Набирасининг парвариши учун бувига касаллик варақаси бериладими

preview

«Корхонамиз ходимаси 2023 йилда туғилган набирасини парвариш қилгани бўйича касаллик варақасини тўлаш учун тақдим этди. 

Бувиси набирасига ғамхўрлик қилгани учун касаллик таътилини олиши мумкинми ва у қандай тўланади?» 

Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси касал бўлганда, меҳнат ёки бошқа жароҳатларда, шу жумладан маиший жароҳатларда, оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётганда, карантин, санаторий-курорт даволаниш ва протезлашда тўланади . Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлаш учун асос – белгиланган тартибда берилган касаллик варақаси (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси) .

Қариндошлар болаларни парвариш қилиш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштираётганда  боланинг ёши ва нима учун онанинг унга ғамхўрлик қила олмаслиги сабаби муҳим аҳамиятга эга.

Сизнинг бу вазиятингизда ходима-буви уч ёшгача бўлган болани парваришлашда банд бўлган она ёки унинг ўрнини босувчи шахс касал бўлганда ёки бошқа фарзанди билан стационарда бўлганда ушбу давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси олишга, ўз хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлишга ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини олишга ҳақли . Бунда  меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ўн тўрт кунгача берилади. Унинг асосида боланинг бувисига иш жойидан нафақа тўланиши керак .

Агар эмизикли болани парваришлаш даврида онанинг бетоблиги туфайли боланинг ўзи касалланиб қолса, у ҳолда стационар шароитда уч ёшга тўлмаган болани парваришлаш учун қаровни таъминлайдиган шахсга (бувига) даволашнинг барча даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши керак .

Агар ходимингиз набирасини парваришлаш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим қилган бўлса, вазиятни синчиклаб ўрганиб чиқинг. Меҳнатга лаёқатсизлик варақасини нафақа олишга бўлган ҳуқуқ ва унинг миқдори тўғрисидаги хулоса билан расмийлаштиришдан аввал энг аввало қуйидагиларни текширинг:

  • боланинг ёши;
  • бу ҳолат онанинг бетоблиги даврида соғлом болага ғамхўрлик қилишга кирадими-йўқми;
  • бу ҳолат онанинг касаллиги даврида бетоб (касалланган) болани парвариш қилиш саналадими-йўқми;
  • бувиси болага ғамхўрлик қилган даврда даволаниш тури: амбулатор ёки стационар.

Шулардан келиб чиқиб меҳнатга лаёқатсизлик варақасида ходимни ишдан озод қилиш муддатлари тўғри белгиланганлигини аниқланг.

Агар меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилишининг тўғрилигига шубҳа қилаётган бўлсангиз, уни берган тиббий муассасага сўров билан мурожаат қилишингиз мумкин.

Шундай қилиб, касал бўлиб қолган боланинг бувиси бўлган ходима, агар меҳнатга лаёқатсизлик варақаси меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг юқорида келтириб ўтилган талабларига мувофиқ расмийлаштирилган бўлса, унга ғамхўрлик қилиш учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга (АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 йил).

Нафақа миқдори давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 26–31-бандларига мувофиқ белгиланади (АВ рўйхат рақами 1136, 08.05.2002 йил).