So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Adabiyotlar / Kurs ishlari / Тўлиқсиз иш вақти

Тўлиқсиз иш вақти

КИРИШ

АСОСИЙ ҚИСМ

  1. Иш вақти тушунчаси ва унинг турлари
  2. Тўлиқсиз иш вақти тушунчаси ва унинг ўзига хос хусусиятлари

III. Айрим тоифадаги ходимларга нисбатан тўлиқсиз иш вақти белгилаш

  1. Тўлиқсиз иш вақтида ишлаётган ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

ХУЛОСА

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

Кириш

           Бозор иқтисодиёти шароитида меҳнат муносабатлари соҳасида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни таъминлаш учун меҳнат шартларини ўзгартириш, бошқа ишга ўтказиш ва иш жойини ўзгартиришга ва ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ўзгартиришни тўғри расмийлаштириш муҳим аҳамият касб этади.

   Меҳнат муносабатлари – ижтимоий муносабатларнинг бир тури сифатида динамик хусусиятга эга, ушбу муносабатлар ички ва ташқи факторлар таъсирида ҳар доим ўзгариши мумкин. Бундай объектив ўзгаришлар меҳнат муносабатлари тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўзгаришига олиб келади. Яъни, меҳнат шартномасини ўзгартириш – бу энг аввало шартноманинг мажбурий ва қўшимча шартларини ўзгартиришдан иборатдир.[1]

   Меҳнат шартномасини ўзгартириш бу ундаги меҳнатнинг асосий ва қўшимча шартларини ўзгартириш, шунингдек ходимларни иш жойини ўзгартириш ҳамда бошқа ишга ўтказишдан иборатдир. Меҳнат шартномасини ўзгартиришда ходимлар ҳуқуқларини аввалги белгиланган доирада сақлаб қолиш ёки уларга янги меҳнатшартларида ишлашни истамасликлари сабабли қонунчиликда белгиланган кафолатларни иш берувчи таъминлаб бериши лозим.  Буни бошқа ишга ўтказишда кўрадиган бўлсак, қуйидагича ҳолатни гувоҳи бўламиз:

     Бизга маълумки, меҳнат функциялари меҳнат жамоаси аъзолари ўртасида тарафлар ўртасида тузилган меҳнатшартномасига мувофиқ тақсимланган бўлади. Эришилган келишувни мустаҳкамлаш ҳамда ходимни меҳнат жамоасидаги барқарор  ҳолатини таъминлашда меҳнат қонунчилигида ходим бажарадиган меҳнат функцияларининг аниқ белгиланганлиги принципи амал қилади.

    Ходим бажарадиган меҳнат функцияларининг аниқлиги принципи мазмуни қуйидагилар билан характерланади:

  1. ҳар бир ходим тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ ички меҳнат кооперациясида аниқ вазифани бажаради ҳампда унинг бажарилиши учун персональ жавобгар ҳисобланади;
  2. иш берувчи рухсатисиз бир неча вазифаларни қўшиб бажаришга рухсат этилмайди;
  3. ходим меҳнат шартномасида кўрсатилмаган ишни бажаришни рад қилишга тўла ҳақлидир;

  Объектив ва субъектив омиллар таъсирида (ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш, технологияни янгилаш, ходимлар малакасини ошириш, таъминотдаги узилишлар)    ишга қабул қилинаётганда ходим бажариши лозимлиги белгиланган аниқ вазифалар бажарилиши имконияти йўқ бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда меҳнат қонунчилиги меҳнат шартномасини бошқа ишга ўтказиш тартибида ўзгартишга олиб келади.

Иш вақти тушунчаси ва унинг турлари

         Ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ, ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади.

         Демак, иш вақти:

  • қонун билан ёҳуд унга мувофиқ равишда бир кун, бир ҳафта ва бошқа календарь даврга белгиланиб, ходим корхонада ишлаши лозим бўлган соатлар сони (масалан, кунига 7-8-соат, ҳафтасига 40 соат);
  • календарь вақтнинг бир қисми (муайян кунлар ва соатлар). Бу вақт ичида ходим ўз иш жойида бўлиб, топширилган ишни белгиланган график ёҳуд тартибга мувофиқ ёки улардан ташқари (иш вақтидан ортиқ вақт, дам олиш кунлари ишлаш) вақтда бажариши лозим;
  • ҳақиқатда ишланган вақт. Бу вақт ичида ходим мавжуд график ёки тартибга мувофиқ равишда, шунингдек иш берувчининг буйруғи ёки руҳсати бўлган тақдирда мавжуд график, тартибдан ташқари ўз иш дойида ҳақиқатда ҳам бўлиб, меҳнат вазифаларини бажаради.1 Меҳнат қонунчилигига кўра, ҳақиқатда иш бажарилмаган даврлар (масалан, бекор туриб қолинган вақт, ҳақ тўлаадиган танаффуслар) ҳам иш вақтига қўшилади. Иш вақтига оид ҳуқуқий нормалар меҳнат ҳуқуқида алоҳида институтда жамланган. Иш вақтини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишдан мақсад ходимларнинг меҳнат шароитларини ва уни муҳофаза қилишни юксак даражага кўтариш ва шу билан бирга иш вақтидан тўлиқ ва унумли фойдаланиш, уни тежашдир. Иш вақти ҳақидаги қонунлар ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини оширишга ёрдам беради, меҳнаткашлар дам олиш ҳуқуқининг кафолати бўлиб хизмат қилади. қонунчиликда иш вақти нормаси деган тушунча ҳам мавжуд бўлиб, бу ходимлар ўзига топширилган ишни корхона, муассаса, ташкилотда ички меҳнат тартиби қоидаларига биноан кун, ҳафта ва бошқа бир давр мобайнида бажариши лозим бўлган, қонун билан ёки қонунга мувофиқ белгилаб қўйилган муайян соатлар миқдори. қонунларда, одатда, барча ходимлар учун ҳафтасига 40 соатлик иш вақти муддати нормаси, муайян тоифадаги ходимлар учун ёки муайян меҳнат шароитларида ишлаётган ходимлар учун белгилаб қўйилган, қисқартирилган нормалар назарда тутилган. Меҳнат ҳақидаги қонунчиликда иш вақти муддати нормаси белгилаб қўйилганки, (масалан, ойлик соатлар нормаси, йиллик соатлар нормаси) бу нормалардан иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш учун фойдаланилади. Агар қонунларда иш вақти муддати нормасини иш берувчи билан касабалар уюшмаси ўртасидаги жамоа шартномаси билан ҳам, буйруқ орқали расмийлаштириш йўли билан ҳам бир тарафлама ёки ходим билан келиш туриб ўзгартириш мумкин эмас. Бу нормаларнинг мажбурийлиги уларга риоя қилиш Конституциянинг 38-моддасида белгиланган муҳим ҳуқуқий кафолатдир.

         Корхоналарда иш вақти ички меҳнат тартиби қоидалари, сменалар графиги, шунингдек меҳнат шартномаси ва жамоа шартноларида белгилаб қўйилади.

         Меҳнат қонунчилигида иш вақтининг алоҳида турлари мавжуд бўлиб, булар иш вақтининг нормал муддати, иш вақтининг қисқартирилган муддати, тўлиқсиз иш вақти деб аталади. Иш вақтининг бундай кўринишлари амалиётда иш куни, иш сменаси ҳам деб аталади.

         Иш куни-бу кундалик иш муддатининг қонун билан белгиланган нормаси, бир суткадаги иш вақтининг соатлар сони, дам олиш кунлари ва бошқа ишланмайдига кунлардан фарқли равишда ички меҳнат тартиби қоидаларига ёки сеналар графигига мувофиқ ишланадиган кун. Маълумки, 6 кунлик ва 5 кунлик иш ҳафтасида, шунингдек ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда, банд бўлган ходимлар алоҳида тусга эга бўлган ишларда банд бўлган айрим тоифа ходимлар учун иш вақтининг муддати бевосита қонунлар билан белгиланган. Бошқа ҳолларда кундалик иш муддати (иш сменаси) белгиланган иш ҳафтасига риоя қилинган ҳолда иш тартиби ёки графиги билан жорий этилади.

         Юқорида айтилганидек, қонунчиликда нормал ва қисқартирилган ва тўлиқсиз иш кунлари фарқ қилинади.

         Нормал иш вақти-бу қонун билан ёки қонун асосида белгилаб қўйилган муддат мобайнидаги кунлик иш вақти, иш ҳафтасидан иборатдир. Нормал иш вақтидан ортиқча ишланган вақт, одатда, иш вақтидан ташқари бажарилган ишлар деб ҳисобланади. Нормал иш вақтини тўлиқсиз иш вақтидан ажратмоқ керак, чунки тўлиқсиз иш вақти муддати ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга мувофиқ белгиланиб, шу тоифадаги ходимларнинг иш вақти нормасидан камайтирилган бўлади. Меҳнат кодексининг 115-моддасида корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган ходимларнинг нормал иш ҳафтасидаги 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Бу қоида барча ходимларга тааллуқли бўлиб, бутун иш вақти режими, шу жумладан иш вақтини жамлаб ҳисоблаш учун мажбурийдир. қонунларда қисқартирилган иш вақти муддати назарда тутилган ҳолларда, нормал иш вақти муддати ҳафтасига 40 соатдан кам, масалан ҳафтасига 36, 35, 30 ва 24 соат бўлиши мумкин.

         Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим. Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий қилинган корхоналарда Кодекснинг 123-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ иш вақти (смена)нинг муддати 12 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

         Иш вақтининг қисқартирилган муддати-ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш, ишни ўқиш билан бирга қўшиб олиб бориш учун қўлай шароитлар яратиб бериш, ёшлар ва меҳнат қобилияти пасайган шахсларни улар соғлиғига зарар етказмаган ҳолда, меҳнатга жалб этиш мақсадида нормал 40 соатлик иш ҳафтаси ўрнига ҳафтасига қонунларда камайтиришга йўл қўйилган иш вақти муддатидир. бундай иш вақти бевосита қонунларда кўзда тутилган ҳоллар ва норма асосидагина белгиланади.

         Меҳнат кодексининг 116-моддасида таъкидлаб ўтилганидек, айрим тоифа ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғи, меҳнат шароитлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва ўзга ҳолатларни инобатга олиб, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар, шунингдек меҳнат шартномаси шартларига биноан меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади. Бунда меҳнатга тўланадиган ҳақнин миқдори асло камайтирилмайди

         Иш вақтиниг қисқартирилган муддати қуйидагилар учун белгиланади:

         -18 ёшга тўлмаган ходимлар (242-модда);

         -ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар (117-модда);

         -алоҳида тусдаги ишларда банд бўлган ходимлар (118-модда);

         -3 ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассаса ва ташкилотларда ишлаётган аёллар МКнинг (2281-моддалар).

         МКнинг 242-моддасида 18 ёшга тўлмаган шахслар учун қисқартирилган иш вақти муддати белгиланган. Бунга кўра, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига 36 соатдан, 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган ходимлар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланган, таътил даврида ишлаётган ёки ўқишдан бўш вақтларида меҳнат қилаётган 14 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчилар учун ҳам шундай қисқартирилган иш вақти белгиланган (МКнинг 242-моддаси). қонун бўйича ҳафтасига 24 ва 36 соатлик иш вақти улар қаерда ишлашларидан ёки ишлаб чиқариш таълимини қаерда ўтаётганликлардан қатъий назар белгиланади. Бунда кунлик иш муддати олди кунлик иш ҳафтасида тегишинча 4 ва 6 соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса 5 ва 7 соатдан ошмаслиги керак.

         Меҳнат кодексининг 220-моддасига мувофиқ, 1 ва 2-гуруҳ ногиронлари учун иш вақтининг ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланган.

         Меҳнат қонунчилигида ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтининг қисқартирилган муддатини белгилаш кўзда тутилган. Республика меҳнат қонунчилигида. Меҳнат жараёнида соғлиғига физикавий, кимёвий, биологик ва ишлаб чиқаришнинг бошқа зарарли омиллари таъсир этадиган ходимлар учун иш вақтининг ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади (МКнинг 117-моддаси).

         Корхонадаги бундай ишларнинг рўйҳати ва уларни бажаришда иш вақтининг муайян муддати тармоқ (таъриф) келишувларида, жамоа шартномаларида белгилабқўйилади. Агар бундай шартнома ёки келишувлар тузилмаган бўлса, бундай ҳолда иш томонидан касабалар уюшмаси қумитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб, қонунчиликда тасдиқланган Меҳнат шароитларини баҳолаш услубияти асосида белгиланади.

         Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузурида меҳнат шароитлари давлат экспертизаси унинг таркибий бўлинмаси сифатида фаолият кўратади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 29 июндаги 378-монли қарори билан тасдиқланган Меҳнат шароитлари давлат экспертизаси тўғрисидаги низомга мувофиқ, бу органнинг асосий вазифаларидан бири ноқулай меҳнат шароитлари учун бериладиган имтиёз ва компенсацияларни тартибга солувчи норматив-услубий асосларни ишлаб чиқиш, меҳнат шароитлари бўйича қўшимча таътил ва қисқартирилган иш куни белгиланадиган рўйҳатлар ва кўрсаткичларнинг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек бу рўйҳатларга ўзгартиришлар киритиш ҳақида хулосалар тайёрлаш, меҳнат шароитларини баҳолаш, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш усулларини ва меҳнат шароитларини экспертиза қилиш учун нормативларни ишлаб чиқиш ва янгилаш каби масалалардан иборат.1

         Шунга мувофиқ, меҳнат шароитларини баҳолаш ва меҳнат шароитлари бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишиб тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 1996 йил 28 майда рўйҳатга олинган Услубият асосида белгиланган.2

         Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида” 2001 йил 11 майдаги 216-II-сон қонунига биноан, аҳолига сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатишда иштирок этаётган тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос ишларда банд бўлган шахслар жумласига киритилади ва уларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар берилади.3

         Меҳнат кодексининг 117-моддаси 3-қисмида кўрсатилган меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтининг муддати чегараси Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади. Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан бу тоифа ходимлар учун иш вақти муддати кунига 4 ва 5 соат қилиб белгиланган.4 Ишлари юқори даражаги ҳис-ҳаяжонли, ақлий зўриқиш, асаб танглиги билан боғлиқ, яъни алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги айрим тоифа ходимлар учун (тиббиёт ходимлари, педагок ва бошқалар) иш вақтининг муддати ҳафтасига кўпи билан 36 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Бундай ходимлар рўйҳати ва улар иш вақтининг аниқ муддати ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан белгиланган.1

         Мазкур қарорда телеведения ва радио-эшиттириш ходимлари ҳам назарда тутилган.

         Маълумки, болаларни тарбиялаш учун шарт-шароит яратиш ҳамда хотин-қизлар меҳнатидан манфаатдорлигини ошриш мақсадида 1999 йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган.2 Ушбу қонунга мувофиқ, 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланган. Бу қоида молиявий жиҳатдан бюджет ҳисобидан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга тегишлидир.

         Меҳнат кодексининг 119-моддасида тўлиқсиз иш вақти белгилаш назарда тутилади. Мазкур моддага биноан, ходим билан берувчи ўртасидаги келишувга мувофиқ, ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаб қўйилиши мумкин. Иш берувчи Меҳнат кодексида, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда, ходимнинг илтимосига кўра, тўлиқсиз иш вақти белгилаб қўйилиши шарт. Масалан, Меҳнат кодексининг 229-моддасига мувофиқ, хомиладор аёлнинг, 14 ёшга тўлмаган боласи (16ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлнинг, шу жумладан хомийлигида шунда боласи бор аёлнинг илтимосига кўра, уларга тўлиқсиз куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгиланиши шарт.Шундай иш куни оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахслар учун ҳам белгиланади. Одатда, бундай иш куни тиббий хулосага асосан ўрнатилади. Шуни муҳимки, ТМЭКнинг ногирнлар учунтўлиқсиз иш вақти режимини жорий қилиш ҳақидаги тавсияларини бажариш иш берувчи учун мажбрийдир (МКнинг 220-моддаси).

         Айни вақтда тўлиқсиз иш куни ўриндошлик бўйича ишлаётган ходимлар учун ҳам белгиланади. Алоҳида таъкидлаш лозимки, қонуннинг мазмунига кўра тўлиқсиз иш кунини белгилаш ёки уни бекор қилиш шарти меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви асосида, баъзан эса ходимнинг талаби бўйича (масалан, МКнинг 229-моддаси) амалга оширилади.

         Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътили муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашда ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон-бир тарзда чеклаш учун асос бўлмайди. Бунда ишланган вақтда ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотларга мутаносиб равишда равишда ҳақ тўланади.

Тўлиқсиз иш вақти тушунчаси нимани англатади?

  МК 119-моддасининг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилганидек, тўлиқсиз иш вақти тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтасини қамраб олади. Ходимнинг меҳнат режими бир йўла иш куни муддати ҳамда ҳафтадаги  иш кунлари сони камайтирилишини назарда тутадиган тақдирдагина тўлиқсиз иш вақти ҳисобланади. Бунда барча ҳолларда тегишинча у ёки бу даврдаги иш авқти муддати нормаси камаяди, яъни ходим мазкур корхонадаги ички тартиб ёки иш жадвалида белгилаб қўйилганидан камроқ вақт ишлайди. Масалан, иш вақтининг нормал муддати амал қилиб турган чоғда ходим саккиз соат ўрнига, айтайлик, фақат олти, беш, тўрт соат ва ундан ҳам камроқ вақт ёки вояга етмаганлар учун кундалик ишнинг қисқартирилган муддати олти соат деб белгиланган бўлсада,  фақат олти, беш, тўрт соат ва ундан ҳам камроқ вақт ишлайди.

   Бу мисоладан кўриниб турибдики, иш вақти тўлиқсиз деб саналиши учун унинг муддати аниқ қанча соатга камайтирилиши қонун ҳужжатларида белгилаб берилмаган. Бинобарин, иш вақтининг муддати тенг ярмига, уч, икки сатга ёки бундан ҳам камроқ муддатга, умуман қанчага камайишидан қатъи назар барча ҳолларда тўлиқсиз иш вақти деб ҳисобланади.

Тўлиқсиз иш ҳафтасида кундалик ишнинг муддати сақланиб қолган ҳолда ҳафтадаги иш кунлари сони камаяди. Чунончи, олти кунлик иш ҳафтасида ходим фақат уч тўлиқ иш куни мобайнида меҳнат қилади.

  Шундай қилиб, тўлиқсиз иш вақти – нормал ёки қисқартирилган иш вақтининг (иш куни, ҳафтасининг) бир қисми бўлиб, унинг муддати ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади ҳамда унга меҳнат ҳақи ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда, ишбай ҳақ тўлашда эса – ҳақиқатда бажарилган ишга одатдаги баҳо бўйича тўланади.

   Меҳнат кодексининг 119-моддасига биноан тўлиқсиз иш вақти меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви асосида белгиланади. Бироқ қонун ҳужжатларида тўғридан тўғри кўрсатиб ўтилган айрим ҳолларда ходимнинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш вақтини белгилаш иш берувчининг мажбурияти сирасига киради. Қонун ҳужжатларида белгиланмаган бошқа ҳолларда бундай мажбурият иш берувчи зиммасига жамоа шартномаси билан ҳам юклатилиши мумкин.

Тўлиқсиз иш вақти қисқартирилган иш вақтидан нимаси билан фарқланади?

Тўлиқсиз иш вақти билан қисқартирилган иш вақтининг муштарак жиҳати ишнинг давом этиш муддати бўлиб, ҳар иккала ҳолда ҳам бу муддат иш вақтининг қонун ҳужжатларида белгиланган нормал муддатидан кам бўлади.

  Шунинг билан бирга, тўлиқсиз иш вақти қисқартирилган иш вақтидан анчагина фарқ қилади, уларни амалиётда тўғри қўллаш учун бу фарқларни билиш жуда муҳим ҳисобланади.

Биринчи фарқи уларни белгилаш тартибининг ўзида кўринади. Чунончи, айрим тоифадаги ходимлар учун иш вақтининг қисқартирилган муддатини белгилаш бевосита  қонун ҳужжатларидав назарда тутилган. Иш берувчи уни ҳатто иш вақтининг нормал муддати доирасида узайтиришга, шу жумладан ходимнинг розилиги бўлган тақдирда ҳам узайтиришга ҳақли эмас. Бу гап қисқартирилган иш вақти жамоа келишувларида, жамоа шартномасида ёки ходим билан тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилган ҳолларга ҳам тааллуқлидир.

  Тўлиқсиз иш вақти хусусига келганда шуни айтиш керакки, юқорида айтиб ўтилган тартибдан фарқли равишда қонунда фақат бир нарса, яъни уни белгилаш ҳақида ходим билан иш берувчи ўртасида келишув тузилиши мумкин эканлиги кўрсатилган, холос. Бу эса тўлиқсиз иш вақти ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномасини тузиш чоғида ҳам, кейинчалик иш жараёнида ҳам белгиланиши мумкин демакдир. Тўлиқсиз иш вақти ҳамда унинг аниқ муддати ҳам шу тартибда тайин этилади. Айни шу сабабли тўлиқсиз иш вақтини белгилашга меҳнат шартномасининг қўшимча шартларидан бири деб қаралади.

   Тўлиқсиз иш вақтининг қисқартирилган иш вақтидан яна бир фарқи уларга ҳақ тўлаш бошқа-бошқа тартибда амалга оширилади.

   Ходимлар учун иш вақтининг нормал муддатида бўлгани каби уларга белгиланган тартибда кафолатланган иш вақтининг қисқартирилган муддати (ҳафтасига қирқ соатдан кам муддат) иш вақтининг нормаси бўлиб, эгаллаб турилган лавозим ёки белгиланган тариф бўйича тегишинча тўлиқ миқдорда ҳақ тўланади. Ҳолбуки тўлиқсиз иш вақти аслида иш вақти у ёки бу нормасининг (нормал ёки қисқартирилган муддатининг) муайян қисми бўлиб, ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади. Масалан, олти кунлик иш ҳафтаси асосида фаолият олиб бораётган корхонада иккита ходимга 36 соатлик иш ҳафтаси муддати белгиланган дейлик. Уларда бири вояга етган ходим. Лекин улардан бири вояга етмаган, яъни ёши ўн олти билан ўн саккиз орасида. Шу боис катта ёшли ходим иш вақтининг бу муддати тўлиқсиз иш вақти саналади ва унга ишлаб берилган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўланаши керак. Вояга етмаган ходим учун эса 36 соатлик қисқартирилган иш ҳафтаси иш вақтининг нормаси бўлиб, унга ҳақ иш вақтининг нормал муддатида тегишли лавозим бўйича ишлаётганларга тўланадиган миқдорда тўланаши лозим.

Тўлиқсиз иш вақтини белгилашнинг умумий тартиби қандай?

    Тўлиқсиз иш вақти ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Тўлиқсиз иш вақти шартлари асосидаги иш (тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси) тўғрисидаги келишувга тарафлар ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам эришишлари мумкин.

  Иш берувчи, гарчи ишлаб чиқариш манфаатларини кўзлаб шундай қилиш мақсадга муовифиқ бўлган тақдирда ҳам тўлиқсиз иш вақтини ходимнинг розилигисиз жорий этишга ҳақли эмас.Айни чоғда иш берувчи тўлиқсиз иш вақти жорий этилишига  у ёки бу сабабга кўра розилик бермаса, ходим Меҳнат кодекси ёки шартнома ҳужжатларида назарда тутилганидан бўлак ҳолларда уни белгилашни талаб этишга ҳақли эмас. Хуллас, умумий тартибнинг моҳияти шундан иборатки, тўлиқсиз иш вақти асосан меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига биноан белгиланиши мумкин.

Иш берувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ қандай ҳолларда ходимнинг унга тўлиқсиз иш вақти белгилаш ҳақидаги талабини қаноатлантириши шарт?

   Қонун ҳужжатларида ходимга унинг илтимосига кўра иш берувчи тўлиқсиз иш вақтини жорий этишни рад қилишга ҳақли бўлмаган ва жорий этиши шарт бўлган бир неча ҳоллар назарда тутилган. Хусусан, Меҳнат кодексининг 229-моддасида иш берувчи зиммасига шундай мажбурият юклатилган, унга кўра ҳомиладор аёлларнинг ёки шн тўрт ёшга тўлмаган боласи(ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларнинг илтимосига кўра уларга тўлиқсиз иш вақти жорий этилиши шарт.

  МКнинг 238-моддасига биноан оналар учун белгиланган барча имтиёзлар ва кафолатлар у ёки бу сабабларга кўра болалалар она ғамхўрлгидан маҳрум бўлиб қолган ҳолларда ана шу болаларни амалда тарбия қилаётган бошқа шахсларга татбиқ этилади.

  Бинобарин, иш берувчи шуни инобатлга олган ҳолда юқорида айтиб ўтилган ёшдаги, она ғамхўрлигидан бебаҳра қолган болаларни тарбиялаётган уларнинг ўз отаси ёки бошқа қариндошларининг, шунингдек ўз васийлиги ва ҳомийлигида вояга етмаган болалар бўлган васийлар ва ҳомийларнинг тўлиқсиз иш вақти белгилаш хусусидаги илтимосини қаноатлантиришлари шарт.

МК 220-моддасининг иккинчи қисми талабларига биноан ТМЭКнинг ишлаётган ногиронларга тўлиқсиз иш вақти жорий этиш ҳақидаги тавсияларини бажариш иш берувчи учун мажбурийдир. Шуни назарда тутиш керакки, юқорида айтиб ўтилган барча ҳолларда ходимларга уларнинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш вақти белгилашни рад этиш учун иш берувчига ҳуқуқ берадиган бирон бир истисно ёки ҳолатлар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.

  Қонун ҳужжатларининг ходим илтимосига биноан тўлиқсиз иш вақти белгилаш ҳақидаги қоидаларини унинг аниқ муддатиини тайин этиш тартиби  билан чалкаштириб юбормаслик керак. Шу нарса ёдда бўлсинки, барча ҳолларда тўлиқсиз иш вақтининг аниқ муддати меҳнат шартноамси тарафларининг келишуви асосида белгиланади. Бу эса қонун ҳужжатлари иш берувчи томонидан ходимга унинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш вақти белгилашни шарт қилиб қўядиган аниқ ҳолатларни тайин этар экан, унинг муддатини умуман айни ходим талаб қилаётганигача белгилаш мажбуриятини юкламайди. Шунга қарамай, ходимлар билан тегишли келишувга эришишда ишлаб чиқариш манфаатларинигина эмас, балки ходимларнинг манфаатларини ҳам инобатга олишга муваффақ бўлаётган корхоналар раҳбарларининг тажрибаси маъқуллашга лойиқдир. Бошқача қилиб айтганда, ходимга тўлиқсиз иш вақти белгилашда унинг муддати қонун иш берувчи зиммасига ходимнинг унга тўлиқсиз иш вақти белгилаш ҳақидаги илтимосини қаноатлантириш мажбуриятини юклашдан кўзлаган мақсадга(боласи ёки оиланинг бемор аъзосини парвариш қилиш имконияти, ишлаётган ногиронларнинг соғлиғини сақлаш ва шу кабилар) эришишни таъминлайдиган бўлишига асосланмоқ керак.

Ходимнинг унга тўлиқсиз иш вақти белгилаш ҳақидаги талабини иш берувчи бажариши керак бўлган қўшимча ҳолатларни жамоа шартномасида назарда тутиш мумкинми?

  Кўпгина корхоналарда шундай иш жойлари борки, уларда тўлиқсиз иш вақти шароитида иш бажариш ишлаб чиқариш жараёнининг нормал маромига деярли таъсир этмайди. Шуни ҳисобга олиб, шунингдек ходимларнинг бундай иш режимига ўтиш заруратига бўлган эҳтиёжи эҳтимолини иноьатга олиб, жамоа келишувлари ёки жамоа шартномасида иш берувчи томонидан ходимнинг илтимоига кўра тўлиқсиз иш вақти белгиланиши шарт бўлган муайян ҳолатлар (қонун ҳужжатларидан белгиланганидан ташқари) назарда тутилиши мумкин. Бунақа ҳолатларнинг намунавий рўйхати жамоа шартномаси вариантида келтирилган. Бундай ҳолатлар ходим билан тузилган меҳнат шартномасига ҳам қўшимча шарт сифатида киритилиши мумкин.

Шунга алоҳида эътибор бериш лозимки, шартномавий тартибда назарда тутилган ҳолатлар иш берувчи зиммасига тўлиқсиз иш вақтини фақат бу хусусда ходимнинг ўзи илтимос қилган тақдирдагина белгилаш мажбуриятини юклайди. Бинобарин айтайлик жамоа шартномасида назарда тутилган у ёки бу ҳолатларнинг мавжуд эканлиги ходимга ўз-ўзидан тўлиқсиз иш вақти белгилаш учун асос бўлаверади дегани эмас.

Ходимга унинг розилигисиз тўлиқсиз иш вақтини белгилашга иш берувчи ҳақлими?

 Юқорида таъкидланганидек, тўлиқсиз иш вақти ё тарафларнинг келишувига биноан ёки ходим қонун ҳужжатларига мувофиқ ана шундай иш вақти белгиланиши ҳуқуқига эга бўлган тақдирда унинг илтимосига кўра белгиланиши мумкин. Шу сабабли, агар ходимни иш берувчи оддий шартлар асосидаги ишга қабул қилиш имконияти бўла туриб, уни ишга қабул қилишни рад этган(мас, тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ишга қабул қилинишга рози бўлмади деган баҳонада) бўлса, бундай рад этиш тегишли барча оқибатлар келиб чиққан ҳолда ғайриқонуний деб топилиши лозим.

   Иш жараёнида ходимга унинг ўз розилигисиз тўлиқсиз иш вақтининг жорий этилиши меҳнат шартномасидаги меҳнат шартлари ўзгарганлигини англатади. Бунга эса йўл қўйилмайди.

  Тўлиқсиз иш вақтининг жорий этилиши технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар ҳажмининг қисқарганлиги муносабати билан иш вақтининг илгариги муддатидан фойдаланиш мумкин бўлмаганлиги оқибатида келиб чиққан ҳолларда ҳам иш вақти муддатини, шунингдек бошқа меҳнат шартларини ўзгартириш фақат МКнинг 89-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилиши мумкин. Демак, бундай қилинади: меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходим камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантирилиб, тилхат олинади. Агар огоҳлантирилганидан кейинги ана шу муддат тугагач, ходим тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ишлашга рози бўлмаса, у билан тузилган меҳнат шартномаси МК 89-моддасининг тўртинчи қисмига биноан, янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад қилганлиги муносабати билан бекор қилиниши мумкин.

  Шундай қилиб, иш берувчи умумий қоидага кўра тўлиқсиз иш вақтини ходимнинг розилигисиз белгилай олмайди. Бй қоидадан фақат МКнинг 89-моддасида назардла тутилган ҳолларда, меҳнат шартларини ўзгартиришнинг қонун билан белгиланган умумий тартибига риоя этган тарзда истиснолар бўлишига йўл қўйилади.

МКнинг 242-моддасининг икинчи қисмига биноан умумтаълим муассаларининг ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган ўқувчилари ўқув йили мобайнида фақат тўлиқсиз иш вақти шартлари асосидаги ишларга қўйилиши мумкин. Ана шуни инобатга олиб, қолаверса иш вақти муддатини ўзгартириш хусусида вояга етмаган ходимда эътироз бўлганда, баҳс-низоларга эътироз қолдирмаслик учун уни ишга қабул қилиш чоғидаёқ эҳтиёткорликни унутмаслик, узоқни кўра билиш керак. Масалан, 16 дан 18 ёшгача бўлган ўқувчилар билан меҳнат шартномаси тузиш чоғида шартномада иш вақтининг ҳам таътил давридаги(ҳафтасига 36 соат), ҳам ўқув йили асносидаги (ҳафтасига 18 соат) муддати ҳақидаги шарт албатта кўрсатилган бўлиши керак. Агар вояга етмаган ходим бундай шартлар асосидаги ишга киришга рози бўлмаса, уни ишга қабул қилиш рад этилганлиги қонуний ҳисобланади.

Ходимларга тўлиқсиз иш вақтини уларнинг розилигисиз белгилашга иш берувчи ҳақли бўлган ҳолларни жамоа шартномасида назарда тутиш мумкинми?

Амалиётда тўлиқсиз иш вақтидан фойдаланилиши бир қатор ҳолларда иш берувчининг манфаатларига мос бўлганлигига қарамай, уни ходимнинг розилигисиз жорий этиш ходимнинг аҳволини қонун ҳужжатларида белгиланганига нисбатан ёмонлаштирувчи ҳаракат тариқасида таснифланади. Буни тўлиқ иш вақти шртлари асосидаги иш ҳақидаги келишувни ўзгартириш тартиби меҳнат шартномасининг бошқа шартлари каби қонун ҳужжатлари билан қатъий тарзда расамадга солиб турилиши билан изоҳлаш мумкин.

Бинобарин, жамоа келишуви ҳам, жамоа шартномаси ҳам, меҳнат шартномаси ҳам МКнинг 89-моддаси биринчи қисмида белгиланган, мавжуд бўлган тақдирда иш берувчи меҳнат шартларини, шу жумладан иш вақти муддатини ходимнинг розилигисиз ўзгартиришга ҳақли бўлган ҳолардан бўлак ҳоллардан шарт қилиб қўя олмайди. Борди-ю, тегишли шартнома ёки келишувга барибир шундай шарт киритилган бўлса, бундай шарт ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган бўлганлаги сабабли МКнинг 5-моддасида белгиланган талабга кўра ҳақиқий эмас деб қаралади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ қайси тоифадаги ходимлар фақат тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ишлайдилар?

 Қонун ҳужжатларида ходим меҳнатини фақат тўлиқсиз иш вақти шартларида қўлланиш мумкин бўлган ҳоллар ҳам назарда тутилган. Шуниси ҳам борки, тўлиқсиз иш вақтининг муддати мазкур тоифадаги ходимлар учун қонун ҳужжатларида белиглаб берилган иш вақтининг ярмидан ошмаслиги керак. Ўриндошлик асосида ишлайдиганлар ҳамда ўқишдан бўш вақтда ўқув йили мобайнида ишлаётган ёши 14 дан 18 гача бўлган ўқуучилар худди ана шундай шартларда ишга қабул қилиниши керак.

Иш берувчи тўлиқсиз иш вақти шартлари асосидаги иш ҳақида ходим билан илгари эришилган келишувни бекор қилишга ҳақлими?

  Тўлиқсиз иш вақти шартлари асосидаги иш ҳақида ходим билан иш берувчи ўртасида эришилган келишув меҳнат шартномаси шартлариданбири бўлиб, меҳнат шартномасининг бошқа барча шартлари каби уни қуйидаги тартибда ўзгартириш мумкин:

Умумий қоидаги кўра – тарафларнинг келишувига биноан;

Ходимнинг розилигисиз – фақат МКнинг 89-моддасида назарда  тутилган ҳолларда ва тартибда.

Тўлиқсиз иш вақти белгиланаётган барча ҳолларда, бундай келишув вақтинчалик хусусиятга эга бўладиган бўлса, тўлиқсиз иш вақти қанча муддатга белгиланаётганлиги кўрастилиши керак. Бунда муддатни аниқ қилиб, чунончи “20 мартдан 10 августгача” деб кўрсатиш, ёки муайян ҳолатга боғлиқ қилиб, жумладан, “хом ашё бўлмаган паллада”, “иситиш мавсумида”, “тиббий хулосада кўрсатилган муддатда”, “фарзанди ўн тўрт ёшга тўлгунга қадар” тарзида кўрсатиш мумкин.

Тўлиқсиз иш вақтини белгилашда муддатнинг тайин этилиши ходим билан иш берувчига ноқувлай оқибатлардан холи бўлиш, низолар келиб чиқиши эҳтимолининг олдини олиш имконини беради.

Белгиланган тўлиқсиз иш вақти доимий тусга эга бўлса, бунда муддатни тайин этишнинг зарурияти йўқ. ТМЭКнинг 1-гуруҳ ногирони бўлган ходимга унинг кунига узоғи билан тўрт соатдан ишлаши мумкин эканлиги ҳақида умрбод қилиб берилган тавсиясига биноан тўлиқсиз иш вақти белгиланадиган ҳолатларни бунга мисол сифатида келтириш мумкин.

Иш берувчи ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал этиш учун тўлиқсиз иш вақти режимидан қандай фойдаланиши мумкин?

    Тўлиқсиз иш вақтидан фойдаланиш амалиётда фақат ходимнинг эмас, балки иш берувчининг манфаатлари тақазоси бўлиши ҳам мумкин. Чунончи, кўпгина корхоналар нормал фаолият юритиши учун уларда иш вақтининг тўлиқсиз муддати асосида ишлайдиган айрим мутахассислардан фойдаланиш ҳам кифоя қилади. Яъни, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда бундай мутахассисларга иш вақтининг шундай муддати белгилаб қўйиладики, бу муддат мазкур корхонада шу мутахассислик бўйича керакли иш ҳажмини сифатили қилиб бажаришга имкон берадиган, аниқроқ қилиб айтганда эса етарли бўлади. Шу боис корхонанинг хос хусусиятларига, у ёки бу мутахассислик бўйича ишлар ҳажмига қараб иш вақти унинг қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган нормал муддатига 0.25, 0.5, 0.75 ёки бошқача фоиз нисбатида тайин этилиши мумкин.

  Тажрибада бундай зарурат кўпинча ишловчилари кам сонли корхоналарда юзага келади, зотан уларда турли йўналишдаги мутахассислар(юристлар, бухгалтерлар) тўлиқсиз иш вақтлари шартларида ишлайдилар.

Бундан ташқари иш куни мобайнида бажариладиган ишлар ҳажми бир маромда бўлмаслиги билан ажралиб турадиган айрим корхоналарнинг, хусусан жамоат транспорти, маииший хизмат кўрсатиш, савдо, умумий овқатланиш, коммуноал хизмат корхоналаринингь ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб , уларнинг белгиланган иш ўринлари рўйхатига иши тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида амалга ошириладиган қўшимча лавозимлар киритилиши мумкин.

Чунончи кўпгина автотранспорт корхоналарига транспортларни йўловчи ташаш учун эрталабки йўналишларга чиқаришда ва кечқурунлари ишдан қайтганида уларнинг жорий ҳолатини текшириш учун мутахассисларни, шунингдек тушлик пайтида умумий овқатланиш соҳаси ходимларини қўшимча жалб этишга тўғри келади.Мазкур ҳолларда ишнинг қўшимча ҳажми тўлиқсиз иш куни шартлари асосида ишга қабул қилинадиган ходимлар томонидан бажарилади.

Ҳафтанинг муайян кунлари иш ҳажми жадал ортиб кетадиган бошқа корхоналарда (мас, дам олиш зоналарида) ана шу тиғиз кунлари уё ки бу ишларни бажариш учун тўлиқ иш кунига, аммо тўлиқсиз иш ҳафтасига асосланган (мас, уч кун 7 соатдан) ҳолда қўшимча ходим қабул қилиниши мумкин.

Иш берувчининг муайян бир ходимга фақат тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси асосидаги ишга кириш тўғрисидаги таклифи, белгиланган иш ўринлари рўйхатида мазкур ишни ёки мазкур лавозимни бажариш учун ходимларнинг қўшимча миқдори назарда тутилган., тўлиқсиз иш вақтининг аниқ муддати (ставканинг 0.25, 0.5, 0.75 нисбати ва ҳ.к.) кўрастилган тақдирдагина қонуний ҳисобланади. Шундай бўлгандагина тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ишга қабул қилинган ходим унга иш вақтининг тўлиқ муддати белгиланишини талаб қилишга ҳақли эмас.

Бироқ ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланган иш ўринлари рўйхатида барча вазифалар бўйича тўлиқ ставкалар назарда тутилган ҳолларда ҳам тўлиқсиз иш вақтидан фойдаланиш шарти айтиб ўтилиши мумкин. Хусусан, аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар, меҳнати кенг қўлланиладиган корхоналарда тўлиқсиз иш вақтидан фойдаланиш тажрибаси таҳсинга сазовордир.

Шу зайл  тўлиқ иш куни билан ишлайдиган битта ходим ўрнига тўлиқсиз иш куни билан ишлайдиган иккита ходим ишга олиниб, ойлик маош улар ўртасида тақсимланади, бошқача қилиб айтганда, харажат ўша-шўа-ю, иш билан банд бўлган ходимлар сони икки баробар кўп бўлади. Бу икки ходимдан бири иш жадвалига кўра, мас, иш кунининг биринчи ярмида,  иккинчис эса куннинг  иккинчи ярмида ишлайди.

Меҳнатни бундай ташкил этиш, бир томондан унинг жадаллашувини кучайтиради, иккинчи томондан эса, ишни тегишинча болаларни парваришлаш, ўз билимини ошириш, соғлиққа кўпроқ эътибор қилишни уйғун тарзда қўшиб олиб бориш имконини беради.

Тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ишлаш ходим учун бирон-бир чекловлар келиб чиқишига сабаб бўладими?

МК 119-моддасининг учинчи қисмига биноан, тўлиқсиз иш вақтлари шартлари асосида ишлаш ходимларнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддати, меҳнат стажини ҳисоблаш ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқлари бирон бир тарзда чекланишига сабаб бўлмайди.

Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишлар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва кафолатларгина(қисқартирилган иш кунига, қўшимча таътил берилишига, ёшга кўра имтиёзли пенсия олишга бўлган ҳуқуқ ва бошқалар) юқоридаги қоидалардан истисно бўлиши мумкин, чунки бундай имтиёзларга бўлган ҳуқуқлар вужудга келишининг асосий шартларидан бири айтиб ўтилган шартлардаги кундалик иш бўлиб, унинг аниқ муддати қонун билан қатъий белгилаб қўйилган. Бошқача қилиб айтганда, бундай ҳолларда тўлиқсиз иш вақти режимида ишлаётганларга тегишли имтиёзларга бўлган ҳуқуқ, агар ходим тегишли ишларда иш вақтининг тегишли имтиёзларни олиш учун қонун ҳужжатлари зарур деб эътироф этадиган муддатини ишлаб берган бўлсагина, юзага келади.

Тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ишлаётганлар меҳнатига ҳақ қандай тўланади?

Корхонада белгилаб қўйилган пул мукофотлари уларга, агар корхонанинг жамоа шартномасида, бошқа локал норматив ҳужжатида ёки меҳнатшартномасининг ўзида мукофотларни ҳисоблаб чиқаришнинг бошқа, янада имтиёзлироқ тартиби назарда тутилмаган бўлса, худди шу тартибда ҳисоблаб чиқарилади.

Тўлиқсиз иш вақтлари шартлари асосида ишлайдиганларга бошқа ходимларга бўлганидек иш ҳақига шахсий устамалар ва рағбатлантириш йўсинидаги бошқа пул тўловлари белгиланиши мумкин.

Ходимснинг ўзи учун белгилаб берилган тўлиқсиз иш вақти муддатидан ташқари иш берувчининг фармойишига биноан ёки унинг рухсати билан ишлаган вақти учун иш вақтидан ташқари ишлашга тўғри келган вақт тариқасида камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Тўлиқсиз иш вақти режимида ишлаш ҳақидаги шарт меҳнат шартномасида кўрсатиладими?        

Тўлиқсиз иш вақти билан ишлаш юзасидан тарафлар ўртасида эришилган келишув меҳнат артномасида албатта акс эттирилган, иш вақтининг аниқ муддати ҳамда ундан фойдаланиш режими кўрастилган бўлиши шарт. Чунончи, агар тарафлар тўлиқсиз иш вақти режимида ишлаш ҳақида келишиб олган бўлсалар, меҳнат шартномасида иш кунининг муддати ҳамда кундалик иш бошланадиган ва тугалланадиган вақт аниқ қилиб белигаб қўйилиши керак.

Ходим билан иш берувчи тўлиқсиз иш ҳафтаси шартлари асоисдаги иш хусусида келишувга эришган бўлсалар, меҳнат шартномасида ходим ўз меҳнатвазифаларини ҳафтада неча кун ва ҳафтанинг қайси кунлари бажариши керак эканлиги кўрсатилиши зарур.

Тўлиқсиз иш ҳафтасига ва айни бир пайтда тўлиқсиз иш куни тартибида ишлашга қабул қилинганда меҳнат шартномасида шарт сифатида ходим ҳафтанинг қайси кунлари неча соатдан ишлаши лозим эканлиги айтиб ўтилмоғи лозим.

Тўлиқсиз иш вақти хусусидаги шарт ишга ьқабул қилиш тўғрисидаги буйруқда ҳам кўрсатилиши керак.

Ходим тўлиқсиз иш вақти асосида ишлашга қабул қилинганлиги тўғрисдаги шарт меҳнат дафтарчасига ёзилмайди.

Ходимнинг тўлиқсиз иш вақти асосидаги иш режимига ўтказилганлиги қандай тартибда расмийлаштирилади?

  Ходимга ишлаш жараёнида тўлиқсиз иш вақти белгиланиши иш вақти режими тўғрисида илгари эришилган келишувнинг ва у биан боғлиқ бошқа меҳнат шартларининг ўзгартирилиши тариқасида таснифланиши даркор. Бинобарин, бундай ҳолларда меҳнатшартларини ўзгартириш ва расмийлаштириш тартибини расамадга солиб турувчи нормаларга риоя этилиши керак.

Меҳнат шартномасига киритиладиган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти кўп жиҳатдан тўлиқсиз иш вақтидан фойдаланишнинг тарафлар томонидан ўзаро келишиб олинган вариантига боғлиқ. Чунончи, агар ходимга тўлиқсиз иш вақти белгилаш хусусида тегишли келишувга эришилган бўлса, меҳнат шартномасида унинг муддати, шунингдек кундалик иш бошланадиган ва тугалланадиган пайт кўрсатилиши шарт.

Мабодо тўлиқсиз иш ҳафтасига асосланиладиган иш ҳақидаги келишувга эришилган бўлса, у ҳолда иш кунининг муддати ҳақидаги, кундалик иш бошланадиган  ва тугалланадиган пайт хусусидаги шартлар ўзгаришсиз, илгаридек қолаверади, фақат ҳафтадаги иш кунлари сони ўзгаради, холос. Шу сабабли меҳнат шартномасида ҳафтанинг ишланадиган кунларини номма-ном кўрсатган маъқул.

Бир йўла тўлиқсиз иш куни ва тўлиқсиз иш ҳафтаси белгиланганда эса бевосита меҳнат шартномасида ходим учун иш вақтининг ички меҳнат тартиби қоидаларидан фарқ қиладиган шахсий режими тайин этилади. Хусусан ҳафтанинг аниқ иш кунлари, иш кунининг муддати, кундалик иш бошланадиган ва тугалланадиган пайт кўрсатилади.

Тўлиқсиз иш вақтининг белгиланиши вақтинчалик хусусиятга эга бўлганда меҳнат шартномасида тўлиқсиз иш вақти қанча муддатга белгиланётганлиги албатта кўрсатилиши керак.

Тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ишлаётган шахсларнинг меҳнатига ҳақ ишланган вақтга мутаносиб равишда тўланашини инобатга олиб, меҳнатга ҳақ тўлаш хусусида лгари келишилган шартга ҳам тегишли ўзгаришлар киритилиши зарур.

Хулоса

   Эркин иқтисодий муносабатлар жорий этилаётган  шароитда меҳнат муносабатлари соҳасида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни таъминлаш долзарб аҳамият касб этади. Хусусан, меҳнат шартлари ўзгариши билан боғлиқ ҳолда меҳнат шартномасининг ўзгариши ҳам ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларига ўз таъсирини ўтказади.  Юқорида кўрганимиздек меҳнат шартларини ўзгартириш, бошқа ишга ўтказиш ва иш жойини ўзгартиришга доир ҳуқуқий нормалар мазмунини тўғри англаш зарур.

    Меҳнат шартномасини ўзгартириш тушунчаси, унинг моҳияти, иш берувчининг ташаббусига биноан ходим розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартириш тартиби, ходим талабига биноан меҳнат шартларини ўзгартириш ва унинг тартиби, иш жойини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш ҳамда ушбу тушунчалар ўртасидаги фарқлар, вақтинча ва доимий бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги қоидаларни моҳиятини тўғри англаш:

биринчидан, объектив ва субъектив омиллар таъсирида (ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш, технологияни янгилаш, ходимлар малакасини ошириш, таъминотдаги узилишлар) ходимларни бошқа ишга ўтказиш, иш жойини ўзгартириш, меҳнатга ҳақ тўлаш, дам олиш, иш вақти, кафолатли ва компенсация тўловлари каби меҳнатнинг муҳим шартлари ўзгаришини тўғри баҳолаш ва нормаларни тўғри қўллаш имкониятини беради;

иккинчидан, меҳнатнинг шартлари ходимлар учун ноқулай тарафга ўзгараётганда уларнинг меҳнат ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини сақлаш билан боғлиқ кафолатларга иш берувчининг риоя қилиш мажбуриятини таъкидлайди;

учинчидан, меҳнатнинг шартлари иш берувчи учун ноқулай тарафга ўзгараётганда (маҳсулотлар таъминотидаги узилишлар) илгари келишилган мажбуриятларни вақтинчалик тақдим этмаслик ҳуқуқини беради ва ҳ.к.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Каримов И.А. Конституция-юртимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этишнинг ҳуқуқий асоси. Т., Ўзбекистон, 2003 йил
  2. Каримов И.А. Эл-юрт ташвиши билан яшаш ва ишлаш асосий мезон. Т., Ўзбекистон, 2004 й.
  3. Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз-жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. Т., Ўзбекистон, 2005.
  4. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари – энг олий қадрият. Т., Ўзбекистон, 2005.
  5. Каримов И.А.
  6. Иноятов А.А. Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси нашриёт уйи, 2002.- 383 б.
  7. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Молия, 2002.- 279 б.
  8. Турсунов Й. Трудовое право Республики Узбекистан. Учебник. -Т.: ТДЮИ, 2005.- 251с.
  9. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Ўқув қўлланма.- Т.: Молия, 1999.- 187 б.
  10. Турсунов Й.,Усманова М. Меҳнат ҳуқуқи.Ўқув қўлланма.-Т.: Молия, 2001.- 227 б.
  11. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистон Республикасида меҳнат шартномалари (контракт). Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: Ўқитувчи, 1-2-томлар. 1996.-224,253 б.
  12. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистоннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Меҳнат шартномаси (контракт). Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: 1999.-528 б.
  13. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистонннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Иш вақти ва дам олиш вақти.Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: Ўқитувчи, 2000.-511 б.
  14. Турсунов Й., Усманова М., Нуриддинова А. Меҳнат ҳуқуқи. Ўқув-услубий қўлланма.- Т.: ТДЮИ, 2003.-51 б.

[1] Трудовое право Республики Узбекистан. Й.Турсунов. Т: ТГЮИ, 2005 г. 94-с.

1 қаранг: Меҳнат ҳуқуқи. Энциклопедик луғат. ЎзСЭ Бош редакцияси. Тошкент., 1981 йил, 130-бет.

1 қарорлар тўплами. 1993 йил, 7-сон, 29-модда.

2 Батафсил кўрилсин: М.Гасанов, Е.Соколов. Ўзбекистоннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Иккинчи китоб. (Иш вақти ҳамда дам олиш вақти). Тошкент., “Ўқитувчи”, 2001 йил.

3 Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тўплами. 2001 йил, 10-сон, 52-модда.

4 қТ. 1997 йил, 3-сон, 11-модда.

1 қТ. 1997 йил, 3-сон, 11-модда.

2 Ўзбекистоннинг янги қонунлари. 21-сон, 132-бет.

1
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

Меҳнат дафтарчаси

КИРИШ АСОСИЙ ҚИСМ Ходимларнинг меҳнат стажларини тасдиқловчи асосий ҳужжат сифатида меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби Меҳнат …