So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Adabiyotlar / Referatlar / Интизомий жазолар ва уларни қўллаш

Интизомий жазолар ва уларни қўллаш

КИРИШ

АСОСИЙ ҚИСМ

  1. Корхоналарда ички меҳнат тартиби қоидалари. Меҳнат интизоми тушунчаси ва уни таъминлаш усуллари.
  2. Интизомий жавобгарлик ва интизомий жазолар.

III. Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бузганлиги учун интизомий жазо чораси сифатида меҳнат шартномасини бекор қилиш.

ХУЛОСА

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

Кириш

Меҳнат муносабатларининг ўзига хос хусусиятларидан бири – бу фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан фарқли равишда ички меҳнат тартиби қоидаларининг бўлиши ҳамда унга барча ходимларнинг қатъий риоя қилишидан иборатдир. Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаб чиқаришнинг юқори кўрсаткичлари ва хизмат кўрсатиш сифатининг юқори бўлишининг асосий омилларидан бири меҳнат интизоми бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, меҳнат интизомига оғишмай риоя қилиш ходимларга рағбатлантириш турларини қўллаш учун ҳам асос бўлади.

Меҳнат интизомининг мазмуни ўзида ходимлар ва иш берувчиларнинг ўзаро мажбуриятларини виждонан ва аниқ бажаришга қаратилган ҳаракатларини ифодалайди. Шундай экан, интизомий жавобгарлик ва интизомий жазолар ҳақида гапиришдан олдин иш берувчилар ва ходимларнинг ўзаро мажбуриятлари нималардан иборат эканлигини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Иш берувчининг мажбуриятлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

— ходимларнинг меҳнатини ташкил этиш;

— қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида кўзда тутилган меҳнат шарт-шароитларини яратиш;

— ходимга у бажарган иш учун корхонада белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда ҳақ тўлаш.

— меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини, меҳнатни муҳофаза қилиш шарт-шароитини таъминлаш;

— қонунчиликка жамоа ва меҳнат шартномасига мувофиқ ходимлар томонидан дам олиш ҳуқуқини амалга оширишни, уларга кафолатли ва бадал тўловлари тўланишини таъминлаш;

— меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан унга етказилган зарар учун ходимга ҳақ тўлаш;

— ходимларнинг ваколатли органлари ҳуқуқларига риоя қилиш, уларнинг фаолиятига кўмаклашиш, меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича музокаралар олиб бориш;

— меҳнат кодексига мувофиқ жамоа шартномаларини тузиш.

Ходимнинг мажбуриятлари бўлиб эса қуйидагилар ҳисобланади:

— ўзининг хизмат вазифаларини виждонан бажариш;

— меҳнат интизомига риоя қилиш, иш берувчининг қонунга мувофиқ келадиган фармойишлари ва кўрсатмаларини ўз вақтида ҳамда аниқ бажариш;

— меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитариясига доир қоидаларга риоя қилиш;

— корхонанинг мол-мулкига авайлаб муносабатда бўлиш;

— меҳнат жамоасининг аъзолари, корхона мижозлари ва иш жараёнида алоқа қиладиган бошқа шахслар билан хушфеьл муносабатда бўлиш.

Ходимларнинг ўз меҳнат вазифаларини бузиши интизомий жазолар қўлланишига сабаб бўлади, интизомий жазо чоралари бошқа жазо турларидан ўзига хос белгилари билан ажралиб туради.

Корхоналарда ички меҳнат тартиби қоидалари. Меҳнат интизоми тушунчаси ва уни таъминлаш усуллари

    Маълумки, меҳнат интизоми ишлаб чиқариш жараёнидаги объектив заруратдир. Меҳнат интизоми ҳуқуқий нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилган ишлаб чиқариш иштирокчиларининг ўзаро муносабатларини белгиловчи тартиб бўлиб ҳисобланади.2

    Меҳнат интизоми биргаликдаги меҳнатнинг зарурати бўлиб, унинг иштирокчилари муайян тартибга бўйсунмаслиги мумкин эмас.

    Меҳнат интизоми ўрганиладиган турли фанларнинг предмети бўлиб ҳисобланади. Қонунчилик соҳасида меҳнат интизоми ҳуқуқий категория-туркум сифатида ўрганилади.

    Меҳнат интизомининг ҳуқуқий категория — туркум сифатидаги қуйидаги жиҳатлари мавжуддир:

    биринчидан, меҳнат ҳуқуқининг асосий тармоқ принципларидан бири бўлиб, унинг мазмуни намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларида, шунингдек Меҳнат кодексининг 176 ва 177-модаларида баён этилган.

    Мазкур моддаларга биноан, ходим меҳнат интизомига қатъий риоя қилиши, ўз меҳнат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажарилиши лозим. Меҳнат интизомини таъминлаш эса иш берувчининг вазифасидир.

    Иккинчидан, меҳнат интизоми меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларнинг элементи сифатида ҳам баён бўлади. Бу эса МКнинг 176-моддасида баён этилган асосий вазифаларидан бири бўлиб, ходим ҳамда иш берувчи ўртасида меҳнат шартномаси бузилганлиги сабабли ўрнатилган интизом талабларини ҳалол ҳамда виждонан бажариш мажбуриятидир. Бу барча ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар юзасидан келиб чиқадиган умумий бурчи бўлиб, кейинчалик ҳар бир ходимнинг меҳнат функциясига доир вазифаси, унинг лавозими, бажараётган ишига қараб алоҳида-алоҳида қилиб аниқлаштирилади. Бу эса лавозимлар ҳақидаги низомлар, инсрукциялар, малака маъмулотномаларида белгилаб қўйилгандир.

    Учинчидан, меҳнат интизоми меҳнат ҳуқуқининг институти сифатида намоён бўлишидир. Бу эса корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларини, ходим ҳамда иш берувчининг бурчларини тартибга солувчи, шунингдек ҳалол меҳнат ва ишдаги ютуқлар учун рағбатлантириш чоралари ҳамда меҳнат интизомини бузганлик учун ходимларнинг интизомий жавобгарлигини белгиловчи ҳуқуқий нормалар тизимидан иборатдир.

    Тўртинчидан, меҳнат интизоми ўз табиатига кўра, ходимнинг ҳақиқий ахлоқи кўринишида мавжуддир. Бу эса барчанинг ишлаб чиқаришда меҳнат интизомига қай даражада риоя қилаётганлигини билдиради. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ишлаб чиқаришдаги меҳнат унумдорлиги меҳнат жараёнида барчанинг бевосита меҳнат интизомига риоя қилиш даражасида боғлиқдир.1

    Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, юридик адабиётларда, баъзан норматив ҳужжатларда меҳнат интизоми, ишлаб чиқариш интизоми, технология интизоми каби тушунчалар тез-тез учраб ва баъзан эса уларнинг ўзаро нисбати ҳам фарқланиб кўрсатилади.2

    Меҳнат ҳуқуқи соҳасидаги олимларнинг фикрича, меҳнат интизоми кенг ва умумий тушунча бўлиб, у ўз ичига ишлаб чиқариш ва технология интизомларини ҳам қамраб олади. Бунинг исботи сифатида шуни айтиш мумкинки, ходимнинг технология интизомига риоя қилиш бурчи, шунингдек иш берувчининг меҳнат ва ишлаб чиқариш интизоми таъминлаб бериш мажбурияти Меҳнат кодексининг XI Меҳнат интизоми бобида баён этилган. Юридик адабиётларда ҳам аввалдан бу ҳақда шу каби фикрлар мавжуддир.3

    Меҳнат интизомини таъминлаш усуллари Меҳнат кодексининг 179-моддасида баён этилган. Мазкур моддага мувофиқ, меҳнат шартномасини таъминлаш қуйидаги усуллар орқали таъминланади:

    биринчидан, корхонада нормал тарзда ишлаш учун зарур ташкилий ва иқтисодий шароитлар яратиб бериш;

    иккинчидан, ҳалол меҳнат учун рағбатлантириш ва мукофотлаш усуллари билан;

    учинчидан, ноинсоф ходимларга нисбатан жазо чораларини қўлланиш орқали таъминланади.

    Аввало шуни айтиш керакки, зарур ташкилий ва иқтисодий шароитларни яратиб қўйиш Меҳнат кодексининг 177-моддасида назарда тутилган ва иш берувчининг бурчлари билан боғлиқдир. Бозор иқтисодиёти шароитида иқтисодий шароитларни яратиб бериш муҳим бўлиб, у ҳам иш берувчи, ҳам ходимлар учун катта аҳамиятга эгадир. Бу ўринда, биринчи навбатда, корхонанинг иқтисодий ҳолати, нормал меҳнат қилиш учун тегишли шароитларнинг яратиб қўйилганлиги бевосита меҳнат унумдорлигининг ўсишига кўмаклашиш, пировард натижада иш берувчи ҳамда ходимларнинг манфаатларини қондириш воситасидир. Бу эса меҳнат унумдорлигининг ўсиши, иш сифатининг яхшиланишига, корхонадаги барча ходимларнинг моддий тушмуш даражасининг юксалишига кўмаклашади.

Ички меҳнат тартибини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш

    Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 174-моддасига мувофиқ, корхоналарда меҳнат тартиби ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади. Бу қоидалар ишлаб чиқариш жараёнида қатнашувчиларнинг биргаликдаги меҳнатини тартибга солувчи асосий норматив ҳужжатдир. Амалдаги ички меҳнат тартиби қоидаларининг учта тури мавжуд бўлиб, булар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг намунавий қоидаларидан иборатдир. Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, халқ хўжалигининг баъзи тармоқларида (масалан, темир йўл транспорти, фуқаролик авиацияси ва бошқалар) айрим тоифа ходимлар учун интизом тўғрисидаги уставлар ва низомлар амал қилади. Ички меҳнат тартиби қоидаларининг асосий мақсади ходимларни меҳнатга онгли муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш, меҳнат интизомини янада мустаҳкамлаш, меҳнатни илмий асосда ташкил этиш, иш вақтидан оқилона фойдаланиш, дам олиш вақтидан оқилона фойдаланиш, юқори иш сифатига эришиш, меҳнат унумдорлиги ва ижтимоий ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишдан иборатдир.

    Улар локал тарзидаги норматив ҳужжат бўлиб, мазкур қоидаларда таъкидланганидек, меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни қонун-қоидага солиш, шунингдек иш берувчи билан ходим ўртасида иш вақти ва дам олиш вақтидан фойдаланиш, меҳнат интизоми ва бошқа меҳнатга оид муносабатлардан келиб чиқадиган масалаларни тартибга солади. Ҳозирги кунда амал қилиб келаётган бундай норматив ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 1999 йил 4 майда Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси билан келишиб тасдиқланган бўлиб, у идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъий назар, корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг Намунавий ички меҳнат тартиби қоидалари1 деб аталади. Мазкур қоидалар иш берувчилар ҳамда ходимлар учун риоя қилиниши мажбурий бўлган қоидаларни ўз ичига олади. Уларга риоя этмаслик қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Намунавий қоидалар беш бўлимдан иборат:

биринчи бўлим — умумий қоидалар;

иккинчи бўлим — меҳнат шартномаси (контракти)ни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби;

учинчи бўлим — меҳнат интизомини таъминлаш ва жавобгарлик;

тўртинчи бўлим — иш вақти ва дам олиш вақти;

бешинчи бўлим — меҳнат шартномаси тарафлари ўртасидаги ихтилофларни ҳал этиш.

Намунавий ички меҳнат тартиби қоидалари асосида вазирликлар ва идоралар тегишли марказий (Республика) касаба уюшмалари қўмиталари билан келишиб халқ хўжалигининг муайян тармоғи хусусиятларига тадбиқан тармоқларнинг ички меҳнат тартиби қоидаларини ишлаб чиқадилар. Корхоналар, ташкилотлар, муассасалардаги ички меҳнат тартиби қоидалари ана шу Намунавий меҳнат тартиби қоидалари асосида иш шароитига тадбиқан ишлаб чиқилади ва у иш берувчи томонидан касабалар уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишиб тасдиқланади.

    Намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларининг юридик аҳамияти нуқтаи назаридан қаралганда, тармоқларнинг ички меҳнат тартиби қоидалари ва маҳаллий ички меҳнат тартиби қоидаларининг мазмуни мажбурий ва Намунавий қоидаларга бўлинади. Мажбурий қоидалар тармоқ ва маҳаллий ички меҳнат тартиби қоидаларига бирор ўзгартиш киритишни тақозо этмайди (масалан, меҳнат шартномаси тузиш, ўзгартириш ёки бекор қилишга оид қоидалар, меҳнат интизомини бузганлик учун жазо чоралари, жазо чорасининг қўлланиш ва олиб ташлаш тартиби бирдай қолаверади).

    Интизомий жазо чоралари ва Намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларидан ташқари, фақат интизомий жавобгарлик тўғрисидаги қонунлар, интизом тўғрисидаги устав ва низомлар асосидагина белгиланиш мумкин. Намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларининг айрим қоидалари меҳнат ҳақидаги қонунларнинг махсус нормалари ва муайян халқ хўжалиги тармоғи ёки конкрет корхона, муассаса, ташкилотнинг ўзига хос меҳнат шароитларини ҳисобга олган ҳолда тўлдирилиши ва аниқроқ баён этилиши мумкин. Бундай қўшимча ва киритилган аниқликлар кўпроқ ходимлар ва иш берувчининг бурчлари, иш вақти ва ундан фойдаланиш, дам олиш вақти, меҳнатга ҳақ тўлаш, ишдаги муваффақиятлар учун рағбатлантириш тўғрисидаги бўлимларга киритилади. Муҳими шундаки, тармоқларннг ички меҳнат тартиби қоидалари ва корхоналарнинг ички меҳнат тартиби қоидалари Республиканинг Меҳнат кодекси ҳамда Намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларига ва меҳнат ҳақидаги бошқа норматив ҳужжатларга хилоф бўлиши мумкин эмас.

Қонун талабига кўра, ходим ишга қабул қилинаётганида иш берувчи уни корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидалари билан таништирмоғи лозим. Ички меҳнат тартиби қоидалари интизом тўғрисидаги устав ва низомлардан ташқари корхона, муассаса, ташкилотдаги ички меҳнат тартиби қоидалари, хавфсизлик қоидалари, мансаблар ҳақидаги низом ва инструкциялар, иш берувчи ҳамда юқори турувчи органларнинг буйруқ ва фармойишлари билан ҳам тартибга солинади.

    Ички меҳнат тартиби қоидалари корхонанинг ҳамма бўлимларида кўринарли жойга осиб қўйилади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 175-моддасида кўрсатилишича, халқ хўжалигининг айрим тармоқларида баъзи тоифа ходимлар учун интизом тўғрисидаги ва низомлар амал қилади. Интизом ҳақидаги уставлар халқ хўжалигининг баъзи тармоқларида ва меҳнат интизомини бузиш оғир оқибатларга олиб келадиган айрим иш турларидаги баъзи тоифа ходимларнинг меҳнат интизомларини таъминлашга қаратилган норматив ҳужжатдир. Интизом тўғрисидаги уставларда шундай бўлимлар мавжуд:

  1. Умумий қоидалар(хусусан, ходимларнинг асосий бурчлари кўзда тутилади);
  2. Рағбатлантириш;
  3. Интизомий жазолар.
  4. Интизом ҳақидаги уставлар халқ хўжалигининг тегишли тармоқларидаги барча ходимларга эмас, балки асосий назарда тутилган тармоқдаги ишларни бажарувчиларга тааллуқлидир. Интизом ҳақидаги уставлар қўлланилмайдиган халқ хўжалигининг тегишли тармоқларининг ходимлари ички меҳнат тартиби қоидалари бўйича жавобгар бўладилар.

    Халқ хўжалигининг ҳамма тармоқларидаги ходимларига қўлланиш мумкин бўлган рағбатлантириш ва жазо чоралари билан бир қаторда интизом ҳақидаги уставларда рағбатлантириш ва интизомий жазоларнинг бошқа турлари ҳам кўзда тутилиши мумкин.

    Интизом ҳақидаги уставларда ҳар бир бошлиқнинг интизом ҳуқуқлари доираси батафсил белгиланган. Умумий қоидага кўра, ходимни ишга қабул қилиш ҳуқуқидан фойдаланувчи муайян бошлиқлар, шунингдек юқори турувчи бошлиқлар интизомий жазо чораларини қўллашлари мумкин. Бироқ баъзи жуда қаттиқ жазо чораси турларини фақат муайян рангдаги бошлиқ қўллаши мумкин. Айрим соҳаларда баъзи ходимлар тоифаси учун интизом тўғрисидаги низомлар қўлланилади. Масалан, прокуратура органлари ходимларини рағбатлантириш ва уларни интизомий жавогарликка тортиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган “Прокуратура органлари ва муассасаларида хизматни ўташ тўғрисидаги низомда белгилаб қўйилади (Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги 2001 йил 29 авгусдаги қонунининг (янги таҳрирда) 48-моддаси).1

    Маълумки, прокуратура ходимларининг билимдонлиги, юксак ахлоқий фазилатлари ва онгли шахсий интизоми прокуратура зиммасига юкланган вазифаларнинг муваффақиятли ҳал этилишининг муҳим шарти ҳисобланади.

    Улар ҳалол ва қонунларнинг бузилишига муросасиз бўлишлари, ўз касб вазифаларини фуқаролик матонат билан адолатли ва виждонан бажаришлари лозим. Прокуратура ходимлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя қилишлари, ишда ташаббускор бўлишлари, ишнинг сифат ва самарадорлигини оширишлари, ўз фаолиятлари орқали қонуннинг устуворлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини қонунларга хизмат руҳида шакллантиришга кўмаклашишлари лозим.

    Прокурор-тергов ходимлари томонидан содир этилган ҳар қандай қонунбазарлик ва хизмат интизомининг бузилиши прокуратура обрўсини туширади, давлат ва жамият манфаатларига зиён етказади.

    Юқорида эслатилган ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Прокуратураси прокурор-тергов хоимларининг, шунингдек прокуратуранинг ўқув, илмий ва бошқа муассасалари ходимларини мукофотлаш ва уларни интизомий жавобгарликка тортиш тартибини белгилайди.

    Прокуратура ходимлари, шунингдек прокуратуранинг ўқув, илмий ва бошқа муассасаларининг ходимлари вазифаларини виждонан ва намунали бажарганликлари, ташаббускорлиги ва ишдаги изчиллиги учун рағбатлантириладилар.

    Рағбатлантиришнинг қуйидаги турлари мавжуд:

1)  ташаккурнома;

2)  пул мукофоти;

3)  совға;

4)  қимматбаҳо совға;

5)  даражали унвонини кўтариш;

6)  “Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасининг фахрий ходими” кўкрак нишони билан мукофотлаш.

    Прокуратура органларининг ходимлар меҳнатдаги алоҳида хизматлари учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвонига ва Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тақдим этилишлари мумкин.

    Рағбатлантириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

    — ташаккурнома эълон қилиш, пул мукофоти, совға бериш, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари, транспорт прокурорлари, ҳарбий прокурорлар ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан амалга оширилади.

    Қимматбаҳо совға билан мукофотлаш, даражали унвонини ошириш, “Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасининг фаҳрий ходими” кўкрак нишони билан тақдирлаш, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист”фахрий унвонига ҳамда бошқа давлат мукофотларига тавсия этиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томондан амалга оширилади.

    Туман, шаҳар прокурорлари, шунингдек ҳарбий прокурорлар, транспорт прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ишда алоҳида ўрнак кўрсатган прокуратура органларининг ходимларини рағбатлантириш ҳақидаги тақдимномани юқори турувчи прокурорга киритадилар.

    Рағбатлантириш буйруқ орқали эълон қилинади. Прокуратура органлари ходимларига, шунингдек прокуратуранинг ўқув, илмий ва бошқа муассасаларининг ходимларига нисбатан интизомий жазо ўз меҳнат вазифасини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд прокуратура ходими деган номга доғ туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун қўлланилади.

    Қуйидагилар интизомий жазо ҳисобланади:

1)  хайфсан;

2)  ўртача ойлик иш ҳақининг 30%идан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;

3)  ўртача ойлик иш ҳақининг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;

4)  меҳнат шартномасини бекор қилиш (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3,4-бандлари).

    Маълумки, меҳнат интизоми давлат томонидан ўрнатилган меҳнат жараёнида барчанинг амал қилиши лозим бўлган умумий тартибдир. Шундан келиб чиққан ҳолда Меҳнат кодексида ходим ва иш берувчининг бурчлари аниқ белгилаб қўйилган.

    Амалдаги қонунчиликка биноан ходим ўз меҳнат вазифаларини халол ва виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши, технология интизомига, меҳнат мухофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиши, иш берувчининг мол-мулкини авайлаб асраши лозим.

    Ходимнинг меҳнат вазифалари ички тартиб қоидаларида, интизом ҳақидаги (жамоа шартномалари, Йўриқномалар ва ҳ.к.) меҳнат шартномасида аниқ белгилаб қўйилади.

    Қоидага кўра, ҳар бир ходим ўзига юклатиладиган меҳнат вазифалари билан олдиндан таништирилади.

    Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 177-моддасида таъкидланишича, иш берувчи ходимлар меҳнатини тўғри ташкил қилиши, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши, жамоа шартномаларини тузиши лозим.

    Иш берувчидан ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмас.

    Шуни ҳам айтиш жоизки, намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларида ходим ва иш берувчининг бурчлари яна ҳам кенгроқ баён этилган.

Интизомий жавобгарлик ва интизомий жазолар

    Ўз меҳнат бурчларини қонунга номувофиқ равишда бажармаслик ёки лозим даражада бажармаганлиги учун айбдор бўлган ходимга таъсир кўрсатиш воситаси сифатида меҳнат қонунчилиги учун айбдор бўлган ходимга таъсир кўрсатиш воситаси сифатида меҳнат қонунчилигида интизомий жавобгарлик белгиланган. Интизомий жавобгарликка тортиш учун ходим томонидан содир қилинган интизомга хилоф ножўя хатти-ҳаракат асос бўлади.

    Интизомга хилоф ножўя ҳаракат — ходимларнинг ўз меҳнат вазифларини жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлмайдиган даражада қонунга номувофиқ равишда ўз айби билан бажармаслик ёки нобоп бажаришидир. Ходимнинг номувофиқ хатти-ҳаракати, одатда, улар зиммасига меҳнат шартномаси ёки корхонадаги ички меҳнат тартибини белгиловчи норматив актлар (масалан, ички меҳнат тартиби қоидалари, техника хавфсизлиги қоидалари, мансаблар ҳақидаги инструкциялар, низомлар ва бошқалар) билан юкланган меҳнат вазифаларини бузишда ифодаланади. Интизомга хилоф ножўя хатти-ҳаракат ходимнинг ўз айби билан, яъни қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида қилган ҳаракатидир (ҳаракатсизлигидир). Ходимга боғлиқ бўлмаган сабаблар билан (малакаси ёки меҳнат лаёқати етарли эмаслиги, тегишли иш шароити таъминланмаганлиги ва ҳ.к. сабаблар) меҳнат вазифасини бажармаслик ёки нобоп бажариш меҳнат интизомини бузиш деб қаралиши мумкин эмас. Интизомга хилоф ножўя хатти-ҳаракат учун ходим, одатда, иш берувчи томонидан интизомий жавобгарликка тортилади. Интизомга хилоф ножўя хатти-ҳаракат содир қилиш интизомий жазо беришга ёки бошқа таъсир чораларини қўллашга сабаб бўлади, корхона, муассаса, ташкилотга моддий зарар етказилган бўлса, меҳнат ҳуқуқий нормалари бўйича моддий жавобгарликка тортилади. Шу билан бирга зарар етказилишига сабаб бўлган ҳаракати (ҳаракатсизлиги) учун ходим интизомий жазога тортилиши ёки тортилмаслигидан қатъий назар зарар ундирилади.

    Қонунчиликда интизомий жавобгарликнинг икки тури мавжуд: умумий интизомий жавобгарлик ва махсус интизомий жавобгарлик. Умумий интизомий жавобгарлик ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланган. Махсус интизомий жавобгарлик интизом тўғрисидаги уставлар ва низомлар, алоҳида қоидалар, қонунлар билан белгиланган. Махсус интизомий жавобгарлик ўзи тадбиқ этиладиган шахсларнинг доираси ҳамда ихтиёрига интизомга чақируви ваколат берилган шахслар ва органларнинг умумий доираси, қўшимча жазо чорасининг мавжудлиги, шунингдек берилган жазо устидан шикоят қилиш тартиби жиҳатидан умумий интизомий жавобгарликдан фарқ қилади.

Интизомий жавобгарликнинг ҳамма турларига қуйидаги белгилар хосдир: — — фақат қонунларда ва интизом уставларида, низомларда кўрсатилган жазоларни бериш мумкин;

—      меҳнат интизоми бузилган ҳар бир ҳол учун фақат битта интизомий жазо чораси қўланилади;

—      жазо беришда содир этилган ножўя ҳаракатнинг оғир-енгиллиги, у содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ атвори эътиборга олиниши керак;

—      интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат содир қилинганлиги маълум бўлгандан кейин қўлланилади.

Қуйидагилар асоссиз равишда интизомий жазо берилишига қарши ҳуқуқий кафолатлардир:

— меҳнат интизомини бузувчидан ёзма равишда баёнот талаб қилиниши;

— буйруқдан ходимни хабардор қилиш, бу ҳақда тилхат олиш;

— берилган жазо устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи;

— умумий интизомий жавобгарликка тортилганда меҳнат низолари комиссиясига, судга, махсус интизомий жавобгарликка тортилганда эса бўйсиниш тартибида юқори органларга шикоят қилиш мумкин.

Интизомий жавобгарлик ички меҳнат тартиби қоидаларига биноан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ходимларнинг аксарият кўпчилигига тадбиқ этилади. Махсус интизомий жавобгарлик белгиланган ходимлар тоифалари бундан мустаснодир. Умумий интизомий жавобгарликда меҳнат интизомини бузганлик учун жазо чоралари, уларнинг қўлланиш тартиби, улар устидан шикоят қилиш ва жазони олиб ташлаш тартиби Меҳнат кодексида (“Меҳнат интизоми” боби) ҳамда Намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланган. Интизомий жазо ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (орган) томонидан берилади.

    Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ иш берувчи меҳнат интизомини бузганлиги учун ходимга қуйидагилар интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:

1)  хайфсан;

2)  ўртача ойлик иш ҳақининг 30%идан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ўртача ойлик иш ҳақининг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин. Ходимнинг иш ҳақидан жаримани ушлаб қолиш Кодекснинг 164-моддаси талабларига риоя қилган ҳолда иш берувчи томонида амалга оширилади;

3)  меҳнат шартномасини бекор қилиш (100-модданинг 2-қисми 3,4-бандлари). Муҳими шундаки, қонунда назарда тутилмаган интизомий жазо чораларининг қўлланиши қатъий тақиқланади.

    Меҳнат кодексининг 182-моддасида белгиланган интизомий жазоларни қўлланиш тартибига кўра, интизомий жазолар қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади.

    Интизомий жазо қўлланишидан олдин ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.

    Интизомий жазо қўлланилаётганда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади. Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланилиши мумкин.

    Интизомий жазо бевосита хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади. Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса, содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди. Жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди. Инизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.

    Интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йилдан ошиб кетиши мумкин эмас. Агар ходим шу муддат ичида яна интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади.

    Интизомий жазони қўллаган иш берувчи ўз ташаббуси билан ходимнинг илтимосига биноан, меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосномасига кўра, жазони бир йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлашга ҳақли (МКнинг 183-моддаси). Интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Меҳнат кодексининг 189-моддасига мувофиқ, интизомий жазо устидан якка меҳнат низолари кўриш учун белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

    Меҳнат низосини кўриб чиқаётган орган содир этилган ножўя хатти-ҳаракат қандай вазиятда юз берганлигини, ходимнинг хулқ-атворини, меҳнатга бўлган муносабатини, интизомий жазонинг содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлик даражасига мос келишини, иш берувчининг интизомий жазо бериш тартибига риоя қилганлигини ҳисобга олиб, ходимга нисбатан қўлланилган интизомий жазони ғайриқонуний деб топиш ва уни бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. Махсус қонунларда ва интизом тўғрисидаги уставларда, шунингдек низомлардаайрим тоифа ходимлар учун айрим ножўя ҳаракатлар учун юқорида кўрсатиб ўтилган умумий интизомий жазолардан ташқари қўшимча, қаттиқроқ жазолар назарда тутилган бўлиши мумкин. Интизомий жазолар мавжуд қоидаларга мувофиқ, ўша шахсни лавозимга тайинлаш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ёки органлар томонидан ёхуд мазкур шахслар ва органларга нисбатан бўйсиниш тартибида юқори турувчи шахслар ва органлар томонидан берилади. Жазо бериш масалалари бўйича меҳнат низолари бўйсиниш тартибида юқори органлар томонидан кўриб чиқилади. Жазо қонунсиз берилган деб топилган тақдирда, юқори турувчи орган жазони бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради, бу буйруқ ходимга ва иш берувчига дарҳол юборилади.

    Халқ хўжалигининг айрим тармоқлари (масалан, темир йўл транспорти, фуқаролар авиацияси) ходимларининг интизомий жавобгарлиги, интизом ҳақидаги уставлар билан тартибга солинади ва бу уставлар қўлланиладиган шахслар доираси аниқ белгиланганлиги, қаттиқроқ интизомий жазо чоралари қўлланилиши, чораларни меҳнат функциясининг мазмуни ва содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғир-енгиллигига қараб дифференцияланганлиги билан, турли мансабдор шахсларнинг интизомий жазо беришга оид ваколати белгилаб қўйилганлиги билан характерланади.

    Судьялар1, прокуратура органларининг ходимлари алоҳида қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий жавобгарликка тортиладилар2. Адвокатларнинг интизомий жавобгарлиги эса Адвокатура ҳақидаги қонунда белгиланган.

Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бузганлиги учун интизомий жазо чораси сифатида меҳнат шартномасини бекор қилиш

Ходимнинг меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин.

    Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3-бандига мувофиқ, ходим томонидан меҳнат вазифаларини узрли сабабларсиз мунтазам равишда бажармаслик меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун асос бўлиб, унинг бир қанча шартлари мавжуддир. Қуйидаги ҳолларда меҳнат шартномасининг бекор қилиниши қонуний ҳисобланади:

    биринчидан, қонунда, ходим фақат меҳнат шартномаси ёки ички меҳнат тартиби қоидаларига биноан ўз зиммасига юкланган вазифаларни узрли сабабларсиз бажармаган ёки нолойиқ даражада бажараётган бўлса;

    иккинчидан, ходим узрли сабабларсиз, яъни ўзининг қонунга хилоф ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги туфайли меҳнат вазифаларини бажармаган бўлса;

    учинчидан, меҳнат вазифалари мунтазам равишда бузилаётган бўлса;

    тўртинчидан, ходимга нисбатан қонун ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган бўлса ва ниҳоят, бу таъсир чоралари ижобий натижа бермаётган бўлиши лозим.

    Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги қарорида таъккидланганидек, меҳнат шартномасини Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисмининг 3 ва 4-бандлари бўйича бекор қилиш интизомий жазо чораси ҳисобланади.

    Интизомий жазолар ходимни унга юклатилган мажбуриятларини ножўя хатти-ҳаракатлари туфайли бажармаслиги ёки тегишли тарзда бажармаслиги (ички тартиб қоидалари, мансаб ҳақидаги йўриқномалар, низомлар, иш берувчининг қонуний буйруқлари, техника қоидаларини бузиш ва ҳоказолар) сабабли қўлланиши мумкин.

    Бошқа ишга ғайриқонуний тарзда ўтказилган ходимнинг ишни бажаришдан, янги меҳнат шартномаларида кўрсатилмаган ишни давом эттиришдан бош тортиши, меҳнат тўғрисидаги қонун ва бошқа норматив ҳужжатларга кўра, фақат ходимнинг розилигига биноан ҳал қилинадиган (жумладан, иш берувчининг ходимни меҳнат таътилидан чақириб олиши ёки таътилни бошқа муддатга ўтказиши, иш вақтидан ташқари ишларни бажариши, ҳомиладор аёллар ёки 14 ёшга тўлмаган фарзандлари (16 ёшгача бўлган ногирон фанзандлари) бор аёлларни тунги, дам олиш кунлари ишлаши, хизмат сафарига юборилиши, ногиронни тунда, дам олиш кунлари ва бошқа вақтларда ишлаш ҳақидаги иш берувчининг талабини бажаришдан бош тортиш ва бошқа ҳолатлар меҳнат мажбуриятларини бузиш деб ҳисобланмайди ва интизомий жазо қўлланиши учун асос бўлмайди.

    Ўз меҳнат вазифаларини бузганлиги учун меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларни ишга тиклаш ҳақидаги ишлар бўйича қонуний ва асосли ҳал қилув қарорлари чиқариш мақсадида қуйидаги ҳолатлар аниқланиши лозим:

    -меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлган меҳнат вазифаларини бузганлик айнан нимадан иборатлиги ва у Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмининг 3 ёки 4-бандлари бўйича меҳнат шартномаларини бекор қилиш учун асос бўла олиши мумкин ёки мумкин эмаслиги;

    -меҳнат шартномасини бекор қилишда содир қилинган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлиги, уни содир қилиш ҳолатлари, ходимни аввалги иши ва хулқ-атвори иш берувчи томонидан ҳисобга олинган-олинмаганлиги;

    -иш берувчи томонидан интизомий жазолар бериш белгиланган муддатлар ва тартибга риоя қилинган-қилинмаганлиги аниқланиши зарур.

    Суд ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланишини, жумладан Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисмининг 3 ва 4-бандлари бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиниши нафақат иш берувчи томонидан интизомий жазо чораси қўлланиш муддати ва тартибларига риоя қилинмаган ҳолларда, балки ножўя хатти-ҳаракатлар ҳақиқатан ҳам содир этилган, аммо содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлик даражаси, хатти-ҳаракат содир этилган, ходимнинг олдинги ҳулқ-автори ва уни ишга бўлган муносабати ҳисобга олинмаган ҳолда (Меҳнат кодексининг 184-моддаси 2-қисми) бекор қилинган, деган хулосага келган тақдирда ҳам меҳнат шартномасини бекор қилиш ғайриқонуний деб топишга ҳақли.

    Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланиши, унинг ўша хатти-ҳаракати учун иш берувчига етказилган зарар учун моддий жавобгарликка тортилиши ҳамда айбдорга нисбатан меҳнат қонунлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган интизомий жазо ҳисобланмайдиган таъсир чораларини (мукофотдан маҳрум этиш, йиллик иш якунига кўра бериладиган қўшимча рағбатлантириш тўловларидан маҳрум этиш ёки миқдорини камайтириш ва бошқалар) қўллаш имкониятини истисно қилмайди.

    Ходимга нисбатан қўлланилган интизомий жазоларнинг, жумладан, меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлиги масаласини муҳокама қилишда судлар иш берувчи томонидан интизомий жазо қўллаш учун белгиланган муддатларга амал қилинганини аниқлайди.

    Интизомий жазо ваоситаси ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади. Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб 6 ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижаси бўйича эса, содир этилган кундан бошлаб эса икки йил ўтгандан кейин жазо қўллаб бўлмайди. Жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди.

    Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлиги масаласини ҳал этишда судларнинг эътибори ходим томонидан меҳнат вазифаларини ҳақиқатда ҳам мунтазам равишда бузганлик ҳолатини аниқлашга қаратилсин, деб таъкидланади мазкур қарорда.

    Аввал меҳнат вазифаларини бузганлиги учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка ёҳуд унинг нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан интизомга хилоф ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади.

    Меҳнат шартномаси ушбу асос бўйича бекор қилинаётганда фақат интизомий жазо чораларини қўллашнинг белгиланган муддатлари ва тартибига амал қилинганини аниқлаш билан чегараланиб қолмай, балки интизомий жазо чораларини қўллашда ҳам белгиланган муддат ва тартибларга риоя қилинган-қилинмагани, ходимнинг моддий жаобгарликка тортилиши ёки унга нисбатан бошқа таъсир чоралари (мукофотдан, узоқ йиллик хизмат учун тўланадиган устама ҳақлардан маҳрум этиш ва бошқалар) қўлланиши асосли бўлган-бўлмаганини аниқлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

    Агар суд муҳокамаси давомида ходимга илгари жазо йиллик муддат ўтмасдан олдин қонунда белгиланган тартибда (МКнинг 183-моддаси 2-қисми) олиб ташлангани аниқланса, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига асосан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ғайриқонуний деб топилади.

    Ножўя хатти-ҳаракати учун интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилганда ёхуд таъсир чоралари қўлланилганига қарамай, ходим томонидан ўзига юклатилган меҳнат вазифаларини бузиш давом эттирилаверса, ходимга нисбатан янги интизомий жазо қўллнишига, шунингдек меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига кўра бекор қилинишига ҳам йўл қўйилади.

    Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, қонунда кўрсатилмаган жазолар қўлланилган бўлса, улар меҳнат шартномасини ушбу асосга биноан бекор қилишда эътиборга олинмайди.

    Ходимнинг меҳнат вазифаларига тааллуқли бўлмаган айрим ҳаракатлари меҳнат интизомини бузиш деб қаралмайди ва шунинг учун меҳнат шатномасини бекор қилиш учун асос бўлмайди.

    Шуни назарда тутиш лозимки, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3 ва 4-бандлари бўйича меҳнат муносабатларини бекор қилинишига интизомий жазолар қўллаш (Меҳнат кодексининг 182-моддаси) учун белгиланган муддатлар ўтгач йўл қўйилмайди.

    Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандида кўрсатилган ва у ҳам ходимнинг меҳнат вазифаларини бузиш билан боғлиқ.

    Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандида ходим томонидан интизомга хилоф ножўя хатти-ҳаракат содир қилганлиги учун меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш назарда тутилган. Эътиборли жойи шундаки, меҳнат шартномаси ходим ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузган тақдирда бекор қилинади. Бунда ходимга нисбатан унинг илгариги ножўя хатти-ҳаракатлари учун интизомий ёки қонунда кўрсатилган бошқа таъсир чоралари қўлланилган ёки қўлланилмаганлигининг аҳамияти йўқ. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ходим томонидан ўз меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузиш тўла асос бўлади, деганда ходим томонидан қилинган интизомга хилоф равишда турли ножўя хатти-ҳаракатларни тушунилади.

    Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишлар, яъни ножўя хатти-ҳаракатларнинг рўйҳати Меҳнат кодексинин 174-моддасида кўрсатилган тартибда белгилаб қўйилиши керак.

    Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмининг 4-бандига кўра, ходим ўз вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасининг бекор қилинишига фақатгина қуйидаги ножўя хатти-ҳаракатлар:

    -корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтерга нисбатанкорхона мулкдори (ваколатли органи) билан улар ўртасида тузилган меҳнат шартномасида;

    -интизом ҳақидаги низом ва уставлар тадбиқ этилувчи айрим тоифада ходимларга нисбатан интизом ҳақидаги тегишли низом ва уставларда;

    -бошқа барча ходимларга нисбатан корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларида аниқ кўрсатиб ўтилган ҳолдагина йўл қўйилади.

    Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бузиши қўпол тусга эга ёки эга эмаслиги ҳар бир муайян ҳолда содир қилинган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғир-енгиллигига ҳамда бундай бузиш туфайли келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларга қараб ҳал этилади.

    Меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига кўра бекор қилиш учун асос бўладиган ножўя хатти-ҳаракатларнинг намунавий рўйхати Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 1999 йил 4 майда тасдиқланган “Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъий назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг намунавий ички меҳнат тартиби қоидларида санаб кўрсатилган. Мазкур намунавий қоидалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 14 июнда 746-сон билан рўйҳатга олинган.1

    Ходим томонидан меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузганлик, башарти бундай ҳаракат Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган иш ҳақининг муайян ҳиссаси миқдорида моддий зарар етказилишига олиб келган бўлса:

    меҳнат шартномасида сир тутилиши ҳақида келишилган тижорат сирининг ходим томонидан ошкор қилиниши;

    пул ва товар қимматликлари билан муомала қилувчи ходим томонидан айбли ҳаракатлар содир қилиниши, агар бу ҳаракатлар иш берувчи учун ходимга нисбатан ишончни йўқотишга асос бўлса.

    Шартномани бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланадиган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш каби ножўя хатти-ҳаракатлар рўйхати корхонанинг ўзига хос жиҳатлари эътиборга олинган ҳолда мустақил равишда белгиланади.

Хулоса

Интизомий жазолар маъмурий, жиноий ва моддий жазо чораларидан ўзига хос хусусиятлари билан фарқланиб туради. Ушбу фарқларни қуйидагиларда кўриш мумкин:

  1. Интизомий жазо чоралари фақат ходимларга нисбатан қўлланилади.
  2. Интизомий жазо чоралари ходимларнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бузган ҳоллардагина қўлланилади.
  3. Ходимнинг интизомга хилоф ҳаракат қилган бўлса ҳам интизомий жазо чорасини қўллаш-қўлламаслик масаласи иш берувчи томонидан ҳал қилинади.
  4. Интизомий жазо чоралари қўллашга фақат иш берувчиларгина ҳақли бўладилар.
  5. Интизомий жазо чоралари қўллаш тартиби ва муддатлари бошқа жазо чораларини қўллашдан фарқ қилади.
  6. Интизомий жазо олганлик муддатлари иш берувчи томонидан мустақил равишда ёки меҳнат жамоасининг илтимосномасига кўра муддат ўтмасидан ҳам иш берувчи томонидан олиб ташланиши мумкин.

Бугунги кунда интизомий жазо чораларини қўллашда баъзи муаммоли вазиятлар борлигини қайд этиб ўтиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Жумладан, ходимнинг интизомга хилоф ғайриҳуқуқий ҳаракатларини “ҳуқуққа хилофлик” нуқтаи назаридан баҳолаш мезонлари аниқ эмас. Шунингдек, айрим ҳолатларда ходим томонидан ўз меҳнат вазифаларини бузганлиги фактини расмийлаштириш, исботлаш воситалари аниқ ҳуқуқий ечимига эга эмас. Ҳуқуққа хилоф ҳаракат ёки ҳаракатсизликнинг бошқа жазо турларига қўллаш учун асос бўладиган исботлаш воситаларига нисбатан жуда соддалиги боис баъзида судлар томонидан интизомий жазо чоралари ғайриқонуний қўланилган деб топилишига олиб келиш ҳоллари кузатилмоқда.

Шунинг билан бирга иш берувчилар томонидан ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган ҳолда ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўллаш амалиёти мавжуд эканлигидан кўз юммаслигимиз лозим. Ходимларнинг ҳуқуқларини юқори даражада ҳимоя қилиш учун иш берувчиларнинг ички меҳнат тартиби қоидаларини таъминлаш, хусусан корхона ва ташкилотларда ички меҳнат тартиби қоидалари ишлаб чиқилиши ва улардан ходимларни хабардор қилишга алоҳида қатъий талаб қўйилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Корхоналар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда юқори натижаларга эришишда интизомий жазо чораларини қўллашда юқоридаги камчиликларни бартараф этиш меҳнат интизомини самарали таъминлашга хизмат қилади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Каримов И.А. Конституция — юртимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этишнинг ҳуқуқий асоси. Т., Ўзбекистон, 2003 йил
  2. Каримов И.А. Эл-юрт ташвиши билан яшаш ва ишлаш асосий мезон. Т., Ўзбекистон, 2004 й.
  3. Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз — жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. Т., Ўзбекистон, 2005.
  4. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари – энг олий қадрият. Т., Ўзбекистон, 2005.
  5. Каримов И.А. Инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш – устувор вазифамиздир. Халқ сўзи, 2006 йил 8 декабрь сони.
  6. Каримов И.А. Янгиланиш ва барқарор тарққиёт йўлидан янада изчил ҳаракат қилиш, халқимиз учун фаровон турмуш шароити яратиш – асосий вазифамиздир. Халқ сўзи, 2007 йил 13 февраль сони.
  7. Иноятов А.А. Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси нашриёт уйи, 2002.- 383 б.
  8. 9. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Молия, 2002.- 279 б.
  9. 10. Турсунов Й. Трудовое право Республики Узбекистан. Учебник. -Т.: ТДЮИ, 2005.- 251с.
  10. 11. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Ўқув қўлланма.- Т.: Молия, 1999.- 187 б.
  11. 12. Турсунов Й.,Усманова М. Меҳнат ҳуқуқи.Ўқув қўлланма.-Т.: Молия, 2001.- 227 б.
  12. 13. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистон Республикасида меҳнат шартномалари (контракт). Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: Ўқитувчи, 1-2-томлар. 1996.-224,253 б.
  13. 14. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистоннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Меҳнат шартномаси (контракт). Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: 1999.-528 б.
  14. 15. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистонннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Иш вақти ва дам олиш вақти.Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: Ўқитувчи, 2000.-511 б.
  15. 16. Турсунов Й., Усманова М., Нуриддинова А. Меҳнат ҳуқуқи. Ўқув-услубий қўлланма.- Т.: ТДЮИ, 2003.-51 б.
  16. Мамасиддиқов М.М. Меҳнатга оид низоли ишларни судда кўришнинг процессуал хусусиятлари.Ўқув қўлланма. Т: ТДЮИ, 2004 й. -150 б.

2 қаранг: Трудовое право. Учебник под.редакцией. А.С.Пашкова и Смирнова О.В. “Юр.лит.”, М., 1998 г., стр.401; Советское трудовое право. Учебное пособие под.редакцей. проф.О.В.Смирнова. “Профиздат”. М., 1991, стр.281.

1 Батафсил кўрилсин. Советское трудовое право. Под.ред. Б.К.Бегичева и А.Д.Зайнина. М., 1985 г, стр.362-363. К.Н.Гусов и В.Н.Толкунова. Учебник, Трудовое право России. “Юристь”, М., 1997 г, 307-308.

2 Трудовое право. Учебник. Под.ред. О.В.Смирнова. “Проспект” М., 1998, стр.315.

3 Батафсил кўрилсин. Советское трудовое право. Учебник пособие под.ред. О.В.Смирнова. Профиздат. М., 1991г, стр.283.

1 Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қумиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари Ахборотномаси. 1999 йил, 9-сон, 51-бет.

1 “Халқ сўзи”. 2001 йил 27 октябрдаги 220 (2782)-сони.

1 Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги (янги таҳрири) 2000 йил. 14 дкабрдаги 162-11-сон қонунининг 73-моддаси. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами. 2000 йил, 11-сон, 155-модда.

2 Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида” (янги таҳрири) 2001 йил 29 августдаги қонунининг 48-моддаси. “Халқ сўзи”, 2001 йил, 27 октябрдаги 220 (2782)-сони.

1 Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қумиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари. 1999 йил, 9-сон, 51-бет.

2
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

mehnat intizom

Меҳнат интизоми. Презентация

Презентацияни  20