Смена алмашувчи ходим ишга келмаса, МК нормаларини бузмай, бошқа ишчини жалб қилиш тартиби

preview

«Корхонада 12 соатлик сменали иш белгиланган. Ходим ўз сменасини ишлаб берди, ўрнига келадиган ҳамкасби эса соғлиғи ҳолатига кўра ишга келмади. Бундай ҳолатда қандай йўл тутиш лозим  – ходимни иккинчи сменада ишлаб беришга мажбур қилиш ёки унинг ўрнига бошқасини қўйиш керакми?».

Kadrovik.uz тушунтиради:

Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

 

Янги Меҳнат кодексида иш сменасининг давомийлиги ўн икки соат бўлганида иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилишга йўл қўйилмайди . Шунинг учун бу вазиятда иш берувчи бошқа ходимни ишга жалб қилиши керак.

Шунингдек, ходимни сурункасига икки смена давомида ишга жалб этиш тақиқланади. Сменалар орасидаги ҳар кунги дам олишнинг энг кам давомийлиги (битта смена охиридан то кейинги смена бошланишига қадар) дам олиш ва овқатланиш учун танаффус вақти билан бирга камида ўн икки соатни ташкил этиши керак .

Иш тўхтаб  қолмаслигининг олдини олиш мақсадида унга вақтинча бошқа ходимни ўтказиш мумкин. Умумий қоидага кўра,  ишлаб чиқариш зарурияти муносабати билан ходимнинг вақтинча бошқа ишга ўтказилишига йўл қўйилади .

Эътибор беринг
Ишлаб чиқариш зарурияти ҳолатлари рўйхати янги Меҳнат кодексининг 145-модда 2-қисмида белгиланган. Ушбу рўйхатга вақтинча йўқ бўлган ходимнинг ўрнига ишлаб туриш киритилган.

Шунингдек, иш берувчи сменалараро дам олишда бўлган ҳар қандай ходимни ишга чақириши мумкин. Бунда юқорида санаб ўтилган чекловларни ҳисобга олиш керак,  ходимни қуйидаги ҳолатларда ишга жалб қилманг, агар:

  • бу унинг учун сурункасига иккинчи смена бўлса;
  • у камида 12 соат дам олишга улгурмаган бўлса.
Эътибор беринг

Иш берувчи ходимни фармойиши билан дам олиш кунида ишга чақириши учун ташкилотда бунинг учун истисно ҳолатлар рўйхати белгиланиши керак.

Умуман ташкилотнинг ёки унинг алоҳида таркибий бўлинмаларининг кейинчалик нормал ишлаши олдиндан кутилмаган қайси ишларнинг шошилинч бажарилишига боғлиқ бўлса, ўша ишларнинг рўйхати жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра иш берувчи томонидан белгиланади.

Агар иш берувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлса, бундай рўйхат ходим билан меҳнат шартномаларида белгиланади .

 

–  Агар смена алмашадиган вақт – тонгги соат 7 да сменачи ишга келмай қолса, қандай йўл тутиш керак, раҳбар ҳали ишга келмаган, ишда йўқ ходимни алмаштириш масаласини ҳал қилиш учун маълум вақт талаб қилинади? Сменада ишламайдиган ходим ишда йўқ ходимнинг ўрнини алмаштиргунларига қадар ишни давом эттирса бўладими?

–  Кўриб чиқилаётган масалада гап 12 соатлик иш сменаси ҳақида кетаётганлиги сабабли смена алмашаётган ходим ишга келмаганда ишни давом эттиришни назарда тутувчи янги Меҳнат кодексининг 189-модда 6-қисмини 3-б. қўллаб бўлмайди.

МК талабларини бузмасликнинг олдини олиш мақсадида шунга ўхшаш ва бошқа форс-мажор ҳолатлар ташкилотнинг ички ҳужжатларида ёзиб қўйилиши керак. Масалан, Корхона қўриқлаш хизмати ишини ташкил этиш бўйича йўриқномада ва ҳоказо. Ушбу ички ҳужжатда  қуйидагиларни назарда тутишингизни тавсия қиламиз:

  • ходимнинг смена бошланишидан олдин ишга кириша олмаслиги тўғрисида бевосита раҳбарни хабардор қилиш мажбурияти;
  • ўзаро алмашиш тартиби (ходимларнинг қайси бири иш режимини бузмасдан кимни алмаштириши мумкин);
  • бошқа тегишли масалалар.

Валерия ЛЯНДРЕС

«Норма» эксперти