So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Ishga kiruvchilarga / Ишсизлик нафақасининг миқдори қанча?
ishsizlik nafaqasi

Ишсизлик нафақасининг миқдори қанча?

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда янги таҳрирда қабул қилинган “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни ишсизлик нафақаси миқдорини аниқлаш тартиби аниқ келтириб ўтилган. Қуйида ушбу тартибни кўриб чиқамиз ва ишсизлик нафақаси миқдорини аниқлаймиз. Таҳлилимизни аниқлаштирувчи саволлар ёрдамида олиб борамиз.

Ҳаммага ишсизлик нафақаси миқдори бир хилми?

Йўқ, ишсизлик нафақасининг миқдори, аввало, ишсиз шахсларнинг турига қараб фарқ қилади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 65-моддасига кўра, ишсизлик нафақасини тўлаш даври ҳам ишсиз шахсларнинг қуйидаги икки гуруҳига турлича белгиланган:

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта;

илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсга эса ўн уч календарь ҳафта мобайнида тўланади.

Ишсизлик нафақасининг миқдори ҳам ишсиз шахсларнинг бир қанча гуруҳларига қараб фарқланади.

Ишсизлик нафақасининг миқдори қандай аниқланади:

Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун ишсизлик нафақаси олдинги иш жойидаги охирги бир йилги ўртача иш ҳақига фоиз нисбатида белгиланади. Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига фоиз нисбатида белгиланади.

Демак, ишсизлик нафақасининг миқдорини аниқлашда асосий фактор – фуқаронинг мақоми, яъни у аввал ишлагани ёки ишламаганига боғлиқ экан. Масалан, фуқаро ишидан маҳрум бўлган шахс бўлса, унга бериладиган ишсизлик нафақаси миқдори унинг охирги иш жойидаги сўнги 12 ой учун бухгалтерия маълумотлари асосидаги иш ҳақидан келиб чиқади. Агар фуқаро ишдан ва меҳнат даромадидан маҳрум бўлган фуқаролар тоифасига кирмаса (масалан, биринчи марта ишга кираётган, аввал ишламаган) унинг ишсизлик нафақаси миқдори ҳисоблаб чиқилишида мамлакатда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан келиб чиқилади.

Ишсизлик нафақаси миқдори шу иш ҳақига нисбатан фоизда белгиланади.

Қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган болалари ва бошқа кишилар бўлган ишсиз шахсларга нафақа миқдори ўн фоизга оширилади.

Масалан, фуқарога ишсизлик нафақаси миқдори унинг ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида белгиланадиган тоифага мансуб бўлса ва унинг қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган болалари ёки қарамоғида бошқа шахслар бўлса, унга қўшимча 10 фоиз қўшилиб, ушбу фуқаронинг ишсизлик нафақаси миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида белгиланади.

Ишсизлик нафақаси миқдорини ҳисоблашда қўлланиладиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори қандай тартибда аниқланади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартда 133-сон қарори билан тасдиқланган “Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартиби”га кўра, ишсизлик нафақасини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи биринчи йил ишловчиларга ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни ўн иккидан бирга (олти ой тўлиқ ишлаганларга олтидан бирга; етти ой тўлиқ ишлаганларга еттидан бирга ва ҳоказолар), ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув юртлари ўқитувчилари учун ҳисоблаш даврида тарифакация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган суммани ўндан бирга оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради.

Батафсил маълумот учун ушбу мақолани ўқинг.

Ишсизлик нафақасини ҳисоблаб чиқишда раён коэффициентлари ҳисобга олинадими?

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига кўра, иш ҳақига коэффициентлар белгиланган жойларда яшовчи шахсларга тайинланадиган ишсизлик нафақаси миқдорлари уларнинг шу жойларда яшаган даври учун мазкур жойда ноишлаб чиқариш тармоқларининг ходимларига белгиланган коэффициентни қўллаган ҳолда аниқланади.

Ишсизлик нафақасининг миқдори кимларга қанча миқдорда белгиланган?

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунига кўра, ишсизлик нафақасининг миқдори қуйидаги ишсиз фуқаролар тоифаларига қараб фарқланади:

  • Ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган шахсларга
  • Ҳарбий хизматдан, Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати органларидан бўшатилган шахсларга
  • Биринчи марта иш қидираётган шахсларга
  • Узоқ танаффусдан кейин иш қидираётган шахсларга
  • Касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтган, малака оширишни тугатган шахсларга.

Қуйида уларнинг ҳар бирини алоҳида кўриб чиқамиз.

  1. Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган тақдирда, ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга олдинги иш жойидаги ўртача иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтида Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси тўлаш кафолатланади.

Масалан, фуқаронинг охирги 12 ойдаги жами иш ҳақи миқдори 10 654 000 сўмни ташкил этса, унинг ўртача ойлик иш ҳақиси (10 654 000/12=887 833) 887 833 сўмни ташкил этади. Шундан 50%и, яъни 443 917 сўм ушбу фуқаронинг ишсизлик нафақаси миқдори ҳисобланади. Ушбу миқдор мамлакатда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи (149 775 сўм)дан ортиқ ва мамлакатда белгиланган ўртача ойлик иш ҳақи (Ўзбекистон Республикаси давлат Статистика қўмитаси томонидан белгиланади ва ҳозирда 950 000 ва 1 000 000 сўм атрофида)дан кам.

Агар ушбу ҳолатда фуқаронинг ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи энг кам ойлик иш ҳақидан кам ёки ўртача ойлик иш ҳақидан кўп бўлганда, бу фуқарога мос равишда ё энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида (149 775 сўм) ё ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишсизлик нафақаси тайинланар эди.

  1. Ҳарбий хизматдан, Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати органларидан бўшатилиши муносабати билан иш ҳақидан маҳрум бўлган шахслар ҳам ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган шахсларга белгиланган шартларда ва миқдорда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

Ҳарбий хизматдан, Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати органларидан бўшатилган ҳамда маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилишдан олдин ишламаган шахсларга нафақа миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдори даражасида ҳисоблаб чиқарилади.

Бунда муддатли ҳарбий хизматни ўташга кетиши муносабати билан ишдан бўшаганлар ҳамда муддатли ҳарбий хизматдан Қуролли Кучлар резервига бўшатилган, илгари ишламаган фуқаролар назарда тутилмоқда. Аслида уларни биринчи гуруҳдаги ишсиз шахслардан деярли фарқи йўқ.

Масалан, фуқаро муддатли ҳарбий хизматга кетишидан олдин МЧЖ да ҳисобчи бўлиб ишлаган ва унинг ойлик иш ҳақиси 650 000 сўми, охирги 12 ой учун эса, 7 800 000 сўми ташкил этсин. Шунда унинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори (7 800 000 /12=660 000) 660 000 сўми, ишсизлик нафақаси миқдори эса, (660 000 сўмнинг 50%и) 330 000 сўмни ташкил этади.

Агар фуқаро муддатли ҳарбий хизматга кетишдан олдин ишламаган бўлса, унга энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан фоизларда ишсизлик нафақаси тўланади.

  1. Биринчи марта иш қидираётган шахсларга мўлжалланган ишсизлик нафақасининг миқдори

Илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган ва ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга маҳаллий меҳнат органи томонидан касбга тайёрлаш ёки ишга жойлашиш имконияти берилмаган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг камида етмиш беш фоизи миқдорида нафақа тўлаш кафолатланади.

Бугунги кунда бу сумма (149 775/100*75=112 331 сўм) 112 331 сўмни ташкил қилади. Демак, умуман ишламаган ишсиз шахсларга тўланадиган ишсизлик нафақасининг миқдори 112 331 сўм экан.

  1. Узоқ танаффусдан кейин иш қидираётган шахсларга мўлжалланган ишсизлик нафақасининг миқдори

Узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган ишсиз шахсларга қуйидаги миқдорда нафақа тўлаш кафолатланади:

мутахассислиги бўлган шахслар учун, шунингдек ўн икки ой мобайнида ҳақ тўланадиган иш билан бандлиги ўн икки календарь ҳафтадан кам бўлмаган шахслар учун, агар уларнинг ишга жойлашиши учун касбга қайта ўргатишни ёки малакасини оширишни талаб қилмаса, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда (яъни 149 775 сўмдан кам бўлмаган);

бошқа ҳолларда, шу жумладан, мутахассислиги бўлмаган шахсларга, маҳаллий меҳнат органи томонидан касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш имконияти берилмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг етмиш беш фоизи миқдорида (яъни 112 331 сўм миқдорида).

  1. Касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтган, малака оширишни тугатган шахсларга мўлжалланган ишсизлик нафақасининг миқдори

Ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтгандан, малака оширишни тугатгандан кейин қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

Ишсизлик нафақаси қандай ҳолларда бекор қилиниши, тўхтатиб қўйилиши ёки камайтирилиши мумкин?

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасига кўра, қуйидаги ҳолларда ишсизлик нафақасини тўлаш бекор қилинади (яъни бутунлай тўланмайди):

  • ишсиз шахс ишга жойлашганда;
  • ишсиз шахс таклиф қилинган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган тақдирда;
  • қарамоғида учтагача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркак ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этишни рад этган тақдирда;
  • ишсиз шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган тақдирда;
  • ишсиз шахс суднинг ҳукми билан қамоқ ёки озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазога ҳукм этилган тақдирда;
  • ишсизлик нафақасини олиб турган даврда маҳаллий меҳнат органини хабардор қилмай вақтинчалик бажариладиган ишга жойлашилган тақдирда;
  • ишсизлик нафақасини алдов йўли билан олган тақдирда;
  • ишсиз шахс вафот этган тақдирда.

Қуйидаги ҳолларда ишсизлик нафақасини тўлаш тўхтатиб қўйилади (яъни муайян вақтга тўланмай туради):

ишсиз шахс касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ёки малака оширишга юборилган бўлса, стипендия олган ҳолда касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтиш ёки малака ошириш даврида (Изоҳ: чунки бу даврда мазкур шахслар банд бўлади, яъни ишсиз ҳисобланмайди);

ишсиз шахс ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасида даволаш курсини ўтаётган бўлса, бундай муассасада бўлган даврида (Изоҳ: чунки бу даврда мазкур шахслар меҳнатга лаёқатли, яъни иш таклиф этса ишлайдиган аҳволда бўлмайди);

ишсиз шахс ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этаётган бўлса, бундай ишларда иштирок этган даврида (Изоҳ: чунки бу даврда мазкур шахслар банд бўлади ҳамда меҳнат даромадига эга бўлади).

Ишсиз шахс узрсиз сабабларга кўра белгиланган муддатда маҳаллий меҳнат органига келмаган тақдирда, ишсизлик нафақасини тўлаш уч ойгача муддатга тўхтатиб қўйилиши ёки нафақа миқдори камайтирилиши мумкин.

 

4
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

Ўзбекистон Республикасида аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонунчилик

Кириш Асосий қисм Аҳоли бандлиги ва ишсизликдан ҳимоя қилишни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар. Ишсизлик ва …