Дресс-кодга риоя қилмаганлик учун қандай жазолаш мумкин

preview

«Компания ходимаси доимий равишда дресс-код (кийиниш қоидаси) талабларини бузади. Унга ҳайфсан, жарима ёки ҳатто ишдан бўшатиш кўринишида интизомий жазо қўллаш мумкинми? Бу амалдаги қонунчилик нормаларига зид эмасми?»

Саволларга kadrovik.uz илтимосига кўра янги МКни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил ГАСАНОВ ва «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб беришди:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Меҳнат кодексининг 22-моддасида ходим ўз меҳнат мажбуриятларини виждонан бажариши, ички меҳнат тартиби ва меҳнат интизомига риоя қилиши шартлиги кўрсатилган.

Маълумот учун
Меҳнат интизоми – бу барча ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, жамоа келишувларига, жамоа шартномасига, шунингдек ички меҳнат тартиби қоидаларига, бошқа ички ҳужжатларга ва меҳнат шартномасига мувофиқ белгиланган хулқ-атвор қоидаларига мажбурий бўйсунишдир .

 

Ҳар бир ташкилотда фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб ходимларнинг ўзини тутиш ва ташқи кўриниши қоидалари белгиланиши мумкин. Аммо ходимларни уларга риоя қилмаганликлари учун жазолаш учун ҳамма нарсани тўғри тартибга солиш керак.

 

Компанияда дресс-кодни қандай расман мустаҳкамлаб қўйиш керак

Бунинг учун кийимнинг маълум услублари ва шаклларига риоя қилишлари керак бўлган ходимлар рўйхатини белгиланг. Масалан, мижозлар кўрадиган ва улар билан мулоқот қиладиган ходимлар. Тегишли ҳужжатда ташқи кўринишнинг ўзига хос талабларини мустаҳкамлаб қўйинг. Бу ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ), жамоа шартномаси бўлиши мумкин. Иш берувчининг буйруғи билан алоҳида ички ҳужжатни – Ходимнинг ташқи қиёфаси тўғрисидаги низомни, Корпоратив кодексни, Ахлоқ қоидаларини ва бошқаларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш мумкин. Уни ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб олиш мақсадга мувофиқ саналади (агар у ташкилотда мавжуд бўлса).

Муҳим!

Ходимларни ушбу ҳужжатлар билан имзо остида таништиришлари керак .

 

Бундан ташқари, ходимларнинг ташқи кўриниши қоидалари меҳнат шартномаларида, лавозим йўриқномаларида аниқ белгилаб қўйилиши мумкин.

Дресс-кодни ўрнатишда оқилона ҳаракат қилиш ва қўйилаётган талабларга нисбатан «сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги»га эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, ходимларнинг ёшини, уларнинг ишининг табиатини ва бошқа ўзига хос жиҳатларни ҳисобга олинг.

Эътибор беринг

Агар компанияда ходимлар етарли даражада таништирилган дресс-кодни қўллаш тўғрисида тасдиқланган ҳужжат бўлса, у қўллаш учун мажбурийдир.

Худди шу тарзда ходимнинг меҳнат шартномасида ёки лавозим йўриқномасида белгилаб қўйилган ташқи кўриниш қоидаларига риоя қилиш тўғрисидаги шарт бажариш учун мажбурийдир.

 

Компания дресс-кодини бузганлик учун қандай интизомий жазо қўлланилиши мумкин

Тегишинча, меҳнат интизомини бузганлик, яъни ўрнатилган дресс-кодга беписанд қараганлик учун иш берувчи ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳуқуқига эга.

Аммо айнан қайси турдаги жазо – бунга қуйида аниқлик киритамиз.

Меҳнат кодексининг 312-моддасида учта жазо тури кўрсатилган: ҳайфсан, жарима ва меҳнат шартномасини бекор қилиш. Ушбу жазолардан фақат биттаси ҳар бир ноўрин хатти-ҳаракат учун жазо сифатида қўлланилади. Бунда қуйидагиларни ҳисобга олиш керак:

  • ҳуқуқбузарликнинг оғирлиги, уни содир этиш ҳолатлари;
  • олдинги иш, ходимларнинг хатти-ҳаракати.

Шунинг учун меҳнат интизомини бузишнинг ҳар бир ҳолати индивидуал тарзда кўриб чиқилади. Барча ходимларга нисбатан жазо танлаш учун битта "сценарий" бўлиши мумкин эмас. Аммо дресс-код қоидаларини бузиш ҳақида алоҳида гапирадиган бўлсак, бу ҳуқуқбузарлик жиддий оқибатларга олиб келиши даргумон.

Таққослаш учун ходим ҳимоя функциясини бажарадиган иш учун махсус иш кийимларини кийиш қоидасини эътиборсиз қолдирадиган ҳолатни келтирамиз. Ходимларнинг бундай тоифаларига қурувчилар, йўл ишчилари, шифокорлар, пайвандчилар ва бошқалар киради, улар учун униформa, махсус  кийим-бош ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш мажбурийдир. Улар томонидан махсус кийимга бўлган  талабларни бузиш шикастланишга ёки ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Шунинг учун, ушбу тусдаги биринчи ҳуқуқбузарлик учун ҳам жазолашга, шу жумладан меҳнат шартномасини бекор қилишга рухсат берилиши мантиқан тўғри, агар у ИМТҚда қўпол қоидабузарликлар рўйхатида келтирилган бўлса, бир марта қўпол равишда бузилишлар учун "ишдан бўшатиш" ҳам мумкин.

Офис дресс-кодига риоя қилмаслик, фикримизча, – бу  иш берувчи меҳнат низоси юзага келган тақдирда ходимни иш жойига тиклаш хавфисиз жазо сифатида меҳнат шартномасини бекор қилишни қўллаши мумкин бўлган қоидабузарлик эмас. Агар суд ҳуқуқбузарлик ҳақиқатан ҳам содир бўлган деб топса, лекин меҳнат шартномасини бекор қилишда содир қилинган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлиги, уни содир қилиш ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва унинг ишга бўлган муносабати ҳисобга олинмай амалга оширилган бўлса, меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақиқий эмас деб топилади .

Агар иш берувчи ҳайфсан эълон қилмоқчи ёки жарима қўлламоқчи бўлса, яна оқилона хатти-ҳаракатлар доирасида ҳаракат қилиш ва айнан ташқи кўринишни қўпол равишда бузганлик учун жазолаш керак. Ахир, агар ходим ишга ўрнатилган дресс-код бўйича белгиланган рангга тўғри келмайдиган галстукда келган бўлса, бошқа нарса, агар у ишга шим ўрнига шортикда келган бўлса – бошқа ҳолат. Бунда Меҳнат кодексининг 313–314-моддаларида белгиланган ходимни интизомий жавобгарликка тортиш қоидаларига қатъий риоя қилиш керак.

 

Дресс-кодни бузганлик учун меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинми

Кийимнинг белгиланган шаклига эътибор бермаслик ходим билан қонуний равишда хайрлашишларига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатга – ходимда сўндирилмаган ёки олиб ташланмаган интизомий жазо борлиги асос бўлиши мумкин. Яъни, ишга тўғри келмайдиган кўринишда келиш  интизомий жавобгарликка тортилган кундан бошлаб бир йил ичида такрорий қоидабузарликни содир этиш ҳисобланади. Бундан ташқари, аввалги ҳуқуқбузарликлар табиатан ўхшаш бўлиши шарт эмас. Мисол учун, ходим ўтган ой кечикканлиги учун жаримага тортилган, бир ойдан кейин  эса у дресс-кодни қўпол равишда бузган. Шундай қилиб, у  меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузмоқда, бунинг учун у Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисмининг 4-бандига кўра ишдан бўшатилиши мумкин.

Кўрсатилган асос бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинишидан аввал ходим бу ҳақда камида 3 кун олдин огоҳлантирилиши ёки унга мутаносиб пулли компенсация тўланиши керак . Бундан ташқари, агар бу жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, меҳнат шартномасини бекор қилишни ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб олиш керак .