Касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишида ишдан бўшатишни келишиш: муҳим жиҳатлар

preview

Ташкилотнинг жамоа шартномасида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга фақат касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги билан йўл қўйилиши кўрсатилган.

Ходимни уни ишдан бўшатиш масаласи кўриб чиқиладиган касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилишига таклиф қилиш керакми? Бундай йиғилишда ташкилот директори, ходимнинг адвокати иштирок этиши мумкинми? Бундай тадбирни онлайн ўтказишга рухсат бериладими?

Мазкур саволларга kadrovik.uz илтимосига кўра «Норма» эксперти, юрист Ленара ҲИКМАТОВА жавоб берди.

 

Эксперт-амалиётчиларнинг тушунтиришларини ўқиш учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Меҳнат кодекси ушбу масалани тартибга солишни касаба уюшмалари қўмитасига қолдириб,  бу жиҳатларга аниқлик киритмаган.

МКнинг 164-моддасида, агар бу жамоа шартномаси ёки жамоа келишувида назарда тутилган бўлса, иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг аввалдан розилигини олиш керакли ҳақида айтилган. Бунинг учун меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахс касаба уюшмаси қўмитасига ёзма тақдимнома йўллайди . Касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишида бундай тақдимноманинг барча ўзига хос жиҳатларини кўриб чиқиш Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Ижроия қўмитасининг 23.05.2023 йилдаги 9-5-сон қарорида ёзилган. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси таркибига кирувчи касаба уюшмаси органлари томонидан ижро учун мажбурийдир. Қуйидаги жавоблар ушбу ҳужжатга мувофиқ берилган.

 

Ходимларнинг вакиллик органи билан ишдан бўшатишни тасдиқлаш тартиби, у ишдан бўшатишнинг қандай асосларида ўтказилиши, бунда қандай ҳужжатлар расмийлаштирилиши ҳақида бу ерда ўқинг «Касаба уюшмаси қўмитаси билан ходимни ишдан бўшатишни қандай келишиш керак».

 

Ходимни уни ишдан бўшатиш масаласи кўриб чиқиладиган касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилишига таклиф қилиш керакми?

–  Ҳа, касаба уюшмаси қўмитаси ходимни бундай йиғилиш санаси ва ўтказиш жойи тўғрисида ёзма ёки почта орқали олдиндан хабардор қилиши шарт.

Иш берувчининг ихтиёрида «ҳар эҳтимолга қарши»  ходим йиғилиш ҳақида хабардор қилинганлиги факти бўлгани маъқул. Агар хабарнома шахсан топширилган бўлса, ходимдан иш берувчининг нусхасида олинган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйишини сўранг. Агар билдиришнома почта орқали, хабарнома билан буюртма хат  юборилган бўлса, почта квитанцияларини ва почта бланкининг “корешоги”ни ходимнинг хатни олганлиги тўғрисидаги имзоси билан сақланг.

 

Агар ишдан бўшатилаётган ходим касаллик туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ишга чиқмаса, касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилишини унинг иштирокисиз ўтказиш мумкинми?

– Агар ходим касаллик туфайли касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишида қатнаша олмаса, касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчининг тақдимномасини рад этади . Ходим иш қобилиятини тиклаганидан сўнг иш берувчи тақдимномани қайта йўллашга ҳақли.

Агар ишдан бўшатилаётган ходим бошқа узрли сабабларга кўра (хизмат сафари, таътил ва бошқалар) касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишида қатнаша олмаса, у бошқа вақтга кўчирилади ва бу ҳақда иш берувчига хабар берилади.

Санани кўчириш тақдимномани кўриб чиқиш учун назарда тутилган ўн кунлик муддат давомида амалга оширилади . Агар ўн кунлик муддат тугагунга қадар ходимнинг иштирокини таъминлаш имконсиз бўлса, мажлис унинг иштирокисиз ўтказилади. Ходим тадбирда масофадан туриб, видеоконференцалоқа орқали иштирок этиши мумкин.

Агар ишдан бўшатилаётган ходим йиғилишга узрли сабабсиз келмаса ёки унда иштирок этишдан бош тортса, йиғилиш унинг иштирокисиз ўтказилади. Ходим узрсиз сабабга кўра келмагани ва йиғилишда иштирок этишдан бош тортгани тўғрисида далолатнома тузинг.

 

Агар касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилиши тақдимнома олинган кундан бошлаб 10 кун ичида ҳам ўтказилмаган бўлса?

– У ҳолда иш берувчи касаба уюшмаси қўмитасининг розилигисиз ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли . Шунинг учун касаба уюшмаси қўмитаси ўз қарори тўғрисида иш берувчини вақтида хабардор қилиш учун йиғилиш санасини пайсалга солмаслик тавсия этилади.

Агар касаба уюшмаси қўмитаси аъзоларидан бирортаси ёки ҳатто бутун таркиб йиғилишда шахсан қатнаша олмаса, видеоконференцалоқа орқали уларнинг иштироки ва овоз беришига рухсат берилади.

 

Касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишида иш берувчи ёки унинг вакили иштирок этиши мумкинми?

– Ҳа, касаба уюшмаси қўмитаси уларни йиғилишда иштирок этиш учун таклиф қилиши мумкин.

 

Ходим касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишига ўз адвокати билан келишга ҳақлими?

– Ҳа, ходим ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун йиғилишга ўз адвокати ёки вакилини таклиф қилиш ҳуқуқига эга.

 

Касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишида яна кимлар қатнашиши мумкин?

– Масалани пухта кўриб чиқиш ва адолатли қарор қабул қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишга гувоҳлар ва мутахассисларни таклиф қилиш, шунингдек иш берувчидан барча керакли ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли.

 

Ходимга касаба уюшмаси қўмитасининг қабул қилинган қарор тўғрисидаги қарори нусхаси бериладими?

– Ҳа, касаба уюшмаси қўмитаси ходимга ва иш берувчига иш берувчининг тақдимномасини кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган қарорнинг нусхасини (кўчирма) топшириши керак. Буни қабул қилувчининг имзоси остида қилиш тавсия этилади, шунда касаба уюшмаси қўмитасида ҳужжат ҳақиқатан тақдим этилганлигининг исботи бўлади. Агар қарор «қўлга» берилмаган бўлса, у томонларга илова хати билан почта орқали юборилади. Квитанциялар ва почта бланклари сақланади.

 

Ходим ёки иш берувчи касаба уюшмаси қўмитасининг қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эгами?

–  Агар ходим ёки иш берувчи касаба уюшмаси қўмитасининг қарорига рози бўлмаса, улар бир ой ичида юқори турувчи касаба уюшмаси органига шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

 

Эътибор беринг

Агар ташкилотда касаба уюшмаси бўлмаса,  ходимларнинг манфаатларини бошқа oрган (масалан, меҳнат жамоаси кенгаши) ифодаласа, бундай ўзига хос жиҳатларни алоҳида ҳужжат билан тартибга солиш мақсадга мувофиқ.

Бундай ҳужжат Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 23.05.2023 йилдаги 9-5-сонли қарори асосида ишлаб чиқилиши мумкин.