатан татбиқ қилинади. Шу жумладан, ўриндошлар, уйда  ишловчилар, муддатли меҳнат шартномасини тузган ходимлар ва бошқалар. Жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган шахсларга ҳам татбиқ этилади . Иш берувчи ҳар бир янги ходимни ташкилотнинг амалдаги маҳаллий ҳужжатлари, шу жумладан жамоа шартномаси билан таништириши шарт. Шу тариқа жамоа шартномаси ходимга нисбатан ишга қабул қилиш вақтида татбиқ қилинади.

Эътибор беринг
Меҳнат шартномалари бўйича ишлайдиган штатдаги ходимларни фуқаровий-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома бўйича ишлайдиган шахслар билан адаштирманг. Кейингиларига жамоа шартномаси шартлари тааллуқли эмас.

 

3. Жамоа шартномаси ташкилот филиалида тузилиши мумкинми?

- Меҳнат кодексининг 35-моддасига мувофиқ жамоа шартномаси корхонада, унинг юридик шахс ҳуқуқи берилган таркибий бўлинмаларида (филиаллар, ваколатхоналарда) тузилади.

ФК 47-моддасига кўра, филиал юридик шахснинг у турган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхона вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмасидир. МК 15- моддасига биноан эса филиаллар яна иш берувчи бўлиш ҳуқуқига ҳам эга.

Жамоа шартномасини алоҳида таркибий бўлинмада тузиш зарурати пайдо бўлиши мумкин, қачонки:

  • у юридик шахс жойлашган жойдан ташқарида бўлса;
  • меҳнатни ташкил этишда ўзига хос хусусиятлар бўлса;
  • филиал ўзига хос иқлим, маиший шароит ва ҳоказоларда ишласа.

     Алоҳида таркибий бўлинмада тузилган жамоа шартномаси ушбу таркибий бўлинманинг барча ходимларига  нисбатан татбиқ қилинади.

 

4. Юридик шахснинг номи ўзгартирилганда жамоа шартномаси амал қиладими?

– Корхона номи ўзгарган, корхона раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам жамоа шартномаси ўз кучини сақлаб қолади .

 

5. Жамоа шартномасини (келишувни) ҳақиқий эмас деб тан олиш мумкинми?

- Йўқ, мумкин эмас. Меҳнат қонунчилигида жамоа шартномаси (битим)нинг бекорлиги (ҳақиқий эмаслиги) тушунчаси мавжуд эмас. Бундан ташқари унда жамоа шартномасини бекор қилиш тартиби белгиланмаган.

Агар жамоа шартномасида ходимларнинг ҳуқуқ ва кафолатларини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган қоидалар мавжуд бўлса, улар ҳақиқий эмас деб тан олинади ва қўлланилиши мумкин эмас .