Таътиллар жадвалини қандай тузиш ва тасдиқлаш мумкин
Тавсияномада:
– иш берувчининг таътиллар жадвалини юритиш мажбурияти;
– таътиллар жадвалини тузиш ва тасдиқлаш муддатлари;
– жадвалга киритиладиган ходимларнинг таътиллари;
– таътиллар жадвали лойиҳасини тайёрлаш;
– таътиллар жадвалини тасдиқлаш ва уни касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиш;
– жадвалдаги таътиллар саналари тўғрисидаги якуний қарор.
Ўзбекистонда таътиллар жадвали мажбурий бўладими
Таътиллар жадвали – мажбурий локал ҳужжат бўлиб, у ходимларнинг йиллик меҳнат таътиллари навбатини белгилайди
. Уни, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар расмийлаштириши шарт. Микрофирмалар бундан мустасно. Микрофирмалар таътиллар жадвалини тасдиқламасликлари мумкин – уларга МКнинг 505-моддаси шундай ҳуқуқ беради. Микрофирмаларда таътилдан фойдаланишнинг аниқ даври ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади
.
Таътиллар жадвалини қачон тузиш керак
Таътиллар жадвалини календарь йили бошлангунга қадар тасдиқланг
. Яъни кейинги календарь йили учун таътиллар жадвали жорий йилнинг 31 декабридан кечиктирмай қабул қилиниши керак.
Ишчиларнинг қандай таътиллари таътиллар жадвалига киритилиши керак
Таътиллар жадвалига қуйидаги таътил турларини қўшинг:
- йиллик асосий таътил – минимал ёки узайтирилган;
- йиллик қўшимча таътиллар.
Ушбу таътиллар ҳақида батафсил «Меҳнат таътиллари кимга ва қандай берилади» тавсияномасида ўқинг.
Таътиллар жадвалига қуйидагиларни киритманг:
- иш ҳақи сақланмайдиган ва қисман сақланадиган таътиллар;
- ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари;
- болани парваришлаш таътиллари;
- ўқув таътиллари;
- ижодий таътиллар.
Таътиллар жадвалида меҳнат шартномасини тузган компаниянинг барча амалдаги ходимлари, шу жумладан ташқи ўриндошлар ва масофадан туриб ишловчилар кўрсатилади.
Фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ижрочиларни таътиллар жадвалига киритиш керак эмас. Бу муносабатлар МК билан эмас, балки ФК билан тартибга солинади. Ижрочиларда ФҲШ бўйича таътил олиш ҳуқуқи мавжуд эмас. Меҳнат шартномалари ва ФҲШ ўртасидаги фарқлар ҳақида: «Қонунчиликни бузмаслик учун фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни қандай тузиш мумкин» материалида ўқинг.
Режали текширувда бизга таътиллар жадвали йўқлиги ҳақида эътироз билдиришди. Бизнинг кичик компаниямиз, ходимларимизнинг баъзилари – «муддатли»лар. Бундай график тузиш шартми? Унга бор-йўғи 6 ойга ишга кирган ходимларни киритиш керакми?
Ҳа, умумий асосларда қўшинг.
Муддатли меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ходимлар номуайян муддатга қабул қилинганлар билан бир хил ҳуқуқ ва кафолатларга эга. Шунинг учун уларга таътил бериш – иш берувчининг бевосита мажбурияти.
Таътиллар жадвали календарь йили бошлангунга қадар тасдиқланади
. Агар таътилларни режалаштириш вақтида ходим корхонада ишлаётган бўлса, у ҳолда иш берувчи уни кейинги иш йили учун таътиллар жадвалига киритиши шарт. Бунда биринчи иш йили учун йиллик асосий таътил меҳнат шартномаси бўйича иш бошланган кундан бошлаб 6 ой ўтгач берилади. Бироқ тарафларнинг келишувига кўра меҳнат таътили 6 ойлик иш тугагунга қадар ҳам берилиши мумкин
.
Шуни ҳам назарда тутингки, меҳнат шартномаси муддати ўзгартирилиши мумкин ва ходим 6 ойлик иш муддати тугагандан сўнг таътил олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунинг учун вақтинчалик ходимни жадвалга ёзиб қўйиб, лекин таътил санасини кўрсатмасангиз хато бўлмайди. Агар томонлар таътил бериш тўғрисида келишиб олсалар, саналарни кейинроқ киритишингиз мумкин. Ходимнинг фамилияси ёнига изоҳ белгиси қўйиш, изоҳнинг ўзида эса – шартноманинг амал қилиш муддатини кўрсатиш ва меҳнат шартномаси муддати ўзгарганда, таътил вақти режалаштирилишини ёзиб қўйиш мумкин.
Жадвал тасдиқлангандан кейин ишга қабул қилинган янги ходимларни таътиллар жадвалига киритиш шарт эмас. Сиз янги қабул қилинган ходимларни ҳисобга олган ҳолда жадвалга ўзгартириш киритишингиз ҳам, киритмаслигингиз ҳам мумкин. Уларга иш берувчи билан келишувга кўра ёзма аризалар асосида таътил берилишига йўл қўйилади.
Таътиллар жадвали лойиҳасини қандай тайёрлаш мумкин
Қонунчилик таътиллар жадвалининг шаклини белгиламайди. Ҳар бир ташкилот ўз шаклини ишлаб чиқишга ҳақлидир. Ходимларнинг таътил жадвали намунасини юклаб олинг.
Тақдим этилган намунада 10 та графа.
1-графа. Таркибий бўлинма, бўлим, бошқарма ва бошқаларнинг номи – мавжуд бўлганда;
2-графа. Ходимнинг штат жадвали бўйича лавозими, мутахассислиги, касбининг номи;
3-графа. Ходимнинг Ф.И.О.;
4-графа. Ходимнинг табель рақами;
5-графа. Таътилнинг календарь кунлари сони.
5-графада таътил кунларининг умумий давомийлиги (асосий + қўшимча) кўрсатилади.
Ушбу кунларга таътилни қисмларга ажратишда ёки ходимни таътилдан чақириб олишда ўтган иш йилида фойдаланилмаган таътил «қолдиқлари» ҳам қўшилади.
Ходимнинг таътил кунлари бўйича барча тушунтиришларни 10-графада «Изоҳ»да бериш мумкин.
6-графа. Календарь ой ёки таътил бошланишининг аниқ режалаштирилган санаси.
6-устунда таътилни, унинг исталган санасида бериш мумкин бўлиши учун, календарь ойини хам, таътилнинг бошланишининг аниқ санасини ҳам кўрсатишингиз мумкин.
7-графа. Таътилнинг ҳақиқий бошланиш санаси, яъни ходим аслида таътилга чиққан вақти;
8 ва 9-графалар. Таътилни кўчириш тўғрисидаги маълумотлар;
10-графа. Таътилларга тааллуқли бошқа маълумотлар. Ушбу устунга қуйидаги маълумотлар киритилади:
- таътилни қисмларга бўлиш, таътилдан чақириб олиш тўғрисида. Таътилни томонларнинг келишувига кўра тақсимлаш, шунингдек таътиллар жадвалида таътилни ажратишни олдиндан назарда тутиш мумкин. Бунинг учун жадвалнинг 6-устунида таътил бошланган 2 ва ундан ортиқ сана ёки ходим таътилдан фойдаланган ойларни кўрсатиш мумкин.
- асосий ва қўшимча таътил кунларининг сони, улар бериладиган давр тўғрисида;
- меҳнат таътилининг бир қисмини пул компенсацияси билан алмаштириш тўғрисида: қанча календарь кун пулга алмаштирилди ва тегишли буйруқ реквизитлари.
Таътиллар жадвалини тузиш босқичида 1–6-графалар тўлдирилади ва улар шу вариантда ходимларнинг вакиллик органи билан келишилади. Сўнгра таътиллар саналарини ташкилот раҳбари тасдиқлайди.
Таътилдан амалда фойдаланиш, шунингдек таътил беришдаги ўзгаришлар (7–10) тўғрисидаги графалар ходимлар таътилга чиққанига ёки таътил саналари турли сабабларга кўра ўзгарганига қараб тўлдирилади. Агар ходим таътилга жадвал бўйича чиқмаса, 6 ва 7-графалардаги саналар фарқ қилади.
Таътиллар жадвалининг қоғоз варианти билан бир қаторда унинг электрон версиясидан фойдаланишни тавсия этамиз. Электрон вариантда таътилларни ҳисобга олишда ёрдам берадиган қайдлар қилиш, алоҳида ёзувларни турли ранглар билан ажратиш ва бошқалар қулай.
Графикнинг электрон варианти қоғознинг ўрнини босмайди, балки у билан бирга ёрдамчи сифатида ишлатилиши мумкин.
Таътиллар жадвали қандай тасдиқланади
Таътиллар жадвали қонуний бўлиши учун, уни иш берувчи тасдиқламагунча касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиб олинг. Бу – МКнинг 228-моддаси 2-қисмининг мажбурий талаби.
Агар ташкилотда касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа вакиллик органи бўлмаса, бу ташкилот таътиллар жадвалисиз қолади дегани эмас. Бу ҳолда қонун бошқача тартибни назарда тутади
.
Ташкилотимизда 300 дан ортиқ ходим ишлайди. Тасдиқланган таътиллар жадвали билан таништириш шартми ёки таътил бошланишидан олдин ходимларга билдиришнома юборишнинг ўзи етарлими?
Меҳнат кодексида бу тўғридан-тўғри назарда тутилмаган. МКнинг 144-моддаси 3-қисмида фақат ходимга таътил бериш вақти ҳақида таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабар бериш кераклиги айтилган. Бироқ ходимларни «имзо қўйдирган ҳолда» жадвал билан таништириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз, чунки бу – ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бевосита таъсир кўрсатадиган ташкилотнинг локал ҳужжатидир.
Тасдиқланган таътиллар жадвали тўғрисидаги маълумотни ходимларга қандай етказишингиз – тўлиқ ўз ихтиёрингизда. Масалан, ходим жадвалнинг ўзида – бунинг учун махсус ажратилган графада имзо чекиши мумкин. Шунингдек ходимнинг имзоси таътиллар жадвали билан танишиш варақасида, компаниянинг маҳаллий ҳужжатлари билан танишиш журналида ва ҳ.к. туриши мумкин. Бошқача айтганда, сиз қандай ахборот бериш усулини танлаганингиздан қатъи назар, энг муҳими – танишиш фактининг ўзини тасдиқлашдир.
Таътиллар жадвали – бу бевосита Меҳнат кодексида назарда тутилган ва ҳар бир корхонада мажбурий тартибда бўлиши керак бўлган ташкилотнинг маҳаллий ҳужжати. Микрофирмалар бундан мустасно.
Ташкилотда таътиллар жадвалининг йўқлиги – бу маъмурий жавобгарлик назарда тутилган меҳнат қонунчилигини бузишдир. Шунингдек уни ўз вақтида ва тўғри расмийлаштириш ҳам муҳим. Ҳужжат календарь йил бошлангунга қадар, касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда, тасдиқланиши лозим
. График, одатда, йил охирига яқин тузилади.
Таътиллар жадвали қуйидагилар учун керак:
- ходимларнинг йиллик таътилга чиқиш навбатини аниқлаш;
- ходимга таътил вақти ҳақида олдиндан (камида 2 ҳафта олдин) хабар бериш;
- унинг ўрнини босувчи одамни олдиндан топиш;
- фойдаланилмаган таътил кунларининг тўпланишига йўл қўймаслик. Бунинг учун келгуси йил учун таътиллар жадвалини тузишдан олдин жорий йилда улардан фойдаланиш таҳлил қилинади ва фойдаланилмаган таътилларни кейинги йилда бериш тартиби белгиланади;
- таътилларни ходимлар ўртасида шундай тақсимлаш керакки, бу корхонанинг нормал ишлашини бузмасин;
- таътил тўловларини тўлаш. Таътилга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномасида белгиланади ва таътил бошланишидан олдинги охирги иш кунидан кеч бўлиши мумкин эмас
.
Таътиллар бериш навбати, одатда, ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ, шунинг учун жадвал тузишнинг ягона варианти мавжуд эмас. Ҳар бир ташкилот таътилга ким ва қачон кетишини ҳал қилар экан, ўз ходимларининг манфаатлари ва улар бажарадиган вазифаларнинг характерига эътибор қаратади.
Масалан, мавсумий характердаги ишлар билан шуғулланадиган компаниялар, таълим муассасалари бир вақтнинг ўзида аксарият ходимларига уларнинг иши зарур бўлмаган маълум бир вақт оралиғида таътил бериши мумкин.
Ташкилотда касаба уюшмаси қўмитаси бўлса, таътиллар жадвалини қандай тасдиқлаш мумкин
Жадвал лойиҳасини ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитасига илова хат билан юборинг. Хатни қабул қилган касаба уюшмаси қўмитасининг раиси ёки бошқа аъзоси хатнинг иккинчи нусхасига бу ҳақда, имзо ва қабул қилинган сана қўйилган ҳолда, белги қўяди. Ушбу иккинчи нусха иш берувчида қолади.
Сўнгра таътиллар жадвали лойиҳаси касаба уюшмаси қўмитаси мажлисида муҳокама қилинади ва кўриб чиқиш натижалари баённома билан расмийлаштирилади. Баённомада овоз бериш натижалари акс эттирилади. Мажлис баённомаси касаба уюшмаси қўмитасида қолади, иш берувчига эса қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма жавоб юборилади.
Агар касаба уюшмаси қўмитаси ҳужжатнинг айрим нормалари қонунга зид ёки ходимларнинг ҳуқуқлари кафолатларини пасайтиради деган хулосага келса, у иш берувчига хат орқали асосланган тузатишлар киритади. Бундай ҳолда иш берувчи жадвал лойиҳасини маромига етказиш учун беради ва иш тугагандан сўнг уни қайта кўриб чиқиш учун касаба уюшмаси қўмитасига юборади.
Касаба уюшмаси қўмитаси ўз қарорини таътиллар жадвали лойиҳаси олинган кундан бошлаб 20 кун ичида иш берувчига ёзма шаклда бериши керак.
Агар бу муддат ўтгандан кейин иш берувчининг мурожаати жавобсиз қолса, иш берувчи меҳнат таътиллари жадвалини касаба уюшмаси қўмитасининг розилигисиз тасдиқлашга ҳақли
.
Агар касаба уюшмаси қўмитаси ижобий қарор қабул қилган ва таътиллар жадвали лойиҳасини келишиб олган бўлса, у иш берувчига бу ҳақда ёзма хабар юборади. Бундан сўнг иш берувчи таътиллар жадвалини тасдиқлайди.
Тасдиқлаш грифи ҳужжатнинг титул варағига қўйилади. Бунда жадвал раҳбарнинг буйруғи билан тасдиқланиши мумкин. Бунинг учун таътиллар жадвалини тасдиқлаш тўғрисида ихтиёрий шаклда буйруқ чиқаринг. Графикнинг титул варағида «______ даги ____-сонли буйруқ билан тасдиқланган» деган белги қўйилади.
Ҳужжатнинг номига ёки охирги саҳифасига келишиш белгиси қўйилади: «NAVRUZ» МЧЖ касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган (_______даги ____-сонли баённома).»
Касаба уюшмаси қўмитасининг келишиш тўғрисидаги буйруғи ва ёзма хабари нусхалари жадвалга илова қилинади.
Агар касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчининг таътиллар жадвалини келишиш тўғрисидаги ёзма мурожаатига 20 кун муддатда жавоб бермаган бўлса, жадвалда «NAVRUZ» МЧЖ касаба уюшмаси қўмитаси қонунчиликда белгиланган муддатда ички ҳужжатни келишиш тўғрисидаги ўз қарорини тақдим этмаган» деб ёзиб қўйилади.
Иш берувчи томонидан тасдиқланган таътиллар жадвали ташкилотнинг барча ходимлари эътиборига етказилади.
Ходимнинг таътиллар жадвалидаги имзоси иш берувчини таътил берилган вақт ҳақида ходимни камида 2 ҳафта олдин хабардор қилиш мажбуриятидан озод қилмайди
.
Агар ташкилотда касаба уюшмаси қўмитаси бўлмаса, таътиллар жадвали қандай тасдиқланади
Агар ташкилотда касаба уюшмаси қўмитаси бўлмаса, таътиллар жадвалини иш берувчи мустақил равишда тасдиқлайди.
Бунда иш берувчи меҳнат жамоасини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт. Агар икки ҳафта мобайнида меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ўтказилмаса ва унда бошланғич касаба уюшмаси ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинмаса, иш берувчи таътиллар жадвалини мустақил равишда тасдиқлашга ҳақли
.
Шундай қилиб, агар ташкилотда ходимларнинг вакиллик органи бўлмаса, таътиллар жадвалини тасдиқлашдан олдин иш берувчи меҳнат жамоасини ёзма равишда қуйидагилар ҳақида хабардор қилиши керак:
- таътиллар жадвалини тасдиқлаш нияти тўғрисида;
- ходимларнинг касаба уюшмаси қўмитасини тузиш ҳуқуқи тўғрисида.
Ходимларни турли йўллар билан хабардор қилиш мумкин. Масалан:
- ҳужжатни ташкилотнинг электрон корпоратив порталида эълон қилиш ёки ҳар бир ходимнинг шахсий электрон почтасига юбориш;
- эълонни ҳамма кўриши мумкин бўлган жойга осиб қўйиш;
- умумий йиғилишни, меҳнат жамоасининг конференциясини чақириш, унда иш берувчининг мурожаати йиғилганларга ўқиб эшиттирилиши ва бу йиғилиш баённомасида қайд этилиши лозим.
Қайси вариантни танлашингиздан қатъи назар, энг муҳими – мурожаат ҳақиқатан ҳам меҳнат жамоасининг эътиборига етказилганлигини исботлашдир.
Агар ёзма равишда хабардор қилинганидан кейин 2 ҳафта мобайнида меҳнат жамоаси вакиллик органини ташкил этиш масаласи бўйича умумий йиғилиш, конференция ўтказмаса, иш берувчи таътиллар жадвалини мустақил равишда тасдиқлаш ҳуқуқига эга бўлади
.
Бундай ҳолда жадвалда: «Таътиллар жадвалини тасдиқлаш пайтида «НАВРУЗ» МЧЖда касаба уюшмаси ушбу масала бўйича меҳнат жамоасининг қарори йўқлиги сабабли ташкил этилмаган» деган белги қўйилади.
Ходимнинг қайси вақтда таътилга чиқиши мумкинлигини ким ҳал қилади
Умумий қоидага кўра, иш берувчи ҳар бир ходим билан таътилдан фойдаланиш вақтини келишиб олишга мажбур эмас. Ходимларнинг таътилга чиқиш навбати қуйидагилар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади:
- ташкилотнинг белгиланган иш жараёни бузилмаган;
- ходим алмаштирилган бўлса;
- таътилга чиқиш навбати, иложи борича, тортишув ва зиддиятларнинг олдини олиш учун, адолатли бўлди.
Ҳар бир ходимнинг таътилга чиқиш вақти ҳақидаги истакларини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқдир. Аммо буни бажариш қийин бўлади, айниқса, катта штатдаги ташкилотларда ёки, масалан, бир хил функцияларга эга бўлган иккита бир-бирини алмаштирадиган мутахассис бир ойда таътилга чиқишни хоҳласа, лекин ишлаб чиқариш шароитларига кўра уларнинг бир вақтнинг ўзида йўқ бўлиши мумкин эмас.
Агар ходим таътилдан фойдаланиш вақтининг жадвалига рози бўлмаса ва уни ўзгартиришни хоҳласа, у иш берувчига ёзма ариза билан мурожаат қилиши керак. Ходим аризани ихтиёрий шаклда, иложи бўлса, сабабларини кўрсатган ҳолда ёзади. Иш берувчи бу аризани кўриб чиқиши ва у бўйича ходимнинг илтимосини қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.
Янги календарь йил учун таътиллар жадвали аллақачон тасдиқланган. Аммо айрим ходимлар энди графикда кўрсатилган таътилдан фойдаланиш вақтини турли сабабларга кўра ўзгартиришни сўрамоқда.
– Иш берувчи ҳам, ходим ҳам ҳар йилги меҳнат таътилларини бериш навбатини белгиловчи тасдиқланган жадвалга амал қилишлари керак
.
Иш берувчи таътилдан фойдаланиш вақтини ҳар бир ходим билан келишиб олиши шарт эмас. Таътилга чиқиш навбати шундай белгиланадики, улардан фойдаланиш нормал иш жараёнини бузмаслиги керак. Ҳар бир ходимнинг таътилга чиқиш вақти ҳақидаги истакларини ҳисобга олиш ҳар доим ҳам мумкин бўлавермайди. Масалан, вазифаси бир хил бўлган икки мутахассис бир вақтда таътилга чиқишни хоҳласа, лекин ишлаб чиқариш шароитига кўра уларнинг бир вақтнинг ўзида йўқ бўлиши мумкин бўлмаса, –ҳар иккисининг хоҳишини қондиришнинг ҳеч қандай иложи бўлмайди.
Аммо бунда жадвалда белгиланган таътилдан фойдаланиш вақтини ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ўзгартириш мумкин
. Агар ходим бирон-бир сабабга кўра унга бериладиган таътил муддатига рози бўлмаса ва уни алмаштиришни хоҳласа, у иш берувчига илтимоснома билан мурожаат қилиши керак.
Лекин бу қоидадан истисно бор – таътил ёз ёки бошқа қулай вақтда исталган ҳолда қуйидаги тоифадаги ходимларга берилади
:
- аёлларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;
- болани парваришлаш таътилидан фойдаланувчи ходимга – ушбу таътилдан олдин ёки кейин;
- 14 ёшгача бўлган 1 ёки ундан ортиқ болани (ногиронлиги бўлган 16 ёшгача бўлган болани) тарбиялаётган шахсларга (ёлғиз ота-оналарга, шу жумладан – бева хотинларга, бева кишиларга, ажрашганларга, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга);
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
- 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва уларга имтиёзлар бўйича тенглаштирилган шахсларга;
- 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
- таълим ташкилотларида ишдан ажралмаган ҳолда таълим олувчиларга, агар улар ҳар йилги меҳнат таътилини имтиҳонлар, синовлар, битирув малакавий ишлари, магистрлик диссертациялари, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини топшириш вақтига тўғриламоқчи бўлса;
- «Ўзбекистон Республикасининг фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга;
- жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёки бошқа ички ҳужжатларда белгиланган ҳолларда бошқа ходимларга.
Ишлаётган эркакларга ҳар йилги меҳнат таътили уларнинг хоҳишига кўра хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади.
Шунга кўра, агар ходим санаб ўтилган шахслар рўйхатига кирса ва дастлаб белгиланган таътилга чиқиш вақтини ўзгартиришни хоҳласа (гарчи жадвал тасдиқланган бўлса ҳам), иш берувчи унинг талабини бажариши керак. Агар киритилмаган бўлса – масала ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳал этилади.
Ходимларнинг муайян тоифалари мавжуд бўлиб, уларга иш берувчи уларнинг хоҳишига кўра ва ўзлари учун қулай вақтда таътил бериши шарт
:
- аёлларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;
- болани парваришлаш таътилидан фойдаланувчи ходимга – болани парваришлаш таътилидан олдин ёки кейин;
- 14 ёшгача бўлган бир ёки бир нечта болани, 16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган шахсларга;
- ёлғиз ота-оналарга, шу жумладан бева хотинларга, бева кишиларга, ажрашганларга, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, ота-она ўрнини босувчи шахсга;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
- 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва уларга имтиёзлар бўйича тенглаштирилган шахсларга;
- 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
- таълим ташкилотларида ишдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга – агар улар ҳар йилги меҳнат таътилини имтиҳонлар, синовлар, битирув малакавий ишлари, магистрлик диссертациялари, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини топшириш вақтига тўғриламоқчи бўлса;
- «Ўзбекистон Республикасининг фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга;
- жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёки бошқа ички ҳужжатларда белгиланган ҳолларда бошқа ходимларга.
Агар юқоридаги рўйхатдаги ходим жадвалда белгиланган таътилга чиқиш вақтини ўзгартиришни хоҳласа, ҳатто жадвал тасдиқланган бўлса ҳам, у тегишли ариза билан иш берувчига мурожаат қилиши мумкин ва иш берувчи унинг илтимосини бажариши керак.
Ходим 2 январь куни ишга қабул қилинган, шунинг учун у таътиллар жадвалига тушмаган. 9 ой ишлаганидан сўнг, октябрь ойида, у таътилга ариза берди. Иш берувчи, иш ҳажмининг кўплиги ва ишчи кучи етишмаслигини баҳона қилиб, таътил беришни рад этди.
Мазкур ҳолатда иш берувчи ходимга таътил беришни рад этишга ҳақлими?
– Иш берувчи ходимнинг таътил бериш тўғрисидаги илтимосини, агар у меҳнат таътили ўзига қулай вақтда бериладиган ходимлар тоифалари рўйхатига кирмаса, қаноатлантиришга мажбур эмас
. Бироқ бу ҳолда иш берувчи ходимнинг иш йили 1 январда тамом бўлишини ҳисобга олиши ва ходимга шу вақтгача меҳнат таътилини бериши шарт
.
Агар ходим иш берувчининг розилигини кутиб ўтирмасдан, ўзбошимчалик билан бошқа вақтда таътилга чиққан бўлса, буни интизомий қоидабузарлик деб ҳисобланг.
Ходим таътил ҳақида ариза қолдириб, ишга чиқмаган. Таътиллар жадвалида унинг таътилидан фойдаланиш вақти кўрсатилмаган, чунки у таътиллар жадвали тасдиқланган календарь йил бошлангандан кейин ишга жойлашган. Таътилга буйруқ расмийлаштирилмаган. Телефон суҳбатида ишда йўқлигининг сабаби ҳақида – у таътилда эканлигини айтди.
Бундай вазиятда нима қилиш керак?
– Ишдан бўшатиш расмийлаштирилсин ва ходим бўйича интизомий жавобгарликка тортилсин
.
Иш берувчи таътиллар жадвалини тасдиқлаган, уни ходимлар билан келишмаган. Энди ходимлардан бири жадвалга номувофиқ равишда таътилга ариза берди. Бу вақтга бошқа ходимнинг таътили режалаштирилган. Рад этиш мумкинми? Вазиятни умуман қандай тузатиш мумкин?
– Таътиллар жадвали касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилади
МК иш берувчининг зиммасига жадвални тасдиқлашдан олдин таътил вақтини яна ҳар бир ходим билан келишиб олиш мажбуриятини юкламайди. Ёзги ёки ўзларига қулай бўлган бошқа вақтда таътил олишни талаб қилишга ҳақли бўлган ходимлар тоифаси бундан мустасно
.
Албатта, низоларни бартараф этиш учун, таътил вақтини келишиб олиш шартини жамоа шартномасида акс эттириш мумкин, бу тақиқланмайди. Аммо кўп сонли штат ва кўп сонли таркибий бўлинмаларга эга бўлган компанияларда буни амалга ошириш жуда қийин. Ахир ходимларнинг аксарияти ёзда дам олишни хоҳлайди. Агар ҳар бир кишининг хоҳиши ҳисобга олинса, компаниядаги иш ёз мавсумида шунчаки тўхтаб қолади.
Корхонанинг реал имкониятларидан келиб чиқиб, ходимларга, уларнинг манфаатларини инобатга олиб, таътил бериш тавсия этилади.
Агар жадвалдан ташқари таътил олиш учун ариза берган ходим МКнинг 228-моддаси 4-қисмига мувофиқ имтиёзларга эга бўлмаса, унга рад жавобини беришингиз мумкин, ва – қатъий жадвал бўйича таътил бериш.
Агар ходим ўзи учун қулай бўлган вақтда таътил олиш ҳуқуқига эга бўлса, сиз таътил беришингиз ва, вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ходимнинг шу муддатга бошқа ходим билан алмаштирилиши масаласини ҳал қилишингиз керак.
Шунингдек сиз ходимнинг таътилдан фойдаланиш вақтини ҳам томонларнинг келишувига кўра имтиёзсиз ўзгартиришингиз мумкин
. Бир томоннинг талаби билан эмас, балки эришилган келишув асосида.
Келгусида имтиёзлар, ходимларнинг талаб-истакларини ва ишлаб чиқариш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, тузатишларни минималлаштириб, таътиллар жадвалини тузишни тавсия қиламиз.


Канал в телеграм