Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ходим ишдан бўшатилгандан кейин қисқартирилган лавозимни тиклаш мумкинми
«Директор исталмаган ходимдан унинг лавозимини қисқартириш орқали халос бўлиш ниятида. У ходим ишдан бўшатилгандан кейин бу лавозимни штат жадвалига қайта киритиб, унга бошқа одамни ишга қабул қилишни режалаштирмоқда.
Бу қонунийми? Келгусида иш берувчида муаммолар бўлмайдими?»
Вазиятни kadrovik.uz илтимосига кўра «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА изоҳлади:
– Биринчидан, штат бирлигини шунчаки қисқартириш мумкин эмас. Ходимлар сони ёки ходимлар штатининг ўзгариши технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмларининг қисқарганлиги билан боғлиқ бўлиши керак. Бу ҳолатлар ходимнинг объектив сабабларга кўра аввалги ишини давом эттиришига имкон бермайди. Меҳнат низоси юзага келган тақдирда айнан иш берувчининг зиммасига ушбу фактларни исботлаш вазифаси юклатилади.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисмининг 2-бандига кўра ишдан бўшатишдан аввал иш берувчи мос бўш иш ўринлари мавжуд бўлган тақдирда, худди шу ташкилотда ходимни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирларни кўриши шарт . Яъни, ходимга унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишга ўтишни таклиф қилиш, бундай иш бўлмаган тақдирда эса иш берувчида мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиш керак. Агар ҳеч қандай бўш иш ўринлари бўлмаса, иш берувчи меҳнат низоси юзага келган тақдирда бу фактни асослаши керак.
Иккинчидан, янги Меҳнат кодексига 102-модда киритилди, унда меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларни қайта ишга олиш ҳолатлари назарда тутилган. Ушбу ҳолатлардан бири кўриб чиқилаётган масалага тегишли. Меҳнат кодексининг 102-моддаси
7-қисмида:
«Иш берувчи ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 2-бандига кўра илгари ўзи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларни, башарти ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ташкилотда ходим илгари эгаллаган ўша мутахассислик ва малака бўйича бўш (вакант) иш ўринлари пайдо бўлган бўлса, ишга қабул қилиши шарт» дейилган.
Шундай қилиб, Меҳнат кодекси исталмаган ходимдан қутулиш учун қисқартирилиши яратилганда ходимларни ноқонуний ишдан бўшатишдан ҳимоя қилиш учун қўшимча воситани назарда тутган. Агар ҳатто иш берувчи лавозим номини ўзгартириб, бошқа лавозимни янги штат бирлиги сифатида тақдим қилса ҳам, бу иш берувчининг фойдасига ўйнамайди. Ахир муҳими – лавозим номи эмас, балки у аввалгидек шунга ўхшаш меҳнат вазифасини бажаришни назарда тутиши.
Агар янги штат жадвалида 6 ой ичида қисқартирилган лавозим пайдо бўлса, штатни қисқартириш бўйича ишдан бўшатиш учун асослар йўқлиги маълум бўлади. Агар ходим бу ҳақда хабар топиб, аввалги иш жойига қайтишни хоҳласа, иш берувчи унга қайта ишга олишни рад этишга ҳақли эмас .
Ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда ходим рад этиш сабабларини ёзма асослашни талаб қилишга ҳақли, уни иш берувчи 3 кун ичида тақдим этиши керак.
Бунда иш берувчи томонидан ёзма рад жавоби беришни рад этиш ишга қабул қилишни ноқонуний рад этишда шикоят қилиш учун тўсиқ бўлмайди.
Қайта ишга қабул қилиш рад этилган ходим Меҳнат кодексининг 102-моддаси 7-қисмига кўра тегишли ишларни таъминлаш, тегишли ишни тақдим этиш, ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин .