So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Maqolalar / “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартиришлар киритилди.

“Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартиришлар киритилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 октябрдаги 362-сон қарорига асосан бир қанча ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу ўзгартиришларнинг мазмунини қуйида келтириб ўтамиз.

“Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга киритилган ўзгартиришларга шарҳ.

Низомнинг 4-бандида ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган шахслар тоифалари келтирилган бўлиб, эски таҳрирда Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари бутунлай ўриндошлик асосида ишлашга ҳақли эмас эди. Низомнинг 4-банди тўртинчи хатбошисига киритилган ўзгартиришга кўра, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари ўриндошлик асосида ишлаши мумкин бўлди.

Низомнинг 6-бандида ўриндошлик асосида ишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар белгиланган бўлиб, ушбу бандга “ўриндошлик асосида ишлашга қабул қилишда ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланиши” қўшиб қўйилди. Бу билан ушбу ҳужжатлар рўйхати тугал, қилиб белгиланди ва Меҳнат кодексининг 80-моддасига мослаштирилди.

Низомнинг 7-бандига “Ички ўриндошлик асосида ишлашда иш вақтини ҳисобга олиш асосий иш бўйича ва ўриндошлик асосидаги иш бўйича алоҳида-алоҳида юритилиши” киритилди. Аввалги таҳрирда бундай қоида мавжуд эмас эди. Ички ўриндошларнинг иш вақтини ҳисоблаш бирга амалга оширилиши мумкин эди.

Ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизими билан боғлиқ Низомнинг 15-банди ҳам янги таҳрирда қабул қилиниб, унга кўра, агар жамоавий шартномада ёхуд иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда қабул қилинган бошқа маҳаллий ҳужжатда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошлик асосида ишловчиларга меҳнат ҳақи, мукофот, қўшимча ҳақ, устама, рағбатлантириш тўловлари шакли ва тизими ташкилотнинг барча ходимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Аввалги таҳрирда фақатгина корхонанинг ички меҳнат тартибида ёки ташкилотнинг жамоавий шартномасида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошларнинг меҳнати учун рағбатлантириш ташкилотнинг барча ходимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилиши белгиланган эди. Фарқи шу бўлдики, энди нафақат рағбатлантириш, балки меҳнат ҳақи, мукофот, қўшимча ҳақ, устамалар ҳам асосий штатдаги ходимлар билан бир хилда амалга оширилади, агар лоcал ҳужжатларда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса.

Низомга киритилган жиддий ўзгартиришлардан бири – “бир неча касб ва лавозимда ишлаш”, “хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтириш”, “ишлар ҳажмини кўпайтириш” тушунчаларининг ойдинлаштирилиши бўлди. Эндиликда “бир неча касб ва лавозимда ишлаш” деган тушунча “касб ва лавозимда ўриндошлик асосида ишлаш” деб номланиб, Низомнинг 20-бандига кўра,

ходим томонидан меҳнат шартномасида белгиланган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айнан шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган иш вақти давомида бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишларни бажариш касб ва лавозимда ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланади.

Демак, касб ва лавозимда ўриндошлик асосида ишлаш дея баҳоланиши учун ходим асосий иш вақти давомида худди шу корхонадаги бошқа касб ёки лавозимдаги қўшимча ишни бажариши керак экан. Бунинг ички ўриндошликдан фарқи – асосий ишининг иш вақтида бажарилади. Ички ўриндошликда иш вақти асосий ва ўриндошлик асосидаги иш учун алоҳида-алоҳида юритилади.

Ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айнан шу ташкилотда қонун ҳужжатларида белгиланган асосий касб ва лавозим бўйича иш вақти давомида қўшимча ишларни бажариш хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтириш, ишлар ҳажмини кўпайтириш ҳисобланади. Бунинг бир неча касб ва лавозимда ишлашдан фарқи бошқа касб ёки лавозимдаги ишни бажармайди.

Касб ва лавозимда ўриндошлик асосида ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга қуйидаги икки ҳолатда йўл қўйилади:

  • касб ва лавозимда ўриндошлик бўйича бўш иш ўрни мавжуд бўлганда;
  • қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ходим томонидан вақтинчалик йўқ бўлган ходимнинг ишларини бажаришда.

Низомнинг 21-бандига яна бир янги қоида киритилди. Унга кўра, касблар ва лавозимларда ўриндошлик асосида ишлаш, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтириш, бюджет ташкилоти ходимларининг иш ҳажмини кўпайтириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Меҳнат вазирлиги билан келишган ҳолда вазирликлар ва идоралар томонидан тасдиқланган касблар ва лавозимларда ўриндошлик асосида ишлаганлик, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтирганлик, ишлар ҳажмини кўпайтирганлик учун қўшимча ҳақ белгиланиши мумкин бўлган касблар ва лавозимлар рўйхатига мувофиқ амалга оширилади. Яъни, бюджет ташкилотларида қандай иш ва касблар бўйича бунга рухсат этилиши ҳамда унга ҳақ тўланиши масаласини тартибга солувчи Меҳнат вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган касблар ва лавозимлар рўйхати ишлаб чиқилади.

Яна бир муҳим ўзгартириш – меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлиб, илгари бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30 фоизидан юқори бўлиши мумкин эмас, деган қоида Низомнинг 25-бандида белгиланган эди. Амалиётда ички ўриндошлик асосида ишлашга ҳам, бир неча касб ва лавозимда ишлаганда ҳам бир хил – лавозим маошининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган иш ҳақи тўланаса-да, Низом ички ўриндошлик асосида ишлашда иш ҳақининг бундай чекланишини англатмас эди. Чунки 25-банд фақат бир неча касб ва лавозимда ишлашга тегишли эди. Низомнинг 25-бандининг янги таҳририга кўра, Бюджет ташкилотларида касблар ва лавозимларда ўриндошлик асосида ишлаганлик, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтирганлик, ишлар ҳажмини кўпайтирганлик учун қўшимча ҳақ тўлаш миқдори ўриндошлик бўйича ишланаётган лавозим бўйича маошнинг (тариф ставкасининг) 30 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди. Бу билан ўриндошлик асосида ишлашга ҳам (фақат бюджет ташкилотларида) меҳнат ҳақи миқдори чегараси белгиланди.

Бундан ташқари, Низомнинг 25-бандига яна қуйидаги қоидалар қўшимча равишда киритилди:

Бюджет ташкилотларида касблар ва лавозимларда ўриндошлик асосида ишлаётганлик учун қўшимча ҳақ ўриндошлик асосидаги иш асосий иш бўйича меҳнат мажбуриятларига кирадиган ҳолатларда белгиланмайди, яъни ходим ўз касб вазифасини бажарса, бунга қўшимча ҳақ тўланмайди.

Касб (лавозим) бўйича ўриндошлик асосида бажариладиган ишларни бир неча ходим ўртасида тақсимлашга йўл қўйилади. Бунда ўриндошлик асосидаги бир ишни бир неча ходим бажариши мумкин бўлиб, уларга иш ҳақи мутаносиб равишда тўланиши мумкин. Масалан, кунига 3 соатлик ишни 1 соатини битта ходим, 2 соатини бошқа бир ходим бажарса, уларга ишлаган вақтига мутаносиб иш ҳақи тўланади.

Яна бир муҳим ўзгартириш – касблар ва лавозимларда ўриндошлик асосида ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга йўл қўйилмайдиган шахслар тоифасининг белгиланиши бўлди. Низомнинг 26-бандига кўра,

давлат бошқаруви органлари ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари);

давлат бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган бюджет ташкилотларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек ушбу ташкилотлар таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига касблар ва лавозимларда ўриндошлик асосида ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга йўл қўйилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Низомнинг 4-банди фақат ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган шахслар тоифалари келтирилган эди.

Шунингдек, Низомга илова сифатида тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар рўйхати”га ҳам айрим ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, 2-банддаги “Фан, адабиёт ва санъат асарлари яратиш” фаолияти аниқлаштирилиб, “Улар учун муаллифлик гонорари сифатида ҳақ тўланадиган фан, адабиёт ва санъат асарлари яратиш” дея ўзгартирилди. Рўйхатнинг 6-банди янгича таҳрирда ўзгартирилиб, унга кўра:

умумтаълим мактаблари, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари, мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқитувчилари ва бошқа педагог ходимлари (раҳбарларидан ташқари) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда меҳнат ҳақи тўлаш бўйича уларга тенглаштирилган бошқа таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва мастерлари, таълим муассасаларидаги концертмейстерлар ва аккомпаниаторлар, мактабгача таълим муассасалари ва Меҳрибонлик уйлари педагог ходимларининг (раҳбарларидан ташқари) айнан шу муассасада белгиланган меҳнат нормасидан ортиқ бўлган, лекин ушбу иш тури бўйича иш вақти нормал давомийлигининг 50 фоизидан кўп бўлмаган иши;

тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, тиббиёт муассасаларининг тиббиёт асбоб-ускуналарига (аппаратураларига) хизмат кўрсатувчи мутахассисларининг иш вақти нормасидан ортиқча белгиланган лекин, ушбу иш тури бўйича иш вақти нормал давомийлигининг 50 фоизидан кўп бўлмаган иши ўриндошлик ҳисобланмайди. Аввалги таҳрирда ушбу ходимлар тоифалари тўлиқ эмас эди ва ишнинг давомийлиги аниқ эмас эди.

Шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, тиббиёт муассасаларининг тиббиёт асбоб-ускуналарига (аппаратураларига) хизмат кўрсатувчи мутахассисларининг иш вақти нормасидан ортиқча белгиланган лекин, ушбу иш тури бўйича иш вақти нормал давомийлигининг 50 фоизидан кўп бўлмаган иши ўриндошлик ҳисобланмаса-да, асосий иш вақтида амалга ошириш мумкин бўлмаган ишлар рўйхатига киритилди.

Ушбу Низомнинг ўзгартиришлар киритилган таҳрири билан бу ердан тўлиқ танишинг.

Низомнинг эски таҳрири билан эса, бу ердан танишишингиз мумкин.

Низомни энг янги ҳолатда бу ердан Юклаб олинг!

4
2

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

vazirlar_mahkamasi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 297-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида»ги Низом (энг сўнги таҳрири)

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ЎРИНДОШЛИК АСОСИДА ҲАМДА БИР НЕЧА КАСБДА ВА ЛАВОЗИМДА ИШЛАШ ТАРТИБИ …

Bitta fikr

  1. лочинбек

    талабалар хам ишлашлари хам мумкинми

    2
    0