So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Qonunchilik / Qonunlar / «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонун (янги таҳрири)
bandlik-pr

«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонун (янги таҳрири)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

«АҲОЛИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШЛАР ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА

Юклаб олиш:

*doc 

Рус тилида юклаб олиш

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 13 январда қабул қилинган «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, № 4, 175-модда; 1993 йил, № 6, 238-модда; 1994 йил, № 5, 161-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 6, 118-модда) ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1998 йил 1 май,

616-I-сон

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

АҲОЛИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА

(янги таҳрири)

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солиб борилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ушбу Қонундагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб келаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга татбиқ этилади.

2-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш

Иш билан таъминланиш — фуқароларнинг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган, ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган фаолиятидир.

Унумли ва ижодий меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият, шу жумладан ҳақ тўланадиган ишни бажаришга алоқаси бўлмаган фаолият билан шуғулланиш мутлақ ҳуқуқи фуқароларга тегишлидир.

Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Кишиларнинг ихтиёрий равишда иш билан банд бўлмаслиги уларни жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди.

Қуйидагилар иш билан таъминланган деб ҳисобланади:

ёлланиб ишлаётган, шу жумладан ишни ҳақ эвазига тўлиқсиз иш вақтида ёки уйда бажараётган, шунингдек ҳақ тўланадиган бошқа ишга, шу жумладан вақтинчалик ишга эга бўлган;

бетоблиги, таътилда, касбга тайёрлашда, қайта тайёрлашда, малака оширишда эканлиги, ишлаб чиқариш тўхтатиб қўйилганлиги муносабати билан, шунингдек вақтинча иш жойида бўлмаганда ходимнинг иш жойи қонун ҳужжатларига мувофиқ сақланиб турадиган бошқа ҳолларда вақтинча иш жойида бўлмаган;

ҳақ тўланадиган лавозимга сайланган ёки тайинланган;

ўзини иш билан мустақил таъминлаётган, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган, ҳунармандлар, оилавий корхоналар иштирокчилари, деҳқон хўжаликлари, ишлаб чиқариш кооперативлари аъзолари, фермерлар ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқалар;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати қўшинларида ва уларнинг органларида хизматни ўтаётган, шунингдек муқобил хизматни ўтаётган;

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларда, шу жумладан диний ташкилотларда ишлаётган фуқаролар.

(2-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

3-модда. Ишсиз деб эътироф этиш

Ишсизлар — ўн олти ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар (бундан таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно).

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган, ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган шахслар ишсиз деб эътироф этилади.

(3-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Шахсларни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органи томонидан улар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилинади.

Қуйидагилар ишсиз деб эътироф этилмайди:

меҳнат органларида рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида таклиф этилган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган шахслар;

рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаган шахслар.

Таклиф этилган ишдан бош тортган кундан ёки мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаган кундан бошлаб ўттиз календарь кун ўтганидан кейингина шахс иш қидираётган сифатида қайта рўйхатдан ўтишга ҳақли бўлади.

Фуқароларни ишсиз сифатида рўйхатга олиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

4-модда. Мақбул келадиган иш

Биринчи марта иш қидираётган, касби (мутахассислиги) бўлмаган шахслар учун дастлабки касб тайёргарлигини талаб қилмайдиган иш, бундай ишни топиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда эса, уларнинг ёши ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳақ тўланадиган бошқа иш, шу жумладан вақтинчалик иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланади.

Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун уларнинг касб тайёргарлигига мос бўлган, ёшини, соғлиғи ҳолатини, меҳнат стажини ва аввалги мутахассислиги бўйича тажрибасини, янги иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлигини инобатга олувчи иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланади.

Ушбу Қонун 27-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ишсизлик нафақасини олиш даври тугаганидан сўнг касби (мутахассислиги) бўйича иш топиб бериш мумкин бўлмаган тақдирда, ишсизнинг қобилиятини, унинг соғлиғи ҳолатини, олдинги иш тажрибасини ва унинг учун қулай бўлган ўқитиш воситаларини инобатга олган ҳолда касбини (мутахассислигини) ўзгартиришни талаб қиладиган иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин.

(4-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Қуйидаги ҳолларда иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмас, агар:

иш яшаш жойини ўзгартириш билан боғлиқ бўлса;

таклиф этилган иш доимий яшаш жойидан анча узоқ бўлса ва транспортда қатнаш жиҳатидан қулай бўлмаса. Иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлигини (йўл қўйилиши мумкин бўлган узоқликни) мазкур жойда жамоат транспорти тармоғининг ривожланганлигини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органи аниқлайди;

таклиф этилган ишни рад этиш ишсизнинг соғлиғи ҳолатига, унинг ёшига ва бошқа узрли сабабларга кўра мавжуд монеликларга асосланган бўлса.

(4-модданинг тўртинчи қисми тўртинчи ва бешинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан тўртинчи хатбоши билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

5-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари

Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати қуйидаги принципларга асосланади:

меҳнат қилиш ва ишни эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишда барча фуқароларга жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи ва мансаб мавқеидан, динга муносабати, эътиқодидан, жамоат бирлашмаларига мансублигидан, шунингдек ходимларнинг ишчанлик жиҳатларига ҳамда улар меҳнатининг натижаларига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлардан қатъи назар тенг имкониятларни таъминлаш;

кишиларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларда меҳнат қилиш ва ҳаёт кечиришда муносиб шароитларни таъминлайдиган унумли ва ижодий меҳнат қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

меҳнат қилишнинг ихтиёрийлиги;

иш билан таъминланиш соҳасида ижтимоий кафолатлар бериш ва аҳолини ишсизликдан ҳимоя қилишни таъминлаш;

ижтимоий ҳимояга ўта муҳтож ва иш топишда қийналаётган фуқаролар учун мавжуд иш жойларини сақлаб қолаётган ва янги иш жойларини яратаётган иш берувчиларни рағбатлантириш;

иш билан таъминлаш соҳасидаги тадбирларни иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг бошқа йўналишлари билан мувофиқлаштириш;

аҳолини иш билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишда давлат органлари, касаба уюшмалари, ходимларнинг вакиллик органлари ва иш берувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги;

аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларини ҳал қилишда давлатлараро ҳамкорлик.

6-модда. Меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатлари

Давлат:

иш билан таъминлаш турини, шу жумладан турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлигини;

ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишдан ва меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишдан ҳимояланишни;

мақбул келадиган иш танлаш ва ишга жойлашишга бепул ёрдам беришни;

ҳар кимга касбга ва ишга эга бўлишда, меҳнат қилиш ва иш билан таъминланиш шарт-шароитларида, меҳнатга ҳақ тўлашда, хизмат поғонасидан юқорилаб боришда тенг имкониятлар яратишни;

янги касбга (мутахассисликка) бепул ўқитишни, маҳаллий меҳнат органларида ёки уларнинг йўлланмаси билан бошқа ўқув юртларида стипендия тўлаб малакасини оширишни;

бошқа жойдаги ишга қабул қилинганда сарф қилинган моддий харажатлар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация тўлашни;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун муддатли меҳнат шартномалари тузиш имкониятини кафолатлайди.

7-модда. Аҳолининг айрим тоифаларини ишга жойлаштиришдаги қўшимча кафолатлар

Давлат:

ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларга, шу жумладан ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарга ҳамда кўп болали ота-оналарга;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчиларига;

(7-модданинг биринчи қисми учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганларга;

(7-модданинг биринчи қисми тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

ногиронларга ва пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахсларга;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахсларга;

одам савдосидан жабрланганларга қўшимча кафолатларни таъминлайди.

(7-модданинг биринчи қисми олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан олтинчи ва еттинчи хатбошилар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Қўшимча кафолатлар қўшимча иш жойлари, ихтисослаштирилган корхоналар, шу жумладан ногиронлар меҳнат қиладиган корхоналар барпо этиш, иш ўргатишнинг махсус дастурларини ташкил этиш, корхона, муассаса ва ташкилотларга ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган тоифадаги фуқароларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чоралар билан таъминланади.

(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Иш берувчи иш жойларининг белгиланган энг кам миқдори ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан юбориладиган, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни ишга қабул қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз рад этган иш берувчи ва унинг ваколатли шахслари белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

(7-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

8-модда. Қуролли Кучлардан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган шахсларни ишга жойлаштиришдаги қўшимча кафолатлар

Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) ходим резервга бўшатилганидан ёки истеъфога чиққанидан кейин, башарти Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.

Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган), лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) кунидан бошлаб уч ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиб келиш ҳуқуқига эга.

Корхона қайта ташкил этилганда ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларни ишга жойлаштиришни унинг ҳуқуқий вориси, корхона тугатилганда эса — маҳаллий меҳнат органи амалга оширади.

Ходимларга ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган кафолатларни бериш мумкин бўлмаган ҳолларда, маҳаллий меҳнат органи ишга жойлаштиришни, зарур ҳолларда эса, касби бўйича бепул ўқитишни таъминлайди.

Ушбу моддада назарда тутилган кафолатлар муқобил хизматга чақирилган ходимларга ҳам татбиқ этилади.

(8-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 22 декабрдаги ЎРҚ-238-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 553-модда)

9-модда. Сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган ходимларни ишга жойлаштиришдаги қўшимча кафолатлар

Давлат органларидаги ёки ходимларнинг вакиллик органларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишдан озод қилинган ходимларга сайлаб қўйиладиган лавозимдаги ваколатлари тугагандан кейин аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаса, аввалгисига тенг иш (лавозим) берилади.

91-модда. Судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган ходимларни ишга жойлаштиришдаги қўшимча кафолатлар

Судьялик лавозимига сайланганлиги ёки тайинланганлиги туфайли ишдан озод қилинган шахсларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин судьялик лавозимига сайланишига ёки тайинланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

(91-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)

  1. ФУҚАРОЛАРНИНГ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАНИШ ҲУҚУҚЛАРИ

10-модда. Ишга жойлашиш ҳуқуқи

Унумли ва ижодий меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланиш ҳар кимнинг мутлақ ҳуқуқидир.

Ҳар ким иш берувчига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш йўли билан ёки меҳнат органларининг бепул воситачилиги орқали иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгадир.

(10-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

11-модда. Касб-корга доир маслаҳат олиш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва ахборотлар олиш ҳуқуқи

Иш қидираётган ва меҳнат органларига мурожаат қилган фуқаролар таъмин этиладиган иш турини, иш жойини ва меҳнат режимини эркин танлаш мақсадида касб-корга доир бепул маслаҳатлар олиш, касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтиш, малака ошириш ҳамда тегишли ахборот олиш ҳуқуқига эга.

12-модда. Ишсизлик даврида ижтимоий мадад олиш ҳуқуқи

Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

13-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги ҳамда чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат фаолияти

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, мустақил иш қидириш ва ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини мамлакат ҳудудидан ташқарида ишга жойлаштириш Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюролар томонидан амалга оширилади.

Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

(13-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан иккинчи ва учинчи қисмлар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

14-модда. Меҳнат органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят қилиш ҳуқуқи

Меҳнат органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан бўйсуниш бўйича юқори органга ёки мансабдор шахсга ёхуд бевосита судга шикоят қилиш мумкин.

III. АҲОЛИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ

15-модда. Давлат бошқарув органларининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Давлат бошқарув органлари:

меҳнат бозорини барпо этиш ва ривожлантиришни таъминловчи тузилмавий, молиявий, кредит, инвестиция ва солиқ сиёсатини амалга оширишга доир тадбирларни ишлаб чиқади;

иқтисодиёт тузилишини таҳлилий тадқиқ этади, меҳнат бозори ҳолати ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги аҳволнинг истиқболини белгилайди, бу соҳада давлат статистика ҳисоби ва ҳисоботини юритади;

аҳолини иш билан таъминлаш дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

фуқароларнинг иш билан таъминланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат томонидан тегишли равишда кафолатланишини, шунингдек ҳимоя қилинишини таъминлайди;

қўшимча иш жойлари яратилишига, меҳнат шароитлари яхшиланишига кўмаклашади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

16-модда. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва унинг маҳаллий органларининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқариш ҳамда фуқароларга тегишли кафолатларни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва унинг маҳаллий органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:

меҳнат бозорини таҳлил этади ва истиқболини белгилайди ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш даражасини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

аҳолини иш билан таъминлаш масалалари юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий меҳнат органларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағларидан ишсиз шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, янги иш жойлари яратиш, иш билан банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш учун фойдаланишнинг йўналишларини белгилайди;

аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Маҳаллий меҳнат органлари:

фуқароларга мақбул келадиган ишни танлашда, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бошқа иш берувчиларга эса зарур ходимларни танлашда ёрдам беради;

меҳнат органларига мурожаат қилган фуқаролар ва иш берувчиларга иш топиш ва ишчи кучи билан таъминланиш имкониятлари тўғрисида, ходимларга нисбатан қўйилаётган талаблар ҳақида ва иш билан таъминлашга тааллуқли бошқа масалалар юзасидан маслаҳатлар беради;

ишламаётган фуқароларни касбга ўргатиш, қайта ўргатиш ва малакасини ошириш тўғрисида ўқув юртлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан шартномалар тузади;

ишсиз шахсларни рўйхатга олишни таъминлайди ва уларга ёрдам кўрсатади, шу жумладан нафақалар тайинлаш ва тўлашни амалга оширади;

меҳнат бозорининг ҳолатига ва мазкур бозорни ривожлантириш истиқболларига баҳо беради, унинг мониторингини ташкил этади ва ўтказади ҳамда тегишли ахборот тарқатилишини таъминлайди;

иш қидириб мурожаат қилаётган фуқароларнинг, шунингдек бўш иш жойларининг (вакант лавозимларнинг) ҳисобини юритади;

(16-модданинг учинчи қисми еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

аҳолини иш билан таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;

иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларининг бажарилиши мониторингини ушбу дастурларга киритилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган ахборот, шунингдек давлат статистика органларининг маълумотлари асосида амалга оширади;

(16-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан мўлжалланаётган тузилмавий ўзгаришлар ҳамда амалга оширилиши натижасида ходимлар ишдан озод этилиши мумкин бўлган бошқа тадбирлар тўғрисида, шунингдек бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) бор-йўқлиги, меҳнат хусусияти ва шароитлари тўғрисида ахборотлар олади;

давлат ва нодавлат таълим муассасаларидан уларнинг йўналиши ва ихтисослашуви, битирувчиларнинг касб-малака таркиби ва сони тўғрисида ахборотлар олади;

меҳнат органларига мурожаат этган фуқароларни касб тайёргарлиги ва малака даражасига мувофиқ корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга уларда бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) бўлган тақдирда ишга жойлаштириш учун юборади;

корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга қабул қилишга мўлжалланган энг кам миқдордаги иш жойларини белгилаш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади ва уларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муҳокамасига киритади, шунингдек мазкур фуқароларни ишга жойлаштириш учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга юборади;

корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ишончномаси асосида улар номидан фуқароларни ишга жойлаштириш тўғрисида уларни олдиндан (зарурат бўлган тақдирда) касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, йўлкира, кундалик харажатлар ҳақини тўлаш шарти билан шартномалар тузади, шунингдек янги яшаш ва иш жойига кўчиб бориш чоғида тегишли корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан ёрдам пули беради;

ишсизларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига белгиланган тартибда уларнинг ўз хоҳишига кўра жўнатади;

(16-модданинг учинчи қисми ўн бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасининг маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади;

фуқароларга ишсизлик нафақасини белгиланган тартибда тайинлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Меҳнат органлари томонидан аҳолига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга, бошқа иш берувчиларга кўрсатилаётган хизматлар, шу жумладан меҳнат бозори ҳолати тўғрисида ахборот бериш бепул амалга оширилади.

(16-модданинг номи, биринчи ва иккинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 12 майдаги 220-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 5-сон, 89-модда)

17-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги ваколатларига қуйидагилар киради:

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга ошириш;

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг умумий принциплари амалга оширилишини таъминловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;

(17-модданинг биринчи қисми учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

(17-модданинг биринчи қисми тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

касаначилик, ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ва олий ўқув юртларининг битирувчиларини иш билан таъминлаш;

(17-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

ушбу Қонуннинг 7-моддасида кўрсатилган фуқароларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш ёки айрим турдаги ишларни (касбларни) эҳтиёт тариқасида сақлаб туриш;

меҳнат бозоридаги аҳвол барқарорлашувига кўмаклашувчи, шу жумладан меҳнат шартномалари оммавий равишда бекор қилинишининг олдини олишни, мавжуд иш жойларини сақлаб қолиш ва янги иш жойларини яратишни, ҳақ тўланадиган вақтинчалик ва жамоат ишларини ташкил қилишни, устувор ривожланиш ҳудудларини аниқлашни ўз ичига олган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан, шунингдек жамоа келишувлари билан ушбу Қонунга зид бўлмаган, фуқароларнинг ижтимоий муҳофазаланганлигини кучайтирувчи мақбул келадиган иш таклиф этиш, ишсизларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатга олишнинг бошқа шартлари ва тартиби, шу жумладан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ишсизлик нафақаларини тўлаш муддатларини узайтириш ва миқдорларини ошириш, жамоат ишларидаги меҳнатга ҳақ тўлаш, шунингдек касбга ўқитиш даврида стипендия тўлаш назарда тутилиши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш тўғрисидаги қарорни олти ойгача муддатга тўхтатиб қўйиши мумкин, бунда улар ана шу кечиктириш туфайли корхоналар, муассасалар, ташкилотлар кўрадиган зарарни қисман ёки тўлиқ қоплайди.

18-модда. Иш берувчиларнинг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштироки

Ўзбекистон Республикасида иш берувчилар иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга қуйидаги йўллар билан кўмаклашадилар:

меҳнатга оид муносабатларни тартибга солувчи шартнома ва келишувлар шартларини бажариш;

ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун шароит яратиш;

Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасига молиявий ажратмалар ўтказиш;

иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини амалга оширишда иштирок этиш;

(18-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда миқдорини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари белгилайдиган иш жойларига ушбу Қонуннинг7-моддасида кўрсатилган фуқароларни ишга жойлаштириш;

бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) бор-йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни, олдиндан (камида икки ой олдин) маҳаллий меҳнат органига мўлжалланаётган ишдан озод қилишлар тўғрисидаги ахборотларни бўшаб қоладиган ҳар бир ходимни кўрсатган ҳолда тақдим этиш. Бўш иш жойлари бор-йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳамда ходимларнинг ишдан озод қилиниши тўғрисидаги ахборотларни тақдим этиш тартиби ва муддатлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

(18-модданинг биринчи қисми олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳрирда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)

Ахборотнинг ўз вақтида тақдим этилмаслигида ва бўш иш жойларини (вакант лавозимларни) яширганликда айбдор бўлган ҳамда Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасига ажратмалар ўтказишдан бош тортган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини яратишга доир қарорларини бажармаганлик учун, шунингдек аввал талабнома берилган, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим олган ёки касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга юборилган шахсларни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилади.

(18-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Иш берувчиларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун белгиланган энг кам миқдордан ортиқроқ қўшимча иш жойларини яратиш, шунингдек бундай шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш мақсадида қилган сарф-харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари, Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағлари ва бошқа маблағлар ҳисобидан қопланади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг иш жойларини қисқартириш ёки тугатиш касаба уюшмалари қўмиталари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

(18-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

19-модда. Касаба уюшмалари ва ходимлар бошқа вакиллик органларининг аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашишдаги иштироки

Касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, иш берувчиларга аҳолини иш билан таъминлаш ва аҳолининг ижтимоий кафолатларига оид масалалар юзасидан ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказиш ҳақида таклифлар киритиш.

20-модда. Аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи мувофиқлаштириш қўмиталари

Аҳолини иш билан таъминлаш сиёсатини белгилаш ва амалга ошириш бўйича келишилган қарорларни ишлаб чиқиш мақсадида республика миқёсида ва маҳаллий миқёсларда касаба уюшмаларининг ёки ходимлар бошқа вакиллик органларининг, иш берувчилар уюшмаларининг, давлат бошқарув органларининг ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар манфаатларини ифодаловчи бошқа манфаатдор ташкилотларнинг вакилларидан иборат аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи мувофиқлаштириш қўмиталари тузилади.

21-модда. Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси

Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш чора-тадбирларини молиялаш ва меҳнат органларининг самарали фаолият кўрсатиши учун Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси тузилади.

Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда қуйидагилар ҳисобидан ҳосил этилади:

корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдордаги мажбурий ажратмалар, бу харажатларни маҳсулот таннархига қўшиш шарти билан;

(21-модданинг иккинчи қисми иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августдаги 832-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 229-модда)

республика ва маҳаллий бюджетлар маблағларидан тегишли бюджетларни шакллантириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган миқдордаги дотациялар;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларни бузганлик учун маҳаллий меҳнат органлари томонидан солинадиган жарима ва ҳисоблаб чиқариладиган пенялар суммаси;

юридик ва жисмоний шахсларнинг қўшимча ва янги иш жойларини яратиш учун Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағларидан шартнома асосида фойдаланганидан келган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий бадаллари;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тушумлар.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ажратмалари ҳисобига ҳосил этиладиган Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағларининг етмиш фоизи кейинчалик уларни туманлар ва шаҳарлар ўртасида қайта тақсимлаш шарти билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат органларининг тасарруфида қолади, ўттиз фоизи эса республика миқёсида марказлаштирилади.

Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағларини сарфлаш йўналишлари аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги тегишли республика, ҳудудий ва бошқа махсус дастурларга мувофиқ белгиланади.

22-модда. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари меҳнат органларининг таклифига кўра ва уларнинг иштирокида аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида ўз мулкидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳамда шартномалар асосида бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг амалга оширилишини ташкил этадилар.

Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар билан ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун кейинчалик узайтириш ҳуқуқи билан икки ой муддатгача бўлган муддатли меҳнат шартномалари тузилади.

(22-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Жамоат ишларини бажариш чоғида фуқароларга бажарилаётган ишга қараб, бироқ ўн беш фоизга оширилган ишсизлик нафақасидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш, ана шу ишлар муддатини умумий меҳнат стажига қўшиш, пенсия таъминоти ва вақтинча ишга лаёқатсизлик юзасидан нафақалар олиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш ва молиялаш, шунингдек ишсиз шахсларнинг бундай ишларда иштирок этиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

(22-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги 729-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 1-сон, 20-модда)

23-модда. Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш

Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин, агар:

ишсиз шахс зарур касб малакасига эга бўлмаганлиги туфайли унга мақбул келадиган иш танлаш мумкин бўлмаса;

ишсиз шахснинг касб кўникмаларига мос келадиган иш йўқлиги сабабли унинг касбини (мутахассислигини, машғулот турини) ўзгартириш зарур бўлса;

ишсиз шахс аввалги касби бўйича иш бажариш қобилиятини йўқотган бўлса.

Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ўқув юртларида меҳнат органларининг йўлланмалари бўйича Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасининг ана шу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

  1. IV. ИШДАН МАҲРУМ БЎЛГАН ЧОҒДАГИ ИЖТИМОИЙ КАФОЛАТЛАР

24-модда. Ишсиз шахсларга моддий мадад беришга оид кафолатлар

Давлат ишсиз шахсларга қуйидагиларни кафолатлайди:

ишсизлик нафақаси тўлаш;

меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни умумий меҳнат стажига қўшиш;

ишсиз шахсга қарамоғидагиларини ҳисобга олган ҳолда моддий ёрдам бериш;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имконияти;

меҳнат органларининг таклифига биноан ишлаш учун ихтиёрий равишда бошқа ерга кўчиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш.

25-модда. Меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ходимларга моддий мадад бериш учун белгиланган қўшимча кафолатлар

Меҳнат шартномаси:

ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли;

технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги сабабли;

ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли;

шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга қайта тикланиши сабабли бекор қилинган ҳолларда иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган кафолатлар мулкдор ўзгарганлиги сабабли корхона раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам татбиқ этилади.

Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўн календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсалар, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойларидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган ходимларга уч ой мобайнида мақбул келадиган иш топиб берилмаган тақдирда, улар ишсиз деб эътироф этилади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган, меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ўн кун ичида маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган ва касби бўйича қайта ўқитилаётган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малакасини ошираётган ходимларга ушбу Қонуннинг мазкур моддаси саккизинчи қисмида ҳамда 26-моддасида назарда тутилган тартибда ва миқдорларда стипендия тўланади.

Агар иш берувчи ночор (банкрот) деб топилса, у билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ходимлар иш ҳақи ва ўзларига тегишли бошқа тўловлар хусусида бошқа барча кредиторларнинг талабларига нисбатан имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланадилар.

Тугатилаётган корхоналарнинг маблағи бўлмаган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимларга компенсациялар иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

(25-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелдаги 772-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 5-сон, 124-модда)

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилиши, ходимлар сони (штати) қисқартирилиши муносабати билан ишдан озод этилган, меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ўн кун ичида меҳнат органларида рўйхатга олинган ҳамда касби бўйича қайта ўқитилаётган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малакасини ошираётган ходимларга меҳнатга оид муносабатлар тўхтатилган кундан бошлаб дастлабки уч ой давомида олдинги ишидаги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.

Меҳнат органи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан ишдан бўшатилаётган шахсларни ишга қабул қилишда уларнинг ўқишини ташкил этиш харажатларини тўла ёки қисман қоплаши мумкин.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса туфайли ёки ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра касб касаллигига йўлиқиш натижасида ишдан маҳрум бўлган ҳамда ишга жойлашишга ва касбга тайёрлашга ва қайта тайёрлашга, малакани оширишга муҳтож шахслар ишдан озод этилган ходимларга тенглаштирилади.

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган, пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсияга чиқиш учун талаб этиладиган умумий меҳнат стажига эга бўлган шахсларга муддатидан олдин (қонун ҳужжатларида белгиланган умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш муддатидан икки йил олдин) пенсияга чиқиш ҳуқуқи берилади.

26-модда. Касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакани ошириш даврида фуқароларга тўланадиган стипендияларнинг миқдори

Ушбу Қонуннинг 25-моддасида кўрсатиб ўтилган шахслардан ташқари ишидан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган, меҳнат органларида рўйхатга олинган, қарамоғида вояга етмаган болалари ва бошқа кишилар бўлган шахсларга касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малака ошириш даврида олдинги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг камида етмиш беш фоизи (қарамоғида болалари ва бошқа кишилар бўлмаганларга эса — эллик фоизи) миқдорида, бироқ қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан оз бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.

Узоқ вақт (бир йилдан кўпроқ) ишламаётган, биринчи марта иш қидираётган ҳамда касбга тайёрлашга ва қайта тайёрлашга, малака оширишга муҳтож шахсларга аҳолининг шу тоифаси учун назарда тутилган ишсизлик нафақасидан оз бўлмаган ва қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда стипендия тайинланади.

27-модда. Ишсизлик нафақаларини тўлаш шартлари ва муддатлари

Ишсизлик нафақаси ушбу Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ ишсиз деб эътироф этилган шахсларга тайинланади. Қарамоғида учтагача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркакларга ишсизлик нафақаси улар ҳақ тўланадиган жамоат ишларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда иштирок этган тақдирда тайинланади.

(27-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги 729-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 1-сон, 20-модда)

Ишсизлик нафақаси уларга маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ёзилади ва тўланади.

Ишсизлик нафақаси кўпи билан:

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта;

илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган шахсларга эса ўн икки ойлик давр мобайнида ўн уч календарь ҳафта тўланади.

Ишсиз ишсизлик нафақасини олиш даврида иш қидириши ва ҳар икки ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органига ишга ёки касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга, малакасини оширишга йўлланма олиш учун мурожаат қилиши шарт.

(27-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

28-модда. Ишсизлик нафақаси миқдорларини аниқлаш тартиби

Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун ишсизлик нафақаси олдинги иш жойидаги охирги бир йилги ўртача иш ҳақига фоиз нисбатида белгиланади. Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига фоиз нисбатида белгиланади.

Қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган болалари ва бошқа кишилар бўлган ишсиз шахсларга нафақа миқдори ўн фоизга оширилади.

Иш ҳақига коэффициентлар белгиланган жойларда яшовчи шахсларга тайинланадиган ишсизлик нафақаси миқдорлари уларнинг шу жойларда яшаган даври учун мазкур жойда ноишлаб чиқариш тармоқларининг ходимларига белгиланган коэффициентни қўллаган ҳолда аниқланади. Ишсизлик нафақаси миқдорини ҳисоблаб чиқишда район коэффициентларини қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан белгиланади.

(28-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 12 майдаги 220-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 5-сон, 89-модда)

29-модда. Ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган шахсларга мўлжалланган ишсизлик нафақасининг миқдори

Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган тақдирда, ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга олдинги иш жойидаги ўртача иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтида Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси тўлаш кафолатланади.

30-модда. Ҳарбий хизматдан, Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати органларидан бўшатилган шахсларга мўлжалланган ишсизлик нафақасининг миқдори

Ҳарбий хизматдан, Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати органларидан бўшатилиши муносабати билан иш ҳақидан маҳрум бўлган шахслар ушбу Қонуннинг 29-моддасиданазарда тутилган шартлар асосида ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

Ҳарбий хизматдан, Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати органларидан бўшатилган ҳамда маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилишдан олдин ишламаган шахсларга нафақа миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдори даражасида ҳисоблаб чиқарилади.

31-модда. Биринчи марта иш қидираётган шахсларга мўлжалланган ишсизлик нафақасининг миқдори

Илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган ва ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга маҳаллий меҳнат органи томонидан касбга тайёрлаш ёки ишга жойлашиш имконияти берилмаган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг камида етмиш беш фоизи миқдорида нафақа тўлаш кафолатланади.

32-модда. Узоқ танаффусдан кейин иш қидираётган шахсларга мўлжалланган ишсизлик нафақасининг миқдори

Узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган ишсиз шахсларга қуйидаги миқдорда нафақа тўлаш кафолатланади:

мутахассислиги бўлган шахслар учун, шунингдек ўн икки ой мобайнида ҳақ тўланадиган иш билан бандлиги ўн икки календарь ҳафтадан кам бўлмаган шахслар учун, агар уларнинг ишга жойлашиши учун касбга қайта ўргатишни ёки малакасини оширишни талаб қилмаса, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда;

бошқа ҳолларда, шу жумладан, мутахассислиги бўлмаган шахсларга, маҳаллий меҳнат органи томонидан касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш имконияти берилмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг етмиш беш фоизи миқдорида.

33-модда. Касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтган, малака оширишни тугатган шахсларга мўлжалланган ишсизлик нафақасининг миқдори

Ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтгандан, малака оширишни тугатгандан кейин қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

34-модда. Ишсизлик нафақаси тўлашни бекор қилиш, тўхтатиб қўйиш ва унинг миқдорини камайтириш

Қуйидаги ҳолларда ишсизлик нафақасини тўлаш бекор қилинади:

ишсиз шахс ишга жойлашганда;

ишсиз шахс таклиф қилинган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган тақдирда;

қарамоғида учтагача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркак ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этишни рад этган тақдирда;

(34-модданинг биринчи қисми тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги 729-I-сон Қонунига мувофиқ киритилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 1-сон, 20-модда)

ишсиз шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган тақдирда;

ишсиз шахс суднинг ҳукми билан қамоқ ёки озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазога ҳукм этилган тақдирда;

ишсизлик нафақасини олиб турган даврда маҳаллий меҳнат органини хабардор қилмай вақтинчалик бажариладиган ишга жойлашилган тақдирда;

ишсизлик нафақасини алдов йўли билан олган тақдирда;

ишсиз шахс вафот этган тақдирда.

Қуйидаги ҳолларда ишсизлик нафақасини тўлаш тўхтатиб қўйилади:

ишсиз шахс касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ёки малака оширишга юборилган бўлса, стипендия олган ҳолда касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтиш ёки малака ошириш даврида;

ишсиз шахс ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасида даволаш курсини ўтаётган бўлса, бундай муассасада бўлган даврида;

ишсиз шахс ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этаётган бўлса, бундай ишларда иштирок этган даврида.

(34-модданинг иккинчи қисми тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги 729-I-сон Қонунига мувофиқ киритилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 1-сон, 20-модда)

Ишсиз шахс узрсиз сабабларга кўра белгиланган муддатда маҳаллий меҳнат органига келмаган тақдирда, ишсизлик нафақасини тўлаш уч ойгача муддатга тўхтатиб қўйилиши ёки нафақа миқдори камайтирилиши мумкин.

35-модда. Ишсиз фуқароларга моддий ёрдам

Ишсизлик нафақасини тўлашнинг белгиланган муддати ўтиши муносабати билан ишсизлик нафақасини олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган ишсиз фуқароларга Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасидан ёки маҳаллий бюджетлардан ажратиладиган моддий ёрдам кўрсатилиши мумкин.

Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси ёки маҳаллий бюджетлар маблағларидан ажратиладиган моддий ёрдам кўрсатиш тартиби, миқдори ва шартлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.

(35-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 12 майдаги 220-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 5-сон, 89-модда)

 

0
1

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

Иш билан банд бўлганлар тоифасига кимлар киради?

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 майдаги 106-сон қарори билан тасдиқланган “Ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан …