Пригодится каждому кадровику в декабре:
Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича мутахассис зиммасидаги жавобгарлик
«Корхонада меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги талабларига риоя қилишга масъул ходимнинг айби билан бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Бунинг учун қандай жазо назарда тутилган?
- Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг бузилиши учун уларнинг бажарилишига масъул ходим интизомий, моддий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Интизомий ва моддий жавобгарлик
Ходимни Меҳнат кодексининг 181- моддасига мувофиқ интизомий жавобгарликка тортиш – ҳайфсан бериш ёки жаримага тортиш ёхуд меҳнат шартномасини бутунлай бекор қилиш мумкин.
Шунингдек, агар қоидабузарлик натижасида иш берувчининг мулкига шикаст етган бўлса, ходим унинг олдида моддий жавобгар бўлади –етказилган зарарни қоплаши шарт.
Бунда ходимга интизомий ва моддий жавобгарликни қўллаш иш берувчининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир. Ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда, у "интизомий" жазони қўлламаслик ва ходимдан зарарни тўлиқ ёки қисман ундиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Давлат мулкчилик шаклига эга корхоналар бундан мустасно. Агар бу жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, улар зарарни ходимдан ундиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин .
Жиноий жавобгарлик
Агар ҳуқуқбузарлик натижасида кимдир ўртача ёки жиддий тан жароҳати олган бўлса, жиноий жавобгарлик юзага келади. Бундай ҳолда айбдор ходим Жиноят кодексининг 257-моддаси 1-қисми бўйича жавобгарликка тортилади -«Техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларини шу қоидаларга риоя этилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилишига сабаб бўлса».
Жиноят ишлари бўйича суд ишнинг ҳолатига қараб қуйидагиларни қўллаши мумкин:
- БҲМнинг 25-50 баравари миқдорида жарима;
- 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
- 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
- 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
- 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисмига мувофиқ одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳаракатлар (масалан, ташкилотнинг бошқа ходимлари соғлиғига оммавий шикаст етказиш) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Барча мулкий шаклдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардаги бахтсиз ҳодисалар текширилади ва ҳисобга олинади. Ушбу жараёнларни амалга ошириш тартиби махсус низом билан белгиланган.
Иш берувчи бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойдаги ҳудудий ички ишлар органига зудлик билан гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабар бериши шарт .
Ленара ХИКМАТОВА
«Норма» эксперти, ҳуқуқшунос