Ўриндош тўлиқ иш ҳақи олиши мумкинми

preview

«Иккита ташкилотда бош бухгалтер бўлиб ишлаш (жами – бир ярим ставкада) ва уларда штат жадвалида назарда тутилган тўлиқ иш ҳақини олиш мумкинми? Ходим ҳар иккала ташкилотда бухгалтерия ҳисоби билан боғлиқ барча ишларни тўлиқ бажаради. Улар битта бинода, фақат турли қаватларда жойлашган».

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

– Ўриндошлик асосида ишлаш ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажаришни назарда тутади. Амалдаги меҳнат қонунчилиги ходимнинг бир неча ташкилотларда ўриндошлик асосида ишлаш ҳуқуқини чекламайди .

Агар ўриндошлик асосида ишлайдиган фуқароларнинг меҳнат муносабатларини бошқариш тартибига риоя қилинса, иккита ташкилотда бош бухгалтер бўлиб ишлаш мумкин . Хусусан, ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 7-бандига мувофиқ, ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунлардагина ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида, масалан, агар маош қатъий белгилаб қўйилган бўлса, ходим ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ олади.  Яъни, ходим ўриндош сифатида расмийлаштирилган иккинчи ташкилотда тўлов штат жадвали бўйича 0,5 иш ҳақи миқдоридан ошмаслиги керак.

Бунда  иш берувчига унга устама ёки иш ҳақига қўшимча тўлов белгилашга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди, чунки Меҳнат кодексининг 160-моддасига биноан ўриндошлик асосида ишлаганлик учун меҳнат ҳақи миқдори меҳнат шартномаси тарафлари ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.