Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Декретдаги ходимага ҳомиладорлик ва туғиш бўйича давлат нафақаси белгиланганлигини қандай билиш мумкин
«Декрет таътилидаги ходималар ҳомиладорлик ва туғиш таътилини расмийлаштиргандан кейин 1,5–2 ой кечикиш билан давлатдан нафақа олишади. Бунда кўпинча иш берувчига шикоят қилишади, биз эса бу маълумотларни қаердан қарашни, ходималар нафақа билан таъминланганми ёки уларга бу борада рад жавоби берилганми, билмаймиз.
Ходималарга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини ҳисоблаш тўғрисидаги маълумотларни (давлат қисмини) ЯММТ тизимида кўриш мумкинми? Агар бундай функция мавжуд бўлса, уни қаерда кўриш мумкин?»
Вазиятни kadrovik.uz илтимосига кўра ЯММТ ИДАК бошқарув бўлими бошлиғи Зарнигор Абдураҳмонова изоҳлади:
– 20.09.2022 йилдаги 515-сон ВМҚ билан Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланган.
Ҳужжатга мувофиқ охирги олти ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга меҳнат шартномасига мувофиқ барча юридик шахсларда, бюджет ташкилотларидан ташқари (юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритадиган хусусий тадбиркорлар бундан мустасно) ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади.
Белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси нафақани тайинлаш ва тўлаш учун асос бўлади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси амбулатор-поликлиниканинг ёки туғруқхона муассасасининг масъул ходими томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Тиббиёт» ахборот тизимига киритилади.
Нафақани тайинлаш учун охирги 6 ой давомидаги қуйидаги маълумотлар текширилади:
- узлуксиз иш стажига эга эканлиги — «Ягона миллий меҳнат тизими» (ЯММТ) орқали;
- меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари мавжудлиги — Солиқ қўмитасининг маълумотлар базаси орқали;
- бюджет ташкилотларида ишлаши ёки ишламаслиги Молия ва иқтисодиёт вазирлигининг «UzASBO» дастурий мажмуаси орқали.
Агар аёлнинг иш стажи ҳақидаги маълумотлар ЯММТга киритилмаган бўлса, унинг мобил телефон рақамига СМС-хабар юборилади. Етишмаётган маълумотларни киритиш зарурлиги тўғрисида хабарнома иш берувчига – Солиқ қўмитасининг электрон тизимлари ва ЯММТ базасидаги шахсий кабинетларга юборилади.
Хабарнома олган иш берувчилар ушбу ходиманинг ишга қабул қилиниши тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек ЯММТда (my.mehnat.uz сайти) ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиш санасини рўйхатдан ўтказишлари шарт. Акс ҳолда аёлга нафақа тайинлаш рад этилади.
Иш берувчи меҳнат шартномаси ва нафақа олишга ҳақли бўлган аёлнинг ишга жойлашганлиги тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга киритиш, шунингдек иш стажи бўйича номувофиқликларга ўз вақтида тузатиш киритиш учун жавобгардир.
Ҳисобланган нафақа тўғрисида хабарнома (нафақа беришни рад этиш) иш берувчининг шахсий кабинетига «Хабарнома» бўлимига юборилади.
Қуйида иш берувчи оладиган билдиришномаларнинг матнлари келтирилган.
Ходима ҳам шунга ўхшаш билдиришнома олади.
Нафақани тайинлаш ва тўлашда кечикишларнинг сабаблари:
- ходимни my.mehnat.uz сайтида ўз вақтида расмийлаштирмаслик;
- давлат ташкилотларида иш ҳақи ва ишга жойлашганлик тўғрисида маълумот олишда номувофиқликларнинг мавжудлиги.
Агар ходима ва иш берувчи томонидан юқоридаги Низомга (20.09.2022 й. 515-сон ВМҚга илова) мувофиқ нафақа олиш учун барча шартларга риоя қилинса, аммо бунда нафақани ҳисоблаш тўғрисида ҳеч қандай хабар келмаса ёки рад этиш тўғрисида маълумот олинган бўлса, вазиятга ойдинлик киритиш учун 1140 рақамига мурожаат қилиш керак.
Агар нафақа олишнинг бирон бир шарти бажарилмаган бўлса ёки тақдим этилган маълумотларда хатолар аниқланган бўлса, иш берувчи ёки масъул хизматлар томонидан хатолар тузатилгандан кейин нафақа кейинги ойларда тайинланади.